Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
18 sep

IMG_8635.JPG

“Соғлом сайёрамизнинг гуллаб яшнаши, адолатли

ва тинч ҳаётни таъминланишида қишлоқ

хотин-қизларининг ҳуқуқ ва имкониятларини

кенгайтириш ўта муҳим аҳамиятга эга”

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш

Инсоният тарихи ва ривожланишида, тобора ўсиб бораётган аҳолини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминланишида қишлоқ аёлларининг ўрни беқиёсдир. Қишлоқдаги хотин-қизлар меҳнат фаолияти туридан қатъий назар аҳоли фаровонлиги, дастурхон тўкинлигида иштирок этади.

Мамлакатимизда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йилнинг сентябрида Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида қабул қилинган 70-сон резолюциясига мувофиқ, шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг ПҚ-841-сонли қарори қабул қилинган. Ушбу қарорда 
2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалардаги устувор йўналишлардан бири этиб, гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш белгиланган. Ушбу вазифани амалга оширишда коммунал хизматлар, инфратузилма ва ижтимоий ҳимоя тизимларини тақдим этиш орқали парваришлаш ва уй хўжалигини юритиш бўйича ҳақ тўланмайдиган меҳнатни тан олиш ва қадрлаш, миллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда оилада хўжалик юритиш учун умумий масъулият тамойилини рағбатлантириш, хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётнинг барча босқичларида ҳар томонлама иштирок этишлари ҳамда қарор қабул қилишда етакчилик қилишлари учун тенг имкониятларни таъминлаш каби муҳим масалаларга урғу берилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумати томонидан қабул қилинган бир қатор Фармон ва Қарорларда мамлакатимиз хотин-қизларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратиш, қўшимча имтиёз ва имкониятлар берилиши бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Ривожланаётган давлатларда қишлоқ аёллари тахминан 43 фоизни ташкил этиб, аҳолини озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдек муҳим стратегик вазифани амалга оширишда ҳиссаси катта. Улар қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш масалалари билан мунтазам равишда шуғулланиб келмоқдалар. Аксарият қишлоқ аёлларининг турмуш тарзи қишлоқ хўжалиги ва табиий ресурсларга бевосита боғлиқ бўлиб, таъминланиш даражасига кўра, турмуш фаровонлигини белгилаб беради.
f6cdddfcfdee52e3b5081e96738c58ae.jpg

Дунё давлатларида аҳоли турмуш фаровонлиги ошиб бораётганлигига қарамай, 1 миллиарддан ортиқ киши ҳаёт учун ўта ноқулай бўлган шароитларда, озиқ-овқат тақчиллигида яшамоқда. Жуда кўп давлатларда қишлоқ жойларда камбағаллик шаҳарларига нисбатан анча юқори. Осиё ва Саҳрои Кабирнинг жанубий қисмида жойлашган давлатлардаги 2,5 миллиарддан ортиқ аҳоли учун асосий манба ҳисобланган майда хўжаликлар томонидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг қарийиб 80 фоизи ишлаб чиқилади. Аёл-фермерлар эркак-фермерлар каби ишбилармон ва уддабурон бўлишлари мумкин, лекин хар доим ҳам уларда эркаклар билан тенг шароитлар мавжуд эмас, моддий-техник, кредит ресурслари, ер, сув ва бошқа кўплаб имкониятлардан фойдаланиш борасида ҳанузгача аёллар имконияти пастлигича қолмоқда.

160f475c44b94e5394cfd2fe85859113_compressed_v1.jpg

Дунё бўйича камбағал аҳолининг 76 фоизи қишлоқларда яшашини инобатга олиб, қишлоқ аёлларининг ишлаб чиқариш ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш орқали дунёда камбағаллик пасайиши билан бирга қишлоқдаги хотин-қизларнинг 2030 йилгача барқарор ривожланиш кун тартибидаги вазифалар ижросида фаол иштирокини таъминлаш мумкин. Барқарор ривожланишнинг 2030 йилгача бўлган мақсадларидаги гендер тенглигини таъминлаш учун бир қатор муҳим вазифаларни амалга ошириш лозим. Хотин-қизларни тадбиркорликка кўпроқ жалб қилиш, фаолиятларини бошлашлари ва изчил давом эттиришлари учун молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларда фаоллигини ошириш билан бирга молиялаштириш тизимини енгиллаштириш ва мақбуллаштириш шароитларини яратиш талаб этилади. Аммо, 2018 йилда дунёнинг 124 та давлатида ижтимоий соҳани молиялаштириш камайган. Умуман олганда, барча давлатларда хотин-қизлар фаровонлигини таъминлаш, сиёсий ирода ва ривожланиш стратегиясида жамоатчилик секторлари хизматларига муҳтожлик сезилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2007 йил 18 декабрдаги Бош Ассамблеясининг 62/136–сонли йиғилишида қишлоқ аёлларининг, шу жумладан, туб аҳолининг қишлоқ хўжалигини ва қишлоқ туманларини ривожлантиришни жадаллаштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ жойларда камбағалликни йўқотишдаги ролини тан олиб, 
15 октябр - Халқаро қишлоқ аёллари куни сифатида расман эълон қилиниб, илк марта 2008 йил 15 октябрда нишонланди. Бугунги кунда дунёнинг кўплаб давлатларида ушбу кун кенг нишонланиб келинмоқда.
2019082818515821810_dsc_9323.jpg

Жорий йилда ушбу сана ўн иккинчи маротаба нишонланади. Одатда бу кунда семинарлар, танловлар, кўргазмалар, тантанали йиғилишлар ташкил этилади, хотин-қизларга имтиёзли кредитлар бериш ва даволанишлари учун патентлар тақдим этилади .

Ҳар йили “Халқаро аёллар саммити” томонидан “Қишлоқда аёллар ижодиёти” танлови эълон қилиниб, айнан байрам куни ғолиблар Женевада ташкил этиладиган тадбирда тақдирланадилар.

Қишлоқдаги аёллар уй-рўзғор ишлари, асосий хизмат вазифаларидан ташқари томорқаларида қишлоқ хўжалиги ишлари билан шуғулланадилар, фарзандларини меҳнатга ўргатадилар. Ушбу байрам дунё давлатларидаги меҳнаткаш, бағри кенг ва фидоий қишлоқ аёлларига бағишланган.

photo_2019-09-22_10-28-23.jpg

Қабул қилинган Резолюцияда Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган давлатлар ҳамкорликка чақирилади. БМТ конференциялари ва саммитлари қарорларини амалга ошириш бўйича тизим ташкилотлари ва фуқаролик жамияти билан биргаликда қишлоқ жойлардаги аёлларнинг, шу жумладан, туб аҳолига мансуб аёлларнинг ҳолатини минтақавий ва глобал ривожланиш стратегиясини инобатга олган ҳолда яхшилашга қаратилган, хусусан:

- қишлоқ хотин-қизлари ҳолатини яхшилаш учун қулай муҳит яратиш ва уларнинг эҳтиёжлари, устуворликлари ва ҳиссаларига тизимли равишда эътибор қаратилишини таъминлаш;

- хотин-қизларнинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини қарор қабул қилишнинг барча даражаларида қўллаб-қувватлаш орқали кенгайтириш;

- қишлоқ аёллари, шу жумладан, туб аҳолига мансуб, шунингдек имконияти чекланган аёлларга кўрсатиладиган маслаҳат хизматларини рағбатлантириш;

- фавқулотда вазиятларга боғлиқ ҳолатларда сиёсий баҳо бериш, фаолиятни назорат қилишда хотин-қизлар манфаатини таъминлаш;

- ривожланиш дастурлари ишлаб чиқиш, жорий этиш ва назорат қилишда гендер омилларини инобатга олинишини таъминлаш;

- қишлоқ аёлларининг асосий эҳтиёжларини, муҳим қишлоқ инфратузилма объектларини самарали ташкил этиш орқали таъминлаш учун молиялаштиришни фаоллаштириш;

- қишлоқ жойларда хотин-қизлар соғлиғини мухофаза қилишда максимал жаражада стандарт талабларига етказиш борасида аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;

- қишлоқ жойларда хотин-қизларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни рағбатлантиришга қаратилган миллий сиёсатни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

- қишлоқдаги кекса аёлларнинг ижтимоий хизматларга бўлган тенг имкониятларини ҳисобга олинишини таъминлаш;

- қишлоқ аёлларининг иқтисодий жиҳатдан малакасини оширишга йўналтирилган дастурлар ва маслаҳат хизматларини кўрсатиш бўйича аниқ чора тадбирлар ишлаб чиқиш;

- ривожлантириш мақсадида мавжуд ресурларни, шу жумладан миллий даражада ва расмий ёрдамларни мобилизация қилиш;

- барча ривожлантиришга доир ҳалқаро ва миллий стратегияларда қишлоқ аёлларининг бандлигини таъминлаш ва камбағалликни йўқотиш борасида кенг имкониятлар яратилишига доир масалаларни киритиш;

- қишлоқ аёлларининг норасмий секторда даромад келтирувчи, ҳисобга олинмайдиган ва ҳақ тўланмайдиган қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги меҳнатларини муносиб тан олиниши юзасидан чоралар кўриш;

- қишлоқ жойларда эркак ва аёлларнинг ишлаб чиқариш ва оиладаги мажбуриятларини ўзаро келишишларига йўналтирилган дастурлар ишлаб чиқилишига кўмаклашиш;

- туб аҳоли яшайдиган қишлоқ жойларда зарурият бўлган ҳолатларда уларнинг илғор ғоялари ва амалиёти, билимларини сақлашга доир миллий қонунчиликни ишлаб чиқиш;

- замонавий, ишончли ва жинсга мансуб муаммолар ечимига қаратилган чоралар кўриш;

- қишлоқ аёлларининг хусусий мулкка, ердан ва бошқа турдаги мулклардан тенг шароитларда фойдаланишга бўлган ҳуқуқларини таъминлашга доир қонунлар ишлаб чиқиш ва мавжудларини қайта кўриш чиқиш;

- гендер тенгликни инобатга олган таълим тизимини қўллаб-қувватлаш.

Ўзбекистонда БМТ томонидан 2007 йилда қабул қилинган Резолюциядаги барча устувор йўналишларда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

photo_2019-09-22_10-27-31.jpg

Хотин-қизларни хар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда гендер тенгликни таъминлаш, қишлоқ жойларда инфратузилмаларни яхшилаш орқали турмуш фаровонлигини ошириш, хотин-қизларнинг фаровонлигини таъминлашга бевосита таъсир этувчи ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, мактабгача тарбия муассасалари, хотин-қизлар учун қишлоқ жойларда яратилаётган янги ишчи ўринлар, йил сайин такомиллашиб бораётган тиббий хизматлар ва бошқа кўплаб мисоллар мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўрни мустаҳкамланиб, шароитлари яхшиланиб бораётганидан далолатдир.

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг деярли барча расмий чиқишларида хотин-қизлар мавзуси, уларни қўллаб-қувватлаш, жамият ва оиладаги ўрнини мустахкамлашга қаратилган аниқ вазифалар белгилаш билан бирга уларни хаётга жорий этиш учун барча имтиёз ва имкониятлар яратилмоқда.

Республикамизда қишлоқ аёллари, уларнинг жамият тараққиёти, аҳолини қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдаги улкан роли, қишлоқларимизни ободонлаштиришдаги хизматларини эътироф этган ҳолда кўпгина дунё давлатлари қаторида мамлакатимизда хам 15 октябрда “Ҳалқаро қишлоқ аёллари куни”ни нишонлаш кутилмоқда.

Ушбу ҳалқаро байрамнинг Ўзбекистонда хам кенг нишонланиши қишлоқларда истиқомат қилаётган, давлатимиз ва халқимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётган хотин-қизларимиз учун яна бир эътироф ва эътибордир.

Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси

раиси, Қишлоқ хўжалик фанлари номзоди А.Ахмеджанова

Манба: Вазирлик Матбуот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech