Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
12 jul

2020 йил 11 июлда Ўзбекистон Республикасива Жаҳон банки ўртасида “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси бўйича 500 миллион АҚШ доллари миқдоридаги битимнинг рақамли имзоланиши бўлиб ўтди. Маросим онлайн форматда ўтказилди: мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш учун муҳим бўлган ҳужжатлар махсус планшетларда рақамли имзолар билан тасдиқланди.

- Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланадиган ушбу лойиҳа ҳукуматнинг "Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегияси"нинг муҳим таркибий қисми бўлиб, соҳада концептуал ўзгаришларга эришишга катта эътибор қаратади, - дея бўлиб ўтган тадбирга изоҳ беради Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев. - Мутахассисларнинг ҳисоб-китоблари ва тахминларига кўра, лойиҳанинг асосий натижалари соҳани кенг миқёсда рақамлаштириш, илмий-тадқиқот институтларини ва умуман, Agricultural Knowledge and Innovation System (AKIS) халқаро тизимга асосланадиган умумий билимлар тизимини ислоҳ қилиш бўлади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасини бошқаришда янги инклюзив механизмларни жорий этиш натижаси бўлади. Шу билан бирга, тўғридан-тўғри кредит линияси асосида фермер ва кооперативларни лойиҳа доирасида молиявий қўллаб-қувватлаш, жойларда консультация хизматларини жорий этиш, бевосита бозорга олиб кириш йўли билан фермерлар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш, прогнозларга кўра, ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифат ва рақобатбардошлигини яхшилашга, Ўзбекистоннинг экспорт муваффақиятларини кўпайишига, қолаверса, мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигининг аъло кўрсаткичларига олиб келади.

Расмий онлайн-имзолашда Жаҳон банки томонидан Марказий Осиё бўйича минтақавий директор Лилия Бурунчук, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси янги раҳбари Марко Монтаванелли, етакчи иқтисодчи Сергий Зоря ва бошқалар иштирок этдилар.

– Бу мен Ўзбекистондаги ваколатхона раҳбари сифатида иштирок этаётган биринчи тадбир ва Жаҳон банкининг биринчи ноёб лойиҳасидир, – дея таъкидлайди Жаҳон банки ваколатхонасига яқинда раҳбар этиб тайинланган Марко Монтаванелли. – Жаҳон банки Ўзбекистон Қишлоқ хўжалигини 2030 йилгача ривожлантириш Стратегиясини амалга ошириш ва имплементация қилишда ёрдам беради, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги карантиндан кейинги даврда амалга оширишни режалаштирган аниқ чора-тадбирлар борасида кўмаклашади, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги агро-фанлар, таълим ва ахборот-консультация хизматларини ривожлантиришни фаол қўллаб-қувватлайди.

Имзолаш доирасида Ўзбекистон томонидан Бош вазир ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев, Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги директори Шоҳрух Шоаҳмедов ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Шуҳрат Вафоев иштирок этдилар.

 Ўзбекистон Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг ўн йиллик стратегияси доирасида соҳани модернизация қилишдаги йирик лойиҳаси

2026 йилгача давом этадиган “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасининг умумий суммаси 659,3 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Бундан 500 миллион АҚШ доллари – Жаҳон банкининг 30 йил муддатга муайян имтиёзли давр билан заём ва кредитлар сифатида ажратган маблағидир. Қолган маблағлар – Ўзбекистон Республикасининг 124,3 миллион АҚШ доллари миқдорида ажратган маблағи (солиқ ва тўлов имтиёзларини тақдим этиш, шунингдек, инвестиция даврида молиявий харажатларни тўлаш шаклида) ва бенефициарларнинг 35 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ҳиссаси (кредит линиясида бенефициарларнинг ўз маблағлари ҳисобидан шакллантирилади).

“Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси бир нечта компонентлардан иборат. Улар орасида:

I компонент. “Қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини оширишга ёрдам берувчи дастурларни қўллаб-қувватлаш”. Бунда илмий-тадқиқот институтлари (ИТИ), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги илмий марказлар ва агентликларнинг салоҳияти оширилади, шунингдек, маҳаллий аҳоли жалб этилиб, уларга янги иқтисодий имкониятларни тақдим этган ҳолда, янги моделлар бўйича серҳосил намойиш боғлари яратилади.

II компонент. “Юқори қийматли мева-сабзавотчиликда қиймат занжирини яратишдаги инвестицияларни қўллаб-қувватлаш”. Бу фермерлар, кооперативлар ва кластерлар каби соҳадаги бошқа муҳим ишлаб чиқарувчилар кредит линиясидир.

III компонент. “Савдо ва маркетингга кўмаклашиш”. Бунинг доирасида бозор ахборот тизимлари мустаҳкамланади, вилоятларда агро-логистика марказлари яратилади, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва карантинга олиш хизмати кучайтирилади.

Лойиҳани ишлаб чиқишда Жаҳон банки экспертлари, халқаро ва миллий консультантлар, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги агросаноат ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги мутахассислари иштирок этишди.

Таъкидлаш жоизки, илгари Жаҳон банкининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича етакчи иқтисодчиси Сергий Зоря қишлоқ хўжалиги учун бундай катта ҳажмдаги маблағ ажратиш билан “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси айнан Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини қабул қилингани учун рўёбга чиқаётганини қайд этган эди. Стратегия соҳа ислоҳотига бевосита таъсир кўрсатадиган бир қатор долзарб масалаларни қамраб олади ва халқаро шароитда у аввалдан ўзига ҳос ҳамда ислоҳ қилишга қаратилган ҳисобланади.

Манба: Вазирлик Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech