Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
3 jan

photo_2020-01-03_23-15-45.jpg

 Бугун, 3 январь куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан “Янгиланаётган Ўзбекистонга янги авлод кадрлари” мавзусида халқаро конференцияда Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев ҳам иштирок этди.

Конференциянинг асосий мақсади давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижалари ва истиқболдаги йўналишларида эксперт муҳокамасини ташкил этиш, жамиятни янада демократлаштириш ва давлатни модернизация қилиш, амалга оширилаётган бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш йўлларини муҳокама қилиш билан бир қаторда ёшларни чет элда таълим олишлари, балки улар олган билимларини муносиб равишда ўз ватанларида ҳам қўллаш учун қулай шарт-шароитлар яратишдир.

- “Умид” жамғармаси юзлаб иқтидорли ёшларнинг ёруғ келажагига йўлланма берди, бу орқали биз бугун мамлакатимиз равнақи учун бутун куч-имкониятимизни ишга солишга тайёрмиз. Шахсан менинг чет элнинг энг нуфузли олийгоҳларидан бирида таълим олишим учун яратилган имкониятни бугунги кунда мамлакатимиз равнақига ўз ҳиссамни қўшиш орқали намоён этишни истардим, дейди Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев. 

photo_2020-01-03_23-15-12.jpg

Ўтган йилнинг сентябр ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси билан ташкил этилган "Эл-юрт умиди" жамғармаси 1997-2003 йилларда фаолият юритган ва 828 нафар иқтидорли ёшларнинг (363 - бакалаврият ва 465 - магистратура) хориждаги таълимини молиялаштирган "Умид" жамғармасининг давомчисидир. АҚШ (343 киши), Буюк Британия (329 киши) ва Германия (84 киши) ўша йилларда университетларига талабаларни ўқишга юборилган давлатлар орасида етакчилик қилади. Эслатиб ўтамиз, ҳозирга келиб "Эл-юрт умиди" Жамғармаси стипендия дастурларининг йўналишлари ва уларнинг мақсадларини сезиларли даражада кенгайтирган. Агар 2018 йилда жамғарманинг тўртта таълим дастури бўйича 375 киши чет эл университетларига ўқишга юборилган бўлса, 2019 йилда таҳсил олувчилар сони 605 кишига етган, 2020 йилда жамғарманинг таълим дастурлари 1000 кишини қамраб олади.

Конференция меҳмонларга замонавий Ўзбекистондаги чуқур ўзгаришлар ва юртимиздаги имкониятлар кўламини намойиш этиш учун мўлжалланган. Шунингдек, ушбу конференциянинг асосий мақсади, "Умид" битирувчиларини Ўзбекистонни ривожлантириш ва юксалтириш йўлида давлат хизматларига жалб қилишдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бўлиб ўтган халқаро конференциянинг ялпи мажлисида 18 мамлакатдан 300 дан ортиқ “Умид” битирувчилари иштирок этишди. Конференциянинг хорижий меҳмонлари қаторида АҚШ, Буюк Британия, Германия, Канада, Япония, Австралия, Жанубий Корея ва бошқа ривожланган мамлакатларнинг вакиллари иштирок этишди.

Эътиборли жиҳати шундаки, “Умид” жамғармасининг биринчи стипендиятларининг 83%дан ортиғи айнан иқтисодий, ҳуқуқ ва ижтимоий соҳаларда дипломларга эгадирлар, бугунги кунда давлат ва жамиятнинг деярли барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган мамлакатимиз учун бу жуда муҳимдир. Конференция сайтида рўйхатдан ўтган иштирокчиларнинг статистикаси бўйича ҳам мазкур йўналиш вакиллари кўпчиликни ташкил қилмоқда. Декабрь ойи давомида дунёнинг беш Қитъасидан 600 дан ортиқ иштирокчилар http://conference.eyuf.uz сайти орқали рўйхатдан ўтдилар, бу эса конференцияга бўлган катта қизиқишдан дарак беради.

Тошкентга Америка (23 киши), Европа (36 киши) ва Осиёдан (11 киши) меҳмонлар ташриф буюришган. Бундан ташқари, форумнинг яна иккита иштирокчиси Австралия ва Африкадан. Конференция дунёнинг етакчи ахборот каналлари, “Facebook” ва “YouTube”да онлайн эфирга узатилади, шунингдек конференция ишини "Эл-юрт умиди" жамғармасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида томоша қилиш мумкин. Конференциянинг ялпи мажлисида “Умид” жамғармаси дастурлари бўйича таълим олган ҳукумат аъзоларининг кўпчилиги ўз маърузалари билан чиқдилар.

4-январь куни “Umid Reunion 2.020” форуми Тошкент вилоятидаги Чимён тоғ соғломлаштириш масканларида давом этади. 

Манба: Вазирлик Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech