Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
27 feb 2012

Республикамизда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Мустақиллик йилларида чорвачиликни ривожлантириш борасида 2006 йил 23 мартда қабул қилинган ПҚ-308-сонли ва 2008 йил 28 апрелдаги ПҚ-842–сонли қарорлари ва 2006-2011 йилларда чорвачиликни ривожлантиришга мўлжалланган Дастурларнинг қабул қилиниши чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик сохаларини ривожланишини таъминлади. 
   Чорвачилик соҳаси аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини таъминловчи асосий тармоқ бўлиб, республикада ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ялпи улушининг 42,2 фоизи ташкил этади. Республикамизда ҳурматли Юртбошимиз раҳномаликларида чорвачиликни ривожлантиришга жуда катта эътибор берилмоқда. Жумладан, кейинги йилларда чорвачиликни ривожлантириш борасида 2006 йил 23 мартда қабул қилинган ПҚ-308-сонли ва 2008 йил 28 апрелдаги ПҚ-842–сонли қарорлари ва 2006-2011 йилларда чорвачиликни ривожлантиришга мўлжалланган Дастурларнинг қабул қилиниши чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик сохаларини ривожланишини таъминлади. Президентимиз томонидан сохани ривожи учун қабул қилинган 2 та мухим қарорлар ва ушбу қарорлар билан чорвачилик сохасига берилган имтиёзлар эвазига, тежалган маблағлар наслчилик ишларини яхшилашга ва маҳсулот ишлаб чиқаришга йўналтирилганлиги ҳисобига қатор ижобий натижалар қўлга киритилди.
    Жумладан, кейинги уч йил мобайнида қорамоллар бош сонининг кўпайиши барча вилоятларда ўртача 113 фоизга тўғри келди, ёки Республика бўйича уларнинг ўртача сони 2009 йилда 8 млн 510,8 минг бошдан 2011 йилда 9 млн 642,5 минг бошга етказилди. Алоҳида таъкидлаш жоизки, Республика чорвачилиги асосан ахолининг шахсий ва дехқон хўжаликларида шаклланган ва улар хисобидан жадал кўпаймоқда. Жумладан, қорамолларнинг 94 фоизи ва сигирларнинг 95 фоизи ушбу хўжаликларда парвариш қилинмоқда. Республикамизда наслчилик базасини мустаҳкамлаш, чорвачилик фермер хўжаликларини ривожлантириш, уларда наслли қорамоллар подасини кўпайтириш, насл ядросини шакллантириш ва кенгайтириш, қорамоллар маҳсулдорлигини ошириш мақсадида республикамизга 2006-2011 йиллар мобайнида четдан 23,2 минг бошдан ортиқ наслли урғочи тана ва ғунажинлар импорт қилинди ва кўпгина наслчилик фермер хўжаликлари янгидан шаклланди.
     Ҳозирги кунда қорамолчилик йўналишидаги наслчилик хўжаликлари сони 414 тага етказилиб, уларда 99 минг 460 бош юқори наслдор қорамоллар парвариш қилинмоқда. Биргина 2011 йилда уларда 7,3 мингдан ортиқ наслли моллар тайёрланди ва фермер ва дехқон хўжаликларига сотилди. Бугунги кунда Президентимизнинг 2011 йил 30 декабрдаги ПҚ-1675-сонли қарори билан чорвачилик сохасига берилган имтиёзлар муддати 2014 йил 1 январигача узайтирилди. Қорамолларнинг насл ва маҳсулдорлик имкониятларини оширишда наслчилик–селекция ишларида хам ижобий ўзгаришларга эришилмоқда. Завод типидаги наслчилик фермер хўжаликлари ва корхоналари импорт қилинган голштин, швиц ва қизил зотли моллар хисобидан шаклланмоқда.
    Бугунги кунда республикада швиц, бушуев, голштин, қизил чўл ва қора-ола зотлари парвариш қилинмоқда. Аксарият наслчилик тоифасидаги хўжаликларда сигирлардан бир кунда 20-30 килограммдан ёки лактация давомида 6-7 минг кгдан сут соғиб олинмоқда. Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманидаги “Тано”, Чиноз туманидаги “Юлдуз”, “Дилгиё файз барака”, Зангиота туманидаги “Милк – Агро”, “Рохатой” каби кўплаб хўжаликларнинг подалари наслли молларнинг “олтин фонди” ҳисобланади. Шахсий ёрдамчи, дехқон ва фермер хўжаликларида қорамол подаларини яхшиловчи голштин, швиц ва қизил зотлари билан такомиллаштирилиши хам ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. 
   Четдан наслли мол олиб келишда ҳар бир ҳудуднинг табиий-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда районлаштирилган зотларни урчитишни алоҳида эътиборга олиш зарур. Республикамизда районлаштирилган қорамол зотларини урчитишга алоҳида эътибор бериш лозим. Бунда сут йўналишидаги қора-ола зотли қорамолларни Тошкент, Фарғона, Андижон, Наманган, Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида, қизил чўл зотли қорамолларни Бухоро, Навоий, Хоразм, Жиззах, Самарқанд, Андижон, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида Қорақалпоғистон Республикасида, швиц зотли қорамолларни Андижон, Наманган, Фарғона, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида, бушуев зотли қорамолларни Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси хўжаликларида урчитиш учун районлаштирилган. Бу тўртта сут йўналишидаги қорамол зотлари республикамизда урчитиш учун районлаштирилган асосий зотлар ҳисобланади.
    Агар четдан англер зотли қорамоллар олиб келинса, уларни қизил чўл зоти районлаштирилган вилоятларда урчитиш мумкин. Гўшт йўналишидаги санта-гертруда зотли қорамолларни Жиззах вилояти, абердин-ангусс, герефорд зотли қорамолларни Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларининг фермер хўжаликларида урчитиш тавсия этилади. Қорамолчиликда сунъий уруғлантиришни кенгайтириш, зооветеринария ва сунъий уруғлантириш пунктларни керакли асбоб-анжомлар билан жиҳозлаш орқали молларнинг наслини яхшилаш, наслли моллар подасини кенгайтириш мақсадида сигир ва урғочи таналарни сунъий уруғлантириш ишларига катта эътибор берилмоқда.
    Ушбу мақсадда маҳаллий шароитда сунъий уруғлантиришда зарур бўладиган наслли буқаларнинг уруғини қадоқлаш йўлга қўйилди. Германияда ишлаб чиқарилган “Мини тюб” линияси республикамизда ишга туширилганлиги натижасида талаб этиладиган наслли буқа уруғи тўлиқ ўзимизда ишлаб чиқариш имконияти яратилди. Кейинги 3 йил давомида шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларидаги она молларни сунъий уруғлантириш 158 фоизга ошди.
    Биргина мисол: 2009 йилда республика бўйича 988,0 минг бош она моллар сунъий уруғлантирилган бўлса, 2011 йилда 1,5 млн. дан ортиқ сигирлар сунъий уруғлантирилди. Бизнинг бугунги вазифамиз, сунъий уруғлантиришнинг афзалликларини кенг оммага тушунтириш ишларини тарғиб қилиб, мавжуд сунъий уруғлантириш ва зооветеринария шахобчаларига бино қуриш учун алоҳида ер майдонлари ажратиш ҳамда уларни замон талаблари даражасидаги қайта жихозлаш, бир сўз билан айганда тўлиқ модернизация қилишимиз зарур. Сунъий уруғлантиришнинг афзалликлари тўғрисида гапирадиган бўлсақ, бир бош (наслли) буқани насл сифатидан фойдаланиш мақсадида унга асраш ва боқиш ҳаражатлари ҳозирги кунда ҳаммамизга маълумки кўплаб сарф-харажатларни келтириб чиқаради, сунъий уруғлантиришда наслдор буқа уруғидан фойдаланиш эса жуда арзонга тушиши билан бирга турли хил юқумли жинсий касалликларнинг олди олинади, бир жайдари молни сунъий уруғлантириш натижасида 3 авлоддан кейин наслли мол берадиган даражада маҳсулот олишга эришилади.
     Масалан, бир қишлоқ оиласида сигирни сунъий уруғлантириш эвазига бир бош сигирдан кунлик сут соғиб олиш 5 кг. га ошган тақдирда, бир йилда 1,5 тонна сут кўпаяди, бир кг сутни нархи ўртача 1000 сўмдан ҳисобласак, бир йилда бир оилага 1,5 млн. сўм қўшимча даромад бўлади. Кейинги йилларда республикада чорвачилик сохасида амалга оширилган чора-тадбирлар хусусан сигирларни сунъий уруғлантириш ва четдан наслли моллар келтириш ва янгидан наслчилик йўналишидаги хўжаликлар ташкил этилганлиги уларда етиштирилган наслли подаларнинг шахсий, ёрдамчи ва фермер хўжаликларигача етказиб берилганлиги натижасида сут ва гўшт ишлаб чиқариш ҳажмлари йилдан йилга кўпайиши кузатилмоқда.
    2009-2011 йиллар мобайнида сут ишлаб чиқариш ҳажми республика бўйича ўртача 117,5 фоизга ошди. Агар 2009 йилда 5 млн 760,7 минг тонна сут ишлаб чиқарилган бўлса, 2011 йилда бу кўрсаткич 6 млн 766,2 минг тоннага етди. Гўшт ишлаб чиқариш жадаллиги 2009-2011 йиллар мобайнида 114 % ни ташкил этди. 2009 йили 1 млн 367,8 минг тонна гўшт ишлаб чиқарилган бўлса, 2011 йили 1 млн 564,2 минг тоннани ташкил этди. Чорвачиликнинг яна бир мухим тармоқларидан бири бу кўйчиликдир. Республикамизнинг барча тоифадаги хўжаликларида қўй ва эчкилар сони 2009-2011 йиллар мобайнида ўртача 112 % га кўпайишига эришилди. 2009 йил қўй ва эчкилар сони 14 млн 438 минг бошдан 2011 йили 16 млн 187 минг бошгача кўпайди. Бунда Қашқадарё, Самарқанд, Навоий, Бухоро ва Жиззах вилоятлари хўжаликлари улуши салмоқлидир. “Ўзбек қоракўл”и компанияси қоракўлчилик ширкат хўжаликларида саноатбоп ранг-баранг турланувчи қоракўл қўйларининг 10 дан ортиқ завод типлари яратилди, экспортбоп қоракўл терилари етиштирилди.
    2009 йили 1 млн 939 минг АҚШ доллари миқдорида қоракўлчилик маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, 2011 йил уларнинг миқдори 3 млн 540 минг долларга етди. Селекция натижалирини кенг жорий этишда хар йили наслли қўчқорлар кимошди савдо кўргазмаси ўтказилиб келинмоқда. Қоракўлчиликнинг озуқа базасини, чўл яйловлари ҳосилдорлигини ошириш тадбирлари амалга оширилмоқда. Нурота туманидаги “Ўзбекистон”, Конимех туманидаги “Маданият”, Нуробод туманидаги “Сахоба ота” ширкат хўжаликларида уруғчилик майдонлари ташкил этилди. Қашқар беданинг қурғоқчиликка, шўрга чидамли янги нави яратилди, кўкпоя ҳосили 354-448 ц/гектарига тенг бўлди.
    Ҳаммамизга маълумки, чорвачиликнинг ривожи ва чорвачилик махсулотлари ишлаб чиқаришни жадаллаштиришдаги муаммолар озуқа базасини мустахкамлаш ва молларни талаб даражасидаги тўйимли озуқалар билан таминлашга боғлиқдир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 21 апрелдаги ПҚ-842-сонли қарорига асосан чорва моллари озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида озуқа экинлар майдонини ошириш, озуқа экинлар уруғчилигини ташкил этиш, кучли озуқалар етказиб бериш тизими белгилаб берди. Қарорга асосан ҳар бир туманда омухта ем, шрот ва шелуха сотиш бирлашмалари ва уларнинг кўплаб шахобчалари ташкил этилган бўлиб, бундан асосий мақсад шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларига кучли озуқаларни етказиш тизимини соддалаштириш, истеъмолчиларга тенглик асосида кучли озуқаларни ортиқча овворагарчиликсиз етказиб бериш кўзда тутилган.
     Аҳолини медицина меъёрида сут, гўшт ва тухум махсулотлари билан таъминлаш ва бу борада кенг қамровли ишлар олиб бориш, алохида дастурлар қабул қилиш долзарб вазифалар бўлиб ҳисобланади. Ахоли жон бошига: Гўшт – 40 кг, сут-140 кг, тухум -121 дона талаб этиладиган бўлса, бугунги кунда жон бошига гўшт 36 кг, сут-239 кг, тухум -122 донани ташкил этмоқда. Чорвачиликда озуқа базасини мустахкамлаш, мавжуд озуқа майдонларидан самарали фойдаланишни, амалдаги қонунчиликка асосан хар бир шартли мол ҳисобига вилоятларниг тупроқ-иқлим шароитидан, ер унумдорлигидан келиб чиққан ҳолда чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликларига 0,30-0,45 гектардан суғориладиган ер майдонларини ажратишни талаб этади. Мавжуд ер майдонларидан унумли фойдаланиш тажрибалари ижобий натижалар бермоқда.
    Айрим чорвачилик фермер хўжаликларида бир гектардан олинадиган озуқабоп экинлар ҳосилдорлиги 9-10 тонна озуқа бирлигидан ошмоқда. Илғор тажрибадан келиб чиққан холда, чорвачилик фермер хўжаликларида озуқабоп экинларни жойлаштириш, навларни танлаш ва ҳосилдорликни ошириш агротехникаларини такомиллаштириш зарур. Жумладан, 6 далали қисқа ротацияли алмашлаб экиш тизими самарали ҳисобланади. Унда 2 далада беда ва 4 далада кетма-кетликда оралиқ экинлар ва макажўхори, силос, сенаж ва дон учун экилади. Йил давомида бир хил озиқлантириш типига ўтиш захираси яратилади.
    2011 йилда республикамизда чорвачиликда озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида 8 минг 354 га ер майдонига кузги беда, 87 минг 721 га ер майдонига оралиқ экинларни экиш таъминланди. Тошкент Давлат аграр университетининг Зангиота туманидаги “Рохатой “ва “Милк-агро” хўжаликларида ўтказган тажриба майдонларида беда хосилдорлиги 63-65 ц озуқа бирлигини, оралиқ экинлар ва маккажўхори майдонларидан олинган силос массалари 1100-1200 ц ёки 220-240 ц озуқа бирлигини ташкил этган. Ўртача озуқабоп экинлар майдонининг 1 гектаридан 170-173 ц озуқа бирлиги олинган.
    Кейинги йилларда Республикамизда йирик, илғор замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқариш жараёнларига эга бўлган чорвачилик комплекслари ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, Термиз туманида Ўзбекистон Темир йўллар ДАК томонидан “Наврўз” наслчилик чорвачилик мажмуаси, “Шўртан нефтгаз” унитар корхонаси чорвачилик тармоғи, Ховос туманида “Энерго насл чорва” шўъба корхонаси, Сирдарё туманидаги “Интер Милк” сутчилик комплекси, Жиззах туманидаги “Милк Фудс” МЧЖи, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг чорвачилик мажмуалари шулар жумласидандир. Ушбу чорвачилик мажмуаларида ишлаб чиқариш жараёнлари, бино ва иншоотлар тўлиқ замонавий технологиялар асосида жиҳозланган бўлиб, уларда маҳсулотларни қайта ишлаш ташкил этилган.
    Ҳурматли Юртбошимизнинг дон мустақиллигини таъминлашдаги тамойиллари бир йўла аҳолининг шахсий ва дехқон хўжаликлари чорвасини озуқалар билан таъминлаш муаммосини ечиб берди. Улар учун улкан озуқа захираси яратилди. Шу боисдан ҳам аҳоли ва дехқон хўжаликларида чорва моллари сони ва махсулот ишлаб чиқариш ҳажми ошиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 1 мартдаги ва 23 августдаги “2011 йилда Республикада қорамолчилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик тармоқларини ривожлантириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, озуқабоп экинлар уруғларини етиштириш тизимини яратиш, сервис хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш, чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш тўғрисида” Дастурларга мувофиқ Маҳаллий ҳокимликлар томонидан янгидан: қорамолчилик йўналишида 584 та лойиҳа ишга туширилди ва 23 минг бош қорамоллар парваришланиб, улардан 9 минг 282 тонна сут ва 2051 тонна гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.
    Бу мақсадларга 75 млрд. 966 млн.сўм, шундан 40 млрд. 524 млн. сўм банк кредитлари ва 35 млрд. 442 млн. сўм фермер хўжаликларининг ўз маблағлари сарфланди ва 1492 та ишчи ўринлари яратилди. Чорвачиликни ривожланишига албатта чорва молларига малакали хизматлар кўрсатиш, уларнинг касалликларига қарши кураш энг мухим масалалардан биридир. Ҳайвонларнинг соғлигини сақлаш халқаро ташкилотининг расмий маълумотига кўра, дунёнинг кўпгина мамлакатларида ҳайвонларнинг юқумли касалликлари бўйича эпизоотик вазият юзага келган. Таҳлиллар натижасига кўра, ҳайвонларнинг куйдирги касаллиги бўйича 6 та давлатида рўйхатга олиниб, 76520 бош ҳайвонлар, қутуриш касаллиги бўйича 5 та давлатда рўйхатга олиниб 70115 та итлар, қўй ва эчкиларнинг чечак касаллиги 5 та давлатда рўйхатга олиниб, 4552 бош майда шохли ҳайвонлар, оқсил касаллиги бўйича 20 давлатда рўйхатга олиниб 1 млн 854 минг бош мойил ҳайвонлар нобуд бўлган. Республикамизга юқорида қайд этилган ўта хавфли касалликлар четдан кириб келишини олдини олиш мақсадида 32 турдаги эпизоотик тадбирлар режа асосида олиб борилмоқда. Қўшни республикалар билан чегарадош ҳудудларда буфер зоналар ташкил этилган бўлиб, юқоридаги касалликларга қарши профилактик эмлаш тадбирлари ўтказилмоқда.
   2010-2011 йиллар давомида Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида деҳқон бозорларда 182 та ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари 182 та “Лактан”, 110 та “Микон” анжомлари ва ва 171 та электродлар билан таъминланди. Ўзбекистон ветеринария препаратлари давлат илмий-назорат лабораторияси базасида ветеринария дори-дармонларининг сифат кўрсаткичини аниқловчи Суюқ газли хроматограф (ГЖХ) ва Юқори самарали суюқ хроматограф (ВЭЖХ) ишга туширилди. Бугунги кунда Республикада 32 та корхона томонидан 210 турдаги ветеринария препаратлари ишлаб чиқарилмоқда. Натижада Республикамизда чорва молларининг ўта хавфли касалликларининг олди олиниб, эпизоотик барқарорлик таъминланмоқда. 
    Балиқчилик соҳаси. Кейинги йилларда чорвачиликни барча тармоқлари, жумладан балиқчилик тармоғини ривожлантириш бўйича Республика Ҳукумати томонидан бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2009 йил 26 февралда қабул қилинган «2009-2011 йилларда республикада балиқчилик тармоғини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Дастури» асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва барча туманларда балиқчиликни ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилди.
    Тузилган дастурлар асосида жойларда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилиши натижасида 2009 йилда 9 минг 236 тонна балиқ етиштирилган бўлса, 2010 йилда 10 минг 732 тонна балиқ етиштирилиб, 2011 йилда бу кўрсаткич 16 минг 051 тоннани ташкил этиб, 2009 йилга нисбатан 6 минг 815 тоннага ёки 174 фоиз ўсишга эришилди. Дастур бажарилиши давомида 230 дан ортиқ балиқчилик йўналишида иш олиб борувчи хўжалик субъектлари янгидан иш бошлаб, 1600 дан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилди.
     Балиқчилик хўжаликлари ва табиий кўлларни ижарага олган корхоналарни замонавий технологик воситалар билан жихозлаш, гранулаган омухта ем, минерал ўғит ва мавсумий айланма маблағлар билан таъминлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 2010 йилда 4 млрд.сўм кредит ажратилди, 2011 йилда 8 млрд. 525 млн сўм кредит маблағлари ажратилиб, ўтган йилга нисбатан 4,5 млрд.сўм ёки 213,1 фози ўсишга эришилди. 2010 йилда балиқчилик хўжаликлари томонидан 1400 тонна минерал ўғитлар олинди, 2011 йилда Вазирлар Махкамасининг жорий йилда ажратилган 3 минг 166 тонна аммофос ўғитлари “Ўзкимёсаноат” корхоналари томонидан етказиб берилди, бунда ўсиш 226 фоизни ташкил этди. “Ўздонмахсулот” компанияси корхоналари ва Чиноз омухта ем ишлаб чиқариш заводидан 2010 йилда 7080 тонна омухта ем етказиб берилган бўлса, 2011 йилда 11 минг 973 тонна (169,1%) омухта ем, балиқчилик хўжаликларига шартнома асосида етказиб берилди.
   Республикада майда балиқ уруғлари етиштиришга ихтисослашган хўжаликлар томонидан 221 млн.дона личинка олиниб, улардан 29,2 млн.дона бир ёзлик балиқ уруғлик материали етиштирилди. Якунланган йилда 4 та инкубация цехи таъмирдан чиқарилди ва 2 та инкубация цехи янгидан ишга туширилди,бу цехларда 32 млн дона балиқ личинкаларини қўшимча олишга эришилди. Агар 2010 йилда балиқлантириш учун қишлаш хавзаларига 27,4 млн дан ортиқ бир йиллик чавақлар кўчириб ўтказилган бўлса, 2011 йилда 29,2 млн дона (107,3 фоиз) бир ёзлик балиқ чавоқлари қишлаш хавзаларига ўтказилди ва февраль-март ойларида балиқларни яйлов хавзаларига ўтказиш давом эттирилади.
     Балиқчиликни ривожлантириш маркази томонидан балиқ инкубацияси учун “Амур-Техно” ва “Вейс-Техно” инкубация аппаратларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2011 йилда 30 дона Амур ва 50 Вейс аппаратлари балиқчилик хўжаликларига етказиб берилди. Марказ олимлари Самарқанд стеклопластик заводи билан ҳамкорликда балиқчилик ҳўжаликлари учун янги турдаги бассейнлар ишлаб чиқариш йўлга қўйдилар. 2011 йилда 62 та бассейнлар ишлаб чиқилиб, хўжаликларга етказиб берилди. 
     Паррандачилик соҳаси. Халқимиз паррандачиликни “етти хазинанинг бири” деб бежиз айтишмаган. Чунки бироз диққат – эътибор, иштиёқ, меҳр билан паррандани парваришлашга киришсангиз, кўп фурсат ўтмай тухум ва парранда гўштидек тансиқ таомлар хом ашёсига эга бўласиз. Парранданинг кенг тарқалишига сабаб йил давомида унинг кўп миқдорда тухум бериши ва гўштга тез фурсатда етилишидир. Жаҳон чорвачилик соҳасининг ривожланиши шуни кўрсатадики, чорвачиликда гўшт ишлаб чиқариш бўйича бошқа ҳайвонлар турига қараганда парранда гўштини ишлаб чиқариш жадаллик билан ривожланмоқда. Бройлер жўжаларининг жадал ўсиши ва сарфланган озуқаларга нисбатан юқори сифатли арзон гўшт етиштириш, қисқа вақт ичида қилинган харажатларнинг қопланиши ҳамда аҳолининг парҳез парранда гўштига бўлган талабининг ошиши сабабли паррандачиликка қизиқиш тобора ортиб бормоқда. 
    Тухум йўналишидаги паррандаларнинг ҳозирги кунда замонавий кроссларидан Ломанн (Германия), Хайсекс, Бованс (Голландия), Хай-Лайн (АҚШ) ва Родонит-3 (Россия) зотлари маълум. Ўзбекистонга 1992 йилда Германиянинг парранда зотлари келтирилган бўлиб, ҳозирги кунда Республика бозорларининг 70 фоизини ташкил этади. Ломанн Браун (жигарранг), Ломанн ЛСЛ Оқ (оқ ранг) ва Ломанн Сенди (оч кулранг) кросслари Самарқанд вилоятидаги “Агалик – Ломанн парранда” ҚК ва Тошкент вилоятидаги “Ломанн – Ишонч – Надежда” ҚК ларида етиштирилмоқда. Бу кросслар ёш паррандаларининг сақланиши (сохранность) 99-99,5 фоизни, она товуқлар сақланиши 94-95 фоизни, маҳсулдорлиги 95 фоизгача боради. Товуқлар уй шароитида бир йилда 270 донагача, саноат паррандачилигида 330 донагача тухум бериши мумкин.
     Гўшт йўналишидаги (бройлер) паррандачилик саноатида хозирги замонавий гўштдор етакчи кроссларидан – Росс (Англия), Хаббард F-15 (Франция), Кобб (АҚШ) бройлер кроссларидан кенг фойдаланилмоқда. Бундай чатишган жўжаларнинг тирик вазни 38 – 42 кунлик ёшида 2,3 – 2,5 кг га етади, озуқа конверсияси (1 кг парранда тирик вазни етиштириш учун сарфланадиган озуқа миқдори) эса 1,7 – 1,8 кг ва сақланиши 97 фоизни ташкил этади, яъни халқаро меъёр талабларига тўлиқ жавоб беради.
     Паррандачиликда парранданинг зоти, ёши, вазни, маҳсулдорлигини инобатга олиниб тўйимли озуқалар билан боқиш катта аҳамиятга эга. Бунинг учун озуқа таркибига витаминли – минерал премикслари, аминокислоталар, ферментлар, пробиотиклар ва бошқалар озуқа қўшимчалари талаб этилган меёрларда қўшилади. Парранда юқумли касалликларини олдини олиш мақсадида вакцина ва антибиотиклар қўлланилади. Ўзбекистон шароитида хавфли хисобланган юқумли касалликлардан Псевдочума (Ньюкасл касаллиги), Инфекцион бронхит, Инфекцион ларинготрахеит, Марек ва Гамборо касалликлари, Чечак (оспа), Микоплазмоз ва Салмонеллёзларга қарши профилактик ишлар доимий равишда олиб борилади. Бу борада яна Тошкент вилоятидаги “Тошкент парранда” МЧЖ ва “Қибрай парранда” МЧЖ лар ҳамда Бухоро вилоятидаги “Бухоро паранда” ОАЖ ларда 1 тадан замонавий “Биочек”(Голландияда ишлаб чиқарилган, Европа давлатларининг 70 фоизи шу анжомлардан фойдаланишади) паррандачиликка ихтисослашган маҳсус ИФА (имунно-ферментный анализ) ташҳис этувчи ветеринария лабораториялари фаолият кўрсатмоқда.
    2011 йилда “Самарқанд парранда” ҚК ва “Мароқанд парранда” МЧЖ ларда 1 тадан “Биочек” ташҳис этувчи ветеринария лаборатория анжомлари ўрнатилиб ишга туширилди. Жорий йилда Тошкент вилоятидаги “Ўртачирчиқ парранда” ОАЖ ва “ЮТМ парранда” МЧЖ ларда ҳам 2 та “Биочек” анжомлари ўрнатиш режалаштирилган. Озуқаларнинг сифатини ва таркибини экспресс усулда аниқлаш учун лаборатория анжомлари келтириш мақсадида Россия давлати мутахассислари билан музокаралар олиб борилмоқда. “Агалик – Ломанн парранда” қўшма корхонасида 1996 йилдан бери Германиянинг “Меллер” технологик анжомларидан фойдаланилмоқда. Ҳозирги вақтда Украинанинг “ТЕХНА”, Германиянинг “Хелманн” ва “Салмет” компанияларининг технологик анжомлари саноат паррандачилигининг замонавий талабларига тўлиқ жавоб беради. Туркия, Эрон, Хитой давлатларида ишлаб чиқилган паррандачилик технологик анжомларига ҳам паррандачилар томонидан талаблар мавжуд. Бухоро вилоятида Озарбайджон давлати билан ҳамкорликда паррандаларга озуқа тайёрлаш заводи, Қибрайда паррандаларга премикслар тайёрлаш минизаводлари фаолият кўрсатмоқда. Тошкент вилоятидаги “Ишонч – Надежда” фермер хўжалиги ва Самарқанд вилоятидаги “Агалик – Ломан парранда” қўшма корхонаси Россиянинг Пятигорск шахридан яна 3 тадан комплект келтирилган замонавий инкубаторлар фаолият кўрсатиб турибди. Жорий йилнинг 1-чорагида яна 1 та витамин – минерал премикслари тайёрлаш заводи қурилиши тугатилади.
    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 15 феврал куни ўтказилган №03-35-20-сонли йиғилиш баённомаси билан тасдиқланган “Республикада 2010 йилда паррандалар бош сони ва паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури”нинг 2.3-бандига кўра, озуқабоп экин майдонларига донли озуқа экинларини жойлаштириш ва экишни ташкил қилиш топшириғи берилган. Ўзбекистон Қишлоқ хўжалик илмий-ишлаб чиқариш марказининг “Ўзбекистон маккажўхори илмий-текшириш станцияси” томонидан маккажўхорининг ҳосилдорлиги юқори бўлган ва дони таркибида юқори миқдорда лизин аминокислотаси бўлган “Ўзбекистон 420 ВЛ” гибриди ишлаб чиқилган бўлиб, бу гибрид 110-115 кунда етилади ва гектарига 75-80 центнердан ҳосил беради. Ўзбекистон чорвачилик илмий-тадқиқот институтида она товуқларни юқори лизинли маккажўхори ва оддий маккажўжори дони бериб боқиш тажрибаси ўтказилиб, оддий маккажўхори дони билан боқилганларига нисбатан юқори лизинли маккажўхори билан боқилган товуқларнинг тухумдорлиги 10-12 фоизга ортиб, ем харажатлари эса 9-11 фоизга камайган.
     Юқоридагиларни инобатга олиб, паррандачилик хўжаликларини парранда озуқасининг муҳим компоненти ҳисобланган юқори лизинли маккажўхори донига бўлган эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида Тошкент вилоятида “Ўзбекистон 420 ВЛ” гибриди уруғини фермер хўжаликлари томонидан етиштирилиши йўлга қўйилмоқда. 2011 йилнинг ноябрь ойида жаҳонда етакчи ҳисобланган Сербия илмий текшириш уруғчилик институти билан биргаликда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида, экин майдонларига эга бўлган фермер хўжаликлари иштирокида “Маккажўхори, кунгабоқар, соя ўсимларини бўғдойдан бўшаган экин майдонларига такрорий экиш” тўғрисида семинар ўтказилди. 2011 йили жами бир йилда паррандачилик корхона ва хўжаликларига имтиёзли нархларда 82,6 минг тонна буғдой, 17 минг тонна соя шроти ва бошқа озуқа қўшимчалари сотиб олишларида амалий ёрдам кўрсатди. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йилнинг 8 октябрдаги 01-03-35-39-сонли йиғилиш баёни қарорининг 5.1 ва 5.4 бандлари билан саноат паррандачилик корхоналари ва паррандачилик фермер хўжаликларини қишлов даврида биринчи даражали истеъмолчилар сифатида электр энергияси ҳамда уларни етарли миқдорда қаттиқ ёқилғи ва табиий билан узлуксиз таъминлаш йўлга қўйилди. Бундан ташқари паррандачилик хўжаликларининг пахта шроти, буғдой кепаклари ем шахобчалари орқали эмас, тўғридан – тўғри Республика савдо биржалари орқали сотиб олишлари ва қўшимча равишда пахта ёғи, пахта ва соя шротларини ажратиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
    Озиқ-овқат хавфсизлигини барқарор таъминлашда паррандачиликни ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга. Паррандачилик чорвачиликнинг тез етилувчан соҳаларидан бири бўлиб, аҳолини парҳез гўшт ва тухум маҳсулотлари билан таъминлайди. Ҳукуматимиз томонидан бу борада қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда ва амалга оширилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг “2011 йилда Республикада қорамолчилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик тармоқларини ривожлантириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, озуқабоп экинлар уруғларини етиштириш тизимини яратиш, сервис хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш, чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш тўғрисида”ги 2011 йил 28 февралдаги 03-35-12-сонли йиғилиш баённомасида белгиланган чора-тадбирлар ва Республикада 2011 йилда паррандалар бош сони ва паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, паррандачилик тармоғини кескин ривожлантириш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ҳисобига аҳолини арзон ва сифатли маҳсулотларга бўлган талабини тўлиқ таъминлаш, ички истеъмол бозорини тўлдириш ва нархларнинг барқарорлигини сақлаш бўйича топшириқлар берилган. Шу билан бирга Андижон вилоятидаги 14 та туманларнинг ҳар бирида аҳоли хонадонларида 200 бошдан, жами 50 000 бош гўштга мўлжалланган бройлер жўжаларини боқиш ташкиллаштирилиб, бир кунлик жўжалар тарқатилмоқда. Жўжаларни сақлаш ва боқиш шароитларини енгиллаштириш мақсадида тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилди. Бу вилоят бўйича қўшимча 75 000 кг парҳез парранда гўшти билан таъминлаш имконини беради. 2012 йилнинг 10 январига Хўжаобод, Қўрғонтепа, Олтинкўл ва Балиқчи туманларида аҳоли хонадонларида жами 10 428 бош тез етилувчи бройлер жўжалари парваришланмоқда. Натижада вилоятда қўшимча иш ўринларини яратиш, аҳолининг қўшимча даромадларини оширишга ҳизмат қилади. Шу билан бирга вилоятдаги ихтисослашган паррандачилик корхоналарини тўла қувват билан ишлатиш масаласи устида ҳам иш олиб борилмоқда. Дастурларда белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида бажарилмаслиги озиқ-овқат ҳавфсизлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатади. Чора-тадбирларни тўлиқ амалга ошириш чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг кўпайишига, пировард натижада эса аҳолининг арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини таъминлашга хизмат қилади. 
    Асаларичилик соҳаси. Республика барча тоифа хўжаликларида асаларичилик билан шуғулланувчи субъектлар сони 7 минг 10 та ни ташкил этиб, 2009 йилга нисбатан 138 фоизга, асалари оилалари сони эса 168 фоизга кўпайиб, 2009 йилда 142 минг 038 та бўлган бўлса, 2011 йилга келиб 238 минг 607 та оилага етказилди.
     Товар асал ишлаб чиқариш 2009 йилда 2 минг 329,4 тоннани ташкил этган бўлса, 2011 йилга келиб, 3 минг 786 тоннага етди ёки уч йилда 162,5 фоизга ошди. Биргина, 2011 йилда янгидан 917 та шахсий, ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари, 182 та фермер ва 10 та ўрмон хўжаликларида асаларичилик субъектлари ташкил этилиб, қўшимча 2 минг дан ортиқ янги ишчи ўринлар яратилди. 2011 йилда Украина Республикаси Закарпатия вилоятидан 3 минг 730 АҚШ долларига четда 1 минг 878 та Карпат зотли наслли она асалари келтирилди. Келтирилган наслли она асаларилари кўпайтириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасидаги “Амударё Пошнам” фермер хўжалигига 200 бош, Андижон асалчилар уюшмасига 50 бош, Қашқадарё вилоятидан “Асқаров Ниёз” фермер хўжалигига 100 бош, Навоий вилоят асалчилик уюшмасига 500 бош, Сурхондарё асал уюшмасига 100 бош, Фарғонага 478 бош, Хоразм 300 бош ва Тошкент шахар асал уюшмасига 150 бош етказиб берилди. Ўтган 2009-2011 йиллар давомида асаларичилик махсулотлари ва жихозларини сотишга ихтисослашган 47 та махсус савдо дўконлари ва замоновий технологиялар асосида жиҳоз ишлаб чиқарадиган 39 та цехлар ва 11 та қайта ишлаш ҳамда қадоқлаш мини цехларини ташкил этилди.
    Ташкил этилган цехлар томонидан 36 минг 139 та асалари қутиси, 413 минг 460 та асалари рамкаси, 747 та тутаткич, 829 та пичоқ ва исканалар ва 703 та юз ниқоблари маҳаллийлаштириш асосида ишлаб чиқарилиб асаларичилик субъектларга етказиб берилди. Биргина, 2011 йилнинг ўзида 756 млн.сўм миқдорида кредит маблағлари барча вилоятлардаги асаларичилик шахсий ёрдамчи ва фермер хўжаликларини ривожлантириш ишларига ажратилди. Жумладан, Андижон вилоятида 2 та шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларига 56 млн сўм, Қашқадарё вилоятида 19 та асаларичилик фермер хўжаликларига 183 млн. сўм ва 21 та шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларига 17 млн. сўм, Самарқанд вилоятида 8 та фермер хўжалигига 85 млн. сўм. Сурхондарё вилоятида 19 та фермер хўжалигига 79 млн.сўм ва Наманган вилоятида 4 та фермер хўжалигига 59 млн.сўм кредит маблағлари ажратилди. 2011 йилда чорва озуқа экинлари (рапс,переко, беда ва бошқа экинлар) уруғни етиштириш ҳамда вақтинча асалари оилаларни озиқлантиришда фойдаланиш учун 93 та асаларичилик субъектларига 117,5 гектар ер майдонлари ажратиб бериш ишлари амалга оширилди.
    Асаларичилик соҳасининг асосий йуналишларидан бир асалари пакетларни етиштириш ишлари йўлга қўйилди. 2011 йилда Фарғона вилояти асаларичилари томонидан 38 минг, Андижон вилоятида 15 минг, Наманган вилоятида 41,1 минг жами 94 мингдан ортиқ оила пакетлари тайёрланиб, (10,4 млрд сўмлик) шундан 34,4 минг таси республикадаги асаларичилик субъектларига ва қолган 59,7 минг оила пакетлар Россия ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилинди. Асаларичилик билан шуғулланувчи барча тоифа хўжаликлари билан 2591 та зооветеринария пунктлари ўртасида барча зооветеринария сервис хизматлари кўрсатиш бўйича шартномалар тузилиб, улар томонидан асалари касаликларини олдини олиш ва уларга қарши курашишда дори-дармонлар билан таъминлаш бўйича барча сервис хизматларини амалга ошириш йўлга қўйилди. Асаларичилик хўжаликларининг моддий техника базаси мустаҳкамлаш мақсадида 31 та павильонлар билан таъминланди.
      Ахборот хизмати





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech