Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
23 apr 2015

Ўзбекистон Республикаси

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги

ПРЕСС-РЕЛИЗ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 19 апрелдаги

“2013–2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив

ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1958-сонли қарори

асосида сувдан фойдаланишда тежамкор технологияларни жорий этиш

бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида

23 апрель 2015 йил

Матбуот конференциясининг мақсади. Республикада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 19 апрелдаги “2013–2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида сувдан фойдаланишда тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, унинг мазмун ва моҳиятини оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.

Бугунги матбуот конференцияси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 8 апрелдаги №08/1-8-сонли хати билан “Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим аҳамиятга эга молик масалалар бўйича ўтказиладиган матбуот анжуманларининг ягона режаси”га мувофиқ ташкил этилиб, оммавий ахборот воситалари ходимлари, вазирликнинг раҳбар ва мутахассислари, вазирлик тизимидаги олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг етакчи олимлари таклиф қилинган. Матбуот конференциясини Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати бошлиғи М.Ибрагимов олиб боради.

Матбуот конференцияси кун тартибидаги масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари Ш.Хамроев ҳамда Сув ресурслари баланси ва сувни тежайдиган технологияларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Ш.Қўчқоровлар ахборот беради.

Айрим далиллар ва рақамлар:

Она сайёрамиз иқлимида кузатилаётган глобал иқлим ўзгаришлари туфайли тобора ортиб бораётган сув тақчиллиги шароитида қишлоқ хўжалиги экинларидан кафолатли ҳосил олиш ва мамлакат аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш барқарорлигини ошириш учун мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва суғоришнинг тежамкор технологияларини кенг жорий қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Маълумки, бугунги кунда дунёнинг кўпгина қисмида, қолаверса, минтақамизда, жумладан, мамлакатимизда ҳам сув ресурсларига бўлган талаб ортаётганлиги билан бирга, сувнинг тақчиллиги ҳам йил сайин ошиб бормоқда. 2000 йилгача кам сувли мавсум ҳар 6–8 йилда бир марта кузатилган бўлса, охирги йилларда бу жараён ҳар 3–4 йилда такрорланмоқда.

Республикамизда сув ресурсларидан тежамли ва самарали фойдаланиш асосида суғориладиган майдонлардан олинадиган ҳосил миқдорини ошириш, бу борада озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, сифатини яхшилаш ҳамда ички бозорни тўлдириш орқали мамлакат аҳолисининг турмуш даражасини янада яхшилаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Республикамизда сувдан самарали ва мақсадли фойдаланиш бўйича кейинги йилларда кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда.

Мамлакатимизда сувни тежашнинг бир қанча турлари ёрдамида босқичма-босқич зарур бўлган тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳар йили 5 минг км. дан ортиқ суғориш, 12 минг км коллектор-дренаж, 50 минг км ариқ тармоқлари тозаланаётган бўлса, 200 км. дан ортиқ каналлар, 30 км лоток ва 500 км коллектор тармоқлари, 400 дан ортиқ гидротехник иншоотлар ва бошқа кўпгина объектлар реконструкция қилинмоқда ва қурилмоқда.

Шу билан биргаликда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини диверсификация қилиниши ҳам сувни тежалашига ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Мустақиллик йилларида пахта, шоли каби сувни кўп талаб қилувчи экинлар қисқартирилиб, ўрнига бошоқли дон, сабзавот-полиз экинлари ва боғ-узумзорлар майдони кенгайтирилди.

Бажарилган ишлар натижасида сувни тезкор бошқариш ва истеъмолчиларга ўз вақтида кафолатли етказиб бериш имконияти яратилмоқда ҳамда суғориш тармоқларидаги техник йщыотилиши ва фильтрацияси камайишига эришилмоқда.

Жумладан, бугунги кунга келиб Ўзбекистонда сув ресурсларидан тежамли фойдаланиш йўналишидаги давлат сиёсатининг натижаси ўлароқ фойдаланилаётган сувларнинг умумий миқдори 80-йилларга нисбатан 20 фоизга камайишига эришилди.

Сув манбаларидан 1 гектар суғориладиган майдонга 90-йилларда 18 минг м3/га ишлатилган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 40 фоизга камайди.

Мамлакатимизда сув тежовчи технологияларнинг бир қанча турлари қўлланилиб, улар қуйидагилар:

1. Эгатга плёнка тўшаб суғориш;

2. Ўқариқлар ўрнига эгилувчан пленкали қувурлардан фойдаланиш;

3. Тупроқ остидан суғориш технологиясини қўллаш, далага сув бериш миқдори 25–30 фоизгача камаяди, эгат олинмайди;

4. Ёмғирлатиб суғориш (бунда асосан бир йиллик экинлар суғорилади).

5. Томчилатиб суғориш.

Ушбу сув тежовчи технологиялар орасида томчилатиб суғориш алоҳида аҳамиятга эга.

Ушбу технология бошқа суғориш усулларидан фарқли жиҳатлари:

- юқори самарадорлиги, яъни сув ресурслари танқислиги шароитида кам сув сарфлаб барқарор юқори ҳосил олиш имконини бериши;

- тупроқнинг намлиги ва уни яратиш учун берилаётган сувни бошқариш мумкинлиги, яъни сув ҳар бир экиннинг маълум даврдаги эҳтиёжига мос равишда дала бўйлаб бир текис тақсимланиши;

- экин илдизи ривожланадиган тупроқ қатламида ўсимлик учун мақбул бўлган сув-физик муҳит яратилиши.

Экинга сув ва озиқ моддалар унинг эҳтиёжига мос равишда кичик миқдорларда тез-тез берилади. Ўсимлик илдиз қатламида мақбул намлик яратилади. Ўсимлик ўзига зарур бўлган вақтда сув ва озиқ моддаларни олади. Турли стресс ҳолатларга тушмаган ўсимлик ўз энергиясини фақат ривожланиш ва ҳосил тўплашга сарфлайди. Бунинг натижасида боғ ва токзорларда ҳосилдорлик 40–60 фоизгача ортса, пахта ва сабзавотлар каби бир йиллик экинларда 80 % гача ортади. Пахта ҳосилининг пишиб етилиши эса 10–15 кунга эрта ва бир вақтда бўлади.

Томчилатиб суғориш натижасида бошқа суғориш усулларига нисбатан 20 фоиздан 60 фоизгача сув тежалади. Бундан ташқари меҳнат ва моддий ресурслар сарфи камаяди

Томчилатиб суғоришда сув ўсимликка шланглар воситасида етказиб берилганлиги учун дала тупроғи қотмайди, натижада тупроқни юмшатишга (культивация) ва ариқ олишга ҳожат қолмайди. Тупроғи қотмаган майдон эса мавсум охирида осон ҳайдалади.

Ўғит сув билан бирга берилганлиги боис, ўғитлаш учун техника ишлатишнинг зарурияти йўқолади.

Томчилатиб суғориш тизимини қуриш учун сув насоси, фильтр ҳовуз-тиндиргич, ўғитловчи мослама, магистрал ва тарқатувчи қувурлар, суғориш шланглари, томизгичлар, ёрдамчи ва ўловчи қисмлар керак бўлади. Бундан ташқари қурилиш ишлари ва лойиҳани тузиш харажатлар киритилади.

2013–2014 йилларда ўтказилган тадқиқот ишларига асосан бир гектар майдонга ўртача 6–7 млн сўм атрофида маблағ сарфланади.

Республикамизда ушбу технология учун талаб этиладиган 95 фоиз жиҳоз ва анжомлари чиқарилади. Бундан 5–6 йил бурун мамлакатимиз шароитида томчилатиб суғориш тизимининг баъзи қисмларини ишлаб чиқарувчи биргина Санипласт қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган бўлса, ҳозирги кунга келиб бундай корхоналар сони бир қадар кўпайди.

Агар сув насоси “Сувмаш” заводида тайёрланса, фильтр, ҳар хил диаметрдаги пластик қувурлар, шлангалар, ёрдамчи ва уловчи қисмлар “Шўртангазкимё”, “Махсусполимер”, “Жиззахпласмасса” ва бошқа корхоналарда ишлаб чиқилмоқда. Энг асосийси авваллари тўлиқ четдан келтирилган томизгичлар (капельницалар) эндиликда ўзимизда “Пипелайн технологис” (Тошкент ш.), “Агропласт монтаж сервис” (Наманган вилояти) корхоналарида ишлаб чиқарилмоқда.

Сув ресурсларидан фойдаланишнинг самарадорлигини оширишда суғоришнинг сувни тежайдиган илғор технологияларни қўллаш муҳим аҳамиятга эгалигини ҳисобга олиб, давлатимиз раҳбарияти томонидан ушбу йўналишни ривожлантириш қўллаб-қувватланмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 21 апрелдаги “2013–2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига асосан 2013–2017 йиллар давомида жами 25 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими, 45,6 минг гектар майдонда эгатга плёнка тўшаб суғориш усули ҳамда 34 минг гектар майдонда эса ўқариқлар ўрнига кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш усуллари жорий этилиши белгиланган.

Ушбу Қарорнинг ижросини таъминлаш ҳамда сувни тежайдиган замонавий суғориш усулларни жорий этган қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларини рағбатлантириш тадбирлари Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 21 июндаги “Томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш ва молиялаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида белгиланган имтиёзларда кўзда тутилган.

Ушбу қарорда томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этган қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига тежалган сув ресурсларидан бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларда қишлоқ хўжалиги экинлари ўстириш учун фойдаланиш ҳуқуқи берилиши белгилаб қўйилган.

Шу билан бирга, 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 367-моддасига киритилган ўзгартиришларга асосан юридик шахслар, ер участкасининг қайси қисмида томчилатиб суғоришдан фойдаланилаётган бўлса, ўша қисмида томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган ойдан бошлаб беш йил муддатга 5 йил муддатга ягона ер солиғи тўлашдан озод этилди.

Бундан ташқари, томчилатиб суғориш тизими ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича амалга оширилган илмий-тадқиқот ишлари, ишлаб чиқариш тажрибалари ҳамда ушбу технологияни жорий қилиш бўйича мавжуд тавсияларни таҳлил қилиш, томчилатиб суғориш тизими ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалик корхоналари учун тавсиялар тайёрлаш ва жойларга етказиш мақсадида Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти қошида юридик шахс мақомидаги суғориш технологиялари бўйича консалтинг маркази ташкил қилинди.

Жорий йилда мамлакатимизда 5347 гектарда томчилатиб, 11293 гектарда эгатга плёнка тўшаб ҳамда 7628 гектарда кўчма эгилувчан қувурлар орқали суғориш усулларини жорий қилиш режалаштирилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳудудий ишчи гуруҳлари томонидан томчилатиб суғориш ва бошқа сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича тасдиқланган ҳудудий манзилий дастурлари умумлаштирилиб, 2015 йилда томчилатиб, эгатга плёнка тўшаб ҳамда кўчма эгилувчан қувурлар орқали суғориш усулларини жорий қилиш бўйича ҳудудий Давлат дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Давлат дастурига киритилган томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш лойиҳаларни амалга оширишда фермер хўжаликлари ва бошқа ер эгаларига Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Жамғармасининг кредит линияси ҳисобидан республика бўйича 10 млрд сўм маблағ ажратилди. Мазкур маблағлар тижорат банклари орқали йиллик 6 фоизлик имтиёзли кредит сифатида тақдим қилиниши белгиланган.

Мамлакатимизда сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиниши, бунинг учун давлат томонидан яратилаётган қулайликлардан фойдаланиш қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантириш ва халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Қўшимча маълумотлар учун:

Сув ресурслари баланси ва сувни тежайдиган технологияларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари: Б.Бурхонжонов. тел.: 241-34-42

Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати етакчи мутахассиси: О.Норбеков. тел: 239-17-81

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати

www.agro.uz e-mail:info@agro.uz tel: 239 16 41





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech