Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
18 apr 2016

Матбуот анжуманининг мақсади. Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 19 апрелдаги “2013–2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, уларнинг мазмун ва моҳиятини оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.

Матбуот анжуманида вазирлик марказий аппарати бош бошқарма ва бошқарма бошлиқлари, вазирлик тизимидаги сув хўжалигига алоқадор уюшма, бирлашма, корхона ва ташкилотлар ҳамда олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг раҳбар ва мутахасислари, олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Матбуот анжуманини Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати бошлиғи М.Ибрагимов олиб борди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Ерларни мелиорациялаш бошқармаси бошлиғи Н.Аллаберганов ахборот берди.

Айрим далиллар ва рақамлар:

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини, жумладан, аграр соҳани ривожлантириш, модернизация қилиш, қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ва сифатли ҳосил етиштириш, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини ўзимизда етиштирилган маҳсулотлар ҳисобидан таъминлашга алоҳида эътибор берилиб, бу борада ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга устувор вазифалардан бири сифатида ёндошилмоқда.

Дунёда аҳоли сони шиддат билан ўсаётган, иқтисодиёт тармоқларининг жадал суръатлар билан ривожланаётган бир пайтда табиий неъматлар – сув ва ер ресурслари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаб йил сайин ортиб бормоқда.

Шундай мураккаб шароитда улардан оқилона ва тежамли фойдаланиш, тупроқнинг мелиоратив ҳолати ҳамда унумдорлигини яхшилаш орқали экинлар ҳосилдорлигини ошириш – давр талабидир.

Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг долзарб масалалардан биридир. Негаки, фермер ва деҳқонларнинг даромади кўп жиҳатдан тупроқ унумдорлиги, экинлар ҳосилдорлиги, демакки, айнан ерларнинг мелиоратив ҳолатига боғлиқ. Шунинг учун ҳам юртимизда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сизот сувлари сатҳини пасайтириш, ерларнинг шўрланиш даражасини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар кўлами йил сайин кенгайтирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 29 октябрдаги “Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжатга мувофиқ ўтган давр мобайнида Молия вазирлиги ҳузурида Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш фаолияти билан шуғулланувчи сув хўжалиги қурилиш ва фойдаланиш ташкилотларига замонавий мелиорация техникаси ва асбоб-ускуналари етказиб берилишини таъминлаш мақсадида “Ўзмелиомашлизинг” давлат лизинг компанияси, мелиорация ва бошқа сув хўжалиги ишларини бажаришга ихтисослаштирилган 48 та давлат унитар корхонаси ташкил этилди.

Мазкур фармон қабул қилингандан буён ўтган давр мобайнида лойиҳалар амалга оширилган ҳудудларда 2 млн гектардан ортиқ суғориладиган майдонларда ер ости сизот сувлари сатҳи меъёр даражада ушлаб турилиб, ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига ва барқарорлигини таъминланишига эришилди ҳамда ушбу ерларнинг мелиоратив ҳолатини ёмонлашувининг олди олинди. Республикамиз миқёсида кучли шўрланган майдонлар 2007 йилга нисбатан 36,0 минг гектарга, ер ости сизот сувлари сатҳи 2 метргача бўлган майдонлар 257,3 минг гектарга камайишига эришилди.

Мелиорация тадбирлари амалга оширилган экин майдонларида пахта ҳосилдорлиги гектарига ўртача 3–4 центнер, бошоқли дон экинлари эса 4–5 центнерга ошди. Қолаверса, бунда ер ўзининг муносиб эгасини топиб, фермер хўжаликларига берилгани, қишлоқ хўжалиги экинлари агротехника қоидалари асосида парвариш қилинаётгани ҳам муҳим омил бўлмоқда.

Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасидаги ишлар қамрови Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 19 апрелдаги “2013–2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ янада кенгаймоқда.

Мазкур қарорга мувофиқ тасдиқланган 2013–2017 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича комплекс чора-тадбирларга доир Давлат дастурига мувофиқ тупроқ унумдорлиги ва экинлар ҳосилининг пасайишига таъсир кўрсатувчи омилларга барҳам бериш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда катта кўламдаги гидромелиоратив тизимлар, коллектор зовур ва суғориш тармоқларини таъмирлаш, уларнинг техник ҳолатини яхшилаш, тежамкор суғориш технологияларини жорий этиш тадбирлари амалга оширилмоқда. Шу асосда соҳадаги саъйи-ҳаракатлар сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилиб, тупроқ унумдорлигини янада яхшилаш, шўрланиш жараёнларининг олдини олишга эришиляпти.

Давлат дастури доирасида 2016–2017 йилларда 1945 км узунликдаги коллектор-дренаж тармоқларини, 410 дона тик мелиоратив қудуқларни, 12 дона мелиоратив насос станцияларни ва бошқа кўплаб иншоотларни реконструкция қилиш ва қуриш, шу билан бирга 34 500 км узунликдаги коллектор-дренаж тармоқларини, 1600 дона вертикал дренаж қудуқларини, 48 дона мелиоратив насос станцияларни ва 2500 дан ортиқ гидротехник иншоотларни таъмирлаш ва тиклаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

2013–2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича тасдиқланган Давлатга мувофиқ лойиҳалар амалга ошириладиган ҳудудларда 1 млн 130 минг гектардан ортиқ суғориладиган майдонларда ер ости сизот сувлари сатҳи меъёр даражада ушлаб туриш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва барқарорлигини таъминлашга эришиш ҳамда ушбу ерларнинг мелиоратив ҳолати ёмонлашувининг олди олиниши кутилмоқда.

Давлат дастурига кўра, мелиоратив объектларда қуриш ва реконструкция қилиш, тизимли таъмирлаш тиклаш ишларини бажариш бўйича йиллик тармоқ жадваллари ишлаб чиқилиб, барча ишлар ушбу жадвал асосида амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига мелиоратив объектларни реконструкция қилиш ва қуриш бўйича 26023,5 млн сўмлик иш бажарилиб, 151,4 км очиқ ва 35,5 км ёпиқ ётиқ коллектор-дренаж тармоқлари, 3 дона вертикал дренаж қудуқлари, 1 дона гидротехник иншоат, 24 дона мелиоратив кузатув қудуқлари реконструкция қилинди ва қурилди.

Шунингдек, мелиоратив объектларни тизимли таъмирлаш ва тиклаш ишларини бажариш борасида 33951,5 млн сўмлик иш бажарилиб, 3285,9 км узунликдаги коллектор дренаж тармоқларида таъмирлаш ва тиклаш ишлари амалга оширилди. Пудратчи ташкилотларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2016 йилда 35,0 млрд сўмлик жами 140 дона мелиоратив техника ва ускуналар, шу жумладан 60 дона экскаватор, 21 дона бульдозер, 19 дона автосамосвал, 11 дона автокран ва 29 дона бошқа техникаларни харид қилиш режалаштирилган бўлиб, бу борадаги ишлар бошлаб юборилди.

Умуман олганда, 2016-2017 йилларда белгиланган тадбирларни амалга оширилиши натижасида республикамиз бўйича қўшимча 560 минг гектардан ортиқроқ суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшилиниши кутилмоқда. Бунинг натижасида қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги сезиларли даражада ортишига, деқҳонларимизнинг даромади янада кўпайишига, пировардида халқимиз турмуш фаровонлиги юксалишига эришилади.

Қўшимча маълумотлар учун:

Ерларни мелиорациялаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Р.Умаров, тел.: 241-57-30

Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати матбуот котиби: О.Норбеков. тел: 239-17-81

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги

Матбуот хизмати www.agro.uz e-mail:info@agro.uz tel: 239 16 41

    Ахборот хизмати





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech