Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
25 jun 2016

Матбуот анжуманининг мақсади. Мамлакатимизда озиқ-овқат таъминотини мустаҳкамлаш, жумладан, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, интенсив мевали боғлар ва токзорлар барпо этиш борасида амалга оширилаётган ишлар, уларнинг мазмун ва моҳиятини оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.

Матбуот анжуманида вазирликнинг раҳбар ва мутахассислари, соҳа олимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Матбуот анжуманини Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати бошлиғи М.Ибрагимов олиб борди.

Матбуот анжуманини Ўзбекистон Республика Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Ш.Тешаев кириш сўзи билан очди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Сабзавот-полизчиликни, боғдорчиликни, узумчиликни ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ф.Қирғизбоев ахборот берди.

Айрим далиллар ва рақамлар:

Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида иқтисодиётининг барча жабҳалари сингари аграр соҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотларнинг амалга оширилиши натижасида соҳада барқарор ўсиш суръатлари таъминланмоқда. Кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмининг ўсиши ўртача
6–7 фоизни ташкил қилаётганлиги, республика аҳолиси сонининг муттасил ортиб боришига қарамай, аҳоли жон бошига ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмининг бир неча баробар кўпайганлиги соҳада ислоҳотлар стратегияси нақадар тўғри танланганлигидан далолат беради.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилган қулай шарт-шароит, қолаверса, деҳқону фермерларимизнинг фидокорона меҳнати туфайли барча турдаги қишлоқ хўжалиги экинларидан ҳар йили мўл ва сифатли ҳосил етиштирилмоқда. Жумладан, 2015 йилда эл-юрт хирмонларига 7 миллион 500 минг тоннадан зиёд дон, 3 миллион 350 минг тоннадан кўпроқ пахта хомашёси етказиб берилди. Мева-сабзавотчилик, боғдорчилик, узумчилик ва чорвачилик каби тармоқларда ҳам юқори ўсиш суръатлари таъминланди. Ўтган йили далаларимиздан 12 миллион 825 минг тоннага яқин сабзавот ва картошка, салкам 2 миллион тонна полиз маҳсулотлари, қарийб 2 миллион 800 минг тонна мева, 1,5 миллион тоннадан зиёд узум маҳсулотлар йиғиштириб олинди.

Бунинг натижасида 1990 йилларда асосий озиқ-овқат товарлари, аввало дон, картошка, гўшт, сут ва бошқа маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини импорт ҳисобидан қоплаган Ўзбекистон бугунги кунда аҳолининг муҳим кундалик истеъмол товарларига бўлган талабини тўлиқ ўзимизда етиштирилган маҳсулотлар ҳисобидан қондирибгина қолмасдан, балки уларни катта миқдорда экспорт қилиш имкониятига ҳам эга бўлди. Ўтган давр мобайнида аҳоли сони 11 миллиондан зиёд ўсганига қарамай аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 1,4 баробар, сут ва сут маҳсулотлари 1,5 карра, картошка 1,9 марта, сабзавот 2,6 баробардан зиёд, мева 6,3 марта кўпайгани ҳолда, юртимиздан 180 турдан ортиқ сархил мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар дунёнинг 100 га яқин давлатига экспорт қилинаётир.

Ўзбекистон ўзининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдан ташқари, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш орқали хорижий давлатларнинг озиқ-овқат таъминотига ҳам муносиб ҳисса қўшаётгани халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилмоқда. БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг 2015 йил июнь ойида Италиянинг Рим шаҳрида бўлиб ўтган 39-конференциясида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришган давлатларни тақдирлаш маросимида Ўзбекистон 14 та давлат қаторида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда эришган мислсиз ютуқлари учун махсус мукофот билан тақдирланди.

Мамлакатимизда сабзавот, полиз, картошка экинлари, шунингдек, боғ ва токзорлар майдонлари кенгайтирилиши билан бирга, ушбу тармоқларда ишни тўғри ташкил қилиш орқали унинг самарадорлигини ошириш учун барча зарурий шарт-шароит яратиб берилган. Яъни деҳқон ва фермер хўжаликлари, аҳоли томорқаларида экинлар экилиши бўйича мониторинг юритиш механизми йўлга қўйилиб, зарурий миқдордаги уруғлик, минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, мевали дарахтлар кўчатлари етказиб беришнинг мақбул тизимига асос солинган.

Юртимизда озиқ-овқат маҳсулотлари захиралари фақат экин майдонларини кенгайтириш ҳисобигагина эмас, балки жаҳоннинг илғор тажрибалари, замонавий ва интенсив агротехнологиялар татбиқ қилинаётгани, истиқболли навлар яратилиб, амалиётга жорий қилинаётгани туфайли мустаҳкамланаётир. Академик М. Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти олим ҳамда мутахассислари томонидан мева ва узумнинг 40 дан ортиқ серҳосил нави яратилиб, Давлат реестрига киритилди. Олма, нок, беҳи, шафтоли, ўрик, гилос, бодом, ёнғоқ, қорағат (смородина) ҳамда қулупнайнинг кўплаб навлари Ўзбекистон Республикасида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрига киритиш ва районлаштириш учун тақдим этилди.

Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг селекционер олимлари томонидан ҳар хил муддатда пишадиган ҳосилдор, юқори сифатли ҳамда касалликларга чидамли сабзавот экинларининг 41, полизнинг 5 та, картошканинг 6 та янги нави яратилди.

Дунёнинг кўпгина давлатлари ҳавас билан қарайдиган бу ютуқлар замирида Юртбошимиз томонидан республикамиз аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини ички имкониятлар ҳисобига барқарор таъминлаш, шу билан биргаликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратаётганлиги мужассамдир.

Истиқболда мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмларини янада ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 29 декабрдаги “2016–2020 йиллар даврида қишлоқ хўжалигини қайта шакллантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2020 йилгача бўлган даврда 170,5 минг гектар пахта ва 50 минг гектар ғалла майдонлари ўрнига озиқ-овқат экинлари экилиши белгиланиб, жорий йилнинг ўзида пахта майдонлари паст рентабелли ерлар ҳисобига 30,5 минг гектарга қисқартирилди. Таъкидлаш жоизки, ушбу майдонларнинг 5 минг гектарига картошка, 12,6 минг гектарига сабзавот, 7 минг гектарига озуқа экинлари, 1,9 минг гектарига мойли экинлар ҳамда 2,5 минг гектарига интенсив боғлар ва 1,5 минг гектарига янги токзорлар жойлаштирилди.

Умуман олганда, бу имкониятлардан тўлиқ ва самарали фойдаланиш натижасида 2020 йилда 2015 йилга нисбатан сабзавот ва картошка ишлаб чиқаришни 30–35 фоиз, мева ва узум ишлаб чиқаришни 20–25 фоиз кўп етиштиришга эришилади.

Республикамизда узумчиликни янада ривожлантиришда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 13 мартдаги “2013–2015 йилларда республикада узумчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу қарорга мувофиқ, кейинги уч йил давомида жами 23,5 минг гектар янги токзорлар барпо этилиб, 17,4 минг гектар самарасиз токзорлар реконструкция қилинди.

Кейинги йилларда янги боғлар, шу жумладан, пакана ва ярим пакана (интенсив) мевали боғларни барпо этишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Чунки пакана ва ярим пакана пайвандтагларга уланган мевали дарахтлар кўчатлари тез ҳосилга кириши ҳамда майдон бирлиги ҳисобидан юқори ҳосил бериши билан ажралиб туради.

Республикада охирги беш йилда замонавий агротехнологиялар асосида 32 минг гектар майдонларда пакана ва ярим пакана интенсив мевали боғлар яратилди. Ушбу пакана ва ярим пакана интенсив мевали боғлар асосан Тошкент (5,6 минг гектар), Самарқанд (5,5 минг гектар), Наманган (4,1 минг), Андижон (3,4 минг гектар), Жиззах, Қашқадарё (ҳар бирида 2,8 минг гектардан) вилоятларида барпо этилди.

Республикамиз бўйича охирги 5 йилда жами 33 минг гектар янги токзорлар барпо этилди, бундан ташқари 36,6 минг гектар яроқсиз мевали боғлар ва 26,8 минг гектар токзорлар реконструкция қилинди.

Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва амалий тадбирлар натижасида мева-сабзавот, картошка полиз ва узум маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўрсаткичлари барқарор равишда ортиб бормоқда.

Юқори сифатли навларни экиш, агротехник тадбирларини ўз муддатида сифатли қилиб ўтказиш ҳисобига ҳосилдорлик сабзавотчиликда 2005 йилда гектарига 268 центнерни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2015 йилга келиб 277,1 центнерга, полизчиликда 181 центердан 201,3 центнерга, картошкачиликда 186 центнердан 213,6 центнерга, боғдорчиликда 62,3 центнердан 123,9 центнерга, узумчиликда эса 64,7 центнердан 126,7 центнерга ортди.

Мустақиллик йилларида боғ-токзорлар, сабзавот, полиз ва картошка экин майдонларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, агротехник тадбирларини ўз вақтида ўтказиш ва юқори сифатли кўчатлар ва уруғлар навларини экиш ҳисобига ҳосилдорлик 2015 йилда 1991 йилга нисбатан боғдорчиликда қарийб 3,3 баробарга, узумчиликда 2,5 баробарга, сабзавочиликда 1,4 баробарга, полизчиликда 1,8 баробарга ва картошкачиликда 2,6 баробарга ошди.

Шунингдек, ялпи ишлаб чиқарилган маҳсулотлар эса 2015 йилда 1991 йилга нисбатан мева қарийб 5,3 баробарга, узум 3,2 баробарга, сабзавот 3,8 баробарга, полиз 2,4 баробарга ва картошка 9,3 баробарга кўп етиштирилди.

2015 йилда аҳоли жон бошига йиллик ўртача сабзавот 324,5 кг (тиббий меъёрга нисбатан 2,9 мартага кўп), картошка 86,4 кг (1,6 марта), полиз 59,4 кг (2,4 марта), мева 88 кг (1,3 марта) ва узум 50,6 кг (3,6 марта) кўп маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Пировардида ички истеъмол бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлиги сақлаб қолинди, уларнинг кўпчилиги турлари бўйича нархлар арзонлашди.

Президентимизнинг жорий йил 12 апрелда қабул қилинган “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида етиштириладиган мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини қайта ишлаш, ички истеъмол бозорини ушбу маҳсулотлар билан янада барқарор таъминлаш ва бир вақтнинг ўзида уларнинг экспорти ҳажмини янада ошириш бўйича бир қатор муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Давлат буюртмаси учун 2016 йил ҳосилидан бошлаб 4 млн 77 минг тонна ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотлари қабул қилиш белгиланган. Ушбу маҳсулотларнинг 2 млн 542 минг тоннаси фермер хўжаликлари томонидан ва
1 млн 531 минг тоннаси деҳқон хўжаликлари томонидан етказиб берилади.

Ушбу белгиланган прогноз асосида маҳсулотларнинг 2 млн 217 минг тоннаси қайта ишланади, 1 млн 477 минг тоннаси экспортга чиқарилади ва қолган қисми аҳолини қиш ва баҳор ойларида озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш учун захирага ғамланади.

Мазкур қарорда фермер хўжаликлари, агрофирмалар, қайта ишлаш ва экспортёр корхоналарига ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот, полиз ва узум маҳсулотларини экспортга чиқариш учун қулайликлар яратиш мақсадида хорижий экспортёр ташкилотлар билан маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича шартномалар тузиш учун Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 12–14 июль кунлари I Халқаро мева-сабзавот маҳсулотлари ярмаркасини ўтказиш белгиланган.

Жорий йилда республикамиздаги барча тоифа хўжаликларининг асосий майдонларига 219,7 минг гектар сабзавот, 91,2 минг гектар картошка ва 55,2 минг гектар полиз экинлари экилган.

Республика бўйича жорий йилнинг 5 ойи мабойнида интенсив технологиялар асосида 8,2 минг гектар интенсив боғлар ва 5,2 минг гектар янги токзорлар барпо этилди ҳамда иқтисодий самара бермаётган 6,0 минг гектар яроқсиз боғлар ва 3,5 минг гектар токзорлар реконструкция қилинди ҳамда аҳолини йил давомида сархил мева-сабзавот маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида 200 гектар майдонда иссиқхоналар ва 23,3 минг тонна ҳажмли музлаткичли-омборхоналар қурилди.

Республикамиз аҳолисини арзон, сифатли, экологик тоза мева-сабзавот маҳсулотлари билан янада тўлиқ таъминлаш, экспорт ҳажмини кўпайтириш, етиштирилган маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш бўйича мамлакатимизда катта салоҳият мавжуд бўлиб, амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирлар ана шу салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш имконини беради.

Қўшимча маълумотлар учун:

Сабзавот-полизчиликни, боғдорчиликни, узумчиликни ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ф.Қирғизбоев. тел.: 241-07-42

Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати Матбуот котиби (етакчи мутахассис): О.Норбеков. тел: 239-17-81

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати www.agro.uz e-mail:info@agro.uz tel: 239-16-41

     Ахборот хизмати





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech