Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
19 oct 2016

Жорий йилнинг 19 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорлигида 16 октябрь – Бутун жаҳон озиқ-овқат куни муносабати билан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун “Органик қишлоқ хўжалиги: асосий тушунча ва тамойиллар” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.

Тадбирда таъкидландики, бугунги кунда жаҳон фани ва амалиётида органик қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга табиий атроф-муҳитни сақлашнинг асосий усулларидан бири сифатида қаралмоқда. Ривожланган мамлакатларда органик қишлоқ хўжалиги – нафақат етиштирувчилар, балки тадбиркор-ишбилармонлар учун ҳам қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишда ва ишлаб чиқаришни кенгайтиришда муқобили бўлмаган йўналиш ҳисобланади. Бироқ, республикамизда органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжуд бўлсада, деҳқонлар ва тадбиркорлар, шунингдек, ОАВ ходимлари ушбу йўналишнинг имкониятлари ҳақида етарлича тушунча ва ахборотларга эга эмас. Шу нуқтаи назардан ҳам, табиий атроф-муҳит ва тупроқдаги биохилма-хилликни асраб қолиш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш ҳамда республикамизда етиштирилаётган ўзига хос таъм ва сифатга эга бўлган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг экспорт географисини кенгайтиришда органик қишлоқ хўжалигининг имкониятларини аҳолинининг кенг қатламига етказиш муҳим аҳамиятга эга.

Маълумотларига қараганда, ҳозирги кунда дунё аҳолисининг қарийб 850 миллиондан ортиғи кундалик турмуш тарзида тўйиб овқатланмасдан кун кечираётган бўлса, 500 миллиондан зиёди семизликдан азият чекмоқда. Бутун дунёда ана шундай мураккаб ҳолат сақланиб қолаётган бир пайтда Ўзбекистон аҳолисининг муҳим кундалик истеъмол товарларига бўлган талабини тўлиқ қондириш баробарида, уларни экспорт қилиш салоҳияти ҳам барқарор равишда ошиб бораётир. Бу, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ аграр соҳани барқарор ривожлантириш стратегияси белгиланиб, бу борадаги ислоҳотларнинг изчил амалга оширилганлиги натижасидир.

Тадбирда, органик қишлоқ хўжалиги – атроф-муҳитга зарар келтирадиган кимёвий воситалардан фойдаланмасдан, биологик хилма-хилликни асрайдиган, агроэкотизимнинг санитария ҳолатини яхшилайдиган, тупроқ унумдорлигини оширадиган, инсонлар саломатлигини муҳофаза қиладиган ишлаб чиқаришни бошқаришнинг ягона тизими эканлиги қайд этилди.

Айни пайтда мамлакатимизда аҳолининг озиқ-овқат таъминотини янада мустаҳкамлаш мақсадида қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилиб, инсон организми учун фойдали, турли микроэлемент ва витаминларга бой органик (экологик тоза) маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бугунги кунда мамлакатимизда ФАО билан ҳамкорликда TCR/UZB/3501 “Ўзбекистон Республикасида мақбул қишлоқ хўжалиги амалиётини жадаллаштириш ва органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун институционал имкониятларни ошириш” лойиҳаси амалиётга изчил татбиқ этилмоқда.

Айни пайтда вазирлик ҳузуридаги Қишлоқ ва сув хўжалигида стандартлаштириш маркази томонидан O’zDSt 3084:2016 “Органик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари. Атамалар ва таърифлар” давлат стандарти ишлаб чиқилди. Унда давлат тилидаги 50 дан ортиқ атама ва таърифлар мужассамлаштирилган. Бундан ташқари яқин истиқболда республикамизда органик қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш бўйича кенг кўламли илмий-амалий тадқиқотларни амалга ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, зарурий қонунчилик базасини яратиш, органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стартегиясинини ҳамда “Органик қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш, сақлаш ва ташиш тартиби” бўйича давлат стандарти лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Тадбир қатнашчилари эътиборига “Органик қишлоқ хўжалиги: асосий тушунча ва тавсифлар”, “Органик қишлоқ хўжалигини ташкил этишнинг асослари, умумий қоидалари ва усуллари” мавзуларида тайёрланган маърузалар ҳавола этилди.

Тадбирда мамлакатимизда органик қишлоқ хўжалигининг мазмун-моҳиятини тарғиб-ташвиқ қилиш, бундай маҳсулотларнинг аҳамияти ва уларни етиштирувчиларнинг фаолияти билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништириб бориш мақсадида республика оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасида “Энг яхши журналистик материал” ижодий танлови эълон қилиниб, унда қатнашиш шартлари бўйича маълумот берилди.

    Ахборот хизмати





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech