Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
16 dec 2016

Матбуот конференциясининг мақсади. Мамлакатимиз аграр соҳаси тармоқлари учун вазирлик тизимидаги олий таълим муассасаларида замон талабларига жавоб бера оладиган малакали мутахассислар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларни кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.

Матбуот конференцияси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 28 июлдаги №07/31-13-сонли хати билан “Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар бўйича ўтказиладиган матбуот анжуманларининг ягона режаси”га мувофиқ ташкил этилиб, оммавий ахборот воситалари ходимлари, вазирликнинг раҳбар ва мутахассислари, тизимдаги олий таълим муассасалар профессор-ўқитувчилари, талабалар қатнашди. Матбуот анжуманини Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати бошлиғи М.Ибрагимов олиб борди

Кун тартибидаги масала юзасидан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Ўқув юртлари ва малака ошириш бўлими бошлиғи Ш.Жониқулов ахборот берди.

Айрим далиллар ва рақамлар:

Мамлакатимиз иқтисодиётинининг етакчи тармоқларидан бири – аграр соҳани барқарор ривожлантириш халқимиз турмуши фаровонлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантириш борасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ бугунги кунда эътиборга молик натижаларга эришилмоқда. Бунда соҳа тармоқлари учун вазирлик тизимидаги олий таълим муассасаларида жаҳон андозалари талабига жавоб бера оладиган, миллий ва замонавий анъаналарни мужассамлаштирган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор берилаётганлиги муҳим омил бўлмоқда.

Бугунги кунда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги Тошкент давлат аграр университети, унинг Нукус филиали, Тошкент ирригация ва мелиорация институти, унинг Бухоро филиали, Самарқанд ҳамда Андижон қишлоқ хўжалик институтларида ёшларга бугунги замон талаблари асосида чуқур билим бериш, уларни ҳар томонлама етук ва малакали кадрлар бўлиб етишишларини таъминлашга жиддий эътибор берилмоқда.

Ҳозирда мазкур таълим муасссасаларида мамлакатимиз аграр тармоқларига 37 та бакалавриат таълим йўналишлари ва 43 та магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Мазкур олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган қарийб 24095 нафар талабаларга, жумладан 23582 нафар бакалаврлар, 513 нафар магистрларга 1736 нафар профессор-ўқитувчилар, жумладан, 105 нафар фан докторлари, 614 нафар фан номзодлари, доцентлар ва ўқитувчилар сабоқ бермоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 3 ноябрдаги “Қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқларини олий маълумотли юқори малакали кадрлар билан таъминлашни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан тизимдаги олий таълим муассасаларининг таркибий тузилмалари такомиллаштирилди. Уларда бугунги кун талабига мос равишда факультет ва кафедраларнинг номланишлари ўзгартирилди, 4 та факультет ва 10 та кафедра ташкил этилди.

Олий таълим муассасаларини давлат грантлари асосида битирувчиларга ишга йўлланма бериш ва тақсимлаш мақсадида ҳар йили «Битирувчи» ярмаркалари ўтказилмоқда. Унда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар, вилоятлар Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаларининг эҳтиёжидан келиб чиқиб, меҳнат шартномалари имзоланмоқда.

Тизимдаги олий таълим муассасаларида талабаларнинг ўқишларга етарлича қулай шароит яратиш, ўқув ва лаборатория жиҳозларини янгилаш, талабалар турар жойларини мукаммал таъмирлаш борасидаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 20 майда қабул қилинган «Олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида изчил амалга оширилмоқда.

Мазкур қарорга мувофиқ тасдиқланган Дастур доирасида Тошкент давлат аграр университети, Тошкент ирригация ва мелиорация институтида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси ҳамда ҳомийларнинг маблағлари ҳисобидан ўқув-маъмурий бинолар, ахборот-ресурс марказлари, спорт заллари ва бошқа объектлар қурилди, реконструкция қилинди ва мукаммал таъмирдан чиқарилди. Шу билан биргаликда, ўқув аудиториялари, лабораториялар замонавий ўқув жиҳозлари, компьютер, ахборот-коммуникация техникалари, мебеллар билан таъминланди. Ахборот-ресурс марказларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш орқали профессор-ўқитувчилар ва талабаларга ахборот-кутубхона хизматини кўрсатиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини, билимини, маънавий-маърифий эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Лабораториялар энг замонавий ускуналар билан таъминланган.

Буларнинг барчаси таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, жаҳон андозалари мезонларига жавоб берадиган таълим тизимларини жорий этишга, профессор-ўқитувчилар захирасини мустаҳкамлашга, пировардида соҳа учун замонавий фикрлайдиган, етук мутахассис кадрлар тайёрлашга хизмат қилмоқда.

    Ахборот хизмати





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech