Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
19 dec 2016

Матбуот конференциясининг мақсади. Мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантириш, чорва молларини касалликлардан муҳофаза қилиш ҳамда уларни даволаш, шахсий, деҳқон ва фермер хўжаликларида ветеринария-санитария ҳолати барқарорлигини таъминлаш орқали аҳолини сифатли чорвачилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг мазмун ва моҳиятини оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари, вазирликнинг раҳбар ва мутахассислари, Давлат ветеринария бош бошқармаси ва унинг тизим ташкилотлари раҳбарлари ва тегишли мутахассислари, идоравий ветеринария хизмати вакиллари қатнашди. Матбуот анжуманини Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати бошлиғи М.Ибрагимов олиб борди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Б.Файзуллаев ахборот берди.

Айрим далиллар ва рақамлар:

Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, истиқлолнинг илк кунлариданоқ иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, халқимиз турмуш даражасини ошириш йўлида томорқа учун ер майдонлари ажратиш, деҳқон ва фермер хўжаликларини ривожлантириш, аҳолини гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш учун кенг имкониятлар яратилди.

Бунда соҳанинг ҳуқуқий асослари яратилгани, хусусан Ўзбекистон Республикасининг “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги ва “Ветеринария тўғрисида”ги қонунлари ва бошқа бир қатор қонун ва қонун ости ҳужжатлари қабул қилингани муҳим омил бўлмоқда.

2015 йил 29 декабрда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ветеринария тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2016-2020 йилларда қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ветеринария соҳасининг янада ривожланишида катта аҳамият касб этмоқда.

Ветеринария соҳасини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 8 августдаги “Ветеринария хизмати ёш кадрларини тайёрлашни янада такомиллаштириш, мутахассисларнинг малакасини ошириш, шунингдек уларни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2016 йил 25 октябрдаги “Давлат ветеринария хизмати тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.

Статистик маълумотларга кўра, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ялпи улушининг қарийб 45 фоизи чорвачилик ҳиссасига тўғри келмоқда. Бунга чорва молларини кўпайтириш ва маҳсулдорликни ошириш ҳисобига эришилмоқда. Мисол учун, 2006–2016 йилларда Украина, Беларусь, Польша, Австрия, Германия, Голландия каби мамлакатлардан 69 мингга яқин юқори зотдор қорамоллар олиб келинди.

Чорва молларнинг наслини яхшилаш мақсадида биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 1 млн 416 минг бош сигирлар сунъий уруғлантирилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Ветеринария тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ ветеринариянинг асосий вазифаларидан бири бу, аҳолини одам ва ҳайвонлар учун умумий бўлган касалликлардан муҳофаза қилиш ҳисобланади. Ёки бир сўз билан айтганда “Тиббиёт инсонни даволаса, ветеринария инсониятни асрайди”!

Шу мақсадда, давлат ветеринария хизмати томонидан эпизоотияга қарши профилактик тадбирлар эпизоотик вазият ва ҳайвонларнинг иммун фонидан келиб чиқиб, белгиланган тартиб ва муддатларда олиб борилмоқда.

Ўтган даврда 29,7 млн. бош чорва моллари 9 турдаги ва 58,7 млн. бош паррандалар 4 турдаги касалликларга қарши профилактик эмланди ҳамда 220 мингдан ортиқ ҳайвонлар сақланадиган жойларда дезинсекция тадбирлари ўтказилиб, 27,0 млн. бошдан ортиқ чорва моллари профилактик чўмилтирилди.

Республикамизга кириб келаётган ва транзит ўтаётган қарийб 76,6 минг автотранспорт воситалари ҳамда 4,1 мингдан ортиқ темир йўл вагонлари ветеринария-санитария ишловидан ўтказилди.

Давлат чегараларини кесиб ўтиш жойларида фаолият кўрсатаётган чегара ветеринария назорати пунктлари томонидан ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва талабларига жавоб бермаган ва тегишли ветеринария ҳужжатлари бўлмаган 73 бош ҳайвонлар, 165 бош қушлар, 1400 кгдан ортиқ гўшт ва гўшт маҳсулотлари, 700 кгга яқин сут ва сут маҳсулотлари ва 730 донадан ортиқ истъемол тухуми республика ҳудудига кириб келишининг олди олинди.

Шунингдек, аҳоли ўртасида инсонлар ва ҳайвонлар учун умумий бўлган юқумли касалликлар бўйича хабардорлигини ошириш ва “Ветеринария тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган ҳайвон эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан тушунтириш ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Ўтган давр мобайнида соҳанинг моддий-техника базаси ва хизмат кўрсатиш салоҳияти сезиларли даражада шаклланди. Жумладан, жорий йилда Бухоро ва Хоразм вилоятларида жаҳон андозаларига мос замонавий типдаги ҳудудий диагностик ветеринария лабораториялари янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, ўтган 2015-2016 йиллар давомида 2 минг 630 тадан ортиқ термосумкалар харид қилиниб, эмламаларни белгиланган ҳароратларда олиб юриш ва патологик намуналарни яроқли ҳолда ветеринария лабораторияларига етказиш мақсадида жойларга етказилди.

Шу билан бирга, 1 минг 900 тадан ортиқ совутгичлар ва 470 тадан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини ўрганишда зарур бўлган лактан ва микон лаборатория жиҳозлари таъминот қилинди.

Давлат ветеринария хизматининг ўз маблағлари ҳисобидан аҳоли тарқоқ жойлашган худудларда фаолият кўрсатаётган участка ветеринария врачлари ишининг тезкорлигини янада ошириш мақсадида ветеринария участкалари марказлашган ҳолда 185 та мототранспорт, 220 та велосипед, қарийб 500 та қўл пуркагичлари, 200 та термосумкалар ва 100 та дьюар идишлари билан таъминланди.

Ўтказилаётган тадбирларнинг самарасини янада ошириш мақсадида белгилаб берилган янги тизимга мувофиқ ветеринария мутахассисларидан иборат гуруҳлар ташкил қилиниб, гуруҳ усулида профилактик тадбирлар ташкил этилмоқда ва бу тадбирлар Эпизоотик тадбирлар бажарилишини мувофиқлаштирувчи Республика штаби томонидан алоҳида назоратга олинган.

Эпизоотияга қарши профилактик тадбирлар тизимли равишда олиб борилиши натижасида бугунги кунда Республикамиз худудида ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликлари бўйича соғлом эпизоотик вазият барқарор сақланиб, ветеринар осойишталик таъминланмоқда.

    Ахборот хизмати





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech