Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
21 apr 2017

Матбуот конференциясининг мақсади. Мамлакатимиз чорвачилигида наслчилик ишларини илмий асосда ривожлантириш, маҳаллий чорва молларининг генофондини асраб-авайлаш ва кўпайтириш орқали маҳсулдорликни ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижаларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари, вазирлик ҳамда Чорвачиликда наслчилик ишлари бош давлат инспекцияси ва унинг тизим ташкилотлари раҳбар ва мутахассислари қатнашди. Матбуот анжуманини Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати бошлиғи М.Ибрагимов олиб борди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Чорвачиликда наслчилик ишлари бош давлат инспекцияси бошлиғи Д.Пирназаров ахборот берди.

Айрим далиллар ва рақамлар:

Мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш ва халқимиз турмуш фаровонлигини оширишда қишлоқ хўжалиги, хусусан, чорвачилик тармоғи муҳим ўрин тутади. Шу боис истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ халқимизнинг чорвачилик маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, ички истеъмол бозорида гўшт, сут, тухум, балиқ ва бошқа чорвачилик маҳсулотларини кўпайтириш ҳамда бозорларда уларнинг нархлари барқарорлигини таъминлаш устувор вазифалардан бири этиб белгиланди.

Соҳада маҳсулдорликка эришиш кўп жиҳатдан чорвачиликда селекция-наслчилик ишларини тўғри ташкил этиш, бунда жаҳоннинг илғор ютуқ ва тажрибаларидан кенг фойдаланиш, чорва молларининг маҳаллий зотлари генофондини асраб-авайлаш ва кўпайтириш баробарида уларнинг сермаҳсул зотларини яратиш ва шу орқали хўжаликларда наслли моллар салмоғини оширишга боғлиқ.

Мамлакатимиз чорвачилигида наслчилик ишларини такомилаштиришда Ўзбекистон Республикасининг “Ветеринария тўғрисида”, “Наслчилик тўғрисида”, “Селекция ютуқлари тўғрисида”, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги каби қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 23 мартдаги “Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва молларни кўпайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”, 2008 йил 21 апрелдаги “Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллар кўпайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”, 2015 йил 29 декабрдаги “2016-2020 йилларда қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 12 июлдаги “Чорвачиликда наслчилик ишларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимизда идоравий бўйсиниши мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона, ташкилот ва муассасаларда, шунингдек, аҳолининг шахсий ёрдамчи хўжаликларида наслчилик ишларига тааллуқли қонунчилик ва бошқа норматив ҳужжатлар бажарилишининг давлат назоратини амалга ошириш мақсадида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида Чорвачиликда наслчилик ишлари бўйича бош давлат инспекцияси ташкил этилган. Бугунги кунда инспекциянинг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида чорвачиликда наслчилик ишлари бўйича ҳудудий давлат инспекциялари фаолият кўрсатмоқда.

Кейинги йилларда инспекциянинг селекция ютуқларини давлат экспертизасидан ўтказиш комиссияси томонидан 10 та селекция ютуқларини патентлаштириш учун давлат экспертизаси ўтказилди ва муаллифларга давлат патентлаштириш идораси томонидан патентлар берилди. Шу жумладан, 1999 йилда Нурота туманидаги “Нурота” қоракўлчилик наслчилик заводида қоракўл қўйларининг “Зармалларанг” завод типи; 2001 йилда товуқларнинг “Ўзбекистон–1”, “Ўзбекистон–2” ва “Ўзбекистон–12” кросслари; ипак қуртининг “Ипакчи–1 х Ипакчи–2”, “Ипакчи–2 х Ипакчи–1”,
“Турон–1”, “Ўзбекистон–5”, “Ўзбекистон–6” зот ва дурагайлари; 2002 йилда Нурота туманидаги “Нурота” қоракўлчилик наслчилик заводида сур олмос рангли қоракўл қўйларининг “Сангузар” завод типи; Тўрткўл туманидаги “Қизилқум” ширкат хўжалигида Қорақалпоқ сур қўйларининг “Тўрткўл” завод типи; 2004 йилда Конимех туманидаги Абай номли наслчилик ширкат хўжалигида жакет барра типидаги кумушсимон тусли сур қоракўл қўйларининг “Ўзбекистон” завод типи; “Сарибел” қоракўлчилик наслчилик хўжалигида яссигулли сур рангли қоракўл қўйларининг “Сарибел” завод типи; Миришкор туманидаги Ғ.Ғулом номли ширкат хўжалигида қовурғагул типидаги қора рангли қоракўл қўйларининг “Авазчўл” типи; 2007 йилда Конимех туманидаги “Конимех” ширкат хўжалигида қовурғагул типидаги қора рангли қоракўл қўйларининг “Саржал” завод типи; 2008 йилда Бухоро вилояти Жондор туманидаги А.Темур номли наслчилик ширкат хўжалигида яссигул типидаги сур қоракўл қўйларининг “Бухорои-шариф” завод типи селекция ютуғи сифатида патентланди.

Ҳозирда яна 2 та селекция ютуқларига патент олиш учун давлат патентлаштириш идорасига ҳужжатлар тақдим этилган.

Кейинги йилларда юртимизда қорабайир зотли отларни зот ичида 10 та тизими ва 31 та оиласи ҳамда 14 та генеологик гуруҳи яратилди.

Бундан ташқари, бугунги кунда соҳа олимлари билан биргаликда чорвачилик тармоқларида селекция-наслчилик ишларини ривожлантириш ва янги селекция ютуқларини яратиш мақсадида қорамолларнинг Бушуев, қора-ола ва швиц зотларида
4 та завод тизимини, йилқиларнинг 3 та тизимини, ҳисор зотли қўйларнинг 2 та тизимини, гўштдор-жундор қўйларнинг зот гуруҳини, сутдор ва жундор эчкиларнинг завод типини яратиш бўйича илмий ишлар якунига етказилмоқда.

Қорамолчилик наслчилик хўжаликларида идентификациялаш тизимини йўлга қўйиш мақсадида барча қорамолчилик наслчилик хўжаликларидаги ҳайвонлар 100 фоиз идентификацияланди ва маълумотлар базаси шакллантирилди.

Республикамизда наслчилик ишларини яхшилаш, чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликларини ривожлантириш уларда наслли қорамоллар подасини кўпайтириш, наслчилик ядросини шакллантириш ва кенгайтириш, қорамоллар маҳсулдорлигини ошириш мақсадида республикамизга 2006–2016 йиллар давомида Белоруссия, Украина, Польша, Австрия, Германия, Голландия ва бошқа Европа мамлакатларидан 72 минг 40 бош наслли голштинфриз, қора-ола, қизил-чўл, симментал каби зотларга мансуб юқори маҳсулдор урғочи қорамоллар импорт қилинди. Четдан келтирилган қорамоллардан олинган бузоқлар бош сони 315 минг 240 бошдан ошиб кетди.

Ҳозирда чорвачиликнинг барча тармоқларида наслчилик мақомига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар сони 812 тани ташкил этиб, шундан 610 таси қорамолчилик йўналишидаги наслчилик хўжаликлари бўлиб, уларда қарийб 121,5 минг бош наслдор қорамоллар парвариш қилинмоқда.

Бугунги кунда наслчилик тоифасидаги хўжаликлардаги ҳар бош сигирдан бир кунда ўртача 20–30 килограммдан ёки лактация давомида 8–9 минг кг. дан ортиқ сут соғиб олинишига эришилмоқда. Масалан, Юқори Чирчиқ туманидаги “Тано”, Чиноз туманидаги “Юлдуз”, “Дилгиё файз барака”, Зангиота туманидаги “Тошкент Агросаноат”, “Роҳатой”, Андижон вилоятидаги “Расул-Д”, ”Муқумий”, Бухоро вилоятидаги “Шуҳрат”, Сирдарё вилоятидаги ”Интер-Милк”, Самарқанд вилоятидаги “Чортут”, Қашқадарё вилоятидаги “Қамаши истиқлол Агро” ва бошқа кўплаб хўжаликларнинг подалари наслли молларимизнинг “олтин фонди” ҳисобланади.

Барча тоифадаги хўжаликларда 2000 йилда бир бош сигирдан соғиб олинган сут 1575 килограммни ташкил қилган бўлса, 2016 йил якунида бу кўрсаткич 2302 килограммга ёки 2000 йилга нисбатан сигирлар маҳсулдорлиги 730 килограммга ёки 146 фоизга ошди.

Қорамолчиликда сунъий уруғлантиришни кенгайтириш, зооветеринария ва сунъий уруғлантириш пунктларни керакли асбоб-анжомлар билан жиҳозлаш орқали молларнинг наслини яхшилаш, наслли моллар подасини кенгайтириш мақсадида сигир ва урғочи таналарни сунъий уруғлантириш ишларига катта эътибор берилмоқда.

Республика бўйича 2007 йилда 178 минг бош сигирлар сунъий уруғлантирилган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 2,4 млн бошни (13,4 баробар кўп) ташкил этган. Жорий йилда 2 млн 830 минг бош сигирларни сунъий уруғлантириш белгиланган. Бунинг учун шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларига сервис хизматлари кўрсатиш тармоғини кенгайтиришга жиддий эътибор берилмоқда. Агар 2007 йилда 2899 та зооветеринария ва сунъий уруғлантириш шохобчалари фаолият кўрсатган бўлса, 2016 йилда уларни сони 4162 тага етган ёки қўшимча 1263 та янги шохобча ташкил қилинган.

Бугунги кунда мавжуд зооветеринария шохобчаларида сунъий уруғлантириш ишларини ташкил қилиш учун барча керакли асбоб-анжомлар ва энг асосийси Дьюар идишлар билан таъминлаш ишлари ниҳоясига етказилган. Маҳаллий шароитда сунъий уруғлантиришда зарур бўладиган наслли буқаларнинг уруғини қадоқлаш йўлга қўйилди. Республикамизда Германияда ишлаб чиқарилган “Мини тюб” линияси ишга туширилиши натижасида талаб этиладиган наслли буқа уруғи тўлиқ ўзимизда ишлаб чиқариш имконияти яратилди. Республика “Ўзнаслчилик” корхонасида йилига 3,5–4,5 млн доза юқори маҳсулдор наслли буқаларнинг музлатилган уруғларини жаҳон стандарти талабларига мос равишда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Мамлакатимизда чорвачиликни янада ривожлантириш учун мавжуд барча имкониятлардан оқилона фойдаланиш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, селекция-наслчилик ишларини кенгайтириш, сермаҳсул наслдор ҳайвонлар бош сонини кўпайтириш орқали соҳа самарадорлигини ошириш имкон беради.




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech