Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
23 jun 2017

Матбуот конференциясининг мақсади. Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 19 апрелдаги “2013–2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, уларнинг мазмун ва моҳиятини оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.

Матбуот анжуманида вазирлик марказий аппарати бош бошқарма ва бошқарма бошлиқлари, вазирлик тизимидаги сув хўжалигига алоқадор ташкилот ва идоралар ҳамда олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг раҳбар ва мутахасислари, талаба ва магистрлар, соҳа олимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Матбуот анжуманини Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати раҳбари М.Ибрагимов олиб борди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Капитал қурилиш ва қурилиш ишларини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи М.Қурбонов ахборот берди.

Айрим далиллар ва рақамлар:

Мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларини, жумладан, аграр соҳани ривожлантириш, модернизация қилиш, қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ва сифатли ҳосил етиштириш, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини ўзимизда етиштирилган маҳсулотлар ҳисобидан таъминлашга алоҳида эътибор берилиб, бу борада сув ресурсларидан унумли фойдаланиш, мелиорация ва ирригация объектларини янгилаш ва ривожлантириш мақсадида давлат бюджетидан ажратилаётган инвестициялар ҳисобига ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилишга устувор вазифалардан бири сифатида ёндошилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 19 апрелда қабул қилинган “2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2013-2016 йиллар учун қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарорлари асосида мамлакатимиздаги мавжуд ирригация объектларида қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга ошириб келинмоқда.

Кейинги 5 йил мобайнида республикамиз бўйича сув хўжалиги объектларида капитал қурилиш ва реконструкция қилиш тадбирларини бажаришга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қарийб 2,0 трлн. сўм маблағ йўналтирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан умумий узунлиги 1265,6 км каналлар, 260,4 км суғориш (лоток) тармоқлари, 212 дона йирик гидротехник иншоотлар, умумий қуввати 32,3 м3/сек. бўлган 23 дона насос станциялари, 62,4 км узунликдаги насос станцияларининг юқори босимли қувурлари қурилди реконструкция қилинди, шунингдек, дарё ва каналларнинг 42,5 км узунликдаги қирғоқларини мустаҳкамлаш ва бошқа ишлар амалга оширилди.

Сув ресурсларининг шаклланиши чекланган юртимиз шароитида сув захираларини яратиш ва мавсумий сел сувларидан оқилона фойдаланишда сув омборларини барпо этиш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис экин майдонларини кафолатли сув билан таъминлаш учун сўнгги йилларда бир қатор сув омборлари барпо этилди. Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги 395 минг гектардан зиёд экин майдонларини сув билан таъминлайдиган “Сардоба” сув омбори, Наманган вилоятидаги 4,7 минг гектар ерларга сув етказиб берадиган “Жийдалисой” сув омбори, Навоий вилоятидаги 1,1 минг гектар суғориладиган майдонларни “оби ҳаёт” билан таъминлайдиган “Кўксарой” сув омборлари шулар жумласидандир.

Шу билан бир қаторда, тупроқ ўзанли каналларда фильтрация орқали йўқотишларнинг олдини олиш ҳамда сув ресурсларини самарали бошқарилишини таъминлаш мақсадида каналлар бетонлаштирилиб, гидротехник иншоотлар модернизация қилинмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманидаги “Кегейли”, Кегейли туманидаги “Кўк-узяк”, Амударё туманидаги “Алили-яб”, Андижон вилоятидаги “Нарай-Бура”, “Қорасон-Қанди”, “Айритом”, Қашқадарё вилоятидаги “Чоршанба”, “Бешкент”, Навоий вилоятидаги “Касаба-Дурмен”, Наманган вилоятидаги “Наманган тармоқ”, “Чодак”, Хоразм вилоятидаги “Қирғиз-яб”, “Чавдир-яб”, Бухоро вилоятидаги “Зарафшон”, “Саёт”, Самарқанд вилоятидаги “Янги Ургут”, “Янги беш”, “Тосс”, Сурхондарё вилоятидаги “Боботоғ”, “Термиз”, “Намуна”, Тошкент вилоятидаги “Паркентсой”, “Хандам”, “Жун” каби йирик каналлар реконструкция қилинди.

Сўнгги йилларда каналлар нафақат бетонлаштирилмоқда, балки шаҳарлар ҳудудидан ўтган қисмлари, жумладан Нукус шаҳридаги “Дўстлик”, Жиззах шаҳридаги “Қўрғонтепа”, Зомин шаҳридаги “Зоминсой” ва “Ём”, Гулистон шаҳридан ўтувчи “Дўстлик”, Фарғона шаҳридан ўтувчи “Марғилонсой” каналларининг атрофлари замонавий шаҳарсозлик ечимлари асосида кенг кўламда ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Назорат ва пиёдалар йўлаклари қурилди, металл панжаралар ва тунги ёритгичлар ўрнатилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда қурилиш ишларида замонавий архитектура ечимларидан кенг фойдаланилмоқда. Жумладан, Гулистон шаҳридаги “Дўстлик” каналини бетонлаштиришда фильтрация орқали сувни йўқотилишини чеклаш ҳамда Гулистон шаҳри ерларининг сизот сувлари сатҳини пасайтиришда бетон қопламалари орасига геомембранадан унумли фойдаланилди. Натижада, шаҳар ер ости сувларининг сатҳини 1-1,5 метрга пасайтиришга эришилди.

2013-2017 йилларга мўлжалланган Давлат дастурига асосан республикамиздаги бир қатор насос станциялари, жумладан, Наманган вилоятидаги “Янгиер”, Андижон вилоятида “Кўк гумбаз”, “Қурама”, “Боғи-Бобур”, Қашқадарё вилоятида “Қўнғир”, “Йўлдош”, “Катта-Жайилма”, “Янгибоғ”, Самарқанд вилоятидаги “Жар-тепа”, “Ўзбекистон”, Сурхондарё вилоятида “Қора-ариқ”, Фарғона вилоятидаги “БФК-Сўх” насос станциялари модернизация қилинди. Бунда замонавий энергия тежовчи насос агрегатлар ва электр қурилмаларидан кенг фойдаланилди.

Амалга оширилган тадбирлар натижасида республикамиздаги 1 млн. 123 минг гектардан ортиқ майдондаги фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқа ерларининг сув таъминоти яхшиланишига эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарорига асосан ирригация тармоқларини ривожлантириш, йирик ва ўта муҳим сув хўжалиги объектларини ишончли фойдаланилишини ва хавфсиз ишлатилишини ошириш тадбирлари учун жорий йилда қуриш ва реконструкция қилиш тадбирларига давлат бюджетидан 451,0 млрд. сўм капитал маблағ ажратилган.

Ушбу маблағлар ҳисобига жорий йилда жами 138 та устувор, шу жумладан 73 та йилдан йилга ўтувчи ва 65 та янгидан бошланган лойиҳаларда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу объектлар доирасида, йил якуни билан республика бўйича жами 409,9 км умумий узунликдаги каналлар, 71,9 км узунликда лоток тармоқлари, 103 дона гидротехник иншоотлар, насос станцияларнинг 10,5 км узунликдаги босимли қувурлари, 13,8 м3/сек. қувватли насос станциялари, 16 км узунликда қирғоқ ҳимоя ишлари ва 3,0 млн. м3 сиғимли сув омборларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларини амалга оширилиш режалаштирилган.

Жорий йилнинг январь-май ойларида сув хўжалиги объектларида 194,7 млрд. сўм ёки тасдиқланган тармоқ жадвалига нисбатан 101%, йиллик ажратилган лимитга нисбатан эса 43,2% капитал маблағ ўзлаштирилиб, 161,4 км узунликдаги каналлар, 25,6 км узунликда лоток тармоқлари, 10 дона гидротехник иншооти, 5,3 км узунликдаги насос станцияларининг босимли қувурлари ҳамда Хитой Халқ Республикасининг грант маблағлари ҳисобига олиб келинаётган земснарядлар учун 13 км узунликда ташқи электр узатиш линияси қурилди ва реконструкция қилинди.

Амалга ошириладиган тадбирлар натижасида 275 минг гектардан зиёд ер майдонларининг сув таъминоти яхшиланиши кутилмоқда.

Қўшимча маълумотлар учун:

Капитал қурилиш ва қурилиш ишларини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Тўхтаев, тел.: 241-16-64

Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати Матбуот котиби: О.Норбеков. тел: 241-33-53





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech