Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
22 Ноябр 2018 00:00

Қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштиришда кузги шудгорнинг аҳамияти катта. Ўз вақтида, сифатли ўтказилган шудгор келгуси йил ҳосилига пухта замин яратади. Сифатли шудгорланган майдонларда шўр ювиш, яхоб суви бериш, эрта баҳорда тупроқни экишга тайёрлаш ҳамда экиш каби агротехник тадбирларни ўз вақтида ва самарали ўтказишга эришилади.

Натижада экилган уруғлар қийғос ундириб олинади ва ниҳоллар баравж ривожланиб, кўп ҳосил тўплайди ва барвақт етилади.

Кузги шудгорни сифатли ўтказиш учун ерлар ҳамда агрегатлар ҳайдовга тайёрланиши, ҳайдов тўғри ташкил этилиши лозим.

Ерларни ҳайдовга тайёрлаш. Авалло, далалар ғўзапоя ва бошқа ўсимлик қолдиқларидан тозаланиши ёки улар майдаланиб далага сочиб юборилиши, суғориш ариқлари текисланиши ва тупроққа зарур миқдордаги маҳаллий ва минерал ўғитлар солиниши, кўп йиллик илдизпояли бегона ўтлар (ажриқ, ғумай)дан тўла тозаланиши ёки шундай ўт босган жойларга гербицидлар сепилиши керак. ўўзапояларни юлишда КВ-4,0 ва КВ-3,6 юлгичлардан, уларни майдалаб далага сочиб юборишда КИ-1,2 ва КИ-1,8 каби махсус майдалагичлардан фойдаланилади. Маҳаллий ўғитларни солишда РТО-4, РОУ-6­, минерал ўғитларни сепишда эса 1-РМГ-4, РУМ-5, НРУ-0,5, РМС-6 машиналари ишлатилади.

Далаларни кўп йиллик илдизпоя­ли бегона ўтлардан тозалаш учун тупроқ ағдаргичлари олинган плуглар билан 18–30 см чуқурликда юмшатилади, сўнгра тупроқ ичидаги ва юзасидаги илдизлар чизель, культиватор ва бороналар билан йиғиб олинади ва дала ташқарисига чиқариб ташланади. Бегона ўтларга қарши гербицидлар сепилганда гербицид эритмаси шудгорлашдан олдин ОВХ-600 ёки VP-1 вентиляторли пуркагич ёрдамида сепилади.

Далалар тупроғининг намлиги 16–18% атрофида бўлса, у яхши майдаланади, плугнинг корпусларига ёпишмайди, ёнилғи сарфи камаяди ва иш унуми ошади. Тупроқ нами етарли бўлмаса, далани суғориш талаб этилади.

Трактор ва плугларни ишга тайёрлаш ва созлаш. Далаларни сифатли ҳамда тежамли шудгорлаш учун ҳар бир ҳайдов агрегати албатта иш олди кўригидан ўтказилиши лозим. Осма плуглар билан ишлатилиши учун занжирли тракторларнинг осиш қурилмалари икки нуқтали схема бўйича созланиши, ғилдиракли тракторлар осиш қурилмаларининг чегараловчи блоклари эса паст­ки торт­қиларнинг эркин юришига имкон берадиган ҳолатга ўрнатилиши лозим.

Плуглар текис майдончада кўрикдан ўтказилади ва уларда барча иш органларининг мавжудлиги, лемехлар тиғларининг ўткирланганлиги ва майдонча юзасига параллелиги ҳамда унга бирдек тегиб туриши, корпусларнинг баландликлари, улар орасидаги масофаларнинг бир хиллиги ва дала тахталарининг ҳаракат йўналишига параллеллиги текшириб кўрилади. Бунда лемехнинг учи майдончадан кўпи билан 10 мм кўтарилиб туришига рухсат этилади.

Лемехларнинг шакли ва ўлчамлари андаза билан текширилади: бунда лемех тиғининг узунлиги андаза ўлчамларидан 15 мм, елкасининг узунлиги 10 мм ва эни 5 мм. гача катта ёки кичик бўлиши мумкин; ағдаргич ва лемехнинг дала томонидаги четлари битта тик текисликда ётиши лозим. Ағдаргич дала четининг юқориги нуқтаси эгат томонга кўпи билан 10 мм оғишига рухсат этилади. Лемехнинг ағдаргич билан туташган жойида кўпи билан 1 мм тирқиш бўлишига йўл қўйилади; шу жойда лемех ағдаргичдан кўпи билан 2 мм кўтарилиб туриши мумкин; ағдаргичнинг лемехдан кўтариб турилишига йўл қўйилмайди. Акс ҳолда корпусга тупроқ ёпишиб, плугнинг тортишга қаршилиги ошади ва иш сифати ёмонлашади.

Икки ярусли плугларда уларнинг юқориги ярус корпуслари пастки ярус корпусларига нисбатан 45–55 см олдинга ва плуг рамаси бўйлама брусларининг чап томонига жойлаштирилиши даркор. Ҳайдов чуқурлиги 30 см бўлганда юқориги ярус корпуслари пастки, 30 см. дан кўп бўлса юқориги ҳолатга ўрнатилади.

Чимқирқарли плугларда чим­қир­қарлар асосий корпуслардан 25–30 см олдинда туриши ва 10–12 см ҳайдаш чуқурлигига ўрнатилган бўлиши керак.

Ҳайдаш чуқурлиги тиркама плугларда уларнинг дала механизми штурвалини айлантириб, ўрнатма плугларда эса таянч ғилдирагини баландлик бўйича силжитиб созланади.

Ҳайдовни ташкил этиш қоидалари. Ерларни одатдаги, яъни бир томонга ағдарадиган (ПЯ-3-35, ПД-4-45, ПНЯ-4+1-45, ПН-4-45, ПЛН-5-35) плуглар билан ҳайдашдан олдин дала кенглиги 40–50 метр­ли қисмларга бўлинади ва ҳар қайси қисмда агрегатнинг иш йўли белгилаб чиқилади.

Қисмлар ичкарига ёки ташқарига ағдариб ҳайдалиши мумкин. Ичкарига ағдариб ҳайдашда шудгорлаш қисмнинг ўртасидан бошланиб, даланинг охирига етганда плуг ўнг томонга бурилади ва тупроқ биринчи ҳайдалган томонга ағдарилади. Қисмнинг ўртасида марза (пушта) ҳосил бўлади. Кейинги ҳайдашлар шу йўсинда давом эттирилиб, тупроқ ҳамма вақт пушта томонга ағдарилади.

Ташқарига ағдариб ҳайдашда плуг қисмнинг ўнг чеккасидан бошлаб, охирига етганда чапга айланади ва тахтанинг чап чеккасини ҳайдашни давом эттиради. Шу тариқа агрегат қисм ўртасига яқинлашади ва эгат ҳосил бўлади.

Ичкарига ағдариб ҳайдаш учун агрегатнинг биринчи ўтишида плугнинг биринчи корпуси дала юзига сирпаниб юрадиган, охирги корпуси эса белгиланган чуқурликда ишлайдиган этиб ростланади. Агрегатнинг иккинчи ўтишида биринчи корпус ҳам белгиланган чуқурликда ишлайди ва у биринчи ўтишда охиргидан олдинги корпус юрган издан юргизилади. Учинчи ўтишда ер одатдагидек ҳайдалади.

Ер айланма плуглар билан ҳайдалганда дала қисмларга бўлинмайди, чунки уларнинг корпуслари ўнгга ва чапга ағдарадиган бўлганлиги учун дала бир чеккадан ҳайдалаверади. Шу сабабли шудгор юзасида марза ва эгат каби нотекисликлар ҳосил бўлмайди.

Плуг далада ишлай бошлаганда унинг рамасини бўйлама ва кўндаланг йўналишлар бўйича дала юзасига параллеллиги ҳамда биринчи корпуснинг қамров кенглиги текшириб кўрилади. Чунки плуг рамасининг бўйлама ва кўндаланг текисликларда оғиши корпусларнинг тупроққа нотекис ботишига, биринчи корпус қамров кенглигининг бошқа корпуслар қамров кенглигидан фарқ қилиши эса ҳайдов юзасининг нотекис бўлишига олиб келади.

Агар ўрнатма плуглар рамаси бўйлама йўналиш бўйича олдинга оғган бўлса трактор осиш қурилмасининг марказий тортқиси узайтирилади, акс ҳолда – қисқартирилади. Раманинг кўндаланг йўналиш бўйича оғиши трактор осиш қурилмасининг пастки тортқилари кашакларини қисқартириш ёки узайтириш йўли билан созланади.

Тиркама плугларда раманинг олдинга оғиши унинг тортқисини пасайтиргичда пастга тушириш орқали, орқага оғиши эса кўтариш орқа­ли тўғриланади. Рама кўндаланг йўналиш бўйича ўнгга оғса, плуг эгат ғилдирагини пастга тушириш, чапга оғганда эса кўтариш керак бўлади.

Плуг биринчи корпусининг қамров кенглиги бошқа корпусларга нисбатан кўп бўлса, плуг тракторга нисбатан чап томонга, кам бўлганда эса ўнг томонга сурилади.

ўилдиракли тракторлар билан ишлатиладиган барча осма плуглар уларни дала ёки ҳайдов томонга тортишини созлайдиган қурилма билан жиҳозланган. Агар иш жараёнида трактор дала томонга тортса, ушбу қурилма винти узайтирилади, ҳайдов томонга тортганда эса калтартирилади.

Пахта ҳосилидан бўшаган пайкалларни ҳайдаш. Бундай пайкалларни ПД-4-45, ПНЯ-4/5-45 каби икки ярусли плуглар билан ҳайдаш мақсадга мувофиқ. Чунки бунда солинган ўғитлар, ғўзапоя қолдиқлари, бегона ўтлар ва уларнинг уруғларининг чуқур кўмилиши таъминланади. Натижада бегона ўтларнинг униб чиқиши 2–3 баробар камаяди, пахта ҳосилдорлиги гектарига 2–3 центнерга ортади.

Бедапояларни ҳайдаш. Келгуси йили баҳорда униб чиқмаслиги учун ҳайдовда беданинг илдизлари 5–6 см чуқурликда қирқилиб, эгат тубига кўмилиб кетиши керак. Бунинг учун бедапоялар илдизларни 5–6 см чуқурликда кесиб кетадиган чап қирқувчи пичоқлар ўрнатилган икки ярусли плуглар билан ҳайдалади.

Қамров кенглиги 200 мм бўлган пичоқлар плуг юқори корпусларининг чап томонига ўрнатилади. Шунда беданинг илдиз бўғини 5–6 см узунликда кесилиб, чуқур кўмилади. Бошқа русумдаги плуглардан фойдаланилганда бедапояларга олдин ясси кесувчи пичоқлар билан жиҳозланган культиваторлар ёрдамида 5–6 см чуқурликда ишлов берилади, сўнгра ҳайдалади.

Такрорий ва ем-хашак экинларидан бўшаган майдонларни ҳайдашда умумий ишларни бажаришга мўлжалланган плуглардан ташқари дискли, яъни иш органлари сферик диск кўринишида бўлган плуглардан фойдаланиш иш унумининг ортиши, ёнилғи, меҳнат ва бошқа харажатлар сарфининг камайиши ҳамда тупроқнинг яхши уваланишига эришилади. Чунки улар тортишга кам қаршилик кўрсатади, бегона ўтлар ва ўсимлик қолдиқларига тиқилмасдан ишлайди.

Шудгор сифатини назорат қилиш усуллари. Плугнинг иш сифатини белгиловчи агротехник талаблар орасида ҳайдаш чуқурлиги ва унинг бир текисда бўлиши ҳамда бегона ўтлар, уларнинг уруғи ва илдизларининг кўмилиш чуқурлиги муҳим ҳисобланади. Чуқурлик қиймати эгат ўлчагич ёки оддий чизғич билан аниқланади. Бунинг учун плугнинг охирги корпуси қолдирган эгат чуқурлиги ҳар бир даланинг 25 жойидан ўлчанади. Кейин ҳамма ўлчов кўрсаткичлари қўшилиб, ўртача кўрсаткич аниқланади. Сифатли ҳайдалган ерларда ҳайдаш чуқурлиги агроном томонидан ўрнатилган кўрсаткичдан +2 см фарқ қилиши мумкин, холос. Бегона ўтларни кўмилиш чуқурлиги ҳам даланинг 25 жойидан ҳайдалган ерни ковлаб ва шудгор юзидан бегона ўт ётган жойгача бўлган масофа ўлчаб аниқланади. Ўртача кўрсаткич икки ярусли плугларда 20, умумий ишларга мўлжалланган плугларда эса 10 см. дан кам бўлмаслиги керак.

Шудгорлашда катта кесаклар кўчмаслиги, ҳосил бўлган пушталарнинг ўртача баландлиги 5 см. дан ошмаслиги лозим. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, ерни узоқ йиллар мобайнида бир хил чуқурликда ҳайдаш ва тракторлар ҳамда бошқа қишлоқ хўжалик машиналари ғилдираклари остида топталиши тупроқ ҳайдов ости қатламининг зичланиб кетишига олиб келади. Бу ўсимликлар ҳаво ва озуқа режимининг бузилиши ҳамда ҳосилнинг камайишига сабаб бўлади. Шунинг учун барча далалар 2–3 йилда бир марта чуқур юмшатилиб турилиши даркор. Бунда ГРП-3/5, ГНУ-1МС ва хўжаликларда мавжуд бошқа русумдаги чуқур юмшаткичлардан фойдаланилади.

Кўриниб турибдики, кузги шудгор алоҳида масъулият ва билим талаб этадиган агротадбирдир. Фермерлар, агрономлар, механизаторлар шунга қараб иш тутмоқлари зарур.

М.Тошболтаев, А.Тўхтақўзиев.





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech