Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
22 Ноябр 2018 00:00

Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бозорларимизни қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан янада тўлдиришда сабзавотларни тўқсонбости муддатда етиштириш муҳим аҳамиятга эга.

Буни яхши англаган омилкор бободеҳқонларимиз шу кунларда асосий ва такрорий экинлар ҳосилини йиғиб-териб олиш баробарида тўқсонбости экинлар экишга тараддуд кўрмоқдалар. Чунки совуққа чидамли бўлган сабзи, пиёз, саримсоқпиёз, ош лавлаги каби сабзавотларни, кашнич, петрушка, сельдерей, салат барги каби кўкатларни тўқсонбости мавсумида экиб етиштириш орқали улардан яхшигина даромад олиш мумкин. Қиш ва баҳор ойларида бу маҳсулотларнинг бозори чаққон, харидори кўп бўлиши эса деҳ­қоннинг ишига янада рағбат бағишлайди.

Тўқсонбости усулда сабзавот уруғлари экилган эгатлар устини чириган маҳаллий ўғит ёки дарахт қипиқлари билан муличалаш ёки шаффоф полиэтилен плёнкаларини ёпиш экилган сабзавот уруғларини эрта кўкламда барвақт униб чиқиб, жадал ўсиб-ривожланиши ҳисобига эрта баҳорда экишга қараганда ҳосили 25–30 кунгача эртароқ етилиши, ҳосилдорлиги эса 15–20% ортиқроқ бўлишини таъминлайди.

Кузги совуқ ва ёғингарчиликлар бошланмасдан олдин тўқсонбости усулида экиш учун ноябрь ойининг охири-декабрнинг биринчи ўн кунлигида совуққа чидамли сабзавот экинларидан сабзи, пиёз, ош лавлаги, кўкат сабзавотлар (исмалоқ, укроп, петрушка, сельдерей, кашнич, салат) экинларининг уруғлари сепилади. Тўқсонбости қилиб сепиладиган сабзавот уруғлар сарфи 20 фоизгача кўпроқ бўлиши керак.

Бу муддатда сепилган сабзавот экинларининг уруғлари қиш мавсумида унмайди, қишки ёғингарчиликлар натижасида уруғлар тупроқдаги намликка тўйинади ва ҳаво ҳарорати 4–5оС бўлганда кўкламда барвақт бегона ўтлар уруғларидан олдин униб чиқа бошлайди.

Ҳарорат 18–20оС бўлганда тўлиқ унади, кузда экилган сабзи, пиёз ва лавлагининг барглари кўкламда экилганига қараганда 1,5–2 баравар катта бўлиб, ҳосил 25–30 кун олдин етилади ҳамда ҳосилдорлиги гектаридан 14–15 фоизгача юқори бўлади. Бунда ушбу экинларнинг эркаклаб кетмайдиган навларини экиш мақсадга мувофиқ.

Тўқсонбости муддатда пиёзнинг маҳаллий “Истиқбол”, “Зафар”, хорижнинг “Манас” “Дайтона”, “Леоне”, “Банко” каби навларини экиш тавсия этилади.

Пиёз уруғини тўқсонбости усулида экиш муддати жанубий вилоятларда 1-30 декабрь, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 15 ноябрь-15 декабрь ва шимолий минтақаларда 1 ноябрь-1 декабрга тўғри келади. Пиёз уруғи 18 кг/га ҳисобида экилади.

Пиёз катта майдонларда СКОН-4,2, СММ-4 русумли сеялка билан, кичик майдонлар қўл кучи ёрдамида ернинг нишабига қараб қатор ораларини 70–90 см. дан олиб уч-тўрт қаторли усулда ёки қўлда сочиб экилади. Уруғлар 1,5–2 см чуқурликка кўмилади. Уруғ сепилгандан сўнг майдон суғорилмайди. Барча агротехник тадбирлар баҳорда бошланади.

Баҳорда пиёз дастлаб ўсимликларнинг бўйи 6–8 см. га етганда, иккинчи марта бозорга боғлаб чиқариладиган товар ҳолига келганда ўтоқ ва ягана қилинади. Қатор ораларига КРН-2,8 А русумли культиватор билан 15–16 см чуқурликда ишлов берилади.

Ўғитлаш. Гектаридан 30 тоннагача ҳосил олиш учун ҳар гектар ерга юқори унумдор майдонларда соф ҳолда 250 кг азот, 200 кг фосфор, 80 кг калий, ўртача унумдор тупроқларда 300 кг азот, 220 кг фосфор ва 90 кг калий, паст унумдор тупроқларда 320 кг азот, 220 кг фосфор ва 100 кг калий берилиши лозим.

Фосфор ўғити йиллик миқдорининг 70–75 фоизи ерга асосий ишлов даврида, қолган қисми эса ерни бороналашдан олдин берилади. Азот ўғити вегетация даврида озиқлантириш пайтида тенг иккига бўлиб берилади. Биринчи озиқлантириш пиёз яганалаб, ўтоқ қилингандан сўнг, иккинчиси эса пиёзбоши шакллана бошлаганда берилади. Пиёз ўсимлигига органик ўғитлардан янги гўнгни бериш тавсия этилмайди. Гўнг берилганда гўнгдаги бегона ўтлар уруғлари униб чиқиб, олинадиган ҳосилга салбий таъсир этади.

Суғориш. Пиёз майсалари кўрингандан кейин суғорилади. Биринчи сув одатда баҳорги ёғин-сочин тўхтагандан кейин берилади. Кўклам серёғин келган йилларда бу муддат апрелнинг иккинчи ярмига, ёғингарчилик кам бўлган йилларда эса апрелнинг бошларига, айрим ҳолларда эса ҳатто, март ойининг охирига тўғри келади.

Сизот суви чуқур жойлашган бўз тупроқли ерларда кўкламнинг охири-ёзнинг бошларида пиёз ҳар 7–10 кунда суғорилади. ҳар галги суғоришда гектарига 350–400 м3 ҳисобида сув берилади.

Ҳосил июль охири-август ойларида йиғиштириб олинади.

Сабзининг маҳаллий “Зийнатли”, “Фаровон”, хорижнинг “Шантане-2461”, “Курода Шантанэ”, “Нантская-4”, “Канада”, “Карсон” каби нав ва дурагайларини экиш тавсия этилади.

Экиш ишлари жанубий вилоятларда 1-30 декабрь, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 15 ноябрь-15 декабрь ва шимолий минтақаларда 1 ноябрь-1 декабрга тўғри келади.

Сабзи уруғлари катта майдонларда СКОН-4,2, СММ-4 русумли сеялкалар билан 1,5–2 см чуқурликка 52x8, 62x8 см схемада ёки кичик майдонларда қўлда сочиб экилади. Уруғ сарфи гектарига 5–6 кг. ни ташкил этади. Сабзи уруғи сепилгандан сўнг майдон суғорилмайди. Барча агротехник тадбирлар баҳорда бошланади.

Ниҳоллар униб чиқиши билан дарҳол бегона ўтларни ўташга ва яганалашга киришиш керак. Сабзи 2 марта ўталади. Дастлабки ўташ сабзи битта чинбарг чиқарганда, ке­йингиси эса 3–4 барг чиқарганда ўтказилади. Ґар ўтоқ давомида ягана ҳам қилиб борилади.

Бегона ўтларни йўқотиш учун гербицидлардан фойдаланилади. Бир йиллик ўтларга қарши, экишдан олдин гектарига “Гезагард-50” ёки “Прометрин” препаратини 2–3 кг/га ҳисобида бегона ўтлар уруғи ердан унгунга қадар ёки 1–2 чинбарг чиқарганда, 12,5 фоизли “Фюзилад Супер” препаратини 1–2 кг/га ҳисобида бегона ўтлар 2–4 та барг чиқарган вақтда пуркалади.

Сабзи иккинчи марта ягана қилиниб, ўтдан тозалангандан кейин қатор оралари трактор культиваторида юмшатилади.

Ўғитлаш. Гектаридан 30 тоннагача ҳосил олиш учун юқори унумдор майдонларда соф ҳолда 175 кг азот, 130 кг фосфор, 80 кг калий, ўртача унумдор тупроқларда 220 кг азот, 160 кг фосфор ва 100 кг калий, паст унумдор тупроқларда 250 кг азот, 200 кг фосфор ва 120 кг калий берилиши лозим.

Суғориш. Сабзи ўстиришда тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ нам­лиги 70–75% бўлиши мақсадга мувофиқ.

Сабзи апрель ойининг иккинчи ярмидан бошлаб суғорилади. Дастлабки пайтларда экин ҳар 1,5–2 ҳафтада, май ойининг иккинчи ярмидан эътиборан, яъни илдизмевалар жадал катталашаётганда эса ҳар 7–8 кунда суғорилади. Ґосил етилиб, йиғим-терим пайти яқинлашганда суғориш тўхтатилади.

Сизот суви чуқур жойлашган ерларда эртаги сабзи ўсув даврида 8, сизот суви юза далаларда эса 5–6 марта суғорилади. Тупроқ шароитига қараб гектарига 550–600 м3 ҳисобида сув берилади.

Ҳосил плёнка қопланганда майдонларда апрелда, очиқ майдонларда эса май ойида етилади.

Ош лавлагининг маҳаллий “Диёр”, “Ягона” ва хорижнинг “Бордо-237”, “Бикорес”, “Детройт”, F1 “Боро”, “Пабло” каби нав ва дурагайларини экиш тавсия этилади.

Лавлаги уруғлари 4–5оС да униб чиқа бошлайди, ўсиб-ривожланиб бориши учун энг қулай ҳарорат 20–25оС дир. Лавлаги совуқ (-2–3оС) ва юқори ҳарорат таъсирига чидамли, тупроқда нам етарли даражада бўлганда юқори ҳосил беради.

Экиш ишлари жанубий вилоятларда 1–30 декабрь, марказий минтқада жойлашган вилоятларда 15 ноябрь-15 декабрь ва шимолий минтақаларда 1 ноябрь-1 декабрга тўғри келади.

Уруғ сарфи 16–18 кг/га. Эгатлар 60–70 см бўлиб, 2–3 қаторли, ўсимлик оралари 8–10 см. Уруғлар 2–3 см чуқурликка экилади. Ош лавлаги уруғи экилгандан сўнг майдон суғорилмайди. Барча агротехник тадбирлар баҳорда бошланади.

Ерни шудгорлашдан олдин гектарига 25–30 тонна чириган гўнг, 320 кг аммофос, 180 кг калий хлор ўғити солинади. Вегетация даврида азот ўғити иккига бўлиб берилади. Биринчи озиқлантириш ўтоқ қилиб ўсимлик сийраклаштирилгандан сўнг 240 кг карбамид ёки 550 кг сульфат аммоний, иккинчиси эса 3–4 чинбарг пайдо бўлганда юқоридаги миқдорда солинади.

Ош лавлаги ўстиришда тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 65-70% бўлиши яхши самара беради.

Илдиз мевали сабзавотлар ўсув даврида сувни ҳар хил миқдорда талаб қилади. Уруғнинг униб чиқиш, шунингдек, баргнинг жадал ўсиш ва ҳосил тўплаш даврида экинларнинг сувга талабчанлиги бир оз ошади.

Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ош лавлаги вегетация даврида 7–8, сизот суви юза далаларда эса 5–6 марта суғорилади. Тупроқ шароитига қараб гектарига 500–550 м3 ҳисобида сув берилади.

Ҳосил плёнка билан қопланганда апрелда, очиқ майдонда май ойида етилади.

Кўкатлар овқатга турли кўринишда ишлатилади. Уларга бир йиллик, икки йиллик ва кўп йиллик сабзавотлар киради. Кўкатлар витаминлар, минерал тузлар, эфир мойлари ва ферментларга бой бўлиб, зиравор сифатида сабзавотларни тузлашда ҳам ишлатилади.

Кўкат сабзавотлар юқори ҳосилдорлиги, тезпишарлиги, иссиққа кам талабчанлиги, тупроққа, намга ва озиқ моддаларга кўп талабчанлиги билан ажралиб туради.

Кўкатлар ниҳоллари пайдо бўлгандан кейин 30–40 кунда ҳосили йиғиб олинадиган даражага етади. Уларни йил давомида экиб янги сабзавот етиштириб туриш имконияти бор. Кўкат сабзавотлар асосан барги учун етиштирилади, шу сабабли уларнинг уруғи анча қалин экилади.

Кўкат сабзавотларга юқори ҳарорат салбий таъсир қилади, иссиқ ортиқча ва ҳавонинг нисбий намлиги паст (60%) бўлса, ўсимлик барвақт гулпоя чиқаради, барглари суст ўсади, ҳосили камаяди, баргининг сифати пасаяди, шираси кам, ўзи дағал бўлиб қолади. Улар яхши гўнгланган, унумдор ерларга экилса юқори сифатли ҳосил олинади.

Кўкат сабзавотлар ва салатни экиш муддати жанубий вилоятларда 1–30 декабрь, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 15 ноябрь-15 декабрь ва шимолий минтақаларда 1 ноябрь-1 декабрга тўғри келади.

Салатнинг маҳаллий “Кўк шох” ва хориждан келтириладиган F1 “Фиоретт”, “Конкорд”, “Лагунас”, “Левистро”, “Саула” нав ва дурагайлари экиш учун тавсия этилади.

Салат совуққа чидамли ўсимлик. Баргларининг ўсиши ва бош ўраши учун қулай ҳарорат кундузи 15–20оС ва кечаси 12–15оС бўлиши керак. У паст (5оС) ҳароратда ҳам секин бўлса-да ўсаверади.

Уруғи лентасимон усулида 2–3 қатор қилиб экилади. Бунда ленталар ораси 45–60 см, лентадаги қаторлар ораси 15 см қилинади. Бир гектар ерга салат уруғи 4–5 кг, бошли салатникидан 3–4 кг миқдорда экилади. Салат уруғи сепилгандан сўнг майдон суғорилмайди. Барча агротехник тадбирлар баҳорда бошланади.

Майсалар униб чиққандан 10–12 кун ўтгач 1-марта, 2–3 ҳафта ўтгач 2-охирги марта ягана қилинади. Бунда барг салат тупларининг орасида 8–10 см, бошли салатда эса 12–15 см масофа қолдирилади.

Салат ўсимлигини парваришлашга – ўташ, қатор ораларини юмшатиш, суғориш ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш ишлари киради. Баргли салат майсалар пайдо бўлгандан 30–40 кундан кейин ҳосили бирйўла йиғиштириб олинади. Бошли салат ҳосили 45–50 кундан кейин уларнинг етилишига қараб кундузи, баргидан шудринг кўтарилгандан кейин бирин-кетин узиб олинади.

Салат ўстиришда тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 
70–75% бўлиши керак.

Сизот суви чуқур жойлашган ерларда салат вегетация даврида 7–8 мартагача, сизот суви юза далаларда эса 2–3 марта суғорилади. Тупроқ шароитига қараб гектарига 450–500 м3 ҳисобидан суғорилади. Салатни ҳаддан ташқари катта меъёр билан суғориш тавсия этилмайди.

Ўғитлаш. Фосфор ўғити йиллик миқдорининг 75 фоизи, калийнинг ҳаммаси ерларни асосий ишлов даврида, фосфорнинг қолган қисми бороналаб эгат олишда бериш тавсия этилади. Азотли ўғитлар вегетация даврида тенг иккига бўлиб берилади. Биринчи озиклантириш ўтоқ қилиб ўсимлик сони сийраклаштирилгандан сўнг, иккинчиси эса 2–3 тадан чингбарг пайдо бўлганда ўтказилади. Ўғитлар ўғитлагич мосламалар билан қатор ораларига ўсимликка яқинроқ қилиб берилади.

Ҳосил плёнка билан қопланганда мартда, очиқ майдонларда апрелда етилади.

Исмалоқнинг фақат битта – “Нафис” нави давлат реестрига киритилган. Исмалоқ сабзавот сеялкалари билан қўш қаторлаб, ленталар ораси 50–60 см ва қаторлар ораси 15–20 см. дан қилиб экилади. Ҳар гектар ерга 15–20 кг уруғ, 2–3 см чуқурликка кўмилади. Исмалоқ уруғи сепилгандан сўнг майдон суғорилмайди. Барча агротехник тадбирлар баҳорда бошланади.

Ўсув даврида парвариш қилиш ишлари экинни суғориш, қатор ораларини юмшатиш ва бегона ўтларни ўташдан иборат. Озиқ-овқатга ишлатадиган исмалоқ ягана қилинмайди. Исмалоқ 5–6 та барг чиқаргандан бошлаб кесилиб ёки юлиниб ҳосили бир неча марта йиғиштирилади. Гулпоялар чиқарганда ҳосили терилмайди. Исмалоқнинг ҳосилдорлиги гектарига ўртача 120–150 ц/га. ни ташкил этади.

Исмалоқ ўстиришда тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 70–75% бўлиши керак.

Сизот суви чуқур жойлашган ерларда исмалоқ вегетация даврида 7–8, сизот суви юза далаларда эса 2-3 марта суғорилади. Тупроқ шароитига қараб гектарига 450–500 м3 ҳисобида суғорилади. Исмалоқни ҳаддан ташқари катта меъёр билан суғориш тавсия этилмайди.

Ҳосил плёнка билан қопланганда мартда, очиқ майдонда апрелда етилади.

Мамлакатимида отқулоқ (шовул)нинг серҳосил “Широколистний” нави районлаштирилган. Отқулоқ сояда ҳам ўсаверадиган, совуққа чидамли ўсимлик: -7–10оС гача совуққа бардош беради. Уруғи 2–3оС ҳароратда кўкариб чиқади. Отқулоқ уруғдан ва илдиз бўлакчаларидан кўпайтирилади.

Отқулоқ уруғи лентасимон усулда қўш қаторлаб ёки 3 қатор қилиб сабзавот сеялкасида экилади. Ґар гектар ерга 3 кг уруғ сарфланади. Уруғи укроп сингари ҳам сепилади.

Уруғ экилгач, унинг унишини тезлатиш учун устидан гектарига 10–12 тонна чириган гўнг, 300–400 кг суперфосфат сочилса, ҳосили мўл бўлади ва барвақт етилади. Эрта кўкламда ҳосилни тез етиштириш учун азотли ўғит солинади. Отқулоқ парвариши ўташ ва суғоришдан иборат.

Отқулоқ барги 5–6 тага етганда уни пичоқ билан кесиб олиш ёки катталарини банди билан суғуриб олиш мумкин. Ґосил ўриб олингандан кейин орадан 12–15 кун ўтгач, уни яна ўриб олса бўлади, отқулоқ бир мавсумда 3–4 марта ўрилади. У гуллаши билан уни уруғга қолдириш мумкин. Отқулоқ яхши парвариш қилинганда гектаридан ўртача 12–15 тонна ҳосил беради.

Отқулоқ ўстиришда тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 70–75% бўлиши мақсадга мувофиқ.

Илдиз мевали сабзавотлар ўсув даврида сувни ҳар хил миқдорда талаб қилади. Уруғнинг униб чиқиш, шунингдек, баргнинг жадал ўсиш ва ҳосил тўплаш даврида экинларнинг сувга талабчанлиги бир оз ошади.

Сизот суви чуқур жойлашган ерларда отқулоқ вегетация даврида 7–8, сизот суви юза далаларда эса 2–3 марта суғорилади. Тупроқ шароитига қараб гектарига 450–500 м3 ҳисобидан сув берилади.

Исмалоқ ва отқулоқни ўғитлаш салатника сингари амалга оширилади

Ҳосил плёнка билан қопланганда мартда, очиқ майдонда апрелда етилади.

Укропнинг маҳаллий “Узбекский-243”, “Ором” ва хориждан келтириладиган “Анет” нав ва дурагайлари экилади. Кўклигида ишлатиладиган укроп уруғи полларга қалин қилиб сепилади. Бир гектар ерга 20–25 кг уруғ сарфланади.

Укроп уруғи секин униб чиқади. Укроп ўтоқ қилиш, ленталар орасини юмшатиш ва бостириб суғориш йўли билан парвариш қилинади.

Кўклигида ишлатиладиган укроп апрель ойидан бошлаб, бўйи 10–15 см. га етганда ўриб олинади. Укроп кўклигида ишлатиш учун экилганда гектаридан 10–12 тоннагача ҳосил олинади.

Укроп ўстиришда тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 70–75% бўлиши керак.

Илдиз мевали сабзавотлар ўсув даврида сувни ҳар хил миқдорда талаб қилади. Уруғнинг униб чиқиш, шунингдек баргнинг жадал ўсиш ва ҳосил тўплаш даврида экинларнинг сувга талабчанлиги бир оз ошади.

Сизот суви чуқур жойлашган ерларда укроп вегетация даврида 7–8, сизот суви юза далаларда эса 2–3 марта суғорилади. Тупроқ шароитига қараб гектарига 450–500 м3 ҳисобидан суғорилади. Ґаддан ташқари катта меъёр билан суғориш тавсия этилмайди.

Ҳосил плёнка билан қопланганда мартда, очиқ майдонда апрелда етилади.

Кашничнинг “Орзу” ва “Янтарь” навлари районлаштирилган. Кашнич совуққа чидамли бир йиллик ўсимлик бўлиб, уруғининг ўсиши учун 5–6оС, кўкариб ҳосил яратиши учун 15–16оС ҳарорат керак. Кашнич вегетация бошида секин ўсади, кейин тез ривожланади. Унинг барра баргларини 2–3 марта ўриб олиш мумкин. Бунда 1–1,5 см танаси қолдирилади, тегишли шароит яратилганда барги яна ўсиб чиқаверади. Вақтида ўриб олинмаса, уруғпоя ҳосил қилади.

Кашнич ер танламайди. Уруғи экилгандан сўнг 35–40 кунда ҳосили етилади. Пол қилиб сепилганда гектарига 
8–10 кг уруғ сарфланади. Уруғ экилгандан сўнг, устидан майда чириган гўнг сепилади. Асосий парвариши 1–2 марта ўташ, қалин ерларини бир оз яганалаш ва вақтида суғоришдан иборат. Яхши парваришланганда гектаридан 12–15 тоннагача ҳосил олиш мумкин.

Кашнич ўстиришда тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 70–75% бўлиши керак.

Сизот суви чуқур жойлашган ерларда кашнич ўсув даврида 7–8, сизот суви юза далаларда эса 2–3 марта суғорилади. Тупроқ шароитига қараб гектарига 450–500 м3 ҳисобида сув берилади.

Ҳосил плёнка билан қопланганда мартда, очиқ майдонда апрелда етилади.

Петрушканинг “Нилуфар”, “Сахарная” ва “Новас” нав­лари районлаштирилган. Петрушка совуққа чидамли икки йиллик ўсимлик ҳисобланади. Унинг уруғини ўсиши учун 5–6оС, кўкариб ҳосил яратиши учун 15–16оС ҳарорат керак. Петрушка вегетация бошида секин ўсади, кейин тез ривожланади. Унинг барра баргларини 3–4 марта ўриб олиш мумкин. Бунда 1–1,5 см танаси қолдирилади, тегишли шароит яратилганда барги яна ўсиб чиқаверади.

Петрушка ер танламайди. Уруғи экилгандан сўнг 55–60 кунда ҳосили етилади. Пол қилиб сепилганда гектарига 3–4 кг уруғ сарфланади. Уруғ экилгандан сўнг, устидан майда чириган гўнг сепилади. Асосий парвариши 1–2 марта ўташ, қалин ерларини бир оз яганалаш ва вақтида суғоришдан иборат. Яхши парваришланганда гектаридан 10–12 тоннагача ҳосил олиш мумкин.

Петрушка ўстиришда тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 70–75% бўлиши керак.

Сизот суви чуқур жойлашган ерларда кашнич вегетация даврида 7–8, сизот суви юза далаларда эса 2–3 марта суғорилади. Тупроқ шароитига қараб гектарига 450–500 м3 ҳисобида сув берилади.

Ҳосил плёнка билан қопланганда мартда, очиқ майдонда апрелда етилади.

Р.Низомов, Ф.Расулов.





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech