Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
22 Ноябр 2018 00:00

Жорий йилда боғларимизда ҳосил мўл бўлди. Шу билан бирга касаллик ва зараркунандалар ҳам кўп бўлиб, мевали дарахтларнинг тўкилган барг­ларида ушбу касаллик ва зараркунандаларнинг юқумлари сақланиб қолади. Шу боис боғлар қатор ораларининг тупроғи ағдарилиб ҳайдалади. Касалланган, синган шохлар, қуриб қолган дарахтлар қирқилади ва боғ ташқарисига чиқариб ташланади.

Дарахтларнинг, атрофини 25–30 см чуқурликда ағдариб чопилиб ёввойи ўт ва ажриқлар боғдан олиб чиқиб ёқиб юборилиши керак.

Уруғли мева дарахтларига – олма, нок, беҳизорларда синган шох-шаббалари, кесиб ташланиб боғдан олиб чиқилади.

Боғларда хазонрезгидан сўнг, барглар тўлиқ тушиб кетгач, тупроқда намни сақлаш мақсадида биринчи чилла суви берилади. Чилла суви гектарига 1500–2000 м3 меъёрда 2–3 кун давомида жилдиратиб оқизилади. Бу дарахтларни совуқдан сақланишига ёрдам беради, илдиз тизимига ҳам фойдалидир.

Об-ҳаво шароитига қараб (илиқ кунлари) дарахтлар барги ёппасига тўкилган бўлса, боғларни монилиоз, парша каби касалликларига қарши ювиш даражасида 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 5 фоизли оҳак-олтингугурт қайнатмаси билан жиққа ҳўллаб пуркаш ишларини олиб бориш зарур.

Боғларда барча мева дарахтлари биринчи галда шафтоли, ўрик, олхўри, гилос дарахтларининг тана ва она шохларини оқлаш зарур. Бунда 10 л сувга 2 кг, тупроқ, 1,5 кг оҳак эритилиб, қалин қилиб оқланади. Оҳакка мол шатмоғи қўшилса тез ювилиб кетмайди.

Келаси йили ҳам боғлардан юқори ҳосил олиш учун ҳосилли боғ ва токзорларга гектарига 10–15 т гўнг, минерал ўғитлардан 150–180 кг фосфор ва 50–60 кг калий соф ҳолда солиниб, боғлар қатор оралари 45–50 см, токзорлар 25–35 см чуқурликда шудгор қилиниши керак.

Республикамизда ноябрь ойидан янги боғлар ташкил қилишга киришилади. Бунда хатоликка йўл қўйиш мумкин эмас. Чунки хатони тузатиш қийин бўлади.

Мевали дарахтларнинг кўчатлари уч хил пайвандтагларда, яъни пакана пайвандтагда паст бўлиб ўсувчи, ўрта ўсувчи пайвандтагда ва кучли ўсувчи (уруғдан) пайванд­тагларда кўпайтирилади.

Боғ майдонини танлашда ернинг унумдорлиги, ер ости сизот сувининг яқинлиги, майдоннинг нишаблиги, суғориш учун сув билан яхши таъминланганлиги, майдон атрофида зовурлар ҳамда иҳота экинларининг мавжудлиги (асосий шамол йўналишида)га катта аҳамият бериш керак.

Экишга тайёр бўлган майдонда режа тортилади. Режа (разбивка) тортишда экиладиган кўчат турларига қараб, пакана пайвандтагга уланган олма кўчатлари 3,5х2,5 м, ўрта ўсувчи 3,5х3 м, нок кўчатлари учун 3,5х2 м, ўрта ўсувчи 3,5х2,5 м, ММ-106 пайвандтагга уланган ўрта ўсувчи кўчатларда олма навига қараб, 5х3 м, 5х4 м, нок учун 5х3 м, 5х4 м. схемалари тавсия этилади.

Кучли ўсувчи мевали дарахтларнинг кўчатларини қуйидаги схемаларда экиш тавсия этилади: олма 8х6 м, 8х7 м, нок 8х6 м, 8х5 м, беҳи 6х4 м, 5х4 м, ўрик ва гилос 8х6 м, 8х7 м, олхўри 6х5 м, 6х4 м, шафтоли 6х4 м., 5х4 м, ёнғоқ 8х8 м, 8х7 м, бодом 6х5 м, 6х4 м, хурмо 6х6 м, 6х5 м, олча 6х4 м, ток кўчатлари 3х2,5 м, 3х2 м.

Янги кўчатлар экиладиган майдонларда режа қозиқлари ўрнатилгач, унга назорат қозиқлари ўрнатилади ҳамда кўчат экиладиган чуқурлар ковланади. Чуқурлар махсус агрегатда КЯ-100 ёки 60х60х60 см. ҳажмда ковланади. Чуқурларни ковлашда аввал тупроқнинг юза 20–25 см қисми бир томонга, чуқурнинг тагидаги қисми иккинчи томонга олиб қўйилади. Чуқурга кўчат экишдан олдин 350–400 г фосфорли, 30–40 г калий ўғити ҳамда 8–10 кг чириган гўнг солиб, тупроқ билан аралаштирилади, кейин кўчат экилади.

Янги экиладиган кўчатларни экиш учун кўчатзорлардан экиш майдонига олиб боришда кўчатларнинг илдиз қисми шамолламаслиги учун похол, брезент ёки полиэтилен плёнка билан ёпиб қўйиш зарур.

Кўчатни экишдан олдин майдон олдида катта чуқурда суюқ (аталасимон) лойқа тайёрланиб, унга 8:1:10:1 миқдорда молнинг суюқ шатмоғи қўшилади. Шатмоққа кўчатларнинг илдизи бирма-бир яхшилаб ботириб олинади, шунда экилган кўчатларни тезлик билан суғоришнинг имкони бўлмаган жараёнда шатмоқнинг ижобий таъсири беқиёсдир.

Янги боғлар барпо этишда кузда биринчи совуқ тушгунга қадар тугаллаш зарур. Имкон даражасида янги экилган кўчатлар кўчатлари атрофига чириган гўнг солиб, мульчалаб қўйилса, янги ниҳолларнинг илдизлари совуқдан ҳимоя қилиниб, баҳорда яхши кўкариб, тез ўсади.

Токзорларда октябрь ойида бошланган ток тупларига шакл бериб қирқиш, қўндоқлаш ва кўмиш ишлари якунланади. Ушбу ишларни бажаришда токларни кўмишдан олдин оидиум (кул), антракноз, мильдю ва бактериал рак касаллигига қарши 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 50 даражали оҳак-олтингугурт қайнатмаси ёки мис купоросининг 3 фоизли эритмаси билан жиққа ҳўллаш керак.

Токзорлар кўмиб бўлингач, қатор оралари 25–30 см чуқурликда ҳайдалиб, келаси йили токзорлардан юқори ва сифатли ҳосил олиш мақсадида токзорлар озиқлантирилади. Бунда токзорларга органик ва минерал ўғитлардан гектарига 10–15 тонна гўнг, 140–180 кг. соф ҳолда фосфор ва 60–90 кг калий ўғити солиниб, яхоб суви билан суғорилади.

Р.Абдуллаев, Х.Абдуллаева.





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech