Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
10 Январ 00:00

Келгуси йили мўл ва сифатли дон ҳосили етиштиришда кузги бошоқли дон экинларини кузги-қишки парваришлаш тадбирлари муҳим роль ўйнайди. Бунда ғалла майдонларида мақбул кўчат қалинлигини таъминлаш, сийрак жойларга қўшимча уруғ экиш орқали тўла кўчат олиш ҳамда ғалла майсалари қишловга бақувват бўлиб киришига эришиш муҳим аҳамиятга эга.

Мақбул муддатдан кечикиб экилган, ғалла тупламасдан, 2–3 барг ҳолатда қишловга кетишининг ҳамда тўлиқ униб чиқмаган майдонларда декабрь ойида қуйидаги агротехника чора-тадбирларини амалга оширишни тавия этамиз:

Ғалла майсалари суст ривожланишининг асосий сабаби озуқа элементлари – азот, фосфор, калийнинг етарли даражада бўлмаслигидир. Шу боис бошоқли дон экинларида фосфорли ва калийли ўғитлар йиллик меъёрининг 100 фоизи экиш олдидан берилади. Айрим сабабларга кўра ушбу ўғитлар экиш олдидан солинмаган бўлса, шу кунларда албатта далага сепиш лозим.

Кузги бошоқли дон экинлари тиним даврига ўтгунга қадар майсалар қишловга тайёргарлик фазасини ўтайди. Шу давр давомида ўсимликда юз берадиган мураккаб физиологик ва биокимёвий жараёнлар натижасида ўсимликни тупланиш бўғинида қанд миқдори ортади. Бу эса ўсимликнинг қишга ҳамда совуққа чидамлилигини оширади.

Мақбул муддатдан барвақт экилиб, ниҳоллар тўлиқ ундириб олинган майдонларда азот етишмаслиги, далани захлатиб, катта меъёрлада бостириб суғориш ҳисобига ниҳолларнинг сарғайиб қолиши ҳолатлари юзага келиши мумкин. Буни бартараф этиш учун ушбу майдонларда ғалланинг ҳолатига қараб гектарига 30–35 кг меъёрда таъсир этувчи модда ҳисобида ёки физик ҳолда 100–150 кг/га. дан азотли ўғитлар билан озиқлантириш ишлари амалга оширилса, экин тиним даврига яхши ҳолатда ўтади.

Об-ҳаво шароитига қараб кеч экилган ёки жуда эрта экилган майдонларни албатта суғориш талаб этилади. Бунда далани бостириб ёки узоқ вақт суғоришга йўл қўймаслик даркор. Сув таъминоти оғир ва ер ости сувлари чуқур бўлган майдонларга чилла суви бериш яхши самара беради.

Республикада суғориладиган ерларга экилган бошоқли дон экинларининг ўсиб-ривожланиш даврларини аниқлаш мақсадида ғалла майдонларини доимий мониторингдан ўтказиб туриш лозим (тўла туплаган, 3–4 барг, 1–2 барг ҳосил қилган, униб чиқмаган майдонларни аниқлаш).

Ғўзапояси олинмаган майдонларни зудлик билан ғўзапоядан тозалаш ёки техника ёрдамида майдалаш ишларини ташкил этиш талаб этилади.

Ривождан орқада қолган қолоқ ғалла майдонлари аниқланади ва бу майдонларга алоҳида қўшимча ишлов берилади.

Энг муҳим агротехник тадбирлардан яна бири – ўртача 1 гектар майдонга 5 тоннадан маҳаллий ўғит жамғаришдир. Ҳар 5 гектар майдонга 1 тадан маҳаллий ўғитни шарбатга айлантириш учун хандақлар қазиб, далага чиқарилган маҳаллий ўғитларни хандақларга солиб, устидан 5–10 см қалинликда кўмиб қўйиш лозим.

Шунингдек, кечки муддатларда экилган, ривождан орқада қолган, қишловга тупламасдан кирган, сийрак униб чиққан майдонларга гектарига камида 7–10 тоннадан маҳаллий ўғит чиқаришни ташкил этиш яхши самара беради.

Бундан ташқари, чорва моллари томонидан ғаллазорлар пайҳон қилинишининг олдини олиш мақсадида четан тўсиқлар ўрнатилиши ҳамда 20–30 гектар майдонга 1–2 нафардан дала қоровулларини та­йинлашлари керак.

Жорий йилнинг декабрь ойи бирмунча илиқ келиши башорат қилинаётганлиги турли касаллик ва зараркунанда ҳашаротларнинг ўтган йилга нисбатан ҳам кўп бўлишига замин яратади. Шунинг учун ўсимликларни ҳимоя қилиш отрядлари ходимлари билан ҳамкорликда мунтазам кузатувлар олиб бориш, касалликлар аломатларини аниқлаш ва уларга қарши кураш ишларини амалга ошириш лозим. Шунингдек, ҳар бир гектар ғалла майдонига талаб этиладиган зарур кимёвий моддалар захираларини яратиш талаб этилади.

Ғаллани декабрь ойида парваришлашдаги зарур агротехник чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши ғалладан юқори ва сифатли дон ҳосили олишга замин яратади.

Р.Сиддиқов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech