Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
10 Январ 00:00

Жорий йилда республикамиз боғ-токзорларидан ҳар қачонгидан ҳам мўл ва сифатли ҳосил олинди. Эндиги вазифа келгуси йил ҳосилига пухта замин ҳозирлашдан иборат. Бунда қуйидагиларга эътибор қаратиш тавсия этилади.

Боғ-токзорларга 15–20 тонна ҳисобида органик ўғит (чириган гўнг) солиб, 25–30 см чуқурликда боғ қатор оралари ҳайдалади. Жорий йилда республикамизда куз ойларида ёғингарчилик нисбатан кам бўлганлиги боис боғларда тупроқ таркибидаги нам етарли даражада эмас. Шунинг учун қишнинг ҳар бир ойида бир мартадан боғларга яхоб суви бериб, гектарига 1500–2000 м3 сув сарфлаб 4–5 кун давомида суғорилади. Боғлар қишда яхоб суви билан қанчалик кўп суғорилса, вегетация даврида суғоришлар сони 1–2 марта тежалади. Янги боғ ва токзорлар барпо этиш мақсадида ажратилган ерларга 30–40 тонна маҳаллий ўғит ҳамда 300–400 кг фосфор ва калий ўғитлари солиб, 35–40 см чуқурликда ҳайдалади.

Бордию боғ ва токзорларга ажратилган ерлар шўрланган бўлса, декабрь ойида гектарига 10–12 минг м3 сув сарфланиб майдон яхшилаб ювилади.

Об-ҳаво иссиқ кунлари жанубий минтақаларда катта ёшдаги уруғли мевали дарахтларга шакл бериб буташ, сийраклаштириш ишларини бошлаш керак. Бунда катта ёшдаги олма, нок дарахтлари буталади.

Боғларда охирги йиллари монилиоз, кластероспориоз, парша, дарахт таналарини шикастлайдиган рак касалликлари ривожланиб бормоқда. Ушбу касалликлар ривожланишининг олдини олиш мақсадида дарахтларни Бордо суюқлигининг 3–4 фоизли ёки мис купоросининг 1 фоизли ёки темир купоросининг 3 фоизли эритмаси билан жиққа ҳўллаб пуркаш зарур. Маълумки, касаллик юқумлари баргларда сақланади. Шунинг учун боғларда дарахт атрофидаги тупроқ ағдарилиб чопилади ва шу билан тўкилган барглар йўқотилади. Боғ ва токзорлар атрофида жойлашган коллектор ва зовурлар тозаланади.

Токзорларда қишнинг илиқ кунларида жанубий минтақаларда кўмилмаган токларни кесиш ва шакл бериш ишлари олиб борилади. Токзорларда темир бетон устунлар ва симбағазлар таъмирланади.

Узоқ муддатга сақлашга омборхоналар ва совутгич хоналарга қўйилган мева-узум маҳсулотлари омборларда ҳар куни, совутгич хоналарда ҳар 7–8 кунда кўздан кечириб турилади. Чириган, айний бошлаган мевалар териб олиниб, омбордан олиб чиқилади.

Омборхоналар ва совутгич хоналар доимо назорат остида бўлиб ҳаво ҳарорати 0–5°С, нисбий намлик 85–90 фоиз бўлишини таъминлаш керак.

Агарда ҳаво намлиги пасайиб кетган бўлса хоналарга сув сепилади, кечаси омборхоналар ҳар ҳафта олтингугурт ёқиб тутатиб, (дудланиб) турилади.

Мева қоқилари ва майизлар сақланаётган хоналар албатта юқорида тавсия этилганидек ҳар 6–7 кунда олтингугурт билан дудланиб турилади.

Р.Абдуллаев, С.Шодиев






Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech