Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
10 Январ 00:00

Аҳолини йилнинг кеч куз, қиш ва эрта баҳор ойларида сабзавот маҳсулотлари билан таъминлашда ҳимояланган майдон, яъни иссиқхона сабзавотчилиги муҳим аҳамиятга эга.

Сабзавот етиштиришда иссиқхоналар самарадорлигини ошириш, ҳар бир мавсум тараддудини вақтида кўриш, навларни тўғри танлаш, қулай парваришлаш усулларини қўллашга жиддий эътибор қаратиш зарур.

Қишки-баҳорги мавсумда помидор кўчатларини етиштириш учун катталиги 10х10 см бўлган кассета, торф ёки полимер тувакчалардан фойдаланилади. Кўчатларни тайёрлашга декабрнинг биринчи ўн кунлигидан киришилади.

Ҳозирда помидор кўчатларини макро ва микроўғитлар билан тўйинтирилган торфда етиштириш яхши натижа бермоқда. Бунда минерал ўғитлардан фойдаланмаса ҳам бўлади.

Бир текис ва тўлиқ кўчат олиш учун экиладиган уруғликлар сифати I синф­дан паст бўлмаслиги, далада униш даражаси 90% ва ундан юқорироқ, униб чиқиш кучи ҳам юқори даражада бўлиши талаб этилади.

Ҳар бир тувакчага 1–2 тадан уруғ экилади. Уруғлар униб чиққандан кейин 16–20 кун ўтгач, тувакчалар ёйиб қўйилади. Бунда ҳар 1 м2 жойга 250–300 тупдан кўчат жойлаштирилади. Кўчатлар ёруғликдан яхши баҳраманд бўлиши учун шундай қилинади. Касалланган, шикастланган, нимжон кўчатларнинг ўрнига экиладиган кўчатларни (15–20%) олдиндан захира қилиб қолдириш зарур.

Кўчатларни суғоришда жуда эҳтиёт бўлиш лозим, уларни ўта намланиб кетиши ёки тупроғи қуриб қолишига йўл қўймаслик керак, ҳаво очиқ кунлари эрталаб суғориш ишлари бажарилгани маъқул.

Юқори сифатли кўчатнинг 8–9 тадан барги бўлиб, баландлиги 18–20 см, новдасининг қалинлиги эса 0,8–1,0 см бўлиши керак. Кўчатларни парваришлаш даврида улар орасидаги касалланганлари, ўсишдан жуда орқада қолган, нозик кўчатларни чиқитга чиқариб, олиб ташланади.

Помидор ўсимликлари ташқи муҳит шароитларига жуда сезгир хусусиятга эга бўлиб, уларни бу хусусияти ўсимликларда гулшода пайдо бўлиши даврида яққол намоён бўлади.

Ниҳолларда биринчи иккита чин барг пайдо бўлиши ва уларни дастлабки ўсув даврида ҳаво ҳарорати кундузи 13–16°С гача, кечаси 11–13°С гача пасайтирилиши, айниқса, эртаги навларда биринчи гулшодасидаги мева сонини кўп бўлиши натижасида ҳосилдорликни юқори бўлишини таъмин этади. Кейинчалик ҳаво ҳароратини очиқ кунларда 20–24°С, булутли кунларда 18–19°С, кечаси эса 16–17°С атрофида сақлаш лозим бўлади.

Ҳавонинг нисбий намлиги эса 60–70 фоиз атрофида сақланиши лозим.

Қишки-баҳорги экиш мавсумида помидорнинг 50–55 кунлик кўчатларни экиш январь ойининг охири-февралнинг иккинчи ўн кунлигида амалга оширилади.

Экиш учун маҳаллий “Гулқанд”, F1 “Сайхун”, “Баҳор”, “Турон”, “АВЕ-Мария”, “Субҳидам”, “Черри”, “Марварид”, “Умид” чет элнинг F1 “Пик Стар”, “Ламия”, “Фенда”, “Виндетта”, “Бона”, “Тови Рока”, “Виласко”, “Элпида” каби дурагайлари тавсия этилади.

Помидор учун ҳавони яхши ўтказувчан, ғовак латоген ва зараркунандалар билан зарарланмаган тупроқдан тайёрлаш керак. Кўчатларни қўш қатор усулда 80+80х40 см оралиқда экилади. Экиш олдиндан ковлаб суғориб олинган кўндаланг чуқурчаларга стаканнинг 3 дан 2 қисми кўмиб бажарилади.

Бизнинг истиқболли навларимиз тупроқлардаги озиқ моддаларга жуда талабчандир.

Экишдан олдин ва ўсув даврида органик ҳамда минерал озиқа моддаларни тупроққа солиш тупроқни агрокимёвий таҳлили натижаларига мувофиқ амалга оширилиши лозим. Органик моддалар миқдори 20% атрофида сақланиши талаб этилади. Бунинг учун кузги-қишки экиш даврида тупроққа асосий ишлов беришдан олдин ҳар бир гектар иссиқхона майдонига камида 400 тонна чиринди ва 100–150 тонна ғоваклаштирувчи модда (қипиқ, сомон майдаси ва бошқалар) солиниши лозим.

Тупроқ таркибидаги сувда эрувчи фосфор микдори ҳар 100 г тупроқда 100 мг, нитратли ва аммиакли азот микдори 25–30 мг, сувда эрувчи калий 50–60 мг атрофида сақланиши керак. Бундан ташқари тупроқ таркибидаги хлор миқдори ҳар 100 г тупроқда 0,02 фоиздан ошмаслиги, магний 25–30 мг, кальций эса камида 100–120 мг бўлиши керак.

Азотли ўғитларни калийли (КNO3) ва кальцийли (Са (NО3)2) селитра шаклидаги берилгани маъқул. Калийли ўғитларни сульфат калий К2SО4 шаклида, фосфорлиларни эса қўшсуперфосфат Са (Н2РО4)2 шаклида ёки ўсув даврида якка аралашмали калий фосфат шаклда берилади. Экилган кўчатларнинг каноп ипли сўриларга боғлаб чиқилади, боғлашда илдиз бўғизини қаттиқ сиқиб қўймаслигига эътибор қаратилади.

Ўсимликлар битта поя қолдирилиб шакл берилади. Бачки новдалар 6–7 см. дан ўсиб кетмасдан уларни ўз вақтида юлиб ташлаш керак. Ўсимлик учини ҳар ҳафтада канопли ипга ўраб турилади, сўрини симли қисмигача ўсгач эса кўндалангига ўраб турилади. Қишки-баҳорги экиш мавсуми даврида иссикҳоналарда ёруғликни кўпайиши, тупроқ ва ҳаво ҳароратини аста-секин кўтарилиб бориши ўсимликлар маҳсулдорлиги ошишини таъминлайди.

Партенокарпик бодрингни қишки-баҳорги экиш мавсумида уруғи ердан тўлиқ униб чиққандан то биринчи ҳосили теримигача ўсув даври 45–50 кунни ташкил этади. Бодрингнинг партенокарпик дурагайи, асалари билан чанг­ланувчи навлардан кескин фарқланади, яъни улар жуда ривожланган барг, поя ва илдиз қисмига эга, шу туфайли жуда ҳосилдордир. Шу билан бирга улар ташқи муҳит шароитларига, жумладан, ёруғликка, иссиқликка ва тупроқ таркибидаги намликларга жуда талабчандир. Ушбу дурагайлар ташқи муҳит шароитларини кескин ўзгаришига чидамсиз ва ўта таъсирчан.

Уларнинг бошқа навлардан муҳим устунлиги мевасида аччиқ таъми йўқлигидир. Партенокарпик бодрингни чанглатиш керак эмас, чанглатиш уларга салбий таъсир этади, яъни мевалари қинғир-қийшиқ бўлиб, натижада уларнинг сифати пасаяди.

Униб чиқиш ва юқори ўсиш қувватига эга бўлган бодринг уруғларини экишдан олдин турли инфек­циялар билан зарарланишига қарши (олдини олиш учун) улар ГТ-қуритиш шкафида олдин икки-уч сутка давомида 50°С иссиқликда кейин бир сутка 75–80°С ҳароратда қиздирилади. Бундай қиздиришда иссиқлик таъсирида касаллик вируслар барчаси ўлади, лекин уруғнинг униб чиқиш қобилияти пасаймайди.

Бодрингнинг мақбул экиш муддати январь ойининг охирги ўн кунлиги-февралнинг биринчи ўн кунлиги даври бўлиб, кўчатхонада тайёрланган тувакчаларга 25–30 кунлик кўчатлар билан экилади.

Экиш учун маҳаллий F1 “Сардор”, чет элнинг F1 “Орзу”, “Бэйбистар”, “Бэби мини”, “Экспоза”, “Артист” каби дурагайлари тавсия этилади.

Экилган бодринг уруғларни тўлиқ униб чиқишини таъминлаш учун ҳарорат 26–27°С дан пасайиб кетишига йўл қўймаслик шарт. Тувакчалар усти полиэтилен плёнка билан ёпиб қўйилгани маъқул. Шунда тувакчалар ҳарорати юқори, намлиги эса меъёрида сақланиб, тувакларнинг юзасидан 1,5–2 см чуқурликдаги намлигини тезда парланиб қуриб қолишдан сақлайди. Тувакларга уруғ бир донадан экилади. Экиш олдидан тувакчалар яхшилаб намланади, уруғ униб чиқаётганда суғориш амалга оширилади.

Дастлабки уруғлар униб чиқа бошлаш даврида плёнка олиб ташланади. Кўчат етиштириш даврида ҳарорат ва намликни энг қулай меъёрда бўлишини таъминлаш лозим. Жумладан, ҳаво ҳароратини кундузи қуёшли кунларда 20–23°С, ҳаво булутли кунларда 19–20°С ва кечалари 18–19°С, тупроқ ҳарорати 20–22°С дан пасайиб кетмаслиги, ҳавонинг нисбий намлиги эса 70–75% атрофида сақлаш зарур.

Бодринг кўчатлари бир текис ўсиши керак. Экиш учун тайёрланган кўчат сифатли 25–30 кунлик бўлиб, баландлиги 25–30 см, 5–6 та чинбарги бўлиши керак. Бодрингнинг партенокарпик дурагайини юртимиз шароитида энг қулай экиш оралиғи ((80+80)/ 2)х50 см. ни ташкил этади.

Бодринг ўсимликларини парваришлашда ҳароратнинг энг қулай меъёрда сақланишига алоҳида эътибор берилиши лозим, яъни қуёшли кунларда 25–28°С, ҳаво булут кунлари 20–22°С, кечаси 18–20°С бўлиши керак.

Ҳарорат 15°С дан паст бўлса, ўсимлик ўсишдан тўхтайди, 45°С дан юқори бўлганда эса улар қизиб кетиб, мева тугмай қўяди. Бодринг учун иссиқхоналар ичидаги ҳаво намлиги 85–90 фоиздан кам бўлмаслиги лозим.

Бодрингнинг партенокарпик “Орзу” дурагайининг асосий хусусиятларидан бири тез ўсиб, жуда кўп кўк масса ҳосил қилишидир. Кўчатлари асосий майдонга экилгандан кейин, ўсимликлар бир ҳафта давомида сўриларга боғлаб чиқилади ва ҳар ҳафта оралатиб уларни осилиб турган каноп ип атрофига ўраб чиқилади. Акс ҳолда ўсимликлар эгилиб ўсиб, ерга тушиб қолади ва уларда жуда кўп мўйловчалар ҳосил бўлади.

Ҳосилдорликни ошиб боришини ва унинг юқори бўлишини таъмин этувчи энг муҳим агротехник тадбирлардан бири бу ўсимликка шакл беришдир. Бодринг ўсимлигидан эртаги ва мўл ҳосил йиғиб олиш мақсадида қу­йидагича шакл берилади. Энг пастки ён новдалардан 2 та барг ва 2 та мевачаси, ўрта қисмида 2–3 дона мева ва шунча барг қолдириб чилпинади. Шакл бериш билан бирга бодринг мўйловчаларини ҳам олиб ташлаш керак, негаки улар орқали ўраб олинган баргларда инфекциялар кўп тўпланади.

Ўсув даври давомида ўсимликларнинг озиқланиши турлича бўлади. Ниҳоллари ердан униб чиққандан то гуллагунча ўсимлик озиқа моддаларининг 10 фоизини, мева туга бошлагунча 20 фоизини, мевалари етилиб териш даврида эса озиқанинг асосий қисмини, яъни 80 фоизини қабул қилади.

Илдиздан ташқари озиқлантириш айниқса ёруғлик кам бўлиб, тупроқ ва ҳаво ҳароратлари меъёридан паст бўлган даврларда амалга оширилиши самарали таъсир этади, чунки бундай ташқи шароитнинг пастлиги илдиз тизимининг фаолияти учун ноқулай ҳисобланади.

Озиқлантириш учун озиқали аралашма тайёрлашда 10 литр сувга макроўғитлардан 10–12 г суперфосфат, 7–8 г аммоний сульфати, 5–7 г аммиакли селитра ва бор, марганец, мис, рух, молибден, кобальт каби микро ўғитлар ҳам аралаштирилади. Барглари орқали озиқлантиришдан олдин турли микроэлементлар йиғиндиси ёрдамида ҳар биридан қуйидаги миқдорда қўшиб ишчи аралашма олинади: 1 л аралашмага 2,86 г борат кислотаси, 1,8 г марганец сульфати, 0,08 г мис купороси, 0,1 г аммоний молибдени, кейин эса ҳар 10 литр ишчи аралашмага 10 мл ушбу аралашмадан қўшилади.

1000 м2 майдондаги иссиқхона ўсимликларига ишлов бериш учун одатда 250–300 л макро ва микроўғитлар аралашмасидан тайёрланган ишчи аралашма сарфланади.

Иссиқхона тупроғига ишлов бериш ва катта миқдордаги минерал ўғитларни солиш, тупроқнинг сув, физик ва кимёвий хусусиятларини бироз ёмонлашишига, баъзан эса унинг шўрланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ўсув даври давомида ҳар ойда бир маротаба тупроқ таркибининг агрокимёвий ҳолатини текшириб бориш, парваришлашнинг бажарилиши шарт бўлган тадбир ҳисобланади.

Ўсимликларни суғориш учун ҳам сифати тоза, яъни таркибидаги туз миқдори ҳар бир литр ҳисобига 1–2 граммдан кўп бўлмаган сувдан фойдаланиш лозим. Акс ҳолда тузи кўп бўлган сувларни олдин тиндириб, ке­йин фойдаланиш тавсия этилади.

Р.Низомов,

Е.Лян,

Ф.Расулов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech