Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
10 Январ 2019 00:00

Яқинда бир машина-трактор паркининг устахонасида “Кейс-1200” русумли пневматик чигит экиш сеялкаси олдида қўлларига тешилган резина қувурларни ва занглаган маркер дискларини ушлаб олган механизатор ва чилангар суҳбатининг гувоҳи бўлдим:

- Бу резина қувурлар ичидан чигит ўтади. Чигит юмшоқ нарса, қувурни тешмайди.

- Унда тешиклар қаердан пайдо бўлган, қаранг, қувурнинг сирти худди ғажилгандек титилиб ётипти.

- Қўлингиздаги маркер диски ойнадек ялтираб турарди, занглаб сап-сариқ бўлиб кетибди-ку!

- Мен ҳам сабабини билаолмай турибман.

Механизаторни ҳам, чилангарни ҳам аввалдан таниганлигим учун уларнинг олдига бориб тешилиб кетган резина қувурни ва занглаган дискни қўлларидан олдим. Синчиклаб текширдим: резина қувурни сич­қон еган, диск эса ёмғир, қор тагида қолган.

Сабаби аниқ: экиш мавсуми якунлангандан кейин пневматик сеялканинг уруғ бункерида ва резина қувурлари ичида чигитлар қолиб кетган, ҳеч ким уларни тозалаб олмаган. Устахона ҳовлисида очиқ ҳолда сақланаётган бу сеялкага оч сичқонлар “ҳужум” қилган – олдин чигитларни батамом еб битиришган, кейин резиналарни чайнашга ўтишган. Маркер дисклари сиртига сақлов мойлари суртилмаган, ҳеч бўлмаганда елим қоғозлар билан ўраб қўйилмаган. Ёмғир ва қор сувлари таъсирида занг босиб қолган.

Мен уларга ҳар қандай машинани – хоҳ у оддий тишли борона бўлсин, хоҳ мураккаб ғалла комбайни – мавсум тугагандан кейин сақловга тўғри тайёрлаш ва қўйиш лозимлигини, бу тадбирни шунчаки эмас, балки махсус давлат стандартига амал қилган ҳолда бажариш белгилаб қўйилганлигини тушунтирдим. Мана тушунтирганларим.

Плугларни сақлаш. Плуг бетонланган ёки асфальтланган, яъни қаттиқ юзали майдончага олиб келинади; лемех, отвал ва бошқа узеллар тупроқ, лой ва ўсимлик қолдиқларидан тозаланади ва босим остидаги сув билан ювилади; лемехлар, отваллар ва предплужниклар, дала доскалари, дисксимон пичоқ, гидроцлиндр­лар штоги ва резьбали бирикмаларнинг ишчи сиртлари ПВК мойлари билан қопланади; лемехлар остига тахта тагликлар, рама учига тиргак қўйилади.

Пахта ва ғалла сеялкаларини сақлаш. Сеялка чангдан, тупроқдан, чигит ёки дон қолдиқларидан тозаланади, босимли сув билан ювилиб, қисилган ҳаво пуркалади; барча ғилдирак гупчаклари, подшипниклар ва узатмалар таянчлари, сошниклар, тарангловчи роликлар ва бошқа ишқаланувчи юзалар солидол билан ёғланади; мойдонлар текширилиб, тозаланади; тасмалар, зинжирлар ва уруғўтказгичлар ечиб олиниб, тозаланади, ваннага солиб ювилади; занжирлар 80–90 градусгача қизиган дизель ёнилғиси билан 20 минут давомида ваннада ювиладин; тасмалар текширилади, яроқсизлари алмаштирилади, созларига тальк кукуни сепилиб, омборга топширилади; уруғ бункерлари, маркер дислари ва бошқа қисмлар сиртидаги занглар қириб ташланади, жилвир қоғозлар билан обдон тозаланади, ҳаво ёрдамида пуфланади; сошниклар, экиш аппаратлари, ҳаракат узатувчи юлдузчалар, таянч ғилдиракларнинг сиртқи қопламалари ва бошқа занглайдиган жойлар мойланади; барча пружиналардаги тарангликлар йўқотилади; сеялка рамаси тиргакка қўйилиб, шинадаги ҳаво босими 30 фоизга камайтирилади, сиртига АКС-4 алюминий бўёғи суркалади ва тиргак билан ердан кўтариб қўйилади.

Культиваторларни сақлаш. Детал ва узеллар чангдан, тупроқдан, бегона ўт ва минерал ўғит қолдиқларидан тозалангач, культиватор тепага кўтариб қўйилади ҳамда босимли сув билан ювилади; мойдонлар кўздан кечирилиб, солидол юборгич ёрдамида эски мой янгисига алмаштирилади. Бунда мой тирқишлардан сизиб чиқиши зарур; занжирлар ва ўғитўтказгичлар ечиб олиниб, ювиб-тозаланади, НГ-204 ҳимоя мойи суркалади ва омборга топширилади; ўғит солиш аппаратининг банкалари ва ҳамма деталлари ўғит қолдиғидан тозаланади.

Экиш тарелкаси ва регулятори, ричаг ва шкала, тишли ғилдираклар, ҳаракат узатувчи валиклар ва банканинг ички сиртига ҳимоя ёғи суртилади. Банкалар қопқоғи зичлаб бекитилади; деталлар сиртлари зангдан тозаланиб, ҳаво билан пуфланади ва ПЭВ-74 мойи суркалади; ишчи органлар, резьбали бирикмалар, детал ва шарнирларнинг ишқаланиш сиртлари, ишчи органлар ва осиш механизми секциялари, таянч ғилдираклари сиртлари тозалангандан кейин ҳимоя ёғлари билан қопланади.

Ғалла комбайнларини сақлаш. Барча дарчалар ва ҳимоя кожухлари очилади. Комбайин 10–15 минут давомида салт ишлатилади, шунда ичкаридаги ўсимлик қолдиқлари ташқарига чиқиб кетади; мой босган жойлар махсус эритмаларнинг бири билан ювилади; электр ускуналари полиэтилен плёнкалар билан ғилофланади, радиаторнинг ҳимоя тўри ечиб олингач, босимли сув билан ювилади; двигател картеридаги эски мой тўкиб ташланади. Фильтрлар, форсункалар қиздирилган дизель ёнилғиси билан ювиб, тозаланади.

Картерга 80 фоизи дизель ёнилғиси ва 20 фоизи мотор мойидан иборат эритма қуйилади. Двигатель 10–15 секунд давомида салт ишлатгандан кейин бу суюқлик тўкиб ташланади ҳамда ўрнига янги мотор мойи қуйи­лади; тезликлар қутиси, кетинги кўприк ва охирги узатмалар картеридаги эски мойлар ҳам шу тартибда алмаштирилади; занжирлар ечиб олиниб, 90–100 ҳароратдаги дизель мойида 10–15 минут қайнатилади. Улар мойдан олиниб, тўрли ваннага солинади ва мой қолдиқлари сирқигандан кейин ваннадан олиб қуритилади.

Тоза занжирлар калавалаб сим билан боғланади, сўнгра мой шимдирилган қоғозга ўралади ва омборга топширилади; тасмалари зангдан тозаланади, иплари чиқиб кетган, моғор босган жойлари 2 фоизли формалин эритмасида дизенфекциялангач, мой доғлари бензин шимдирилган латта билан артиб кетказилади ҳамда тасмалар қуритилиб, устига тальк сепилади.

Олиниши қийин бўлган тасмалар жойида артилади, совунли илиқ сувда ювиб, қуритилгач, АКС-3 алюминий бўёғи суркалади. Шкивлар ва роликларнинг иш сиртларига зангдан ҳимояловчи мой суртилади; жатка сегмент пичоғи ечиб олиниб, тозалангач, ҳимоя мойи суртилади ва ёғоч ғилофга жойлаштирилиб, омборга топширилади. Қия камера тозаланади, транспортёр таранглиги камайтирилиб, винтларга, занжир ва тароқларга ҳимоя мойи суртиб қўйилади.

Жатка корпусини мувозанатловчи механизм пружинаси таранглиги камайтирилади; барча элеваторларнинг қопқоқлари очилиб, шнеклар ва куракчалар кирдан тозаланади. ўалла бункерининг ичи ва шнеклар дон қолдиқлари ва кирдан тозаланади. ўалла бўшатиш шнеги учи ва резина тарнов полиэтилен плёнка билан ғилофланади ва сим билан боғлаб қўйилади; двигатель ҳаво тозалагичи деталлари ечиб олиниб, ювилади ҳамда жойига қайтадан ўрнатилади. Ёнилғи фильтири ювиб тозаланади. Картерлардаги тиқин бўшатилиб, эски мой тўкиб ташланади, ювувчи суюқлик қуйиб чайқатилгач, сўнгра уни тўкиб ташланади.

Корпуслар 5 фоизли АКОР-1 қўшилмаси аралаштирилган янги мотор мойи билан тўлдирилади. Тутун чиқариш ва ҳаво тозалагич трубалари ва бошқа қисмлардаги тешиклар тиқинлар билан зичланади; аккумулиятордаги электролит зичлиги ва сатҳи меъёрига етказилади. Генератор ва стартёр сиртлари, коллектор ва шлицалари ҳаво билан тозаланади. Клеммалар мойланади; гидросистема бакига 30 градусгача илитилган ва 5 фоизли АКОР-1 қўшилмаси аралаштирилган мой қуйилади. Гидроцлиндр штокларига ПВК ҳимоя мойидан, шлангларга алюминий бўёғи суркалади; шиналардаги ҳаво босими 30 фоизга камайтирилиб, сиртига АКС-4 алюминий бўёғи суркалади. Шиналар тиргак ёрдамида ердан озгина кўтариб қўйилади.

МХ-1,8 русумли пахта териш машиналарини сақлаш. Терим аппарати ва вентилятор очиқ жойда 3–5 минут ишлатилиб, бункерга йиғилган қолдиқ пахталар тозалаб олинади. Бункер қопқоғи ва тўрларига илиниб қолган пахта толалари ва хас-чўплар қўлда олиб ташланади; вентилятор ўчирилиб, аппаратнинг ҳамма эшикчалари жойидан ечиб олингач, аппаратни 5–10 минут ишлатиб, босимли сувда тўрт томонидан ювилади. Шпинделлар, ажраткич чўткалар ва вентилятор парракларига ёпишиб қолган пахта толалари ва чирклар қирғичлар ёрдамида тозалаб ташланади. Эшикчалар жойига ўрнатилади.

Шундан сўнг, пахта териш машинаси усти ёпиқ бино ичига ҳайдаб киритилади.

Агар зарур бўлса тракторни ажратиб қўйилади. Машинанинг чап ва ўнг бўйлама рамалари бошларининг остига мустаҳкам тагликлар қўйилади. Уларнинг баландлиги шундай танлансинки, бунда рамалар ер юзасига параллел ҳолатда бўлсин.

Аппаратдаги иккита редукторнинг қопқоғлари очилади, ичидаги эски мой тўкиб ташланади, дизель ёнилғиси билан ювилиб, янги мой солинади ва қопқоқлар беркитилади.

Пневмосистема вентиляторлардаги иккита тасма ва шпинделларни тўғри айлантирувчи саккизта понасимон тасмалар ечиб олиниб, яроқсизлари чиқитга чиқарилади. Яроқли тасмалар совунли сувда ювилиб, қуритилгач, жойига ўрнатиб қўйилади.

Шпинделларни тескари айлантирувчи саккизта понасимон тасмалар (тескари айлантирувчи колодкалар) нинг созлари жойида қолади, фақат тасмалар сиртига тальк кукуни сепиб қўйилади.

Аппаратнинг қўзғалмас ва қўзғалувчан секцияларини бир-бирига тортиб турувчи пружиналар бўшатилиб, эркин ҳолатга келтирилади.

Плуг, борона, сеялка, культиватор каби оддий машиналарни бостирма остида, трактор, ғалла комбайни ва пахта териш машинаси каби мураккаб техника воситаларини ёпиқ бинолар ичида сақлаш мақсадга мувофиқдир.

Машиналар тўғри сақланса занглашнинг олди олинади (қишлоқ хўжалиги машиналарининг 70–80 фоиз деталлари очиқ ҳавода занглаш туфайли ишдан чиқади), резина деталлари (тасмалар, втулкалар, шланглар) емирилмай, соз ҳолатда туради, машинани келгуси мавсум учун тайёрлаш кам эҳтиёт қисм талаб этилади, маблағ тежалади, энг муҳими, машина доимо ишга шай ҳолатда туради.

М.Тошболтаев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech