Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
9 Апрел 2019 00:00

Юртимизга баҳор ҳар йилдагига нисбатан анча эрта кириб келмоқда. Чунки январь ва февраль ойларида ҳавонинг илиқ келиши ёғингарчиликнинг кам бўлиши сабабли боғларда айниқса данакли боғларда ҳосил куртакларининг эрта уйғонишига сабаб бўлади.

Бундай эрта уйғонишнинг олдини олиш учун март ойининг биринчи ярмигача боғларда имкон даражасида 1–2 маротаба яхоб суви бериш лозим. Яхоб сувини қониб ичган боғларда дарахтлар ва токзорларнинг асосий илдизлари жойлашган тупроқ қисми яхши намланади ҳамда тупроқ ҳарорати анча пасайиши боис дарахтлар куртакларининг ҳаракати 8–10 кун кейинга сурилади. Яхоб суви 1–2 марта берилса куртакларнинг эртаги ҳаракати анча кечикади.

Боғларда дарахт таналарини ва скелет шохларини оҳак билан оқлаш зарур. Бунда 10 л сувга 2 кг оҳак ва 1,5 кг тупроқни аралаштириб дарахтларнинг танаси ва она шохлари оқланади. Дарахт таналарини оқлаш билан новдалардаги куртакларининг харакати кечиктирилади.

Мевали боғларда дарахтларни 3 фоизли Бордо суюқлиги билан пуркаш яхши натижа беради. Бунда бордо суюқлигининг охак қисмини 4–5 фоизга ошириб пуркалса суюқлик оқранг бўлиши натижасида дарахтларда ҳароратни пасайтиради ҳамда куртаклар ҳаракати секинлашади.

Ўрик дарахтлари дастлабки йилларда кучли ўсишга эга бўлганлиги сабабли олти-етти ёшгача бўйига ўсган шохларида ҳосил куртаклари бўлади. Бу даврда уларда ён шохчалари суст ўсади. Бундай шохларни уларда ён шохчалари яхшироқ ўсиб чиқиши учун учдан бир қисми ёки ярмига қисқартирилади. Кейинги буташлар навбатдаги тартибда ўсган ортиқча шохларни олиб ташлаш ва шохларни бироз қисқартиришдан иборат бўлади.

Олхўрининг кўпчилик навларида мева тугиш органлари қисқа бўлиб, улар икки ва кўп йиллик шохларда жойлашган бўлади. Баъзи бир навларда бир йиллик шохчаларда ҳосил бўлиши кузатилади. Ёш олхўри дарахтининг шох-шаббаси шакл беришда шохларнинг пастки қисми яланғочланиб қолмаслиги учун шохлар сийраклаштирилади ва қисқартирилади. Шох-шаббаси тик ўсган, кучли шохланадиган навларда биринчи тартибдаги асосий шохлар қисқартирилиб, иккинчи тартибдаги ён шохлар баландлигида кесилади. Бу шох-шаббанинг ёйилиб ўсишига имкон беради. Шох-шаббаси ёйиқ дарахтлар агар шохлари суст ўсса, сийраклаштирилади. Шохлар фақат уларнинг ўсишини тартибга солиб туриш учун қисқартирилади.

Гилос дарахти кучли ўсиши ва кам шохланиши билан фарқ қилади. Кучли ўсган шохларнинг пастки қисмида куртаклар кам ривожланади. Уларнинг уйғониши ва асосий шохларда ёш шохчаларнинг ўсиб чиқишини кучайтириш мақсадида асосий шохлар қисқартирилади. Бундай буташ ўсувчи дарахтлар ёш чоғида ва ҳосилга кира бошлаганда шох-шаббага шакл бериш учун қўлланилади.

Ёш дарахтлардаги узунлиги 40–45 см. ли новдаларини чилпиш ҳам яхши натижа беради ёки узун новдаларни эгиб, ярус ҳосил қилинса, ундан куртаклар чиқа бошлайди. Шохларни қисқартириш ва чилпиш шох-шаббани ихчам қилади, шохларда ўсув новдаларини кўпайиши ва даста шохларнинг ўсишига ёрдам беради.

Шафтоли дарахти экилган йили уч-бешта она шохдан шох-шабба ҳосил қилиб, косасимон шакл берилади. Шафтолига кучли, баланд ўсадиган навларининг шох-шаббаси тўрт-олти она шохдан иборат ўзгарган лидерли система бўйича ҳам шакл бериш мумкин.

Биринчи шох 35–40 см баландликда, қолганлари бир-биридан 15–20 см масофада бўлиши керак. Тўртинчи йили етакчи новда (лидер) кесиб ташланади. Шафтоли дастлабки йилларда тез ўсади, кўп шох чиқаради ва тез мева бера бошлайди. Шунинг учун дастлабки бир-икки йил давомида бир йиллик новдалар қисқартирилиб турилади ва шох-шабба сийраклаштирилади. Асосий шохларнинг учидан ўсиб чиққан узунлиги 50–60 см ва ундан узун новдалар учдан бир қисмига ёки ярмига, калтароқлари эса чорак қисмига қисқартирилади. Ҳосилга киргандан сўнг шох-шаббаси сийраклаштириб турилади.

Боғларда дарахт қатор ораларини ҳайдаш, суғориш учун эгатларни олиш, дарахт тагларини ағдариб чопиш ишларини бажариш керак.

Ҳосилли боғ ва токзорларда эрта баҳорда (март ойи бошларида) озиқлантириш учун минерал ўғитлардан соф ҳолда азотли ўғит – 120 кг, фосфорли ўғит 90 кг ва калий ўғитидан 30–45 кг бир гектарга (20–25 см чуқурликда) солиб озиқлантириш керак. Тупроқ унумдорлиги паст бўлган боғларда ҳосилдорликни ошириш мақсадида ушбу меъёрни 20–30 фоизга ошириш мумкин. Минерал ўғитларни органик ўғитлар билан қўшиб берилса, уларнинг самараси анча ошади.

Минерал ўғитлар интенсив боғларда оддий боғларга нисбатан 30–40% кўп бўлиб, улар бир неча муддатларга тақсимланиб берилади.

Кейинги йиллари баҳор фаслида қисқа муддатли совуқлар тез-тез такрорланиб туриши сабабли дарахтларга салбий таъсир қилиши кузатилмоқда. Бунинг учун мевали дарахтларни қисқа муддатли совуқлардан асраш мақсадида боғнинг ҳар бир гектар майдонига тутатиш учун гўнг, хашак ва хазон аралашмасини йиғиб қўйиш (уюмлар сони 150–200 та) мақсадга мувофиқдир. Жойларда фермер хўжаликлар, боғбонлар бунга унчалик аҳамият бермасликлари сабабли айрим йиллари ҳосилни йўқотиб қўймоқдалар. Яна бир тадбир бу боғларда қатор ораларида суғориш ариқларини олиб, совуқ келиши олдидан, ариқлардан оз миқдорда жилдиратиб сув оқизиш натижасида ҳаво ҳарорати 2–3оС кўтарилиб баҳорги аёзли қора совуқлардан сақлаб қолиш мумкин.

Дарахтлар буталиб, шакл берилгандан сўнг ҳаво ҳарорати +50С дан юқори бўлганда, дарахтлар куртак чиқармасдан олдин уруғ мевали дарахтлар парша (қўтир), (монилиоз куйиш) монилиоз касаллигига қарши 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 50 фоизли ООҚ билан жиққа ҳўллаб ювилади. 10–12 кундан кейин пуркаш ишлари такрорланади.

Данакли мева боғларида (ўрик, шафтоли, олхўри, гилос) монилиоз, клястероспориоз, гоммоз ва барг бужмалоқлигига қарши 50 фоизли ООҚ ёки 3 фоизли Бордо суюқлиги (100 мл. сувга 3 кг мис купороси ва 3 кг сўнмаган оҳак қўшилади), 1 фоизли мис купороси ёки 2-3 фоизли темир купороси билан эрта баҳорда куртаклар бўртиш арафасида ишлов берилади.

Дарахтлар гуллаб бўлгач, Бордо суюқлигининг 1 фоизлиги билан (100 л сувга 1 кг мис купороси ва шунча сўнмаган оҳак қўшиб) пуркалади. Чуқур таъсир этувчи фунгицидлар яхши самара беради. Бунинг учун баҳорда дарахтлар гуллаб бўлгач "Топсин-М" (1 л/га) препаратини 0,1 фоизли қилиб сепилса яхши самара беради. "Байлетон" (0,2-0,3 л/га) , "Фоликур" (0,25 л/га), "Вектра" ( 0,3 л/га) препаратларидан хам фойдаланиш мумкун.

Янги боғлар барпо қилишда боғ атрофини иҳоталаштириш ишларига катта эътибор бериб ниҳолларни шамоллардан ҳимоялаш зарур. Бунда янги боғ барпо қилишда уларни химоя қиладиган терак, ўрик, жийда ёки ёнғоқ каби дарахт кўчатларини экиш ишларини олиб бориш керак. Ушбу дарахтлар боғларни қаттиқ шамоллардан, совуқ келиш йўлларидан химоя қилади.

Янги боғлар барпо этишда кўчат экиладиган майдонни танлаш, тупроқни 40–50 см чуқурликда хайдаш, текислаш, молалаш, кўчат экиш майдонини режалаш ва экишга тайёрлаш, экиш, ёш нихолларниниг танасини оқлаш ишларини сифатли бажариш зарур.

Мевали кўчатларни экишда уларнинг турлари, навлари хамда кўчатнинг пайвандтагига эътибор бериш керак.

Янги боғ барпо қилингач, экилган янги кўчатларга шакл бериш, боғ қатор ораларини ҳайдаш, дарахт тагларини чопиш, минерал ўғитлар солиш каби ишлар ўтказилади.

Резавор мевали ўсимликларда эрта баҳорда қулупнайзор қатор оралари ва туп атрофи юмшатилади. Март ойининг бошларида, тупроқ қуриши билан қулупнайзорда ўсимлик тупларининг эски барглари тўплаб олиниб, даладан ташқарига чиқариб, ёқиб юборилади. Сўнгра ўсимлик қатор ораларига ишлов беришдан олдин минерал ўғитлардан 90 кг азотли ва 50–60 кг фосфорли ўғит солиниб юмшатилади, туп атрофи қўлда чопиқ қилинади. Орадан 20–25 кун ўтгач иккинчи марта ишлов берилади, яъни қатор оралари ўтоқ қилиниб, юмшатилади.

Қорағатзорларда (смородина) эрта бахорда қорағат тупларига шакл берилади. Бунда биринчи навбатда қуриб қолган, синган ва касалланган новдалари олиб ташланади. Тупдаги нимжон новда ва шохлари, ўсимликнинг асосий қисмини салқинлатиб қўядиган, ердан кўкариб чиққан бачки навдалари ҳам кесиб ташланади.

Қорағат тупидаги асосий ҳосил ўтган йили чиқарган навдаларида шаклланади. Йиллар ўтиши билан ўсимлик 2 ва 3-тартиб навда чиқаради, ҳосилнинг шаклланиши ҳам марказидан узоқлашиб боради. Новда чиқариш тартиби қанча кўп бўлса, туккан мевалари хам шунчалик майда бўлади. Шунинг учун 5 ёшга етган шохлар кесиб олиб ташланиб, ўрнига янги чиққан бир йиллик навдалардан 4-5 та қолдирилади.

Март ойи охрида қорағат туплари гуллай бошлайди. Қароғат гуллаш вақтида биринчи сув берилади. Сув берилганда чангланган гулларининг бир қисми тўкилиб кетмайди.

Малиназорларда (хўжағатзор) эрта баҳорда қуриб қолган навдалари хамда кўп ўсган нимжон новдалари олиб ташланади. Қатор оралари 10–12 см, қатор ичи 4–5 см чуқурликда юмшатилади.

Малиназорга асосан маҳаллий ўғит гўнг (10–15 т/га) ёки минерал ўғитлардан эрта бахорда гектарига 150–200 кг ҳисобида азотли ўғит билан озиқлантирилади ҳамда суғорилади.

Цитрус ўсимликларини иссиқхоналарда март ойигача дарахтларга шакл берилиб ўсиб кетган новдаларни дарахт ёшига муносиб равишда ичига қараган, тикка ўсган ва шохлари зичлашиб кетган новдалар сийраклаштирилади. Бунда дарахт тупининг ўсиши ва мева бериши яхшиланади.

Цитрус ўсимликлари нормал ўсиши ва яхши мева бериши учун тупроқнинг оптимал намлиги тўла намлилик сиғимидан 70–85 фоизни ташкил этиши керак. Суғоришлар бўлиб-бўлиб (мавсумда 25 мартагача) ўтказилиши керак, иссиқхоналарда февраль охирлари март бошларида, об-ҳаво шароитларига, ўсимлик ёшига, мева бериш даражасига ва бошқа факторларга қараб суткалик ҳаво харорати ўртача 12оС ва тупроқ ҳарорати 9оС бўлганида ўса бошлайди. Февралнинг иккинчи ярмидан цитрус ўсимликлар ғунчалай бошлайди. Ғунчалаш босқичи суткалик ўртача ҳаво харорати 18,3–21оС ва тупроқ харорати 14,5–17оС бўлганида 25–28 кунга чўзилади.

Бир, икки, уч ёшли ўсимлик тагига 10 кг гўнг, 20 г. дан азот ва фосфор ҳамда 10 г калий ўғити солинади, мева берувчи туплар тагига эса 20-25 кг. дан гўнг ва 80–100 г фосфорли, 80–120 г азотли ва 40-60 г калийли ўғитлар солинади (тупларининг ёши катталашган сари солинадиган ўғитлар миқдори кўпайтирилади). Бунда минерал ўғитлар икки муддатда: ярмиси февраль охири-март бошида, қолгани май охири-июнь бошларида берилади.

Цитрус ўсимликлари иссиқхонада кўпинча юмшоқ сохта қалқондор, ўсимлик битлари, каналар билан зарарланади. Қалқондорга қарши 0,3 фоизли фазалон эритмаси 5-6 кун оралатиб 2 марта пуркалади. "Вэртемэкс" препаратини 0,5-0,8 фоизли қилиб сепса ҳам бўлади. Бунда ўсимликнинг ҳамма қисмини, айниқса баргларини пастки тарафидан хўллаш зарур. Қоракуясимон зумбуруғлар барглар ювилганда кетмайди. Барглар 1 фоизли Бордо суюқлиги эритмаси ёки 0,5% мис, хлор оксиди эритмасини қўшимча пуркалганда холос этади. Ўргимчакканага қарши 0,2 фоизли "Кельтан" ёки 1,0 фоизли "Данитол" эритмасини пуркаш яхши самара беради. Вақти-вақти билан ювиб туриш ҳам фойда беради.

Токзорларда эрта баҳорда таъмирлаш ишлари, яъни темир бетон устунларни тўғрилаш, симларни тортиб чиқиш, устунлар тагларини зичлаш ишлари тугалланади.

Март ойининг иккинчи ярмидан, айрим худудларда ойнинг охиридан кўмилган ток туплари очилиб, симбағазларга кўтариб боғлаш ишларини амалга ошириш зарур. Токзорларда ток ораларида қуриб қолган туплар ўрнини тўлдириш учун ток тупларида қолдирилган узун новдаларни пархама (пархиш) қилиб тўлдирилади.

Токлар симбағазларга кўтариб боғлангач, қатор ораларига маҳаллий ўғитлардан гўнг: 10-20 т/га, минерал ўғитлардан соф ҳолда азот 60 кг/га, калий 30 кг/га ҳисобида солиниб, қатор оралари ҳайдалиб, туп атрофлари юмшатилади.

Боғлар, резавор мевалилар, иссиқхоналарда цитрус ўсимликлари хамда токзорларда агротехник жараёнларни ўз вақтида, сифатли бажарилса, сифатли ва мўл мева-узум ҳосилини олишга замин тайёрланади.

Р.Абдуллаев,

Х.Абдуллаева,

Ж.Агзамходжаев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech