Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
9 Апрел 2019 00:00

Республикамиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида полизчиликка ҳам эътибор кучайди.

Мамлакатимизда 2019 йилда барча тоифадаги хўжаликларда 135,6 минг гектар майдонга полиз экинларини экиш белгиланган бўлиб, шундан 57,4 минг гектарни тарвуз эгаллайди.

Президентимиз ўтган йилнинг 13–14 декабрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Чироқчи ва Косон туманларининг лалми майдонларида полиз майдонларини 20 минг гектарга кенгайтириш ва экспорт ҳажмларини кўпайтириш бўйича топшириқлар берди.

Бу борада эртаги тарвуз маҳсулотини етиштиришда Қашқадарё миришкорларининг тажрибаси алоҳида ўрин эгаллайди. Деҳқонлар полиэтилен плёнка қопламаларидан фойдаланган ҳолда очиқ майдонлардан май ойининг биринчи ўн кунлигида ички бозор ва экспорт учун тарвуз етиштирмоқдалар. Тарвуздан эртаги маҳсулот етиштириш бўйича технологияси эса қуйидагича.

Навлар. Тарвузнинг эртапишар Долби Ғ1, Виктория Ғ1, Талисман Ғ1, Васко Ғ1, Варда Ғ1, Леди Ғ1, Трофи Ғ1, Фарао Ғ1 (Голландия), Кримсон Свит (АҚШ), Супер Кримсон Ғ1 (Германия) каби Ғ1 дурагайлари тавсия этилади.

Кўчат тайёрлаш. Кўчат тайёрлаш учун чим ўсган тупроқ яхшилаб эланади. Эланган тупроққа 4:1 (тупроқ:чириган гўнг) нисбатда чириган гўнг солиб аралаштирилади. Агар гўнг чириган бўлмаса, янги гўнг 2-3 ой ёки камида 1 ой сувда чиритилади. Бунда гўнг қисман зарарсизлантирилади, бегона ўтлар сув тагига тушади ёки унувчанлигини йўқотади.

Тайёрланган аралашмани 10х10х14 см ҳажмдаги полиэтилен стаканчаларга солинади. Бир гектарга 7,1–7,5 минг стаканча тайёрланади. Уруғлар икки муддатда экилади: биринчиси жуда эртаги ҳосил олиш учун декабрнинг учинчи ўн кунлигида ва иккинчиси февралнинг биринчи беш кунлигида.

Уруғлар униб чиқиб, кўчатлар 1–2 та чин барг чиқарганда уларни биринчи озиқлантириш тадбири бажарилади. Бунда ҳар 10 литр сувга 13–15 грамм азотли, 18–20 грамм фосфорли ва 15–20 грамм калийли ўғитлар солиб эритилади ва суғорилади. Ушбу эритма ҳар 3–3,5 м2 майдондаги кўчатларни озиқлантириш учун сарфланади. Кўчатларни иккинчи озиқлантириш уларни далага экишдан 10–15 кун олдин амалга оширилиб, бунда юқорида таъкидланган ўғитлар миқдори икки маротаба кўпроқ қўшилган ҳолда бажарилади. Кўчатлар 4 та чин барг пайдо бўлганда очиқ майдонга олиб чиқиб экилади.

Майдонни тайёрлаш. Тарвуз экиладиган майдон кузда ҳайдалади ва баҳорда қайта ҳайдалса самараси юқори бўлади. Майдон чизель қилинади, борона босилади. Жўяклар ҳар 4 метр оралиғида 90 см ўқариқ билан олинади.

Тарвуз 3 хил усулда етиштирилади:

Биринчиси ариқларга мульча қилиб оқ плёнка қопланади ва термос усулида икки қаватли дуга қилиб полиэтилен плёнка қопламасида етиштирилади. Кўчатлар февралнинг учинчи ўн кунлигида ўтқазилади.

Иккинчиси ариқларга мульча қилиб оқ плёнка қопланади ва бир қаватли дуга қилиб полиэтилен плёнка қопламасида етиштирилади. Кўчатлар мартнинг биринчи ўн кунлигида ўтқазилади.

Учинчиси ариқларга мульча қилиб оқ плёнка қопламасида етиштирилади. Кўчатлар март ойининг учинчи ўн кунлигида ўтқазилади.

Кўчат экиш. Олинган ариқларга мульча қилиб оқ плёнка қопланади. Плёнка ҳар 70 см оралиғида тешиб чиқилади. Тешиб чиқилган жойларга фосфорли ўғит суюлтириб солинади. Суюлтирилган фосфорни тайёрлаш учун 10 литр сувга 2 кг аммофос ўғити солиниб қайнатилади ва эритилади. Тайёрланган эритмани 10 л сувда аралаштирилади ва ҳар бир уяга 1 литр ҳисобида қуйиб чиқилади. Бир гектар майдонга 100 кг фосфорли ўғит сарфланади. Бир гектарга 7100 дона кўчат ўтқазилади.

Парваришлаш. Плёнка ва дугалар 10 апрелдан сўнг олиб ташланади. Дугалар олиб ташлангандан сўнг пушталар 1–2 марта чизель қилинади, палаклар таралади. Касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш ишлари олиб борилади.

Ўғитлаш. Ўсув даврида икки марта озиқлантирилади:

Биринчи озиқлантиришда азотли ўғитдан калий селитраси гектарига 200 кг ва 100 кг фосфор. Азотли ва фосфорли ўғитлар эритилган ҳолда солинади. Ўғитлар кўчат экилгандан сўнг 10–15 кундан кейин амалга оширилади.

Иккинчи озиқлантиришда азотли ўғитдан калий селитраси гектарига 200 кг ҳисобида гуллашдан олдин эритилган ҳолда берилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Биринчи усулда ҳосил майнинг биринчи декадасида, иккинчи усулда майнинг иккинчи ярмида ва учинчи усулда июннинг 3-ўн кунлигида узилади.

Ҳосил икки марта узилади. Биринчи теримда бир гектар майдондан ўртача 4000 дона ва иккинчи теримда 3000 дона стандарт тарвузлар узилади.

Бир гектар майдонга сарфланадиган ўртача харажатлар:

Биринчи усулда – ариқларга мульча қилиб оқ плёнка қопланади ва термос усулида икки қаватли дуга қилиб полиэтилен плёнка қопланганда 18–20 млн. сўм.

Иккинчи усулда – ариқларга мульча қилиб оқ плёнка қопланади ва бир қаватли дуга қилиб полиэтилен плёнка қопланганда 14–16 млн. сўм.

Учинчи усулда – ариқларга мульча қилиб оқ плёнка қопланганда 8–10 млн. сўм.

Р.Хакимов,

М.Файзиев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech