Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
9 Апрел 2019 00:00

Суғориладиган майдонларда соя экинини экиш ва ундан мўл ҳосил етиштириш аҳолини ўсимлик мойи билан барқарор таъминлаш, четдан олиб келинаётган маҳсулотлар ҳажмини қисқартириш баробарида чорвачилик, балиқчилик ва паррандачиликни қимматли озуқа билан таъминлаш ҳисобига соҳада маҳсулдорликни ошириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир. Ҳукуматимиз томонидан жорий йилда соя экинини 20 минг гектар майдонга асосий экин сифатида экиш белгиланган. Соя экинидан юқори ва сифатли ҳосил олиш учун, аввало, экинни агротехника талабларига тўла амал қилган ҳолда парваришлаш талаб этилади. Шунингдек, соя учун тупроқ унумдорлиги ҳамда сув таъминоти яхши бўлган майдонларни танлаб олиш ҳамда экинни тупроқ шароитидан келиб чиққан ҳолда жойлаштириш мақсадга мувофиқ.

Ерларга экин экишдан олдин ишлов бериш. Сояни экишдан аввал тупроққа ишлов беришда майдонни ўтмишдош экин ҳамда бегона ўт қолдиқларидан яхшилаб тозалаш, текислагич мосламалар билан сифатли текислаш, дала атрофларини чизеллаб юмшатиш, экин учун берилиши керак бўлган фосфорли, калийли минерал ўғитларнинг йиллик меъёрини гектарига соф ҳолда 90 кг фосфор ва 60 кг калийнинг тўлиқ берилишини таъминлаш керак.

Уруғликни экишга тайёрлаш. Республикамизнинг тупроқлари таркибида соя ўсимлигига мослашган туганак бактерияларнинг штамплари мавжуд эмаслиги сабабли соя экинини экишдан аввал, албатта, “Нитрогин” ёки бошқа бирор биоўғит билан сарфланиш меъёрига амал қилган ҳолда уруғликларга экиш олдидан ишлов берилиши керак. Акс ҳолда соя ўсимлиги илдизида биологик азот тўплашда фаолият кўрсатувчи туганаклар ҳосил бўлмайди.

Ишлов бериш қуйидаги тартибда ўтказилади: қуёш нуридан пана жойда биопрепарат уруғларга бир хилда сепилади ва уруғлар яхшилаб аралаштирилиб, бироз муддат устига мато ёпиб қўйилади. Ишлов берилган уруғларни ўша куниёқ экиш тавсия қилинади. Акс ҳолда бактериялар ўз кучини йўқотиб, самарадорлиги пасаяди.

Экиш. Сояни тупроқнинг 0–10 см қатламидаги ҳарорат 12–14°С ни ташкил этганганда экиш энг мақбул муддат ҳисобланади. Соя уруғининг униб чиқиши учун 12–13°С даража самарали ҳарорат (10 даражадан юқори бўлган) керак бўлади.

Экиш учун 60 см, 70 см қатор орасига соя навлари уруғларининг йирик-майдалигидан келиб чиққан ҳолда гектарига 70–80 кг меъёрда уруғлик сарфланиши зарур. Шунда гектарига ўртача 330–400 минг туп кўчат бўлишига эришилади. Уруғларни СПЧ-4 пневматик сеялкасида 4–5 см чуқурликка экиш керак.

Асосий майдонларга соя экишни жанубий минтақаларда март ойининг охири – апрелнинг биринчи ўн кунлиги, марказий минтақаларда апрель ойининг биринчи ярми, шимолий минтақаларда эса апрелнинг иккинчи ўн кунлигидан то ой охирига қадар якунлаш тавсия қилинади.

Агар соя уруғлари экилгандан сўнг тупроқда намлик етарли бўлмаса, албатта, майдонга енгил уруғ суви берилиши керак. Бунда кўллатмай суғоришга алоҳида аҳамият бериш зарур. Сув кўллаган жойлардаги уруғлар ўз унувчанлик хусусиятини йўқотади. Оқибатда экин майдонида кўчат сийрак бўлиб қолишига сабаб бўлади.

Қатор орасига ишлов бериш. Кенг қаторлаб экиладиган барча қишлоқ хўжалик экинлари сингари соя ўсимлигига ҳам униб чиққандан сўнг тупроқда ҳаво алмашишини таъминлаш, иссиқлик ва сув ўтказувчанлигини яхшилаш мақсадида қатор орасига культиватор билан ишлов бериш ўтказилади. Бунда культиватор КРХ-4 ишчи органларининг чуқурлиги камида 10–12 см, ўсимликдан эса 8–10 см узоқликда жойлаштирилиши ҳамда ишлов бериш жараёнида кесак кўчмаслигига эътибор бериш керак. Соянинг ўсув даври давомида тупроқ шароитидан келиб чиққан ҳолда камида 2–3 марта қатор ораларига культиватор билан ишлов берилиши талаб этилади.

Бундан ташқари соя майдонини бегона ўтлардан тозалаш, ўсимлик туплари атрофини юмшатиш мақсадида ўтоқ ва кетмон чопиқ ишлари бажарилиши керак. Тупроқ шароитига кўра сизот сувлари юза жойлашган майдонларда 1 марта чуқур чизеллаш ўтказилиши тавсия қилинади.

Озиқлантириш. Соя ўсимлигидан юқори ва сифатли ҳосил олиш учун ўртапишар навларга соф ҳолда 90–120 кг азотли, 90 кг фосфорли ва 60 кг калийли ўғитлар берилиши керак.

Соя ўсимлигининг илдизидаги мавжуд туганак бактерияларни ҳаводаги азотни ўзлаштириши фақат уруғларни нитрагинлаб экилгандагина амалга ошади. Соянинг шоналаш даврига қадар биринчи марта азотли ўғит билан озиқлантирилиши керак. Бунда минерал ўғит гектарига соф ҳолдаги азот 40–50 кг миқдорида культиватор ўғитлагич билан ўсимлик қатор орасига 12–14 см чуқурликка берилиши керак.

Сояни иккинчи марта азотли ўғит билан озиқлантириш ўсимликни шоналаш-гуллаш даврида ўғитлагич культиватор билан азотли ўғитни соф ҳолда гектарига 50–70 кг миқдорида 16–18 см чуқурликка солинади. Азотли ўғитларни бундан кеч муддатларда берилиши ўсимликнинг ўсув даври чўзилиб кетишига сабаб бўлади.

Суғориш. Сояни ўсув даври давомида шоналаш босқичида тупроқ шароитларидан келиб чиққан ҳолда гектарига ўртача 600–650 м3 меъёрда биринчи марта, гуллаш-дуккаклаш даврида иккинчи марта, дуккаклаш донни тўлишиш даврида учинчи марта гектарига 800–850 м3 меъёрда, соя донининг пишиш босқичида намликни сақлаб туриш мақсадида ҳар 15–20 кунда суғориб туриш мақсадга мувофиқ.

Соя экини дастлабки ўсув даврида, яъни шоналашда суғорилмаса ўсимлик секин ўсади. Соя ўсимлиги гуллаш-дуккаклаш даврида чанқатиб қўйилса, олинадиган дон ҳосилининг кескин камайиб кетишига сабаб бўлади.

Суғоришни ўз вақтида амалга оширилиши майдондаги микроиқлимнинг меъёрда бўлишини таъминлайди. Майдонда намлик етишмаганда соя дони майда бўлиб қолиши кузатилади, оқибатда ҳосилдорликнинг пасайишига олиб келади.

Зараркунандаларга қарши кураш. Соя ўсимлигига ўргимчаккана, шира, оққанот каби сўрувчи зараркунандалар ва кузги тунлам, кўсак қурти каби кемирувчи зараркунандалар жиддий зарар келтиради. Ўсимликларни зараркунанда ва ҳашаротларга қарши курашни уйғунлашган ҳолда биологик ва кимёвий қарши кураш чоралари қўлланилиши керак.

Сўрувчи зараркунандаларга қарши олтинкўз имогасини белгиланган нисбатларда ва тартибда соя майдонларига тарқатиш мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари кимёвий курашда комплекс таъсир этувчи препаратлардан фойдаланиш керак. Комплекс таъсир этувчи препаратлардан фойдаланилганда бир вақтнинг ўзида сўрувчи ҳамда кемирувчи зараркунандаларга қарши курашишга эришилади.

Шира, оққанот, тамаки трипси, қурт личинкаларининг катта ёшга ўтмаганларига қарши “Моспилан” (0,15 л/га), “Карбафос” (0,6–1,0 л/га), “Дельтафос”, “Политрин-К”, “Фуфанон” (1,0 л/га), “Аплауд”, “Адмирал”, “Вертмек” (0,5 л/га0, “Калипсо” (0,1 л/га0, “Кораген” (0,04–0,05 л/га), “Аваунт” (0,4–0,45 л/га) кимёвий препаратларнинг бирини (кўрсатилган меъёрларига амал қилган ҳолда) тракторга тиркалган ОВХ пуркагичи билан гектарига 300 литр сувга аралаштириб пуркалади.

Соя ўсимлигига катта зарар келтирувчи ўргимчакканага қарши профилактика учун гектарига 30–40 килограммдан олтингургут кукунини, зарур бўлган вақтда “Омайт”, “Дельтафос” (1,5 л/га, “Неорон” (1,0–1,2 л/га), “Вертмек” 0,2–0,3 л/га, “Фуфанон” (1,2 л/га) кимёвий препаратларидан бирини белгиланган тартибда сепиш яхши самара беради.

Ҳосилни йиғиштириб олиш. Соя ўсимлигининг ўзига хос бўлган хусусиятларидан бири, унинг аксарият навлари тўла пишиш босқичига кирганда поядаги баргларнинг 75–85 фоиз қисмининг табиий сарғайиб тўкилишидир. Ана шу белгиларга қараб соя донини йиғиб олишга киришилади. Соя дони ғалла ўриш комбайнларида, комбайн жаткасини пасайтириб, янчиш аппарати барабанларининг айланиш сони минутига 400–500 мартага камайтирилган ҳолда ўриб-йиғиб олинади.

Юқоридаги тавсияларга тўла амал қилган ҳолда сояни парваришлаш агротехника тадбирлари ўз вақтида ўтказилганда ундан сифатли ва мўл ҳосил етиштиришга эришилади.

А.Мўминов,

З.Яқубов, Ф.Узақов,





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech