Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
9 Апрел 2019 00:00

Кўп йиллик тажрибаларга кўра, лалмикор майдонларда бир даланинг ўзида ғалла ва махсарнинг сурункасига кетма-кет экилиши оқибатида тупроқдаги чиринди 40–50 фоизга камайиб кетганлиги кузатилмоқда. Аксинча, дуккакли экинлар (беда, нўхат, кўк нўхат) билан навбатлаб экилиб келинаётган майдонларнинг ҳайдалма қатламида чиринди миқдори 1,1–1,2 фоизда сақланиши ва қайта тикланиш тенденцияси давом этмоқда.

Нўхат илдизлари тупроқнинг пастки қатламларига ҳам кириб бориб ривожланиши ҳисобига бошоқли дон экинларига нисбатан қурғоқчиликка, иссиққа чидамли бўлиб, намликдан самарали фойдаланувчи ўсимлик ҳисобланади.

Лалмикор ерлар учун нўхатнинг экишга тавсия этилган “Лаззат”, “Ўзбекистон-32”, “Юлдуз”, “Жаҳонгир” ва “Ирода-96” навлари 1000 дона дон вазни бўйича майда донли ва ўрта донли гуруҳга мансуб бўлиб, ҳозирги замон талабларига жавоб берадиган йирик донли “Гулистон” нави техникалар билан ўриб олишга яхши мослашган. У аскохитоз ва фузариоз касалликларига юқори чидамлиги билан ажралиб туради.

Фермер хўжаликлари томонидан бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда турли четдан келтирилган нўхат уруғларини экиши натижасида уруғлар тўлиқ униб чиқмай чириб кетиши, турли касалликлар билан кучли зарарланиши оқибатида ўсимликлар нобуд бўлиши ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда. Бу етиштирилган нўхат ўсимликлари поялари техникалар билан ўриб олишга мослашмаганлиги сабабли ортиқча сарф-харажатлар қилинишига олиб келмоқда. Шунинг учун барча нўхат етиштирувчи фермер, деҳқон ва шахсий томорқа ерлари эгалари фақатгина респуб­ликамизда экишга рухсат этилган навларни экиш энг мақбул йўл ҳисобланади.

Нўхат лалмикор майдонларда бошоқли дон ва бошқа экинлар учун энг яхши ўтмишдош ҳисобланади. Бу экин учун кўп йиллик бегона ўтлар кам учрайдиган майдонларни танлаш талаб этилади. Ғалла экинларидан бўшаган майдонларни 20–22 см чуқурликда кеч кузда ёки эрта баҳорда (февраль-мартда) ағдариб ҳайдалади. Ерни экишга тайёрлашда ерни текислаш ҳамда бегона ўтларни йўқотиш учун 1 марта орқасига бороналар тақилган культиваторлар ёки дискали лушильниклар билан ишлов берилади. Бунда далани текис ҳолда экишга тайёрлаш келгусида комбайнлар билан ўриб олишда дон тўкилишини камайтиришга имкон беради.

Нўхатни экиш муддати барча майдонларда тупроқнинг механик таркибига ва об-ҳаво шароитига боғлиқ ҳолда тупроқнинг етилиши билан олиб борилади. Бунда ҳаво ҳарорати ўртача + 5°С дан ошганда экишни амалга ошириш ҳисобига ниҳолларнинг тўлиқ униб чиқишига, тупроқдаги намликдан самарали фойдаланиш, юқори ҳосил олиш имконини яратади. Лалмикор майдонларда текислик қир-адирлик минтақаларда март ойининг биринчи ўн кунлигида экиш мақсадга мувофиқ. Тоғолди ва тоғли минтақаларида жойлашган лалмикор майдонларда апрелнинг биринчи, иккинчи ва учинчи ўн кунликларида экиш мақсадга мувофиқдир.

Иқлимнинг ўзгариши таъсирида баъзи ёғингарчилик кўп бўлган йилларда нўхатнинг илдиз чириш, фузариоз ва аскохитоз касалликлари билан ўсув даврида зарарланиши натижасида дон ҳосилининг кескин камайиб кетишига олиб келмоқда. Бундай ҳолатнинг олдини олиш учун экишдан 7–10 кун олдин бир тонна уруғ учун “Витавакс-200 ФФ” (2,5 кг), “Раксил” (0,7 кг), “Дармон-4” (3,0 кг), “Барака” (0,4 кг) препаратларини қўллаш тавсия этилади.

Нўхат навлари уруғларини экиш меъёрлари текислик қир-адирлик минтақасида жойлашган лалмикор майдонларда гектарига 220–250 минг, тоғолди ва тоғли минтақаларда 250–300 минг унувчан уруғ ҳисобида этиб белгиланган.

Экишдан кейин ҳосил бўладиган қатқалоқдан ва униб чиққан бегона ўтлардан халос бўлиш учун даланинг кўндаланги бўйича ўрта тишли бороналар билан ишлов берилиши талаб этилганда, экиш меъёри 10–15 фоизга оширилади.

Лалмикор майдонларда нўхат навларини тупроқнинг механик таркибига қараб 4-5 см чуқурликда экиш ниҳолларнинг бир текис униб чиқишига имкон беради.

Нўхат лалмикор майдонларда қатор оралари 45–60 см ҳисобида ғалла экиш ва бошқа махсус сеялкалари ёрдамида олиб борилади.

Экиш олдидан ёки экиш билан биргаликда 30–40 кг соф ҳолда фосфорли ўғитлар берилади. Тупроқнинг гумус (чиринди) миқдори кам бўлган унумдорлиги паст майдонларда гектарига 30–40 кг соф ҳолда азотли ўғитлар билан озиқлантириш ҳисобига ўсимликлар бўйининг баланд бўлишига ҳамда комбайн билан ўриб олишда нобудгарчиликни кескин камайтириш, ҳосилдорликни ошишига эришилади.

Нўхатнинг ўсиб-ривожланиш даврларида асосий эътиборни бегона ўтлардан тозалаш ва табиий намликни сақлаш учун агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун ниҳоллар униб чиқмаган майдонларда бегона ўтларни йўқотиш учун зиг-заг ўткир тишли бороналар билан тупроққа ишлов берилади.

Нўхат далаларида пайдо бўладиган кўп йиллик бегона ўтларни йўқотиш учун қатор оралари культиватор ёки қўл кучи ёрдамида ишлов берилади. Нўхатда учрайдиган аскохитоз касаллиги об-ҳаво серёғин келган йиллари ҳаво нисбий намлиги ривожланишига қулай келган даврда кучли зарар келтириши мумкин. Бундай шароитда нўхатнинг қатор ораларига кўпроқ ишлов бериш ҳамда гектарига “Фоликур”, “Байлетон”, “Бампер”, “Дуплет ТТ” препаратларини 1,0 л, “Титул” препаратини 0,5 л ҳисобида қўллаш эвазига ўсимликлар кучли зарарланишининг олди олинади.

Нўхат донлари асосан 85–90% пишиб етилгандан сўнг ғалла ўриш комбайнлари барабанларини дақиқасига 400–500 айланишига ростлаб ўрилади. Шунингдек, қўл кучи ёрдамида пояси билан ўриб олинади ҳамда дала шароитида ёки махсус майдонларга келтириб, янчилади.

Дуккакли экинларнинг инсонларнинг оқсилга бўлган талабини қондиришда ва тупроқ унумдорлигини сақлаш, қайта тиклашдаги беқиёс аҳамиятини инобатга олган ҳолда фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқаларида етиштириш ҳисобига оилаларнинг даромадларини ошириш имкониятлари яратилади.

А. Умурзаков,

К. Исаков




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech