Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
9 Апрел 2019 00:00

Кейинги йилларда мамлакатимизда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик соҳаларини жадал ривожлантиришга давлатимиз раҳбарияти томонидан жиддий эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароит ва имкониятлар натижасида республикамиздаги барча тоифадаги хўжаликларда чорва моллари бош сони, уларнинг маҳсулдорлиги ҳамда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмлари йил сайин ортиб бормоқда.

Чорва моллари бош сонини янада кўпайтириш, маҳсулдорлигини ошириш борасида қуйидаги баҳорги тадбирларни амалга оширишни тавсия қиламиз.

Қорамолчиликда молхона ҳавосининг ҳарорати, нисбий намлиги, зарарли газлар (аммиак, кўмир ангидриди, мерконтан) миқдори энг муҳим зоогигиеник шартлар ҳисобланади. Ҳавонинг ҳарорати ўртача 16–20°С, нисбий намлик 45–70 фоиздан ошмаслиги керак.

Чорва моллари сақланадиган биноларда белгиланган микроиқлим кўрсаткичларидан бирортаси меъёрдан ошса ёки камайса, ҳайвонларнинг физиологик ҳолатига салбий таъсир этиб, маҳсулдорлиги пасаяди ва турли касалликларга чалинишига сабаб бўлади.

Молхоналардаги гўнглар узлуксиз тозаланиши ва дезинфекция қилиниши, моллар ҳар куни камида икки соат сайрга чиқарилилиши керак. Бунинг учун молхона ёнида кичикроқ бостирмалар қуриш мақсадга мувофиқ. Ҳайвонларни турли юқумли касалликлар ва зарарли ҳашаротлардан ҳимоя қилиш мақсадида молхона атрофини тоза сақлаб, гўнгини вақтида йиғиштириб олиш, ҳашаротларни йўлатмайдиган дезинфекцияловчи эритмалар билан молларга ишлов бериб туриш тавсия этилади. Бунда 0,1 фоизли “Неацидол”, 3 фоизли “Креолин” ва 25 фоизли “Циперметрин” препаратларининг эритмаларини қўллаш яхши натижа беради. Янги эритилган оҳак жуда кучли дезинфекциялаш хусусиятига эга ҳисобланиб, баҳор бошланиши билан молхона деворларига ҳар ойда 1 марта оҳак билан ишлов берилса, молхонанинг санитария ҳолатини ва ҳавонинг тозалигини яхши сақлаб, турли юқумли ва юқумсиз касалликларнинг олдини олиш имконини беради.

Эрта баҳорда, яъни март-апрель ойининг бошларидан кечиктирмаган ҳолда бузоқларни пастереллёз касаллигига қарши эмлаш зарур.

Қон-паразитар касалликларнинг олдини олиш учун қорамолларни “Полиамиддин” препарати билан ҳар 20 кунда 1 марта мускул орасига 100 кг тирик вазнига 5 мл. дан эмлаб туриш лозим.

Молларни зах, ифлос ва совуқ молхоналарда сақламаслик, молхонада турли заҳарли газлар – карбонат ангидрид, аммиак-олтингугурт оксидлари ҳосил бўлишининг олдини олиш, ҳайвонларни вақти-вақти билан сайрга чиқариш, ҳайвонлар рационида етарли миқдордаги озиқ моддалар, витаминлар, микроэлементларнинг бўлиши турли микроорганизмлар, замбуруғлар, бир ҳужайрали паразитларнинг ривожланишига йўл қўймайди ҳамда турли юқумли ва юқумсиз касалликлар келиб чиқишининг олдини олади.

Қўйчилик республикамиз аҳолисини гўшт билан таъминлашда муҳим ўрин эгаллайди. Мамлакатимизда қўйчиликни янада ривожлантиришга бир қатор омиллар салбий таъсир кўрсатади. Улардан асосийлари — қўйларни тўйимли ва сифатли озуқалар билан таъминламаслик, уларнинг турли юқумли, юқумсиз ва инвазион касалликларга чалинишининг олдини олиш ҳамда касалликлар қайд этилган ҳолларда даволаш тадбирларини ўз вақтида олиб бормасликдир.

Чорва моллари бош сонини кўпайтириш мақсадида сақланаётган қўйлар асосан она қўйлардан, камроқ бўлса-да, ўстиришга олиб қолинган урғочи қўзилардан иборат бўлади. Совлиқлар асосан октябрь-ноябрь ойларида қочирилади ва февраль ойининг охири март ойларида улардан тул олинади, яъни қўзилатиш мавсуми бўлиб ўтади. Бу мавсумда аввало қўйларни сақлаш шароитига алоҳида эътибор бериш керак, яъни қўзилар учун алоҳида қўзихоналар ташкил қилиш лозим.

Бўғоз қўйларни ҳар куни 10–12 км, қўзилаган қўйларни эса 6–8 км масофани босиб ўтадиган жойларга боқиб келиш зарур. Қўйларни яйловларга ҳайдашдан олдин, эрталаб, албатта, дағал озуқалар (беда, янтоқ, сомон, маккажўхори, ҳар хил ўтлар пичани ва бошқалар) берилиши керак. Чунки, эрталаб куннинг ҳароратига қараб совуқ кунлари қиров, илиқ кунларда эса шудринг тушган бўлади. Шунинг учун қўйларни яйловга қиров ёки шудринг кўтарилгандан сўнг ҳайдаб боқиб келиш тавсия этилади.

Қўйлар қиров ёки шудринг ҳолатида яйловга боқилса, бундай вақтларда озуқанинг совуқлиги сабабли ошқозон-ичак тизимида модда алмашинуви бузилади. Ҳазм тизимида муҳитнинг ўзгариши турли касаллик қўзғатувчиларининг фаоллашувига олиб келади, бунинг оқибатида қўйларда касалликлар тарқалади, кўпинча бола ташлаш ҳоллари кузатилади. Қўйларни суғоришни тушдан сўнг, куннинг иккинчи ярмида амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Кучли озуқаларни хўжалик имконияти ҳамда қўйларнинг семизлик даражасига қараб кечки пайт бериш тавсия қилинади. Баҳор ойларида иқлим шароити анча ўзгарувчан бўлади. Ўртача ҳарорат 20°С дан ошган вақтларда қўйларни тунги соат 2–4 оралиғида яйловга боқиб келиш жуда фойдалидир.

Бўғоз қўйларни озиқлантириш ва асраш улар бўғозлигининг охирги 45 кунида ҳомиланинг жадал ўсишини ҳисобга олиб амалга оширилиши лозим. Қўйларнинг семизлик даражасини 20 февралдан 15 мартгача сақлаш лозим. Бу даврда қўзиларга она қўйлардан озуқа моддаларининг ўтиши ўта жадал кечади ва шу даврда қўйларни тўйдириш лозим.

Қўйлар соғлигини таъминлаш улардан насл олиш даражасини оширади, яъни туёқ сонининг ошишида катта роль ўйнайди. Шунинг учун хўжаликларда йил давомида, жумладан, баҳор фаслида ҳам тегишли ветеринария тадбирларини ўз вақтида ўтказиш шарт.

Қиш мавсуми тугаб, баҳор бошланишида қўйлар кўпинча ориқлайди. Шунинг учун, аввало барча қўйларни инвазион касалликлардан эктопаразитларга (бит, бурга, кана) қарши таркибида ивермектин сақловчи препаратлар билан тери остига инъекция қилиш тавсия этилади.

Қўйхона ва унинг атрофлари эктопаразитозлар қўзғатувчилари (бит, бурга, кана, чивин)га қарши инсектоакарицид препаратлар (25 фоизли “Циперметрин”нинг 0,015–0,02 фоизли ишчи эмульсияси) билан дезинсекция ва дезакаризация қилинади.

Шу билан бир вақтда қўйлар ошқозон-ичак, жигар ва ўпкада ривожланадиган гельминтлар чақирадиган гельминтоз касалликларининг олдини олиш мақсадида антигельминтиклар (“Альбен” таблеткаси, 2,5 фоизли “Альбазен”, 10 фоизли “Альбендазол”, “Уз-Альбен”, “Уз-Альбендекс”) белгиланган йўриқномаларга асосан берилиши лозим.

Баҳор ойларида кўп учрайдиган ва қўйчиликка жиддий зарар келтирадиган қўйларнинг ўта хавфли брадзот ва энтеротоксемия касалликларининг олдини олиш учун қўйларнинг мускул орасига 1 мл. дан вакцина билан эмланади.

Янги туғилган қўзиларни ёпиқ, иссиқ бинода сақлаб, уларни онаси билан топиштириб турилади. Она қўй сутсиз бўлса, қўзисини бошқа сутдор қўйга эмиздирилади.

Ёш туғилган қўзиларни колибактериоз ва сальмонеллёз касалликларига қарши 2 мл. дан тери остига вакцина билан эмлаш зарур.

Агар қўйчилик фермер хўжалиги ёки яқин атрофдаги қўйчиликка ихтисослашган хўжаликлар ценуроз (айланчиқ) касаллигидан носоғлом бўлса, туғилган қўзиларни 2 ойлигида ушбу касалликка қарши эмлаш керак.

Шунингдек, хўжалик шароитида қўйчилик отарларидаги итлар ҳам антигельминтиклар билан гижжасизлантирилади.

Балиқчилик. Балиқчиликда юқори маҳсулдорликка эришиш учун биринчи навбатда яхши насл берувчи ота-она тўдасини танлаш, парваришлаш, шунингдек, инкубация цехларида малакали мутахассислар ёрдамида кўп миқдорда личинка олиш билан боғлиқ.

Эрта баҳорда сувнинг ҳарорати 12–14°С га етганида она балиқлар тўдаси бонитировкаси ўтказилади. Қишлов ҳовузидаги балиқларнинг ҳаммаси овланиб, иккала жинсга мансуб насл берувчи балиқларнинг маълум қисми саралаб олинади. Бунда балиқлар тури ва наслига қўйиладиган талабларга жавоб берадиган етук балиқлар саралаб олинади. Етилмаган балиқлар кейинги йилларга етилиш учун қолдирилади. Бонитировкадан сўнг балиқлар, то улар увилдириқ қўйишига қадар, жинсига қараб алоҳида сақланади.

Балиқларни жинсига кўра ажратишнинг ҳар бир балиқ тури учун ўзига хос усуллари мавжуд. Масалан, баҳорги бонитировка даврида карп балиғи урғочисининг қорни яхши кўриниб туради ва гениталияси тегишли кўринишга эга бўлади. Дўнгпешона ва амур балиқларининг барча етук эркакларида кўзга ташланадиган белгиси – кўкрак сузгичининг биринчи ёйидаги кертикларидир. Урғочиларида эса бу ёй силлиқ бўлади. Урғочи балиқлар увилдириқ қўйишга тайёр эканлигини қорнидан ҳам билиш мумкин.

Сунъий равишда урчитишда инъекция қилинган балиқларни сақлаш учун сув берилиши осон бошқариладиган кичик ҳовузчалардан фойдаланилади. Шунингдек, балиқни бевосита инкубация цехидаги ҳовузларда боқиш мумкин. Бунда фақат таркибидаги эриган кислороднинг миқдори етарлича бўлиши учун сув алмашувини, сув ҳарорати (20–24оС) ва тинчликни таъминлаш муҳимдир.

Юқоридаги тавсияларга амал қилиш чорвачилик ҳамда балиқчилик тармоғида иқтисодий самарадорликка ва сифатли маҳсулот етиштириш ҳамда тармоқни ривожлантиришда муҳим омил саналади.

С.Мавланов, Д.Деҳқонова,

У.Эргашев, Д.Джабборова 





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech