Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
9 Апрел 2019 00:00

Машина-трактор парклари, кластерлар, сервис ташкилотлари ва фермер хўжаликлари машина саройларида капитал ёки жорий таъмирдан чиқарилган ғалла комбайнлари туманлардаги махсус комиссиялар томонидан қабул қилиб олинади. Бу жараёнда қуйидаги узел ва деталларнинг сифати текширилади ва баҳоланади.

Занжирлар ва тасмалар. Занжир пластиналари ва втулкаларида эзилган жойлар ва ёриқлар бўлишига йўл қўйилмайди. Занжир қадами КИ-6814 асбоби ва ШЦ-II-400-01 штангенциркул билан ўлчанади, қадам ошиб кетган бўлса, занжирдан бир ёки икки звено олиб ташланади, бу ҳам наф бермаса, янгисига алмаштирилади. Понасимон, текис ва тишли тасмаларда ёриқлар, қатламларга ажралган кордлар, шишлар, бурмалар бўлмаслиги керак. Сиртлари ялтираб едирилиб кетган, иплари очилиб қолган ва таранглашга захираси қолмаган (ортиқча чўзилиб кетган) тасмалар алмаштирилади.

Юлдузчалар ва шкивлар. Юлдузча тишларида синган, эзилган ва ҳажмий ейилган жойлар бўлмаслиги керак. Тишлари синган юлдузчалар алмаштирилсин. Тишларнинг ейилиш даражаси калибрлар ва шаблонлар ёрдамида баҳоланади. Агар калибр икки ёнма-ён тиш орасига эркин кириб борса, бундай юлдузчани алмаштириш зарур. Шкивларда синган ва қаттиқ деформацияланган болтлар бўлишига йўл қўйилмайди.

Шкив ёхуд юлдузчани қўлда у ёки бу томонга кескин айлантиринг. Шпонкали бирикмада тирқиш кенг­лигини ва шпонкалар қирраларини текширинг, тирқиш катталашган ҳолда ариқчаларга суюқ металл қоплаб, уни торайтириш лозим бўлади.

Подшипникли бирикмалар ва валлар. Подшипник корпуси ва зичлагичи текширилсин. Корпусда ёриқлар бўлмаслиги керак. Зичлагичдан мой сизиб чиқаётган бўлса, подшипникни очинг, сепараторлар, соққалар, айланиш йўлларини кўздан кечиринг. Агар металл сиртида чарчаганлик ранги, ёриқлар, едиришлар, ишчи юзаларни эзилиши топилса, подшипник алмашади. Агар бу деталлар соз бўлса, фақат мойни қўйиб юборадиган зичлагичгина алмаштирилади. Подшипник втулкаси тортилган, валга маҳкам шплинтланган бўлиши лозим.

Вални айлантиринг. У енгил, қадалишларсиз ҳаракатланиши керак. Валнинг учига ўрнатилган шкив ёки юлдузчани икки қўллаб кескин кўтаринг. Подшипникли бирикмада тирқиш сезилса, унинг қийматини КИ-1871.02 мослама ёрдамида ўлчанг. Бу қиймат рухсат этилганидан ошмаслиги даркор.

Шкив бортларининг ёнлама тепиши индикатор билан ўлчанади. Унинг қиймати 1-3 мм дан ошмасин. Агар ошса, шкивни ечиб олиб, валнинг тепиши текширилсин. Вал эгилган бўлса тўғрилансин, тепиш бунда ҳам йўқолмаса, шкив алмаштирилсин.

Сақловчи муфталар. Бошоқ, дон ва юклаш шнеклари, орқа контрюритмаси, мотовило, қия камера ва жатка шнегидаги сақловчи муфталар храповикларининг техник ҳолатини текширинг. Деталлари синган, едирилган ва эзилган муфталар таъмирланади. Сақловчи муфтани текшириш учун вал тормозланади, шкив ёки юлдузчага махсус ОПР-484-20 ричагли мослама ёрдамида 10–25 кгк.м қийматли максимал айлантирувчи момент берилади. Бунда шкив ёки юлдузча айланиб кетса, муфта деталлари текширувдан ўтказилади, аниқланган носозликлар бартараф этилади.

Қирқиш аппарати ва узатмаси. Деталларни текширинг. Уларда, айниқса сегмент пичоқларда синишлар, ёриқлар бўлмаслиги керак. Пичоқ суянчиғининг кенглиги энг камида 17 мм бўлиши лозим. Бармоқ вкладиши ва пичоқ каллаги орасидаги тирқиш кенглиги 3,25 мм. дан катта бўлса, брусдаги қистирмалар сонини камайтириш билан торайтирилади. Пичоқнинг тебраниш қадами 72,5 мм. дан катта ёки кичик бўлса узатма ростланади.

Шатун ва кривошип вали подшипникларидаги тирқиш кенглиги 0,2 мм, коромислода 0,8 мм, карданли вал вилкасида 0,3 мм. дан ошмаслиги зарур. Бу ишларни малакали механик бажаради.

Мотовило. Трубалар, планкалар, тортқилар, ёйлар, подшипниклар, дискалар деформациясиз ва ёриқларсиз бўлиши даркор. Айланиш вариатори пастки шкивининг гупчаги ва цилиндри орасидаги тирқиш 0,5 мм. дан, етакловчи диск гупчаги ва цапфаси орасидаги тирқиш 0,7 мм. дан ошмаслиги керак. Бу қийматлар индикатор билан ўлчанади.

Жатка шнеги. Винтсимон лента, кожухлар, бармоқлар ғилофи деформацияланганда, бармоқлар, втулкалар, маҳкамловчи деталлар синганда шнек қайта таъмирланади. Бармоқлар ғилоф тешикларига эркин кириб чиқиши керак, ўқи атрофида айланиши мумкин эмас. Ғилоф сирти ва шнек трубаси орасидаги тирқиш кенглиги 0,7 мм. дан ошганда ғилоф янгилансин.

Қия камера. Таглик лист оралиқ шитоги, юқори ва пастки қопқоқлар ёрилганда ва узилганда, занжир юналтиргичлари ейилганда камера таъмирланади. Шкив, юлдузча, занжирлар, подшипниклар, планкалар, пружиналардаги нуқсонлар бартараф этилади.

Янчиш аппарати. Дон савағичлар, уларни барабан (ротор) дискларига маҳкамловчи болтлар, барча битерлар ва шитоклар текширилсин. Савағич қовурғаларининг баландлиги 6 мм. дан кам бўлмаслиги лозим. Савағичлар маҳкамлигини болға билан енгил уриб текширинг. Қалтироқ овоз болтларнинг бўшаганидан далолатдир. Барабан валига ҳаракат берувчи шкив гупчагидаги шпонкали бирикмада тирқиш сезилмаслиги лозим. Барабан (ротор) рамага тўғри ўрнатилиши керак. Агар барабан савағичлари билан барабан остлиги (дека) планкалари орасидаги тирқишлар бирдай бўлса, бу талаб бажарилган ҳисобланади.

Барабан остлигининг турли планкалари ва прутоклари узилган ва қаттиқ эгилганда, йўналтирувчи шитоклар ва осиш механизми эксцентриги корпуслари едирилганда дека қўшимча таъмирга юборилади.

Дон тозалаш механизмлари. Тебранма доска, сомонсилкитгич, юқори ва пастки ғалвирлар, бармоқлар, юқоридаги ғалвир узайтиргичи, вентилятор, тебрантирувчи валлар деталларининг техник ҳолати текширилади. Қадалиб ишлаётган подшипниклар, синган ёки эзилган жалюзалар, бармоқлар, эгилган узайтиргичлар алмаштирилсин.

Тебранма доска, сомонсилкитгич ва ғалвирлар иш жараёнида бир-бирига ва рама корпусига тегмасдан ишлаши керак.

Шнеклар, элеваторлар. Винтсимон ленталар ва кожухлар узилганда ёки эзилганда, валлар эгилганда шнеклар таъмирланади. Корпуслари эзилган, ёрилган, доскалари едирилган элеваторлар носоз деб баҳоланади. Элеватор занжири ва юлдузчаси текширилсин. Резина қирғичларда учган ва титилган жойлар бўлмаслиги керак. Кожухи тешилган, ёрилган, парраклари синган вентилятор таъмирланади ёки алмаштирилади. Парраклар ва кожух орасидаги тирқиш бир хил бўлиши лозим. Энг асосийси, шнек ва элеваторлардан дон ва бошоқ тўкилмаслиги даркор.

Юриш қисми. Вариатор гупчак­лари орасидаги тирқиш кенглиги 0,5 мм дан катталашса, у таъмирланади. Узатмалар бир-бирига қийин қўшилса ёки ўз-ўзидан ажралса, илашиш муфтаси силтов билан уланса ёки шатаксираса, корпусда ёриқлар бўлса узатма қутиси ва муфта таъмирга тортилади. Тишлари синган ёки едирилган шестернялар носоз деб топилади. Ҳаракат давомида тормоз барабанлари ўз-ўзидан қизиб кетаверса ёки комбайн зарб билан тўхтаса, ғилдираклар тормозларини таъмирлаш талаб этилади. Пайванд чокларида ёриқлар пайдо бўлган, кронштейнлари узилган, дифференциал ва борт редукторлари корпуслари дарз кетган, шестернялари едирилган орқа ва олд кўприклар таъмирланади.

Гидравлик система. Шланг ва қувурлардан суюқлик томчиласа, бирикмалар тортилсин, шунда ҳам тўхтамаса, алмаштирилсин. Мойтақсимлагич ва гидроцилиндрлар равон қўшилиши ва ажраши лозим. Жатка 4 секунд ичида тепага кўтарилиши керак.

Тақсимлагич дастаги пружина таъсирида ишчи ҳолатдан нейтрал ҳолатга автоматик равишда қайтиши даркор. Дастакка қўйиладиган энг катта куч – 6 кгк. Агар гидробачокда мой кўпикласа гидроцилиндрлар штуцерлари гайкалари 1,5–2 оборотга бўшатилади ва системадан ҳаво чиқариб юборилади.

Барча насосларнинг созлиги КИ-4200 стендида текширилади. Зарур бўлса ейилган таркибий қисмлар янгиларига алмашади.

Ғалла комбайни буғдой пояларини пичоққа тик ҳолда яқинлаштириш, уларни тоза ўриш, пояларни янчиш аппаратига узатиш, бошоқдаги донларни шикастланмай янчиб олиш, донни сомондан батамом ажратиш, донни ифлос аралашмалардан тозалаш, бункерга йиғиш ва бункер тўлгандан кейин донни транспорт воситасига юклаш ишларини бир пайтда бажарадиган ғаройиб машинадир. Унинг самарадорлиги таъмирлаш ва ишга тайёрлаш сифатига ва комбайнер маҳоратига боғлиқдир.

М.Тошболтаев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech