Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
9 Апрел 2019 00:00

Жорий йилда ҳам ғўза етиштиришда об-ҳавонинг бошқа йилларга ўхшаш бўлмай, қиш фасли илиқ ва серёғин бўлиши чигит экиш мавсумидаги юмушларни ҳар йилгидан ўзгача ёндашув асосида ташкил этишни ҳамда экиш мавсумини 10-12 кун эрта бошлашни тақозо этмоқда. Шундай шароитда эртаги, тўлиқ ва соғлом кўчат ундириб олиш борасида илмий асосланган тавсияларимизни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Чигитни мақбул муддатларда экиш ва соғлом кўчат ундириб олиш эртаги, юқори ва сифатли ҳосил етиштириш гаровидир.

Экиш учун уруғлик чигитларга қўйилган талабларга мувофиқ, унинг унувчанлиги 90–95 фоиздан кам бўлмаслиги лозим. Фермерлар чигитнинг унувчанлигини ўзлари ҳам текшириб кўришлари керак. Буни улар 100 дона уруғлик чигитни уй шароитида иссиқхоналарда қумга экиб кўриб, 3–5 кунда униб чиққанларини санаб кўриш орқали ҳам аниқлашлари мумкин.

Чигитни экишда тупроқ намлиги ва ҳарорати, уруғлик сифати, чигитни дорилаш, намлаш, мақбул муддатда, меъ­ёрда ва чуқурликда экиш талаб этилади. Кўп йиллик илмий тадқиқот ишлари натижаларига кўра, тупроқнинг 10 см қатламидаги ҳарорат 12–14мС даража бўлганда тукли чигитларни, 14–16оС даража бўлганда туксиз чигитларни экишга киришилади, тупроқ ҳарорати 9–10оС бўлганда плёнка остига чигит экиш бошланади.

Тупроқ намлиги 65–70 фоиз бўлса ёки чигит экиладиган тупроқни қўлда олиб, зичлаб ерга ташлаб юборилганда сочилиб кетса ёхуд тракторнинг экиш агрегати тупроқни кесмаганда ва лой чиқармаганда, далага тракторнинг кириш имконияти бўлганда чигитни экиш бошланади.

Маълумки, дунё бўйича ғўзанинг 100 дан ортиқ касалликлари учрайди ва ушбу касалликлар таъсирида етиштириладиган ҳосилнинг 10–20 фоизи ёки ундан ҳам кўпроғи йўқотилади. Ўзбекистон шароитида ғўза касалликларидан бактериялар қўзғатадиган гоммоз ва замбуруғлар қўзғатадиган илдиз чириш, вертициллёз ва фузариоз вилт касалликлари кенг тарқалган.

Ерости сувлари яқин жойлашган, намлик юқори бўлган ерларда, серёғин ва салқин об-ҳаво кузатиладиган ёки кучли қатқалоқ ҳосил бўладиган ҳамда сифатсиз уруғлик чигитлар экилган ёки чигит жуда чуқур экилган ерларда илдиз чириш касаллиги келиб чиқади.

Агар тупроқ ва ҳаво ҳарорати паст, ерда намлик юқори ва юза қисмида қатқалоқ ҳосил бўлса, тупроқда касаллик чақирувчи патогенлар учраса ёки чигит фунгицидлар ва стимуляторлар билан ишлов берилмаган бўлса, гоммоз касаллиги келиб чиқади.

Шу сабабли илдиз чириш ва гоммоз касалликларига қарши ўз вақтида қарши кураш чоралари кўрилиши, фунгицид ва стимуляторлар билан ишлов берилиши, уруғлик чигит экишга сифатли тайёрланиши ва мақбул муддатларда экилиши талаб этилади.

Илдиз чириш, гоммоз ва вилтга чалинган ғўза ниҳолларининг ўсиб-ривожланиши сусаяди, айримлари нобуд бўлади, кўчати сийраклашади, ҳосилнинг миқдори ва сифати пасаяди. Шу сабабли уруғлик чигитлар экишдан олдин уруғдорилар ва стимуляторлар билан албатта дориланиши шарт. Чигитни дорилашда П-4, Далброн ва бошқа уруғдорилар билан бир қаторда "Узгуми", "Фитовак", "Байкал ЭМ1" ва бошқа стимуляторлардан фойдаланиш мумкин.

Пахта тозалаш ёки уруғлик чигит тайёрлайдиган заводлардан келтирилган тукли чигитларни экиш олдидан намлашга катта аҳамият бериш керак.

Чигитни намлаш ишлари табақалаштирилган ҳолда амалга оширилади. Тукли чигитнинг 1 тоннасини намлаш учун 600 литр сув сарфланади.

Чигитни намлаш ишлари олдиндан тайёрланган (асфалтланган ёки бетонланган) махсус майдончаларда ўтказилади. Бундай майдончаларнинг бўйи 5–6 м, эни 2,5–3 м ва баландлиги 30–35 см катталикда бўлиши мумкин. Бунда намлаш вақтидаги сув оқиб кетишининг олди олинади. Чигитни намлаш вақтидаги қалинлигини 20-25 см дан оширмаслик зарур. Намлаш 3 босқичда: биринчиси 3–4 соат, иккинчиси 4–5 соат, учинчиси 5–6 соатда ўтказилиб, 200 литрдан сув сарфланади, шундагина чигитнинг тўлиқ ва сифатли намланишига эришилади, бундай чигит сувга бўртиб, тўйинади, қобиғи юмшайди. Бу эса нам­лиги кам бўлган тупроқларда ҳам унинг униб чиқишига ижобий таъсир этади.

Республикамизнинг ноқулай об-ҳаво шароитида чигитни хатосиз, соғлом ва эрта ундириб олиш муаммосини ҳал этиш йўлларидан бири биостимулятор ва ўсишни созловчи моддалар билан уруғларни экиш олдидан ва ўсимликнинг вегетацияси даврида қўллаш технология­ларини ишлаб чиқиш ва уларни такомиллаштириб бориш ҳам муҳим чора-тадбирлар қаторига киради.

Уруғлик чигитларни намлаш билан биргаликда экиш олдидан, ёки уруғлик чигит тайёрлаш заводларида тукли ва туксиз чигитларга ўстирувчанлик хусусиятига эга стимуляторлардан "Узгуми" 0,7–0,8 л/т, "Фитовак" 200–300 мл/т, "Байкал ЭМ1" 3,0–3,5 л/т меъёрларда ишлов бериш ноқулай об-ҳаво ва тупроқ шароитида ҳам чигитнинг унувчанлигини оширади, касалликларга бардошлилиги кучаяди, илдиз тизимини бақувват ривожлантиради ва тупроқнинг табиий намлигидан унумлироқ фойдаланилади, ўсимликнинг ўсиб-ривожланишини, ҳосил тўплашини тезлаштиради.

Чигитни намлашда махсус кийимлар кийган ишчилар бир-бирига қарама-қарши туриб, ёғоч курак билан чигитни бетўхтов аралаштириб туришлари керак. Чигит талаб даражасида намлангач, бир жойга тўпланади ва 3–4 соатга димлаб қўйилади.

Турли муддатларда экиладиган чигитнинг намлангандан кейин сақланиш муддати 12 соатдан ошмаслиги керак. Энг қулай муддатда ёки кечикиб экиладиган жойларда чигитни узоғи билан 18 соат сақлаш мумкин, холос. Намланган ва талаб даражасида димланган уруғлик чигит қопларга солинади ва далаларга олиб борилади.

Фермер хўжалиги раҳбарлари уруғлик чигитни намлашда бир кунда қанча майдонга экилишини, далага олиб бориш ва бошқа ишларга кетадиган вақтларни ҳам ҳисобга олиши, шунга қараб қанча миқдорда чигитни намлашни режалаштириши мақсадга мувофиқдир.

Чигитни ўз вақтида мақбул муддатларда экиш ҳам жуда муҳим аҳамиятга эгадир. Кўп йиллик илмий тадқиқотлар натижасида республикамиз ҳудудларида чигит экишнинг энг мақбул муддатлари аниқланган. Унга кўра, чигит экишнинг мақбул муддати Қорақалпоғистон Респуб­ликасининг жанубий туманларида 10-25 апрель, шимолий туманларда 15–30 апрель, Хоразм вилоятида 10–25 апрель, Тошкент ва Фарғона вилоятларида 5–15 апрель, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида 1–15 апрель, Наманган ва Андижон вилоятларида 1–15 апрель, плёнка остига экишда 20 март–1 апрель, Самарқанд вилоятида 5–20 апрель, Бухоро ва Навоий вилоятларида 1–15 апрель, Қашқадарё вилоятининг жанубий чўл туманларида 25 мартдан–15 апрелгача, тоғ олди туманларида 1–15 апрель, Сурхондарё вилоятининг жанубий туманларида 25 март–10 апрель, шимолий туманларида 1–15 апрелга тўғри келади. Ушбу муддатлар жорий йилнинг об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб, олдинги йиллардан 10–12 кун эртароқ ўтказилиши мумкин.

Тупроқ турлари ва механик таркибига қараб чигит экишнинг энг маъқул чуқурлиги 4–5 см, секин қизийдиган оғир тупроқларда 3–4 см бўлиб, тукли чигитлар гектарига 45–55 кг, туксиз чигитлар 25–30 кг экилса, тўлиқ ва соғлом кўчат олишни таъминлайди.

Чигит экиш ишлари тўлиқ тугатилиши учун далалар чети, симёғоч ва ўқариқлар атрофи ҳам қўлда экилган бўлиши керак. Шундагина барча майдонларда тўлиқ гектарлар ҳосил қилинади.

Унумдорлиги паст, балл бонитети 30–40 ва 50 балл, механик таркиби енгил ва ўрта тупроқларда, кўчат олиш қийин ва нишаблиги юқори бўлган жойларда чигитни қўшқаторлаб экиш тавсия этилади, бунда 1,5 баробар кўп кўчат олиш имконияти туғилади ва бу усулда туксиз чигитлар 35–40 кг сарфланиб экилади. Чигит қўшқаторлаб экилганда пахта 10-13 кун эрта очилади ва ҳосилни қисқа муддатда йиғиштириб олиш учун шароит яратилади.

Чигит экиш сеялкаси 90 см. ли (60х30х12-1) схемада қўшқаторлаб бир йўла 8 қаторга чигит экишга мўлжалланган бўлса, ушбу сеялка бир вақтнинг ўзида 60 см. ли қатор ораларини 30 см. ли кенгликдаги пушта устига қўш қаторлаб (қатор орасига 30 см, уялар ораси 12 см) экади. Қўшқаторлаб экишда ҳар гектарда оддий усулга нисбатан деярли 1,5 баробар кўп кўчат бўлишига эришилади. Шунинг билан биргаликда, қатор оралиғи 60х40, 80х40, 65х55 см ва бошқа схемадаги қўшқатор усулида чигит экиш ҳам синаб кўрилмоқда.

Чигит экиш пайтида уруғнинг бир хил чуқурликка тушиши, қаторларнинг тўғри чиқиши, туташган қаторлардаги (маркёр) масофа бир-хил бўлишига алоҳида аҳамият бериш зарур.

Чигитни экиш билан бир вақтда гектарига соф ҳолатда 15–20 кг азотли, 20–25 кг фосфорли ўғитлар сеялкага ўрнатилган махсус мосламалар ёрдамида экиш чизиғидан 5–7 см четга, 12–15 см чуқурликка солинади. Бегона ўтларга қарши «Стомп» гербициди гектарига 0,8-1,0 кг, Которан 1,2 кг меъёрларда сепилиши яхши самара беради ва бегона ўтлар сонини кескин камайтириб, ниҳолларнинг ўсишига қулай шароит яратилади.

Чигит экишни мақбул муддатларда, агротехник талабларга риоя қилган ҳолда ўтказиш, ерга қадалган уруғни тупроқдаги табиий нам ҳисобига ундириб олишни ҳамда майдонларда тўлиқ гектарлар ҳосил қилишни таъминлайди.

Ниҳоллар тўлиқ ундириб олингандан сўнг, далаларнинг тупроқ шароитига ва ғўза навига қараб яганалашга киришилади. Яганалашнинг энг мақбул муддати 1–2 чингбарг пайдо бўлганда ўтказишдир, ушбу муҳим тадбирни 3–5 кун кечиктириб ўтказиш ҳисобига пахта ҳосили 2–3 центнерга, ундан кечиктирса 4–5 ц/га. га камаяди. Яганалаш сифатсиз ўтказилганда кўчат қалинлиги юқори бўлади ва ғўзанинг сув, озиқадан фойдаланиш кўрсаткичи камайиб, пахтадан 15–20% кам ҳосил олинади.

Яганалаш мақбул муддатларда ўтказилган майдонларда ғўзанинг ўсиб-ривожланиши жадаллашади, озиқа элементлар билан таъминланиши ошади, эртаги, мўл ва сифатли пахта ҳосили олинади.

Яганалаш ишларини 8–10 кун муддатда якунлаш лозим. Бунда, нимжон, ҳашаротлар ва касалликлар билан зарарланган, ривожланиши суст бўлган ниҳоллар олиб ташланиб, фақат соғлом ниҳоллар қолдирилади. Кўчат қалинлиги яганалашдан 7–8 кундан сўнг яна бир бор текширилиб, қалин қолган, кейин унган ниҳоллар олиб ташланиб, тўлиқ ва текис гектар ҳосил қилинади.

Пахта майдонларида ғўзани яганалашда ўлчов таёқчаларидан (шаблон) фойдаланиш яхши самара беради.

Республикада бу муҳим тадбирни тупроқ-иқлим шароити, ғўза навларининг биологик хусусиятлари, тупроқ унумдорлиги ва бошқа омиллардан келиб чиқиб қуйидаги тавсиялар асосида олиб бориш мақсадга мувофиқдир:

эртапишар "Султон", "Бухоро-102", "Андижон-35", "Андижон-36" навлари учун экиш тизимига асосан гектарига 90-100 минг туп, "Наманган-77", "Ан-Баяут-2", "Омад", "С-4727" навлари ҳамда ўртапишар "С-6524" нави учун энг мақбул кўчат калинлиги 110–130 минг туп, "Хоразм-150", "Андижон-37", "Бешқаҳрамон", "Наманган-34" навлари учун 100–110 минг туп;

ўртапишар "Бухоро-6", "Бухоро-8", "Меҳнат", "Хоразм-127" навлари учун экиш тизимига асосан 80–100 минг туп/га кўчат қолдирилади.

Кўчат қалинлиги бир қаторлаб экишга нисбатан ўртача унумдор тупроқларда 20–30, унумдорлиги паст тупроқларда 35–40 фоиз кўпроқ қолдирилади.

Ўтказилган тажрибаларга асосан ғўзани қўшқаторлаб экишда 65х25-17х1 схемада 120 минг, 65х25-15х1 схемада 140 минг ва 65х25-14х1 схемада 160 минг кўчат қалинлиги тавсия этилади.

Мазкур тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли қилиб ўтказилиши фермерларимизнинг кузги хирмони баракали бўлишига муҳим замин яратади.

Ш.Абдуалимов, Ф.Хасанова,

Ш.Каримов, Ф.Абдуллаев,

ПСУЕАИТИ илмий ходимлари





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech