Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
9 Апрел 2019 00:00

Ғўза қатор ораларига ишлов бериш жараёнида янги ўсиб чиққан бегона ўтлар йўқотилади, қаттиқ ёмғирдан кейин ҳосил бўладиган қатқалоқ бартараф этилади, қаторлар орасидаги тупроқ юмшатилади, қатор (пушта)ларнинг ён томонларига ва эгатларнинг ўртасига минерал ўғит солинади ҳамда суғориш эгатлари олинади.

Биринчи культивацияни ўтказиш. Фермер ва механизаторлар ғўза қатор ораларини биринчи культивациялашга пухта тайёргарлик кўришлари ва бу тадбирни ўта зийраклик билан амалга оширишлари керак. Чунки бу пайтда ғўза ниҳоллари ва уларнинг илдизлари ниҳоятда нозик ва мўрт бўлади. Эътиборсизлик билан берилган биринчи ишлов бир қисм ниҳолларнинг нобуд бўлишига олиб келади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва тадбирни сифатли ўтказиш қуйидаги талабларнинг тўла-тўкис бажарилишига боғлиқдир:

• культиваторни юқори малакали механизатор бошқариши шарт;

• далаларда ғўза ниҳоллари униб чиқиб, қаторлар яққол кўзга ташланиши билан биринчи культивацияни бошлаш (акс ҳолда агрегатни тўғри, барқарор юргизиб бўлмайди);

• ишчи органларни тупроққа бирмунча юза ботадиган қилиб ўрнатиш (акс ҳолда нозик ғўза илдизлари ўрнидан қўзғалади ва ниҳоллар нобуд бўлади);

• биринчи культивацияда трактор тезлигини 2,84–4,88 км/соатдан оширмаслик.

Кейинги культивациялаш ишлари пахта майдонларини ҳар галги суғоришдан сўнг тупроқ тобига келган пайтда ўтказилади. Шундагина майда ва донадор тупроқ ҳосил бўлади.

Бегона ўтларни йўқотиш. Қатор ораларидаги бегона ўтларни йўқотиш мақсадида культиваторга қуйидаги ишчи органларни ўрнатиш: дисксимон юмшатгич – 8 дона (4 таси чап кесувчи, 4 таси ўнг кесувчи), ниҳоллардан 5–7 см узоқликда ва 6–8 см чуқурликда; пичоқлар – 8 дона (4 таси чап кесувчи, 4 таси ўнг кесувчи), ниҳоллардан 9–10 см узоқликда ва 6–8 см чуқурликда; стрелкасимон панжаларни (ғозпанжалар) – 5 дона, эгатнинг ўртасига 12–14 см чуқурликда ўрнатиш.

Қатқалоқни бартараф этиш. Ёмғирдан кейин тупроқ бетини қатқалоқ босган бўлса культиваторларга қуйидаги ишчи органларни ўрнатиш: ротацион юлдузча – 8 комплект (ниҳоллардан 3–5 см узоқликда ва 3–5 см чуқурликда); қамраш кенглиги 165 мм. ли пичоқлар – 8 та (4 та чап кесувчи, 4 та ўнг кесувчи) 6–8 см чуқурликда; ўқёйсимон панжалар – 5 дона, 12–14 см чуқурликда.

Ғўза қатор орасидаги тупроқни юмшатиш. Қатор ораларини қатламлаб юмшатишда, қаторлар ораси 60 см бўлганда 5 дона юмшатувчи панжа 4–6 см чуқурликда ишлайдиган қилиб ва битта ўқёйсимон панжа 12–14 см чуқурликда, қаторлар ораси 90 см бўлганда, ҳар бир қатор орасига 7 дона юмшатувчи панжа 4–6 см чуқурликда ишлайдиган қилиб ва битта ўқёйсимон панжа 14–18 см чуқурликда ўрнатилади. Ўқёйсимон панжалар қаторлар орасининг қоқ ўртасида юрадиган қилиб жойлаштирилади.

Суғориш эгатларини очиш ва минерал ўғит солиш. Суғориш ариқларини очиш билан бир вақтда тупроққа ўғит солиш учун культиваторларга ўғит сош­никлари ва эгаточгичлар ўрнатилади. Эгаточгичлар қаторлар орасининг марказида юрадиган қилиб жойлаштирилади. Қатор оралиғи 60 см бўлган далаларни биринчи озиқлантиришда ўғит сошниклари қўчатлардан 15–18 см масофада, 12–14 см чуқурликка ўрнатилади. Иккинчи ўғитлашда масофа 18–20 см. гача, чуқурлик эса 14–16 см. гача оширилади. Сўнгги ўғит комбинациялашган иш органлари ёрдамида қатор оралиғининг ўртасига берилади. 90 см қатор оралиқларида биринчи ўғитлашда сошниклар кўчатлардан 15–18 см, иккинчи ўғитлашда – 20–22 см ва учинчи ўғитлашда – 28–30 см масофада жойлаштирилади. Сошникларнинг юриш чуқурлиги биринчи ўғитлашда 12–14 см, кейингиларида – 14–16 см. ни ташкил этади.

Маълумки, ғўзани ҳосил тўплаш вақтида ўтказиладиган культивацияларида ҳосил тугунчалари ва кўсакларни тўкмаслик мақсадида культиваторнинг рамалари ва ишчи органларнинг стойкалари ҳимоя воситалари ва юмшоқ материаллар билан ўраб қўйилади.

Ғўза ҳосил шохлари 12–14 донага етганда қатор ораларини культивациялашни ғўза туплари ўсув нуқталарини механик чилпиш билан биргаликда ўтказиш яхши самара беради.

Ғўзанинг шоналаш давригача бўлган муддатларда тупроқдаги намни узоқ сақлаб туриш учун қатор оралари 90 см бўлганда махсус мосламалар ёрдамида 20–25 см чуқурликда юмшатилади, қатор ораси 60 см бўлганда юмшатиш чуқурлиги 18–22 см атрофида ўрнатилади.

Шуни эсда тутиш лозимки, культиваторнинг ишчи органлари доимо тупроқ билан ўзаро таъсирда бўлади. Натижада қатқалоқ юмшаткичнинг ниналари синади ёки эгилади, дисклар ва пичоқларнинг тиғлари ўтмаслашади, юмшаткичлар тумтоқлашади, ўқёйсимон панжалар туби едирилиб кетади. Бундай ҳолатга келиб қолган ишчи органлардан фойдаланиб бўлмайди – культивация сифати тубдан ёмонлашади. Шу боис носоз органлар дарҳол янгиларига алмаштирилади.

М.Тошболтаев,

А.Ибрагимов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech