Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
9 Апрел 00:00

Республикамизда кеч кузда ҳаво ҳароратининг салқин қиш ойларининг эса ҳар йилгига нисбатан қуруқ ва илиқ келиши кузги бошоқли дон экинлари ривожланишига, ўз таъсирини кўрсатди. Бу ҳолатда ғалла ривожининг яхшиланиши билан бирга, касаллик ва зараркунанда ҳашаротларнинг ҳам нобуд бўлмасдан қишлаб чиқишига қулай муҳит яратди. Жорий йилда зарарли ҳашаротлар пявица (ғалла шиллиққурт), шира, трипс, поя арракаши, зарарли хасва кабилар ҳар йилгига нисбатан ғалла майдонларига 10—15 кун эрта тарқалиши кузатилмоқда.

Қишнинг илиқ келиши натижасида ғалла майдонларида турли бегона ўтларнинг ҳам яхши ривожланиши, айниқса ёввойи сули, райграс каби бир паллали бошоқли бегона ўтлар 5—6 тагача туплашига шароит яратди. Шунинг учун, бегона ўтларнинг тарқалиш ҳудудлари ва турларини аниқлаш, бир йиллик ва кўп йиллик бегона ўтларнинг турларига алоҳида эътибор берган ҳолда самарали гербицидлардан ғалланинг тўлиқ найчага ўтгунга қадар фойдаланиш лозим.

Апрель ойи ғалланинг найчалаш даври давом этаётган пайти ҳисобланади. Тупроқдаги намлик, ҳарорат ва озуқа моддаларнинг миқдори етарли бўлганда бу давр тез ёки аксинча бўлганда жуда секин ўтади. Поянинг ўсиши бошоқли дон экинларининг гуллаш давригача, айрим ҳолатларда доннинг шаклланишигача давом этиши мумкин. Бунда тупроқнинг дала нам сиғими 70—75 фоиздан кам бўлмаслиги керак, шунда найчалаш даври самарали бўлиб, ҳар бир маҳсулдор поя тез найчалашга ўтади.

Ғалланинг найчалаш фазасида азотли ўғитлар йиллик меъёрининг 40—50 фоизи (физик ҳолатда 300-320 кг) берилади. Бундан ташқари, ниҳолларни барг орқали озиқлантиришда гектарига 10-15 кг.дан карбамид эритмаси билан суспензия сепилса, ғалла ривожини янада тезлаштиради ва ҳосил бошоқларининг шаклланишига ижобий таъсир этади.

Найчалаш даври ўтгандан сўнг поядаги охирги байроқча барг қинидан ташқарига бошоқ чиқара бошлайди. Шу пайтдан бошлаб ўсимлик бошоқлаш даврига ўтади. Бу жараёнда мақбул ҳарорат 320С фойдали ҳисобланади. Шунингдек, бу даврда суғориш имконияти мумкин бўлган, сув билан яхши таъминланган майдонларда ҳар бир гектарига ўртача гектарига физик ҳолда 100—150 кг азотли минерал ўғитлар бериб 1000—1100 куб метр сув билан суғориш яхши самара бериш билан бир қаторда доннинг сифатини яхшилайди.

Ривождан орқада қолган, кеч ёки қўшимча экилган ғаллалар парваришида шарбат ўраларини чуқурроқ ва сифатли ковлаш, ҳар бир гектар майдонга камида 10 тоннадан чириган гўнг солиб, шарбат қилиб оқизиш, қўшимча ҳар гектарига 100—150 кг. дан азотли озиқлантириш, сўнг пешма-пеш суғоришни ташкил этиш, бегона ўтлар турини аниқлаб, уларга қарши гербицидлар билан ишлов бериш ниҳолларнинг ривожини яхшилайди, дон сифати ва ҳосилдорлиги ортишида яхши самара беради.

Апрел ойида юқорида таъкидлаб ўтилган шиллиққурт, зарарли хасва, буғдой трипси, буғдой арракаши каби зараркунанда ҳашаротларнинг катта майдонларни зарарлаши давом этади. Шунингдек, сариқ, қўнғир занг, септориоз касалликларининг ғалла майдонларини зарарлашини инобатга олиб доимий кузатув ва қарши кураш чораларини эртароқ кўриш керак бўлади. Акс ҳолда бу тадбирларнинг кечиктирилиши етиштирилаётган доннинг сифати ва ҳосилдорлигининг пасайишига олиб келади.

Ғалла майдонларида пайдо бўлган касалликларга қарши қуйидаги кимёвий препаратлардан фойдаланиш тавсия этилади. Жумладан, Титул ДУО эм.к. (200-250 мл/га, Тинтул ДУО к.эм.к. (0,2-0,3 л/га), 33 фоизли Алто супер (0,3 л/га), Топ Кроп эм.к. (0,2-0,3 л/га), Энтоликур сус.к. (0,5 л/га) каби фунгицидлар билан ишлов бериш септориоз, сариқ ва қўнғир занг, ун-шудринг касалликларига қарши курашда ижобий натижа беради. Шунингдек, азотли минерал ўғитлар билан озиқлантириб, енгил суғориш керак.

Ғалла экинзорларидаги ихтисослашган зараркунанда ҳашаротлар қарши, иқтисодий зарари меъёридан ортиқ бўлса, рухсат этилган кимёвий воситалардан Багира 20% с.э.к. (0,07-01 л/га), 5 фоизли Далате (0,15-0,2 л/га), 10 фоизли Далате Плюс (0,07-0,3 л/га), 25 фоизли Энтометрин с.э.к. (0,15-0,35 л/га) каби препаратлар билан 300 литр ишчи эритма тайёрлаб ишлаш ўз самарасини беради.

Юқоридаги касаллик ва зараркунанда ҳашаротларга эътиборсизлик оқибатида ғалла майдонларидаги дон ҳосилдорлиги 45—50 фоизга йўқотилади.

Маълумки далла майдонлари атрофларида тут дарахтлари ва тутзорлар жойлаштирилган бўлиб, уларининг барг ёзгунига қадар ғаллазорларда зарарли организмларга қарши кимёвий ишлов бериш ишларини якунлаш лозим. Акс ҳолда кимёвий қарши кураш чоралари эрта якунланмасдан тут барглари тўла чиқарган ва ёзилган даврда кимёвий ишлов бериш ишлари давом эттирилса, ипак қурти ривожланиши учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Ғалла бошоқлаш даврида шарбат ўраларини фекал ва маҳаллий ўғит билан тўлдириб, суғоришни шарбат усулида ташкил этиш яхши самара беради.

Умуман, апрель ойида об-ҳаво ва тупроқ шароитига қараб ғаллани 2 маротаба суғориш ҳамда гуллаш ва бошоқлаш даврида унинг ҳолатига қараб 100—150 кг. дан қўшимча азотли ўғитлар билан ўғитлаш тавсия этилади.

Мазкур юмушлар ўз вақтида бажарилса ғаллакорларимиз кўзланган ҳосилни олишга эришадилар.

Р.Сиддиқов, Н.Юсупов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech