Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
9 Апрел 00:00

Кўчати ва уруғи билан экиш режаланган сабзавот ҳамда полиз экинларини экиш, эрта ҳосил олиш учун тўқсонбости, эрта баҳорги муддатларда экилган сабзавот майдонларида агротехник тадбирларни ўтказиш айнан апрел ойига тўғри келади.

Жанубий вилоятларда эртаги нав­лар кўчатлари мартнинг 3-ўн кунлигида, ўрта ва кечпишар навлар эса апрелнинг 1-2-ўн кунлигида экилади. Марказий минтақада жойлашган вилоятларда эртапишар навларни апрелнинг 1-2-ўн кунлигида, ўрта ва кечпишарларни эса апрелнинг 2-ярмидан бошлаб май ойининг 1-ярмигача, шимолий минтақаларда эса эртапишар навлар кўчати апрелнинг 2-ўн кунлигида, ўрта ва кечпишарлари апрелнинг 3-ўн кунлиги ва майнинг 1-ўн кунлигида экиш мақбул муддат ҳисобланади.

Экинларни озиқланиш майдонларини белгилашда экиш схемаларига эътибор қаратиш лозим. Помидорнинг эртапишар ва ўртапишар навлари кўчати у қадар нишаб бўлмаган далаларда 70х25(30) см, текис майдонларда 90х25(30) см, узун палакли навлар 90х40 см, (140+70)х25см, ширин қалампир 70х30 см ёки 90х25 см, бақлажон 70х30(40) см ёки 90х25(30) см схемаларда экилади ва албатта суғорилади.

Биринчи ишлов ва суғоришдан 13-15 кун ўтгач, яна суғорилади ва тупроққа ишлов бериш имконияти бўлиши билан иккинчи ишлов тадбирлари ўтказилади. Бунда қатор оралари культиватор билан 15-16 см чуқурликда юмшатилиб, ўсимликлар атрофидаги бегона ўтларни йўқотиш учун яхшилаб чопиқ қилинади.

Ушбу сабзавот экинлари, айниқса, помидор сувга талабчан ҳисобланади. Ўсимликлар ўсув даври давомида сизот суви чуқур жойлашган ерларда ҳар бир суғоришда 500-600 м3/га ҳисобида 18-20 маротаба, сизот суви юза жойлашган ўтлоқи ва ўтлоқи-ботқоқ тупроқли майдонлар 600-800 м3/га ҳисобида 12-15 марта суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ҳосил етилгунча ҳар 8-12 кунда, ҳосил ёппасига пишиш арафасида 5-7 кунда суғорилади. Помидор мевалари қийғос пишган даврида ёрилиб кетмаслиги учун ҳосил териб олингандан сўнг суғориш тавсия этилади.

Помидор, ширин қалампир ва бақлажондан кўзланган юқори ҳосил олиш учун бўз тупроқли майдонларга 25-30 т/га гўнг берилганда экинларни соф ҳолда 180-200 кг азотли, 140-160 кг фосфорли ва 100 кг калийли ўғитлар билан, ўтлоқи тупроқли майдонларда эса 140-150 кг азотли, 100-120 кг фосфорли ҳамда 80-100 кг калийли ўғитлари билан озиқлантириш лозим.

Ўғитлаш тадбирида жами органик ўғит (гўнг) ва фосфорли ўғитнинг 75% ҳамда калий ўғитининг 50% кузги шудгорлашдан олдин солинади. Кўчатларни экишдан аввал фосфорли ўғитнинг қолган қисми ва азотли ўғитнинг 20% ҳамда азотли ўғитнинг қолган 80% иккига тенг бўлиб, биринчи қисмини кўчатлар тутиб олгандан кейин, қолган қисмини эса калий ўғитининг қолган 50% билан аралаштирилиб, ўсимликлар мева тугиш даврида солинади.

Ўртаги (муддат) оқбош карам кўчатлари жанубий минтақаларда 10-20 май, марказий минтақаларда 15 апрелдан 1 майгача ва шимолий минтақаларда 1-15 апрелда экилади. Кўчатлар 70х35(40) см схемада экилади. Кўчатларни экиб бўлгач тўлиқ тутиб олишини таъминлаш учун суғориш тадбири амалга оширилади.

Экиш учун оқбош карамнинг ўртапишар “Тошкент-10”, “Саратони” ҳамда “Термез-2500” навлари тавсия этилади.

Оқбош карам кўчатлари тўлиқ тутиб олганидан 16-18 кун ўтгач, ўсимликларга комплекс ишлов берилади, бунда ўсимлик қатор оралари КРН-2,8А русумли агрегат ёрдамида 15-16 см чуқурликда юмшатилади. Ўсимлик оралари қўлда енгил чопиқ қилиниб, бегона ўтлардан тозалангач, суғорилади. Юмшатиш билан бирга ўсимлик минерал ўғитлар билан озиқлантирилади. Ўғитлаш тадбирида бир гектар майдонга 20-25 тонна гўнг, соф холда 150 кг азот, 100 кг фосфор, 50 кг калий берилиши керак. Фосфорли ўғитларнинг 70-75% ва калийнинг 50% ерга асосий ишлов пайтида берилади. Фосфорнинг қолган қисми ва азотнинг 50% биринчи ишлов пайтида, азот ва калийнинг қолган қисми карам бош ўрай бошлаганда берилади.

Бодринг экинининг уруғлари жанубий минтақаларда 1-15 апрел, марказий минтақа вилоятларида 10-20 апрель, шимолий минтақаларида эса 20-30 апрелда экилади. Саралаб олинган сифатли уруғлар катта майдонларга СБУ-2,4А сеялкасида, кичик майдонларга қўл кучи ёрдамида 70х30 см, 90х20 см схемада, 4-5 см чуқурликка экилади. Уруғ сарфи гектарига 4-5 кг. Бодрингнинг маҳаллий “Ранний-645”, “Узбекский-740”, “Зилол”, “Наврўз” навлари ва ҳар бир ҳудуд учун тавсия этилган бошқа нав ва дурагайларни экиш тавсия этилади.

Уруғлар экилгандан сўнг ўсимлик ниҳоллари уруғ палла чиқарганда биринчи, битта чинбарг даврига киргандан кейин эса иккинчи марта яганалаш тадбирлари ўтказилади.

Ўсимлик қатор ораларига КРН-2,8А, КОН-2,8, КХО-4 русумли агрегатлар билан 15-16 см чуқурликда ишлов бериб, ўсимлик атрофини мунтазам юмшатиб, озиқлантириб борилади. Ушбу экин сувга анча талабчан экин бўлиб, юқори ҳосилнинг асосий омили – вақтида ва меъёрида суғориш ҳисобланади. Баҳорда экилган бодрингнинг ҳосил тўплаш ва ўсув даври одатда кечкисига қараганда узоқроқ давом этади. Экиннинг найчалаш – ҳосил тўплаш даври ёзнинг иссиқ пайтига тўғри келади. Ҳар қайси фазада ҳар хил миқдорда сув талаб қилиши, ҳарорат шароитини эътиборга олиб, сизот суви чуқур жойлашган ерларда бодринг ҳар 7–8 кунда суғориб турилади. Ҳосил тўплаш даври бошланиши биланоқ экин тез-тез, ёппасига ҳосилга кирганда эса ҳар қайси теримдан кейин, яъни камида 2–3 кун оралатиб суғорилади. Ана шундай қилинганда сизот суви чуқур участкаларда эртаги бодрингга ўсув даврида 16–18, юза ерларда эса камроқ, 9–11 марта сув берилади.

Ўсув даври мобайнида бодринг ҳар икки-уч суғоришдан кейин қатор оралари 15–16 см чуқурликда юмшатиб турилади.

Полиз экинлари уруғлари респуб­ликамизнинг марказий минтақасида жойлашган вилоятларда эртаги навлари 15 апрелгача, ўртагиси 20 апрелдан 10 майгача, кечкиси 15 майдан 10 июнгача, жанубий вилоятларда эртаги навлар 10 апрелгача, ўртагиси 10–20 апрелда, кечкилари эса 10–20 июнда экилади. Шимолий минтақаларда эртаги навларни 20 апрелгача, ўртагисини 25 апрелдан 10 майгача, кечкисини 20–30 майда экиш тавсия этилади.

Экиш учун қовуннинг эртапишар “Роҳат”, ўртапишар “Суюнчи-2”, “Олтин водий”, “Лаззатли”, “Олтин тепа”, “Кичкинтой”, “Оби новвот”, “Гурвак”, “Бўрикалла”, кечпишар “Тўёна”, “Гурлан”, “Амударё”, “Гулоби” “Хоразмий”, “Зар гулоби”, “Саховат”, тарвузнинг эртапишар “Ўринбой”, “Ширин”, “Манзур”, F1 “Чиллаки”, “Крисби”, “Кримстар” ва ўрта эртапишар “Сурхон тонги” нав ва дурагайларини экиш тавсия этилади.

Тарвуз ва қовун экиш режалаштирилган майдонлар кузда 35–40 см. чуқурликкача шудгор қилинади. Ҳайдаш олдидан маъдан ўғитларни солиш ҳосилдорликни ишириш имконини беради.

Баҳорда кунлар исиши билан, тупроқ ҳарорати 14–15оС га етганда полиз экинлари уруғини экишга киришилади. Қатор оралари 210–280 см. ли кенг эгат олинади. Бу полиз экинлари қатор ораларига тўрт ғилдиракли тракторлар билан ишлов бериш имконини беради. Экиш шакли қовун учун (210+70):2х70, тарвуз учун (270+90) ):2х70 см. Уруғлар 3–6 см чуқурлика экилади. Майда уруғли қовун ва тарвузларни экиш учун гектарига 4 кг, йирик уруғли тарвузларни экиш учун 5-6 кг уруғ сарфланади.

Эртароқ ҳосил олиш учун эртаги муддатда уруғи сепилган пиёз майдонларида униб чиқаётган бир ва кўп йиллик бегона ўтларни ўз вақтида ўтаб, ўсимликларни яганалаш, тупроқ тури, намлиги ҳамда ерости сувларининг чуқурлигига кўра ўсимликни ўз муддатида суғориш, ҳар 2-3 суғориш оралиғида ўсимлик эгатлари орасини 12-14 см чуқурликда юмшатиб, қатор ораларида пайдо бўлган ўтларни йўқотиш, ўсимликларни ўсиб-ривожланиш ҳолатига қараб тавсияларга кўра минерал ўғитлар билан меъёрида ва муддатида озиқлантириш ўсимликнинг яхши ўсиб-ривожланишини ва эрта ҳосилга киришини таъминлайди.

Пиёзни суғориш то пиёзбоши шакл­ланишининг охиригача давом эттирилади, янги барг ўсиб чиққандан сўнг тўхтатилади. Пиёзбошининг ўсиши тўхтагандан кейин 12-14 кун оралатиб икки марта суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган бўз тупроқли ерларда қишга яқин ва кўкламда экилган пиёзни ўсув даврида 11-13, сизот суви яқин жойлашган майдонларда эса 7-9 марта суғориш керак. Ҳар галги суғориш меъёри 350-400 м3/га ҳисобида амалга оширилади.

Тўқсонбости муддатда ва эрта баҳорда экилган илдизмевали сабзавотлар асосан апрель ойининг иккинчи ярмидан бошлаб суғорилади. Дастлаб экин ҳар 12–15 кунда, майнинг иккинчи декадасидан бошлаб, яъни илдизмевалар жадал катталашаётганда ҳар 7–8 кунда суғорилади. Суғориш меъёри сизот суви чуқур жойлашган ерларда эртаги сабзи ва ош лавлаги ўсув даврида 550–600 м3/га ҳисобида 8 марта, суви юза жойлашган далаларда эса 5–6 марта.

Сабзи тупроқ унумдорлигига анча талабчан ҳисобланади, ўсимлик учун озиқа етарли миқдорда берилганда юқори ҳосил олиш имкони ортади. Бўз тупроқ ерларда эртаги ва ўртаги сабзи майдонларига гектарига соф ҳолда 220 кг азотли, 160 кг фосфорли ва 100 кг калийли ўғитлар билан озиқлантирилади. Ўтлоқи, ўтлоқи-ботқоқ тупроқли майдонларда эса 175 кг азот, 130 кг фосфор, 80 кг калий билан озиқлантириш тавсия этилади.

Озиқлантиришда фосфор ўғит умумий миқдорининг 75 фоиз, калийнинг ҳаммаси ерларни асосий ишлов даврида фосфорнинг салкам 25 фоиз ерни бороналаб, эгат олишда берилади. Азотли ўғит ўсимликни вегетация даврида озиқлантиришда иккига бўлиб берилади. Биринчиси ўтоқ қилиниб, ўсимликлар сийраклаштирилгандан сўнг, иккинчиси эса 2–3 тадан чинбарг пайдо бўлганда солинади. Ўғитлар қатор ораларига ўсимликка яқинроқ қилиб берилиши мақсадга мувофиқ.

Эртаги картошкадан юқори ҳосил олишда ўсимлик ўсув даври давомида 450–600 м3 ҳисобида ўтлоқи тупроқли майдонларда 4–6 маротаба, бўз тупроқли майдонларда эса 5–7 маротаба суғориш тавсия этилади. Ҳар икки суғориш оралиғида қатор оралари ўсимлик шоналагунча 10–12 см чуқурликда тадбир КРН-2,8А, КОН-2,8А, КХО-4 русумли культиватор билан юмшатилади.

Картошкани озиқлантириш ҳам катта аҳамиятга эга. Бунда бўз тупроқли ерларга гектарига соф ҳолда 220 кг азот, 170 кг фосфор, 115 кг калий, ўтлоқи, ўтлоқи-ботқоқ ерларда етиштирилганда эса 180 кг азот, 150 кг фосфор, 100 кг калий бериш тавсия этилади. Ўғитлардан 70-75% калийни жами кузда ерни экишга тайёрлаганда берилади. Қолган 25% фосфор, 20–25% азот билан экиш эгатлари олишда экиш билан беришни тавсия этамиз. Азотнинг қолган 30-35 фоизи, туганаклар тўлиқ униб чиққанда, 50 фоизи эса қийғос шоналашда бериш тавсия этилади.

Р.Низомов, Ф.Расулов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech