Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
6 Июн 00:00

Бу йилги мураккаб об-ҳаво шароитида деҳқонларимиз пахтадан мўл ва сифатли ҳосил етиштириш учун барча агротехника тадбирларини жадаллаштириб, ғўза қатор ораларига ишлов бериш, чуқур юмшатиш, илдиз ва барг орқали озиқлантириш (суспензия), ғўза зараркунандаларига қарши курашиш, суғориш ишларини ўз муддатларида ўтказишлари лозим.

Ғўза қатор ораларига ишлов беришда культивация ишларини ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши гоммоз, илдиз чириш касалликларининг олдини олади, ғўзани дуркун ўсиб-ривожланишини таъминлайди.

Бу жараёнда аввало культиватордаги ишчи органлар сонининг тўлиқ бўлиши ва ишлов бериш чуқурлигига алоҳида эътибор бериш керак. Бундан ташқари, чигит эрта экилган майдонларда культивацияни озиқлантириш билан бирга ўтказиш, кеч экилган ёки сел ва дўл таъсирида қайта экилган нами юқори бўлган майдонларда қўшимча 1-2 марта ишлов бериш лозим. Бунда ўртадаги ишчи орган чуқурроқ ўрнатилса, намлик тез йўқотилишига эришилади.

Ғўза қатор орасига ишлов беришда 1- ва 2-культивация ўртасида чизел-культиватор ёрдамида чуқур (60 см қатор оралиғида 25-30 см; 90 см ли қатор оралиғида 35-40 см) юмшатишни амалга ошириш бу йилги серёғин шароитда яхши самара беради.

Бегона ўтларга қарши кураш, чопиқ ва ўтоқ ўтказиш. Бу йилги шароитда ёғин-сочин кўп бўлганлиги учун далаларда бегона ўтлар тез ўсиб, ниҳолларни сиқиб қўйиши ва кўп зарар етказиши кузатилмоқда. Бегона ўтларга қарши курашишда чопиқ ишларини ҳам сифатли ва ўз муддатида бажарилишини ташкил этиш зарур. Шунингдек, кўп йиллик бегона ўтларга (ғумай, ажриқ ва бошқалар) қарши курашда ғўзанинг шоналаш даврида (бегона ўтларнинг бўйи 10-15 см бўлганда) “Зелекс” 1,5 л/га меъёрда ёки бошқа тавсия этилган гербицидларни ОВХ мосламалари ёрдамида белгиланган меъёрларда пуркаш ҳам мумкин.

Ғўзани озиқлантириш. Азотли ўғитлар билан ғўзани озиқлантириш кечи билан 10 июлгача ( ғўза гулаш даври бошланишининг 10 куни), плёнка қўлланилган майдонларда эса 20 июнгача тугатилиши керак. Минерал ўғитлар билан қўшимча маҳаллий ўғитлар қўлланилса, ғўзанинг ўсиши жадаллашади, ҳосили кўпаяди, тола ва чигит сифати ошади.

Ғўзани минерал ўғитлар билан озиқлантиришда, фосфорли ва калийли ўғитларни йиллик меъёрлари мўлжалланган ҳосил учун белгиланган азотли ўғитларни йиллик меъёрларига (N:P:K – 1,0:0,7:0,5) нисбатан олинади ҳамда тупроқдаги ҳаракатчан фосфор ва алмашинувчи калий миқдорларига боғлиқ ҳолда табақалаштирилиб солинади.

Бу йилги ёғингарчиликлар оқибатида тупроқда тўпланган озиқа моддаларнинг бир қисми ер ости қатламларига ювилди. Шунинг учун пахта майдонларига ўғитни эрта муддатларда солишни ташкил этиш керак. Одатда ўғитни суғоришдан олдин эгат олиш билан бирга солинади.

Жорий йил шароитида органик ва минерал ўғитларнинг аралашмаларидан фойдаланиш зарур. Бунда, ғўза қатор ораларига иккинчи ишлов бериш даврида гектарига 250-300 кг чириган, қуритилган ва элакдан ўтказилган маҳаллий ўғитларни махсус мосламалар ёрдамида ғўза қатор ораларига (14-16 см узоқликка ва 15-17 см чуқурликка) солиш яхши самара беради.

Ғўзани шоналаш ва гуллаш даврларида гектарига 400-500 кг қуруқ гўнгни азотли ўғитлар билан биргаликда қўллаш ҳам пахта ҳосилини гектарига 2,0-3,0 центнергача оширади. Ғўзалар шонага кирган майдонларда гектарига соф ҳолда 70-75 кг азот ва 50 кг калий бериш керак, бу эса гектарига 210-225 кг аммиакли селитра ёки 150-160 кг карбомид (мочевина) ва 80 кг калий хлоридни ташкил этади. Ғўзани шоналаш даврида ўғитларни ўсимликнинг 20-22 см ёнига, 14-16 см чуқурликка берилади.

Ғўзалар гулга кира бошлаган пайкалларда азот ва фосфорли ўғитлар гектарига соф ҳолда 70-75 кг азотни (гектарига аммиакли селитра 210-225 кг) ва 40-50 кг соф ҳолда фосфорни (гектарига аммофос 80-100 кг ёки PS-Агро 100-125 кг, оддий суперфосфат 250-300 кг ёки супрефос 170-215 кг) ташкил қилади. Агар ғўза қатор оралари 90см бўлса, шоналаш даврида 60см қатор оралиғидек, гуллаганда эса ўғит ўсимлик қатордан 30-35 см ёнига, 60смда эса қатор оралари ўртасига 14-16 см чуқурликка солинади.

Ўсув давридаги озиқлантиришни охирги муддати ғўза гуллай бошлашининг 10-кунига тўғри келиши керак, бундан кечикса ғўзанинг ривожланиш даври чўзилиб кетиши мумкин. Таъкидлаш жоизки, фосфорли ва калийли ўғитлар қўлланилмасдан фақат азот ўғитлари солинса, кўсакларнинг очилиши 15-20 кунга кечикиб, ҳосил сифати пасаяди. Шунинг учун, фосфорли ва калийли ўғитлар тегишли меъёрлар ва муддатларда қўлланилиши зарур.

Қўш қатор экилган майдонларда минерал ўғитлар солишда ернинг озиқа билан таъминлангани ва кўчат қалинлигидан келиб чиқиб 5-10% ошириш мақсадга мувофиқ.

Ғўзани баргидан озиқлантириш. Ниҳолларнинг яхши ўсиб, ривожланиши, юқори ва сифатли ҳосил бериши учун уларни қўшимча равишда баргдан озиқлантиришда суспензия ва стимуляторлар сепиш тақозо этилади. Бунда, ўсимлик озиқа моддаларни барг ва поялари орқали ўзлаштиради. Ғўза шоналаш даврида тайёр ҳолдаги суюқ ўғитлардан КАС (карбамид-аммиакли селитра, 28-30% N,) ўғитидан 7 л/га ёки суюқ азот кальций ўғитидан (САКЎ, 25,4% N, 9,1% Са) 10 л/га меъёрларда қўллаш тавсия этилади. Ғўза ривожи орқада қолган майдонларда суспензия гуллаш даври бошида гектарига КАС ўғитини 9,0 л/га , суюқ азот кальций ўғитидан (САКЎ) 15 л/га меъёрларда ишлатилганда яхши самара беради. Суспензия сепишда ишчи эритма ҳар гектарига 300 литрдан кам бўлмаслиги зарур.

Суспензия билан ишлов беришда Фитовак (200-300 мл/га), Гумимакс 0,15-0,20 л/га, Узгуми 0,3-0,4 л/га ва бошқа шунга ўхшаш стимуляторларни қўшиб ишлатилса, ғўзанинг ўсиб ва ривожланишига ижобий таъсири янада ортади.

Суспензияни эрталаб ва кечқурун ҳаво ҳарорати 20-250С дан ошмаган пайтда сепиш тавсия қилинади. Ҳаво илиқ ва булутли кунларда суспензияни кун давомида сепиш мумкин. Ёмғир ёғаётган пайтда суспензия сепиш тавсия қилинмайди, чунки озиқа моддалари ювилиб, ўғитларнинг самараси пасайиб кетади.

Ғўза зараркунандаларига қарши кураш. Ғўза амал даврида кузги тунлам, акация ёки беда бити, полиз ёки ғўза бити, катта ғўза бити, дала ва беда қандалалари, тамаки трипси, ўргимчаккана ва кўсак қурти ҳар йили ривожланиб, тарқалади ва ҳосилга катта зарар етказиши мумкин.

Зараркунандаларга қарши биологик, агротехник ва кимёвий усулда кураш ишларини ўз вақтида олиб боришни ташкил этиш ҳамда Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институтининг олимлари томонидан ишлаб чиқилган тавсияларга амал қилиш лозим.

Ҳозирги кунда дала четларини, ариқ, зовур ва уватларни бегона ўтлардан тозалаш, уват ва ариқ четларига ҳамда далага профилактика мақсадида гектарига 500-1000 донадан олтинкўз тухумини чиқариш, кейинчалик ҳар 10 кунда гектарига 1000 донадан 2-3 марта олтинкўз тарқатиш тавсия этилади.

Шира ва трипсларни зарарини биологик усулда олдини олиш имконияти бўлмаса албатта кимёвий кураш усулларини қўллаш лозим бўлади. Бунда, инсектоакарицидлардан тизимли ва узоқ муддатга таъсир этувчи Багира, Далприд, Даклоприд ва бошқа препаратларни қўллаш яхши самара беради.

Ўргимчакканага қарши курашда дала четлари, уватларга ИСО қайнатмаси билан ишлов берилади, олтинкўз энтомофагини гектарига 1000-3000 донагача нормада 4 кун оралатиб 3 марта чиқарилади, ўргимчаккана кўпайган ўчоқларда унинг тухуми ва личинкаларига таъсир қилувчи Ниссоран, Тетрасан ва Энтосоран препаратларини гектарига 0,1 л қўлланилади. Июнь ойининг иккинчи яримидан бошлаб махсус пропаргит асосли (Омайт, Тетрамайт, Узмайт) препаратлари билан гектарига 1,5 л меъёрда ишлов берилади. Ҳаво ҳарорати 30°С дан юқори бўлганда олтингугурт кукунини гектарига 40 кг ҳисобида чанглатиш мумкин.

Кўсак қуртига қарши курашда дала назоратчилари томонидан кунлик кузатув ишларини амалга ошириш, ҳар 2 гектар майдонга 1 донадан ферамон тутқич ўрнатиш лозим. Феромон тутқичларга 1 суткада 1-2 та капалак тушиши билан трихограмма энтомофагини гектарига 1 граммдан 3-4 кун оралатиб 3 марта қўйиш талаб этилади.

Кичик ёшдаги қуртларга қарши 1000 донагача олтинкўз тухумларини далага чиқариш тавсия этилади.

Кўсак қуртининг ўрта ва катта ёшдаги қуртларига қарши гектарига дастлаб профилактика мақсадида 500 донадан, ке­йинчалик ҳашаротнинг тарқалиш зичлигига қараб 1000-2000 донадан 3-4 кун интервалида 3 марта габробракон биомаҳсулотини далага чиқариш тавсия этилади.

100 туп ўсимликда 7-8 донадан кўсак қурти аниқланса, ушбу майдонларга кимёвий препаратлар билан ишлов берилади.

Ғўзани суғориш. Ғўзани шоналаш даврида суғориш меъёри енгил тупроқларда гектарига 600-700 м3, ўрта ва оғир тупроқларда 700-800 м3 бўлиши керак. Ғўза гуллаш даврида эса суғориш меъёри енгил тупроқларда гектарига 900-950 м3, ўрта ва оғир тупроқларда 1050-1300 м3 ни ташкил этиши лозим.

Ғўзани чанқатиб қўймаслик учун суғориш олдидан суғориш учун эгат олиш керак. Тупроқ механик таркибини инобатга олиб, суғориш эгатлари узунлигини тўғри белгилаш сувдан самарали фойдаланиш билан бирга ўсимликни дуркун ва баръавж ривожланишини таъминлайди.

Бунинг учун суғориладиган эгатларнинг узунлигини 90 см қатор оралиғида 80-100 метрдан, 60 см ли схемаларда 60-80 метрдан ошмаслиги керак. Чунки эгат узун бўлса охирига етгунча 2-3 суткалаб сув оқади ва исроф бўлади.

Суғоришнинг давомийлиги енгил тупроқларда ғўза гулга киргунча 10-12, ўрта ва оғир тупроқларда 12-14, гуллаш даврида эса мос равишда 14-16 ва 16-18 соатдан ошмаслиги керак. Сизот чуқур жойлашган бўз тупроқларда суғориш сони ўртача 3-4 мартани, меъёри гектарига 800-900 м3 ни ташкил қилади ва суғоришни 14-16 кун оралатиб ўтказиш мумкин.

Сизоб чуқурлиги 2-3 метрга борадиган бўз-ўтлоқи тупроқларда ғўза гектарига 700-800 м3 меъёрда 2-3 марта суғорилиб, бу ҳолда суғоришлар орасидаги даврлар 18-20 кунгача узайтирилади. Сизот сатхи 1-2 м чуқурликда бўлганда 20-25 кун оралатиб икки марта суғорилади.

Бу йилда кутилаётган шароитда ғўза парваришида сувдан самарали фойдаланишда эгилувчан қувурлар ёрдамида ҳамда эгат орасига плёнка (сув сарфини 10-15%, қатор орасига ишлов беришни 2-3 мартага камайтиради) тўшаб суғоришга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.

Ф.Тешаев,

Б.Ниязалиев,

Ф.Хасанова,

ПСУЕАИТИ олимлари.





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech