Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
6 Июн 00:00

Бу йил боғбон-соҳибкорларимиз олдида мураккаб вазифаларни бажаришга тўғри келмоқда. Баҳор фаслида, айниқса, апрель ойида ҳар йилгига нисбатан 2-2,5 баробар ёғингарчиликнинг бўлиши боис боғ ва токзорлар ораларида бегона ўтларнинг ривожланишига имкон яратилди. Энди ушбу бегона ўтларни тезлик билан ўриб олиб, боғ қатор ораларини 12-15 см чуқурликда юмшатилиб, туп оралари бегона ўтлардан тозалаш зарур. Ҳосилли боғларда қатор ораларини суғориш учун бир-биридан 70-80 см оралиқда 4-5 та 22-24 см чуқурликда ариқлар олиниб 1-1,5 кун давомида тупроқ захлагунча суғорилади.

Республикамизда ҳар йили минглаб гектарларда янги боғлар барпо этилмоқда. Июнь ойида ушбу боғларда парвариш ишлари, экилган кўчатларнинг бехато кўкариши, илдиз олишига, яхши ўсиб ривожланишига эътибор бериб боришга қаратилиши керак. Суғоришга алоҳида эътибор берилиб ой давомида бир-икки маротаба суғорилади. Ҳар суғоришдан кейин эгатлар ва дарахт атрофидаги тупроқ юмшатилади.

Янги ташкил этилган боғ ва токзорлардан улар ҳосилга киргунига қадар қатор ораларига сабзавот, полиз ҳамда картошка ўсимликларини экиб, улардан маълум миқдорда қўшимча даромад олишга эришилади. Янги боғ-токзорлар ташкил қилиш учун сарф бўлган маблағ боғ-токзорларнинг ҳосил беришигача кутиб ўтирмасдан 2-3 йил давомида экилган сабзавот, полиз ва картошкадан олинган даромад билан қопланишига эришилади.

Жорий йил баҳорида ёғингарчиликнинг кўп бўлиши боис боғларда касалликлардан клястероспориоз (тешикдоғ), парша (калмароз), ун шудринг, манилиал куйиш (манилиоз), зараркунандалардан олма қурти, ширалар, нок шира бургаси (медяница) ва бошқа зараркунандалар тез ривожланмоқда.

Боғларда олма, нок, беҳи, олхўри мева қурти ҳамда нок шира бургасига қарши июнь ойининг бошида 10-15 кун оралатиб кимёвий ишлов берилади. Ушбу тадбир ҳосилли боғларда мевахўр қуртларнинг 2 наслига қарши бўлиб олмалар гуллаб бўлгандан сўнг 40-45 кун ўтгач бажарилади. Бунда ҳосилли олма, нок ва олхўри боғларида қуйидаги кимёвий препаратлардан бири қўлланилади: Карбофос (100 л сувга 200-300 г ҳисобидан), Циперфос 100 г ёки Децис, Каратэ, Толстар, Циракс 30-40 г, Фуфанон 100 г. ҳисобидан, олма қуртига қарши Вектра 30 г, Сапроль ва Топсин 100 г ҳисобида пуркалса яхши самара беради.

Эрта пишар олма ва нок навларига кимёвий препаратлар билан ишлов берилмайди.

Ҳосилли боғларда меваларнинг кўп ва сифатли бўлиши ҳамда эрта баҳорда ушбу боғлар етарли миқдорда озиқлантирилмаган бўлса, унда боғларга минерал ўғитлардан соф ҳолда азотли 50-60 кг, фосфорли 65-70 кг ҳамда 40 кг ҳисобида калийли ўғитлар солиб, кетидан суғорилади.

Органик ўғитлар билан қўшимча “шарбат” усулида озиқлантириш мумкин. Бунинг учун боғ ва токзорнинг юқори қисмида сув келадиган йўлда чуқур ковланиб, гўнг солинади ва сувга аралаштириб оқизилади.

Июнь ойи боғларда меваларнинг эртаги навлари бирин-кетин пишиб етилади, яъни айни пишиқчилик бошланади.

Бу вақтда боғларимизда ўрик, гилос, олча, йирик мевали олча, эртаги олма, нок, резавор мевалилардан малина ва қорағат (смородина) мевалари пишиб етилади. Пишиб етилган мевалар пешма-пеш териб олиниб халқимиз дастурхонига етказиб бериш билан бирга, қайта ишлаш корхоналарига ҳамда маълум миқдори чет мамлакатларга экспорт қила бошланади.

Июнь ойи бошларида ёғингарчилик кузатилса, шафтоли ва олхўри дарахтларини юқорида қайд этилган клястероспориоз, барг бужмалоқлиги ва ун-шудринг каби замбуруғли касалликларга қарши Бордо суюқлигининг 1 фоизлиги ёки нам­ланувчи олтингугурт билан такрор пуркаса бўлади. Кимёвий препаратларни қўллаш билан бир қаторда дарахтлар атрофини ағдариб чопиш, уруғли мева дарахтларининг тана ва она шохларига тутқич белбоғлар боғлаб, ҳафта ўн кун ичида тушган қуртларни йўқотиш, тушган меваларни териб олиш каби тадбирлар бажарилиши лозим.

Резавор мевалилар ичида қулупнай меваси эрта етилиб, май ойи ичида мевалари териб олиб бўлинади. Ҳосил йиғиб олингач, парвариш ишлари олиб борилади. Бу вақтда ўсимлик келгуси йил ҳосилига тайёргарлик кўради, яъни янги ҳосил куртаклари шакллана бошлайди, илдиз тизими янгиланади, янги барглар, ер устки қисмида шохча ва ипсимон ўсимталар пайдо бўлади. Бунинг учун мева териб бўлингач, қулупнайзор қатор оралари чуқур қилиб ҳайдалиб, бегона ўтлардан тозаланиб, тупроғи юмшатилиб, озиқлантирилади. Қулупнайзорга минерал ўғитлардан соф ҳолда азотли 90-120 кг, фосфорли 60-90 кг ҳисобида солиниб, кетидан тезлик билан суғорилади.

Ушбу тадбирдан сўнг қулупнай шохларининг ёнларидан ипсимон ўсимталарнинг ўсиши тезлашади, ўсиш даврида улар ҳар 10 кунда ерга қадалиб бориб кўпайтирилади. Кейинчалик июль-август ойларида ривожланган ўсимталарнинг кўчатлари қазиб олиниб янги майдонларга экилади.

Малиназор ва қорағатзорларда июнь ойида мевалар пиша бошлайди. Бу даврда ушбу ўсимликларнинг мевалари: малина мевалари ҳар 2-3 кунда, қорағат мевалари пишиб бўлгач, 1-2 марта териб олинади.

Мева пишиш даврида малиназор ва қорағатзорларда тупроқ нам ва юмшоқ бўлиши керак. Тупроқ намлигига қараб 2-3 марта суғорилади.

Токзорларда ток тупларидан 50-60 см қочириб қатор ораларига иккита суғориш ариғи очилади. Сув 24-30 соат давомида яхшилаб суғорилади.

Ёғингарчиликнинг кўп бўлганлиги боис токзорларда оидиум, антракноз касалликлари ривожлана бошлайди. Уларга қарши 8-10 кун оралатиб олтингугурт (1 гектар токзорга) 25-30 кг сарфи билан чанглатиб чиқиш зарур. Олтингугуртга 10 кг охак кукуни қўшиб сепилса самарадорлиги янада ошади. Кичик майдонлардаги ток тупларини даволашда олтингугуртни қўллаш имкони бўлмаса, кимёвий препаратлардан Вектра, Топаз, Тиль (10 л сувга 3-5 г) ёки Топсин (10 г) билан ишлов берса бўлади.

Ушбу ойда токзорларда ток туплари қалинлашиб кетишига йўл қўймаслик учун тезлик билан гўра хомтогини ўтказиш зарур. Гўра хомток ўз вақтида ва сифатли олиб борилса, касалликларнинг ривожи сусаяди, бунинг натижасида кимёвий ишловлар сони камаяди, самараси эса ошади. Гўра хомтокни бажаришда ортиқча новдаларни олиб ташлаш, қолдирилган новдаларни эса яхшилаб кун тушадиган қилиб тараб боғлаш керак.

Кейинги йилларда айрим фермер хўжаликларининг боғ ва токзорларида карантин ўсимлик ҳисобланган зарпечак ва девпечак (кускута)ларнинг тарқалиш ҳоллари кузатилмоқда. Ушбу зараркунанда дарахт ёки ток тупларига катта зарар етказиб, ҳаттоки уларни қуриб қолишгача олиб келади. Бунинг учун девпечак билан зарарланган дарахт ёки ток туплари синчковлик билан тозаланади ва боғдан ташқарига олиб чиқиб куйдирилади ёки ерга чуқур қилиб кўмиб ташланади.

Юқоридаги агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли ўтказилса, боғ ва токзорлардан сифатли юқори маҳсулот олишга эришилади.

Р.Абдуллаев, қ.х.ф.н.,

Х.Абдуллаева, қ.х.ф.ф.д.(PhD),

Академик М. Мирзаев номли БУваВИТИ.





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech