Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
6 Май 00:00

Лалмикор майдонларда баҳорги экинларни етиштириш ва парваришлаш

Мақолада республиканинг лалмикор майдонларида баҳорги муддатларда экиш учун тавсия этилган бошоқли дон, дуккакли дон, мойли ва ем-ҳашак экинлари навларининг, экиш муддатлари, меъёрлари ва етиштириш ва парваришлаш агротехнологиялари баён қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги ПФ-5853-сонли фармонига асосан қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясининг 1.2 бандида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этиш, сифат назорати инфратузилмасини ривожлантириш, экспортни рағбатлантириш, мақсадли халқаро бозорларда рақобатбардош, юқори қўшилган қийматли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш белгилаб берилган.

Ушбу стратегиядан келиб чиқиб, фермер хўжаликларининг тупроқ ва об-ҳаво шароитларини, хўжалик юритиш сохасини ҳисобга олган ҳолда ғалла, тоза ва банд шудгор алмашлаб экиш схемаларини жорий этиш тупроқ унумдорлигини оширишга имкон яратади.

Бугунги кунда республика ҳудудидаги барча лалмикор майдонларда бошоқли дон, дуккакли дон, ем-ҳашак ва мойли экинлардан юқори ва сифатли ҳосил етиштириш лалмикор майдонларда яшовчи аҳолининг нон ва ун маҳсулотларига, оқсилга бой дуккакли дон ва сифатли мой маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, чорва молларини тўйимли озуқа билан таъминлашга хизмат қилади.

Сўнгги йиллардаги иқлимнинг глобал исиши натижасида минтақамизда об-ҳаво шароитларининг ўзгарувчанлиги, қиш ойларининг нисбатан илиқ келиши ва ёғингарчиликнинг кам бўлиши кузатилмоқда.

Шу кунгача тушган ёғингарчилик миқдори 92,8 мм бўлиб, бу кўп йиллик меъёр (137,2 мм) дан 40-45 мм, ўтган йилги ёғин миқдоридан (151,2 мм) 55-60 мм кам бўлиб, тупроқнинг намланиш чуқурлиги ғалладан бўшаган майдонларда 25-30 см, тоза шудгорга қолдирилган майдонларда 35-40 см ни ташкил этмоқда.

Шундан келиб чиқиб, жорий йил ҳосили учун қишлоқ хўжалик экинларини етиштириш ва парваришлашда агротехник тадбирларнинг белгиланган муддатларда тез ва сифатли қилиб бажарилишига фермер хўжалик раҳбарларининг алоҳида эътибор қаратишлари лозим бўлади.

Баҳорги бошоқли дон экинларини етиштириш агротехникаси. Республикадаги жами лалмикор майдонларнинг 60% дан кўпроғини ёғингарчилик билан ярим таъминланган (йиллик ёғингарчилик миқдори 340-360 мм) текислик-қир адирлик минтақаси ташкил қилиб, бу минтақаларда экиш муддати феврал ойи охири ва март ойи биринчи ўн кунлиги ҳисобланади, экиш меъёри гектарига 2,0-2,5 млн. дона унувчан уруғ ҳисобланади.

Республикадаги тоғолди ва тоғли лалмикор майдонларнинг қулай тупроқ ва об-ҳаво шароитлари барча агротехнологик тадбирлар ўз вақтида сифатли қилиб бажарилганда, ўртача 12-15, серёғин келган йилларда эса 15-18 ц/га ҳосил етиштириш имкониятини беради.

Бу йилги куз ва қиш ойларининг илиқ келиши ўз вақтида экилган бошоқли дон экинларининг тўлиқ униб чиқишига олиб келди. Шунингдек, кечки муддатларда экилган ғалла уруғлари ҳам 2-3 та илдиз ҳосил қилиб, нишлаган ҳолатда ривожланмоқда.

Маълумки, лалмикор майдонларда кузги бошоқли, дуккакли ва бошқа экинлар ҳосилдорлиги қиш ва эрта баҳорда бўлиб, ўтган ёғин-сочин миқдорига ва тупроқнинг намланиш чуқурлигига кўп жиҳатдан боғлиқ.

Айрим сабабларга кўра, куз ойларида экилмай қолган майдонларга февраль ойларининг очиқ кунларида бошоқли дон экинларини экиш ишларини давом эттириш мумкин бўлади.

Бунда баҳорги буғдойнинг “Оқ буғдой”, “Бахмал-97”, “Истиқлол-6” навларини 90-100 кг/га, арпанинг “Лалмикор”, “Саврук”, “Абу-Ғофур” каби навларини 100-110 кг/га ҳисобида экиш тавсия қилинади.

Эрта баҳорда бажарилиши лозим бўлган муҳим агротехник тадбирлардан бири майсаларни озиқлантириш ҳисобланади. Лалмикор майдонларда азотли ўғитлар билан озиқлантиришни 30-40 кг/га (таъсир этувчи модда ҳисобида) ташкил этиши мақсадга мувофиқдир.

Жорий йилда бегона ўтлар, касалликлар ва зараркунандаларнинг кенг тарқалиши эҳтимоли мавжуд. Шу сабабли, бегона ўтларга қарши курашишда, тупроқдаги намликни сақлашда кузги ғалла майсаларини бороналаш яхши самара беради. Бунда бороналар ёрдамида кўндалангига ишлов берилади. Бу тадбирни озиқлантириш билан бирга кетма-кет ўтказиш зарур. Бороналашни фақат ўсимликнинг тўлиқ туплаш даврида, туп сони меъёрдан ортиқ бўлган майдонлардагина ўтказиш лозим.

Маълумки, лалмикор майдонларда намгарчилик кам бўлган йилларда ғалланинг 1 м2 даги туп сони муҳим аҳамият касб этади. Кўп йиллик тажриба натижаларига кўра, ўсимликнинг мақбул кўчат сони текислик майдонларда 100-110 та, текислик қир-адирлик майдонларда 120-130 та, тоғолди майдонларда 140-150 та ни ва тоғли майдонларда 160-180 дона/м2 ни ташкил этиши зарур. Уруғ экилгандан кейин ноқулай шароитлар туфайли сийрак униб чиққан, тўлиқ кўчат ҳосил қилмаган 1 м2 даги туп сони 70-80 донадан кам бўлган майдонларда 30-50 кг/га миқдорида қўшимча экиш ишларини амалга ошириш яхши самара беради. Майсаларнинг бу кўрсаткичларидан кам ёки ортиқча бўлиши ҳосилнинг камайишига олиб келади.

Бундан ташқари, лалмикор майдонларда алмашлаб экиш тизимини жорий этиш мақсадида ғалладан бўшаган майдонларга эрта баҳорда нўхат, махсар ва зиғир экинларини экиш фермер хўжаликларининг иқтисодий самарадорлигини оширади.

Дуккакли дон экинларини етиштириш агротехникаси. Лалмикор майдонларда ғалла-шудгор алмашлаб экиш схемаларида эрта баҳорда банд шудгорга экиладиган, тупроқда азот тўплаш хусусиятига эга бўлган дуккакли экинлардан бири нўхат ўсимлиги ҳисобланади. Бу ўсимлик қурғоқчиликка чидамлигининг юқорилиги сабабли қадимдан лалмикор ерларда экиб келинади.

Ҳозирги кунда ДДЭИТИ Ғаллаорол илмий тажриба станциясида тўйимлилиги юқори бўлган, таркибида 50-55% оқсил ва турли алмашинмайдиган аминокислоталар мавжуд нўхатнинг “Жаҳонгир”, “Ирода-96”, “Ўзбекистон-32”, “Юлдуз”, “Гулистон” каби серҳосил, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилиги юқори бўлган навлари яратилган.

Лалмикор ерларнинг ярим таъминланган текислик-қир адирлик минтақасида нўхатнинг мақбул экиш муддати март ойининг иккинчи ўн кунлиги, экиш меъёри гектарига 60-70 кг, тоғолди ва тоғли минтақаларида эса март ойининг охири, апрел ойининг дастлабки ўн кунлиги ҳисобланади. Бу минтақаларда нўхатнинг экиш меъёри 75-80 кг/га ни ташкил этиши лозим.

Лалмикор майдонларда барча дуккакли экинлар каби нўхат ўсимлиги ҳам фосфорли ўғитларга талабчанлиги юқори ҳисобланади. Лекин, нўхатнинг дастлабки ўсиш ва ривожланиш босқичларида азотли бирикмаларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 30-40 кг/га соф таъсир этувчи модда ҳисобида таркибида азот сақлайдиган фосфорли ўғитларни экиш олдидан ёки экиш билан бирга бериш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Мойли экинларни етиштириш агротехникаси. Махсар ўсимлиги кучли ривожланган ўқилдизга эга бўлиб, тупроқнинг 1,5-2 м қатламигача кириб боради ва унинг қуйи қатламларидаги намлик захирасидан тўлиқ фойдаланилади. Шу сабабли, бу экин қурғоқчиликка анча чидамли ўсимлик ҳисобланади.

Махсар дони таркибидаги мой миқдори 25-30% ни ташкил этади. Тупроқ ва об-ҳаво шароитлари ҳамда агротехника даражасига қараб унинг бўйи 40-50 см дан 100-120 см гача етади. Унинг уруғи тупроқдаги ҳарорат 1-20С ни ташкил этганда униб чиқа бошлайди. Экишнинг мақбул муддати Тошкент, Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятларининг қуйи лалмикор минтақаларида март ойининг биринчи ўн кунлиги, тоғолди майдонларида эса март ойининг охирги ўн кунлиги ва апрел ойининг дастлабки ўн кунлиги ҳисобланади.

Махсар экиладиган далалар кузда плуглар билан 20-22 см чуқурликда шудгор қилинади. Экиш олдидан дискали ёки тишли бороналар ёрдамида ҳар икки йўналишда 5-8 см чуқурликда саёз ишлов берилади ва дарҳол мола босилади.

Экиш меъёри қатор оралиғи 30 см ни ташкил этганда 20-22 кг/га, 45 см қатор оралиғида 15-18 см кг/га ни, экиш чуқурлиги эса тупроқ намлигига қараб 4-5 см ни ташкил этиши зарур. Лалмикор ерларда экиш учун махсарнинг “Милютин-114” ва “Ғаллаорол” навлари тавсия этилади.

Махсар зараркунандаларига қарши самарали кураш усуллари 500 тадан храбракон ва олтинкўз тарқатиш, шунингдек, Суми-альфа 0,2-0,3 л/га, 5 л/га кимёвий препаратларни қўллаш мумкин.

Мойли зиғирни етиштириш агротехникаси. Республиканинг лалмикор майдонларида қадимдан экиб келинаётган муҳим мойли экинлардан яна бири зиғир ҳисобланади. Унинг уруғи таркибида 30% дан то 50% гача қимматбаҳо мой мавжуд бўлиб, мой чиқиш даражаси тупроқ ва об-ҳаво шароитларига ҳамда агротехнологияга қараб ўзгаради. Зиғир мойи озиқ-овқат саноатида, шунингдек, бўёқ, лак, линолеум, кленка тайёрлашда, поясидан эса сифатли қоғоз ҳамда дағал материаллар ишлаб чиқишда фойдаланилади.

Лалмикор майдонларда зиғир ўсимлигини экишнинг агротехник қулай муддати текислик-қир адирлик минтақада март ойининг биринчи ярми, тоғолди ва тоғли минтақаларда март ойининг охири ва апрел ойининг дастлабки ўн кунлиги ҳисобланади. Экиш меъёри қуйи лалмикор минтақада 16-18 кг/га, тоғли ҳудудларда эса 20-22 кг/га ни ташкил этиши лозим. Экиш чуқурлиги тупроқнинг намлигига қараб 4-6 см ни ташкил этиши зарур.

Ем-хашак экинларини етиштириш агротехникаси. Лалмикор ерларнинг текислик-қир адирлик минтақасида беда экишнинг муддати март ойи, тоғолди ва тоғли майдонларида апрел ойининг дастлабки ўн кунлиги ҳисобланади. Экиш меъёри кўк масса олиш учун қуйи минтақада 10-12 кг/га, тоғолди ва тоғли майдонларда 14-16 кг/га ҳисобида ёппасига экилади. Лалмикор минтақаларида беданинг “Аридная” ва “Бойгул” навлари экилади, экиш меъёри 8-10 кг/га ҳисобида кенг қаторлаб (30-45 см) экилади. Барча лалмикор минтақаларда беда уруғи анкерли сошниклар билан жиҳозланган ғалла сеялкалари ёрдамида тупроқнинг 1,5-2 см қатламига экилиши зарур.

Беда учун зарарли хашаротлардан бири фитономус ҳисобланади. Бу зараркунандага қарши агротехник ва кимёвий кураш чора-тадбирларидан бири, эрта баҳорда беда экилган далаларга оғир бороналар ёрдамида ишлов бериш ҳамда 0,2-0,3 л/га ҳисобида инсектицидларни гуллашдан олдин пуркаш яхши самара беради.

Хашаки нўхат етиштириш агротехникаси. Лалмикор майдонларда тупроқни органик моддалар билан бойитиш ва структурасини яхшилашда, чорва молларини тўйимли, оқсилга бой омихта ем билан таъминлашда хашаки нўхат ва арпани қоплама қилиб экиш муҳим аҳамиятга эга. Бу экинлар ҳам ғалла-шудгор алмашлаб экиш схемасида банд шудгорга экилади. Хашаки нўхатнинг “Восток 85” нави экиладиган далалар кузда ёки феврал ойининг охири, март ойининг бошида 20-22 см чуқурликда ҳайдалади. Экиш олдидан шудгорга икки йўналишда борона ва мола билан ишлов берилади. Хашаки нўхатнинг ётиб қолмаслиги учун уни арпанинг дуварак навлари билан аралаш ҳолда экиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Бунда арпанинг экиш меъёри гектарига 60-70 кг/га ни, хашаки нўхатники эса 40-50 кг/га ни ташкил этиши лозим. Экиш муддати — март ойининг дастлабки ўн кунлиги ҳисобланади.

Ш.ОРИПОВ,

директор, қ.х.ф.ф.д,

Ҳ.ҚАРШИБОЕВ,

Б.ХАЙДАРОВ,

М.ЖЎРАЕВ,

Н.ЮСУПОВ,

илмий ходимлар, қ.х.ф.ф.д,

Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти

Ғаллаорол илмий-тажриба станцияси.





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech