Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
6 Март 00:00

Боғларда баҳор нафаси

Боғ ва токзорларда ҳосилни ошириш ҳамда сифатини  яхшилаш омиллари

Республикамизда боғ ва токзорлар майдони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Боғлар майдони 270 минг гектардан ортиқ, токзорлар майдони эса 148 минг гектар бўлиб, шундан интенсив боғлар майдони 44 минг гектардан ортиқни ташкил этади. Жорий йилда яна 6 минг гектар интенсив боғ ва 8 минг гектар токзорлар барпо этилади. Аммо ана шундай катта майдонлардаги боғ-токзорлардан талаб даражасидаги сифатли мўл ҳосил олишга эриша олмаяпмиз. Бунинг асосий сабаблари боғ-токзорларга ўз вақтида агротехник тадбирлар: суғориш, ўғитлаш масалаларига эътибор етарли даражада бўлмаяпти.

Маълумки, кейинги 2-3 йил давомида республикамизга баҳор эрта кириб келмоқда. Қиш ойлари (декабрь, январь, февраль) ҳавонинг илиқ келиши, ёғингарчиликнинг кам бўлиши кузатилмоқда. Натижада боғларда, айниқса, данакли боғларда ҳосил куртакларининг эрта уйғонишига сабаб бўлмоқда. Ёғингарчиликнинг кам бўлиши, тупроқда намликни етарли даражада бўлмаслиги мевали дарахтларнинг яхши ўсиб ривожланишига, боғларда меваларнинг тўлиқ шаклланмай, майда бўлиб стандарт талабига жавоб бермай қолаётир. Бунинг олдини олиш учун айни шу кунларда боғ ва токзорларга яхоб сувини имкон даражасида 1-2 марта бериш зарур. Бунда боғлар 1500-2000 м3/га., токзорлар 1200-1500 м3/га. меъёрдаги сув билан 3-4 кун давомида суғорилса, тупроқ чуқур намланади ҳамда дарахтларнинг куртакларининг уйғониши бироз кечикади. Яхоб сувини қониқиб ичган боғларда дарахтлар ва токзорларнинг асосий илдизлари жойлашган тупроқ қисми яхши намланади ҳамда тупроқ ҳарорати анча пасайиши боис дарахтлар куртакларининг ҳаракати 8-10 кун кейинга сурилади. Афсуски, кўп жойларда бунга етарлича эътибор берилмаяпти.

Кўп йиллик кузатишларга кўра март ойи давомида республикамизда қисқа муддатли совуқлар тез-тез такрорланиб туриши дарахтларга салбий таъсир этиши кузатилмоқда. Бунинг олдини олиш мақсадида боғнинг ҳар бир гектар майдонида тутатиш учун гўнг, хашак ва хазон аралашмасини йиғиб қўйиш (уюмлар сони 150-200 та ) зарур. Совуқ ҳаво келиши олдидан ушбу уюумлар тутатилади. Натижада ҳаво ҳарорати бироз кўтарилиб, дарахтлар совуқдан қутқариб қолинади. Яна бир муҳим тадбир бу совуқ кузатилиши олдидан боғ қатор ораларидаги суғориш ариқларидан сувни жилдиратиб оқизиб қўйишдир. Бунда боғдаги ҳаво ҳарорати 2-3 оС га кўтарилиб, дарахтлар совуқ уришдан сақлаб қолинади.

Дарахтлар буталиб, шакл берилгандан сўнг ҳаво ҳарорати +5оС дан юқори бўлганда, дарахтлар куртак чиқармасдан олдин уруғ мевали дарахтлар парша (қўтир), монилиоз (монилиоз куйиш) касалликларига қарши 3% ли Бордо суюқлиги ёки 5% ли ООҚ (олтингугурт охак қайнатмаси) билан жиққа хўллаб ювилади. 10-12 кундан сўнг пуркаш ишлари такрорланади.

Данакли мева боғларида (ўрик, шафтоли, олхўри, гилос) монилиоз, клястероспориоз, гоммоз ва барг бужмалоқлигига қарши 5% ли ООҚ ёки 3% ли Бордо суюқлиги, 1% ли мис купороси, ёки 2-3% ли темир купороси билан эрта бахорда куртаклар бўртиш арафасида ишлов берилади. Дарахтлар гуллаб бўлгач, Бордо суюқлигининг 1% ли (100 л. сувга 1 кг. мис купороси ва 1 кг. сўнмаган охак қўшилади) эритмаси билан пуркалади. Бундан ташқари, чуқур таъсир этувчи фунгидцидлар ҳам яхши самара беради. Баҳорда дарахтлар гуллаб бўлгач “Топсин-М” (1л./га) препаратини 0,1% ли қилиб сепиш яхши самара беради, “Байлетон” (0,2-0,3 л./га), “Фоликур” (0,25л./га), “Вектра” (0,3 л./га) препаратларидан хам фойдаланса, самараси яхши бўлади.

Республикамизда боғ-токзорлар майдони йилдан-йилга ортиб, ҳар йили 8-10 минг гектар майдонларда янги истиқболли интенсив боғлар ва токзорлар ташкил этилмоқда. Янги боғ-токзорлар барпо қилишда хатоликка йўл қўймаслик керак.

Мевали дарахтларнинг кўчатлари уч хил пайвандтагларда, яьни пакана пайвандтаг (паст бўйли), ўрта ўсувчи ва кучли ўсувчи пайвандтагларда кўпайтирилади. Яъни боғлар барпо қилишдан олдин уларни шамоллардан, совуқ ҳаво оқимларидан сақлаш мақсадида боғ атрофини иҳоталаштириш зарур. Бунда янги барпо қилинадиган боғни ҳимоя қилиш мақсадида ўрик, жийда ёки ёнғоқ каби кучли ўсувчи дарахт кўчатларини экиш ишларини олиб бориш керак. Янги боғ барпо этиш учун танланган майдон эрта бахорда (март ойи бошида) кўчат экилишидан олдин текисланиб, 35-40 см. чуқурликда плантаж сўқа ёрдамида ҳайдалади, тупроқ етилиши билан чизелланади ҳамда кетма-кет мола қилиниб, кўчат экиш учун режа тортилади. Режа тортишда экиладиган кўчат турларига қараб, пакана пайвандтагга уланган олма кўчатлари 3,5х2,5 м., ўрта ўсувчи 3,5х3 м., нок кўчатлари 3,5х2 м., ўрта ўсувчи 3,5х2,5 м., ММ-106 пайвандтагга уланган ўрта ўсувчи кўчатларда олма навига қараб 5х3 м., 5х4 м., нок учун 5х3 м., 5х4 м. схемаларда экиш тавсия қилинади. Кучли ўсувчи мевали дарахтларнинг кўчатларини қуйидаги схемаларда экиш тавсия этилади: олма 8х7 м., 8х6 м., нок 8х8 м., 8х5 м., бехи 6х4 м., 5х4 м., ўрик ва гилос 8х7 м., 8х6 м., олхўри 6х5 м., 6х4 м., шафтоли 6х4 м., 5х4 м., олча 6х4 м., хурмо 6х6 м., 6х5 м., бодом 6х5 м., 6х4 м., ёнғоқ 8х8 м., 8х7 м., қорағат (смородина) 3х1,5 м., 3х1 м., малина 2,5х1 м., 2,5х0,5 м., ток кўчатлари 3х2,5 м., 3х2 м. Янги кўчат экиладиган майдонларда режа қозиқлари ўрнатилгач, унга назорат қозиқлари ўрнатилиб, кўчат экиладиган чуқурлар ковланади. Чуқурлар КЯ-100 махсус агрегатида ёки қўлда 60х60х60 см. хажмда ковланади.

Чуқурларни ковлашда аввал тупроқнинг юза 20-25 см. қисми бир томонга, чуқурнинг тагидаги қисми иккинчи томонга олиб қўйилади. Чуқурга кўчат экишдан олдин 350-400 г. фосфорли, 30-40 г. калийли ўғитлар хамда 8-10 кг. чириган гўнг тупроқ билан аралаштириб солиниб, кейин кўчат экилади.

Янги экиладиган кўчатларни экиш учун кўчатзордан экиш майдонига олиб боришда кўчатларнинг илдиз қисми шамолламаслиги учун уларни похол, брезент ёки полиэтилен плёнка билан ёпиб қўйилади.

Кўчатларни экишдан олдин майдон олдида катта чуқурда аталасимон лой тайёрланиб, унга 8:1, 10:1 миқдорда молнинг суюқ шатмоғи қўшилади. Шатмоққа кўчатларнинг илдизи бирма-бир яхшилаб ботириб олинади. Бунда экилган кўчатларни тезлик билан суғоришнинг имкони бўлмаган жараёнда ижобий таъсири катта бўлади. Кўчатлар экилиб бўлингач, дархол суғориш ариқлари олиниб, кўчатлар суғорилади. Ёш ниҳолларнинг танаси оҳак билан оқланиб чиқилади.

Мевали кўчатларни экишда уларнинг турлари, навлари хамда кўчатнинг пайвандтагига эътибор бериш зарур.

Янги боғ барпо қилингач экилган янги кўчатларга шакл бериш, боғ қатор ораларини ҳайдаш, дарахт тагларини чопиш, минерал ўғитлар солиш каби ишлар бажарилади.

Резавор мевали ўсимликларда эрта бахорда қулупнайзор қатор оралари ва туп атрофи юмшатилади. Март ойининг бошларида, тупроқ қуриши билан қулупнайзорда ўсимлик тупларининг эски барглари йиғиб олиниб, даладан ташқарига чиқариб, ёқиб юборилади. Сўнгра ўсимлик қатор ораларига ишлов беришдан олдин минерал ўғитлардан 90 кг. азотли ва 50-60 кг. фосфорли ўғит солиниб юмшатилади, туп атрофи қўлда чопиқ қилиниб, қулупнайзор суғорилади. Орадан 20-25 кун ўтгач иккинчи марта ишлов берилади, яъни қатор оралари ўтоқ қилиниб, юмшатилади.

Қорағатзорларда (смородина) эрта бахорда қорағат тупларига шакл берилади. Бунда биринчи навбатда қуриб қолган, синган ва касалланган навдалари олиб ташланади. Тупдаги нимжон навда ва шохлари, ўсимликнинг асосий қисмини салқинлатиб қўядиган, ердан кўкариб чиққан бачки навдалари ҳам кесиб ташланади.

Қорағат тупидаги асосий ҳосил ўтган йили чиқарган навдаларида шаклланади. Йиллар ўтиши билан ўсимлик 2-ва 3-тартиб навда чиқаради, ҳосилнинг шаклланиши ҳам марказидан узоқлашиб боради. Новда чиқариш тартиби қанча кўп бўлса, туккан мевалари ҳам шунчалик майда бўлади. Шунинг учун 5 ёшга етган шохлар кесиб олиб ташланиб, ўрнига янги чиққан бир йиллик навдалардан 4-5 та қолдирилади. Ўсимлик 4-5 ёшга етганда бир тупда хар хил ёшдаги новдалар сони 15-20 та бўлиши керак.

Қорағат тупларига шакл бериб бўлингач қатор ораларига 120-150 кг. соф азот ҳисобида азотли ўғит солиниб, юмшатилади.

Март ойи охирида қорағат туплари гуллай бошлайди. Қорағат гуллаш вақтида биринчи сув берилади, сабаби сув берилганда чангланган гулларининг бир қисми тўкилиб кетмайди.

Малиназорларда (хўжағатзор) эрта баҳорда қуриб қолган навдалари ҳамда кўп ўсган нимжон новдалари олиб ташланади. Қатор оралари 10-12 см, қатор ичи 4-5 см чуқурликда юмшатилади.

Малиназорга асосан маҳаллий ўғит гўнг (10-15 т/га) ёки минерал ўғитлардан эрта баҳорда гектарига 150-200 кг. ҳисобида азотли ўғит билан озиқлантирилади ҳамда суғорилади.

Цитрус ўсимликлари нормал ўсиши ва яхши мева бериши учун тупроқнинг оптимал намлиги тўла намлилик сиғимидан 70-85%ни ташкил этиши керак. Суғоришлар бўлиб-бўлиб (мавсумда 25 мартагача) ўтказилиши зарур, иссиқхоналарда февраль охирлари март бошларида, об-ҳаво шароитларига, ўсимлик ёшига, мева бериш даражасига ва бошқа факторларга қараб суткалик ҳаво ҳарорати ўртача 12оС ва тупроқ ҳарорати 9оС бўлганида ўса бошлайди. Февральнинг иккинчи ярмидан цитрус ўсимликлар ғунчалай бошлайди. Ғунчалаш босқичи суткалик ўртача ҳаво ҳарорати 18,3-21оС ва тупроқ ҳарорати 14,5-17оС бўлганида 25-28 кунга чўзилади.

Суткалик ҳаво ҳарорати 20,5оС, тупроқ харорати 21,5оС бўлган март ўрталаридан апрель бошларигача гуллайди. Март ойининг оҳирларида ялпи гуллашга киришади ва апрелда тугайди.

Ушбу ойда бир, икки, уч ёшли ўсимлик тагига 10 кг. гўнг, 20 г. дан азот ва фосфор ҳамда 10 г. калий ўғити солинади, мева берувчи туплар тагига эса 20-25 кг. дан гўнг ва 80-100 г. фосфорли, 80-120 г. азотли ва 40-60 г. калийли ўғитлар солинади (тупларининг ёши катталашган сари солинадиган ўғитлар миқдори кўпайтирилади). Бунда минерал ўғитлар икки муддатда ярмиси февраль охири март бошида, қолгани май охири июнь бошларида берилади.

Цитрус ўсимликлари иссиқхонада кўпинча юмшоқ сохта қалқондор, ўсимлик битлари, каналар билан зарарланади. Қалқондорга қарши 0,3% ли фозалон эритмаси 5-6 кун оралатиб 2 марта пуркалади. Вэртемэкс препаратини 0,5-0,8 фоизли қилиб сепса ҳам бўлади. Бунда ўсимликнинг ҳамма қисмини, айниқса баргларини пастки тарафидан хўллаш зарур. Қора куясимон зумбуруғлар барглар ювилганда кетмайди. Барглар 1% ли Бордо суюқлиги эритмаси ёки 0,5% мис, хлор оксиди эритмасини қўшимча пуркалганда холос этади. Ўргимчак канага қарши 0,2% ли Кельтан ёки 1,0% ли Данитол эритмасини пуркаш яхши самара беради. Вақти-вақти билан ювиб туриш ҳам фойда беради. Ишлов эрталаб ва кечқурун, ёки булутли кунларда ўтказилади. Ўсимлик танаси гоммоз елим оқиш касаллиги билан касалланганида, касалликнинг илк босқичида шикастланган пўстлоқ қисми ва ёғочи соғлом қатламгача кесиб ташланади. Бундан сўнг тозаланган жой 3% ли мис купороси билан дезинфекция қилинади. Гоммоз билан зарарланган ва қуриган дарахт танасининг атрофи илдизи билан қазиб олиниб ёндирилади, тупроғи эса 1% ли формалин эритмаси билан дезинфекция қилинади.

Токзорларда эрта баҳорда таъмирлаш ишлари, яъни темир бетон устунларни тўғрилаш, симларни тортиб чиқиш, устунлар тагларини зичлаш ишлари тугалланади.

Март ойининг иккинчи ярмидан, айрим ҳудудларда ойнинг охиридан кўмилган ток туплари очилиб, симбағазларга кўтариб боғлаш ишларини амалга ошириш зарур. Токзорларда ток ораларида қуриб қолган туплар ўрнини тўлдириш учун ток тупларида қолдирилган узун новдаларни пархама (пархиш) қилиб тўлдирилади.

Токлар симбағазларга кўтариб боғлангач, қатор ораларига маҳаллий ўғитлардан гўнг 10-20 т/га., минерал ўгитлардан соф холда азотли 60 кг/га., калийли 30 кг/га. ҳисобида солиниб, қатор оралари ҳайдалиб, туп атрофлари юмшатилади.

Ток кўчатларини экиш ҳам мевали дарахтларнинг кўчатларини экиш усулида ўтказилади. Бунда экилган кўчатларнинг 4-5 та куртаги қолдирилиб, қолган қисми кесиб ташланади. Кўчатлар сифатли қилиб экилса, улар яхши ўсиб-ривожланиб, кўп йиллар давомида мўл ва сифатли ҳосил беради.

Равшан Абдуллаев, қ.х.ф.н.

Хилола Абдуллаева қ.х.ф. ф.д. (PhD) илмий ходимлар,

Жамшид Агзамходжаев,

Абдурахмон Пардабоев, кичик илмий ходимлар.

Академик М.Мирзаев номидаги БУ ва В ИТИ.





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech