Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
6 Апрел 00:00

Сабзавотчиликда апрел ойи юмушлари

Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда мева-сабзавотчилик соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ҳукуматимиз томонидан бу борада туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бунга яққол мисол бўла олади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълумотларига кўра, мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларнинг барчасида кластерлар ташкил этиш орқали қайта ишлаш, экспорт ва қўшилган қиймат ҳажмини ошириш устувор масала эканлиги, жорий йилда 
2 миллион 400 минг тонна ёки ўтган йилга нисбатан 1,7 баробар кўп мева-сабзавот экспорт қилиниши билдирилган.

Ушбу натижага эришиш учун, энг аввало, сабзавот етиштирувчи хўжаликлар юқори ҳосил олишнинг асосий омилларини билишлари лозим.

Сабзавот, полиз ва картошка экинларидан юқори ҳосил олишда – экин майдонларини экишга сифатли тайёрлаш, кузда ерни шудгорлашдан олдин органик ўғитларни, фосфор ва калийли ўғитларни сочиш ҳамда ерни 30-35 см чуқурликда ҳайдаш, сифатли, навдорлиги юқори бўлган, мавсумга мос, элита ва 1-репродукцияли навларни ва F1 дурагайларини экиш, экин турлари ва навларини белгиланган муддатларда экиш, экинларни экиш схемасини тўғри белгилаш, органик ва минерал ўғитларни тавсия этилган муддатда ва меъёрида солиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш, экинларни турли зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш, пишиб етилган маҳсулотларни ўз вақтида йиғишга эътибор қаратиш лозим.

Ушбу ойда, асосан, иссиқсевар сабзавотлар кўчатларини экиш ишлари амалга оширилади.

Томатдош помидор, ширин қалампир ва бақлажон экинлари учун 40-45 кунлик, илдиз тизими яхши ривожланган, бўйи 18-50 см, барглари 5-7 дона, турли касалликлардан холи кўчат сифатли ҳисобланади.

Томатдош экинларни экиш муддатлари бир-бирига жуда яқин бўлиб, кўчатлар Республиканинг жанубий вилоятларда: эртаги навлар мартнинг III ўн кунлигида, ўрта ва кечпишар навлар апрелнинг I-II ўн кунлигида; марказий вилоятларда эртапишар навларни апрелнинг I-II ўн кунлигида, ўрта ва кечпишарларни эса апрелнинг II ярмидан бошлаб, май ойининг I ярмигача; шимолий вилоятларда эртапишар навлар апрелнинг II ўн кунлигида, ўрта ва кечпишарлари апрелнинг III ўн кунлигидан то майнинг I ўн кунлигигача, уруғидан эса очиқ майдонга апрелнинг II ўн кунлигида экилади.

Кўчатларни очиқ майдонга экишни ҳам уларнинг пишиш даврига қараб белгилаш лозим. Помидорнинг эртапишар ва ўртапишар навлари кўчати у қадар нишаб бўлмаган далаларда 70х25(30) см, текис майдонларда 90х25(30) см, узун палакли навлар 90х40 см, (140+70)х25 см, ширин қалампир эса 70х30 см ёки 90х25 см, бақлажон 70х30(40) см ёки 90х25(30) см схемаларда экилади.

Кўчат экишда тупроқ нам бўлиши лозим, экиш ишлари тугатилгандан сўнг, майдонлар яхшилаб суғорилади. Экинларга биринчи ишлов бериш ишлари кўчат экилгандан сўнг 10-12 кун ўтгач, амалга оширилади. Бунда экин қатор ораларига КРН-2,8А, КХО-4, КОН-2,8А русумли ёки бошқа замонавий агрегатлар билан 12-14 см чуқурликда ишлов берилади, тупроқ юмшатилади. Ўсимликлар атрофи эса енгил юмшатилиб, минерал озиқалар солиниб суғорилади. Суғоришдан 13-15 кун ўтгач, экин майдони яна бир бор суғорилади ва тупроққа ишлов бериш имконияти бўлганда, экин қатор оралари 15-16 см чуқурликда юмшатилиб, ўсимликлар атрофидаги бегона ўтлар чопиқ қилинади.

Помидор ўсув даври давомида сизот суви чуқур жойлашган ерларда ҳар бир суғоришда 500-600 м3/га ҳисобида 18-20 маротаба, сизот суви юза жойлашган ўтлоқи ва ўтлоқи-ботқоқ тупроқли майдонлар 600-800 м3/га ҳисобида 12-15 марта суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ҳосил етилгунча хар 8-12 кунда, ҳосил ёппасига пишиш арафасида 5-7 кунда суғорилади. Ширин қалампир ва бақлажонни ўсув даврида помидорга нисбатан бир оз камроқ суғориш лозим.

Ушбу томатдош экинлар озиқа моддаларга талабчан ҳисобланади, шунинг учун уларни бўз тупроқли майдонларда (25-30 т/га гўнг берилганда) соф ҳолда 180-200 кг азотли, 140-160 кг фосфорли ва 100 кг калийли ўғитлар билан, ўтлоқи тупроқли майдонларни эса 140-150 кг азотли, 100-120 кг фосфорли ҳамда 80-100 кг калийли ўғитлари билан озиқлантириб бориш лозим. Органик ўғит (гўнг) ва фосфорли ўғитнинг 75% ҳамда калий ўғитининг 50% кузги шудгорлашдан олдин солинади. Кўчатларни экишдан аввал фосфорли ўғитнинг қолган қисми ва азотли ўғитнинг 20% ҳамда азотли ўғитнинг қолган 80% иккига тенг бўлиб, биринчи қисмини кўчатлар тутиб олгандан кейин, қолган қисмини эса калий ўғитининг қолган 50% билан аралаштирилиб, ўсимликлар мева тугиш даврида солинади.

Помидор, ширин қалампир ва бақлажонни органик, яъни йирик шохли чорва моллари гўнги (шалтоғи) билан “шарбат” усулида озиқлантириш яхши самара беради.

Маълумки, республикамиз бозорларида йил давомида оқбош карам аримайди. Ёз ойларида ҳам бозорларни оқбош карам билан таъминлаш учун ўртаги муддатда оқбош карам кўчатлари жанубий минтақаларда 10-20 май, марказий минтақаларда 15 апрелдан 1 майгача ва шимолий минтақаларда 1-15 апрелда экилиш тавсия этилади. Кўчатлар 70х35(40) см схемада экилади. Кўчатларни экиб бўлгач, тўлиқ тутиб олишини таъминлаш учун суғориш тадбири амалга оширилади.

Ушбу муддат учун оқбош карамнинг махҳллий “Тошкент-10”, “Саратони” ҳамда “Термиз-2500” навлари тавсия этилади.

Оқбош карам кўчатлари тўлиқ тутиб олганидан 16-18 кун ўтгач, ўсимликларга комплекс ишлов берилади, бунда ўсимлик қатор оралари 15-16 см чуқурликда юмшатилади, бегона ўтлардан тозалангач, суғорилади. Юмшатиш билан бирга ўсимлик минерал ўғитлар билан озиқлантирилади. Ўсимлик 150 кг азот, 100 кг фосфор, 50 кг калий билан соф олда озиқлантирилади.

Яна бир иссиқсевар бодринг экини уруғлари республиканинг жанубий минтақаларида 1-15 апрел, марказий минтақа вилоятларида 10-20 апрель, шимолий минтақаларида эса 20-30 апрелда экилади. Экиш учун маҳаллий “Ранний-645”, “Узбекский-740”, “Зилол”, “Наврўз”, “Ифор”, “Шабнам” сингари серҳосил навлари тавсия этилади.

Бодринг уруғи 70х30 см, 90х20 см экиш схемада, 4-5 см чуқурликка экилади. Уруғ сарфи гектарига ўртача 4-5 кг.

Бодринг ниҳоллари уруғ палла чиқарганда, биринчи, битта чинбарг даврига кирганда, иккинчи марта яганалаш тадбирлари ўтказилади.

Ўсимлик қатор ораларига махсус агрегатлар билан 15-16 см чуқурликда ишлов берилади, ўсимлик атрофи мунтазам юмшатиб, озиқлантириб борилади. Бодрингни озиқлантиришда соф ҳолда 180 кг азот, 100 кг фосфор ва 75 кг калий ўғити бериш тавсия этилади. Ерга асосий ишлов берилганда, органик ўғитнинг ҳаммаси, фосфор ва калийнинг 75% солинади. Биринчи озиқлантиришда фосфор ва калийнинг қолган 25%, азотнинг 50%, иккинчи озиқлантиришда азотли ўғитнинг қолган 50% берилади.

Сизот суви чуқур жойлашган ерларда кўкламда экилган бод­ринг ҳар 7-8 кунда суғориб турилади. Ҳосил тўплаш даври бошланиши биланоқ экин тез-тез, ёппасига ҳосилга кирганда эса, ҳар қайси теримдан кейин, яъни камида 2-3 кун оралатиб суғорилади. Ана шундай қилинганда, сизот суви чуқур участкаларда эртаги бодрингга ўсув даврида 16-18, юза ерларда эса камроқ, 9-11 марта сув берилади.

Тарвуз, қовун сингари полиз экинларининг сифатли уруғлари республиканинг марказий минтақасида эртаги навлари 15 апрелгача, ўртагиси 20 апрелдан 10 майгача, кечкиси 15 майдан 10 июнгача, жанубий вилоятларда эртаги навлар 10 апрелгача, ўртагиси 10-20 апрелда, кечкилари эса 10-20 июнда, шимолий минтақаларда эртаги навларни 20 апрелгача, ўртагисини 25 апрелдан 10 майгача, кечкисини 20-30 майда экиш тавсия этилади.

Ушбу муддатларда экиш учун қовуннинг маҳаллий эртапишар “Роҳат”, ўртапишар “Кўк тинни”, “Суюнчи-2”, “Олтин водий”, “Лаззатли”, “Олтинтепа”, “Кичкинтой”, “Оби новвот”, “Гурвак”, Бўрикалла”, кечпишар “Тўёна”, “Гурлан”, “Амударё”, “Гулоби Хоразмий”, “Зар гулоби”, “Саховат”, тарвузнинг эртапишар “Ўринбой”, “Ширин”, “Манзур”, “F1 Чиллаки”, “Крисби”, “Кримстар свит” навлари тавсия этилади.

Тарвуз ва қовун экиш режалаштирилган майдонлар кузда 35-40 см чуқурликкача шудгор қилинади. Ҳайдаш олдидан маъдан ўғитларни солиш ҳосилдорликнинг ошишига сабаб бўлади.

Полиз экинлари уруғини экишда қатор оралари 210-280 см ли кенг эгат олинади. Бу полиз экинлари қатор ораларига тўрт ғилдиракли тракторлар билан ишлов бериш имконини беради. Экиш шакли қовун учун (210+70):2х70, тарвуз учун (270+90) ):2х70 см. схемада уруғлар 3-6 см чуқурликка экилади. Бунда уруғ сарфи гектарига майда уруғли қовун ва тарвузларда 4 кг. ни, йирик уруғли тарвузларда 5-6 кг. уруғни ташкил этади.

Эрта муддатда экилган оқбош карам майдонлари кун исиши билан сувга талабчанлиги ошади, шунинг учун экинни ҳар 8-10 кун оралатиб 550-600 м3/га меъёрда суғориш лозим. Ҳар иккинчи суғоришдан сўнг қатор ораларига махсус агрегатлар билан ишлов бериш ҳосилнинг ўз муддатида пишиб етилишини таъминлайди.

Эрта ҳосил олиш учун экилган картошкани ўсув даври давомида 450-600 м3 ҳисобида: ўтлоқи тупроқли майдонларда 4-6 маротаба, бўз тупроқли майдонларда эса 5-7 маротаба суғориш тавсия этилади. Ҳар икки суғориш оралиғида қатор оралари ўсимлик шоналагунча 10-12 см чуқурликда юмшатилади.

Апрел ойида эртаки картошка бўз тупроқли ерларга гектарига соф ҳолда 220 кг азот, 170 кг фосфор, 115 кг калий, ўтлоқи, ўтлоқи ботқоқ ерларда етиштирилганда эса 180 кг азот, 150 кг фосфор, 100 кг калий билан озиқлантирилади.

Эслатма, кўкат сабзавотлар респуб­ликамизда йил давомида экиб етиштириб келинмоқда, сабаби, кўкат сабзавотларга талаб йилдан-йилга ошиб бормоқда. Шу сабабли, апрел ойида укропнинг “Ўзбекистон-243” ва “Ором”, кашничнинг “Орзу”, петрушканинг “Нилуфар”, салатнинг “Кўк шох” сингари маҳаллий навларини экиб етиштириш яхши самара беради.

Рустам Низомов, қ.х.ф.д.,

Фахриддин Расулов, қ.х.ф.ф.д.

Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик ИТИ.





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech