Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
23 Июл 2011 00:00
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон ғаллакорларига табрик йўллади.

ЎЗБЕКИСТОН ҒАЛЛАКОРЛАРИГА

Қадрли юртдошлар!
Шу кунларда ғалла тайёрлаш мавсумига якун ясаб, юксак хирмон бунёд этган заҳматкаш ва фидойи деҳқонларимизнинг мардона меҳнати учун самимий миннатдорлик билдириш, уларни бағримга босиб, чин қалбимдан табриклаш менга катта мамнуният етказади.
Бу йилги ўта оғир мавсум шароитида бундай улкан ғалабага эришиш, яъни 6 миллион 800 минг тоннага яқин ғалла хирмони яратиш, жумладан, суғориладиган майдонлардан 6 миллион 700 минг тонна ҳосил олиш нақадар машаққатли меҳнат эвазига бўлганини барчамиз яхши тушунамиз ва бунинг учун азамат деҳқонларимизга ҳар қанча таҳсин-тасаннолар айтсак, арзийди, албатта.
Ҳақиқатан ҳам, об-ҳаво ғоят ноқулай келган, кучли сув танқислигининг салбий таъсири барча ҳудуд ва минтақаларимизда яққол сезилиб турган жорий йилда мамлакатимиз қишлоқ хўжалик ходимлари ҳар қачонгидан ҳам мураккаб қийинчиликларга дуч келганини кўплаб мисолларда кўриш мумкин.
Аввало, кузда ва кўкламда ёғингарчиликнинг етарли даражада бўлмагани туфайли ғалла ниҳолларини бир текис ундириб олиш қанчалик қийин бўлганини эсга олайлик. Афсуски, бундай вазият кўп жойларда лалми майдонларга экилган ғалланинг нобуд бўлишига олиб келди. Сув танқислиги ўз навбатида суғориладиган майдонларда ҳам жиддий муаммоларни туғдирди. Тупроқда намлик даражасининг етишмаслиги, ҳаво ҳароратининг меъёридан ошиб кетиши, қишлоқ хўжалик зараркунандалари ва турли касалликларнинг салбий таъсирини бартараф этиш деҳқонларимиздан катта матонат ва маҳоратни талаб қилди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Фақат ишни тўғри ва оқилона ташкил этиш, агротехник тадбирларни пухта ўтказиш, барча куч ва имкониятларни ҳосилни сақлаб қолишга сафарбар қилиш, ҳар томчи сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш деҳқонларимизга бундай оғир синовдан ёруғ юз билан чиқиш имконини берди.
Бир сўз билан айтганда, ернинг сирини чуқур билиш, тупроқ билан тиллашиб яшаш каби бизнинг деҳқонларимизга мансуб бўлган азалий тажриба ва омилкорлик фазилатлари жорий йилда мана шундай мўл ҳосил етиштиришга мустаҳкам замин яратди. Бу йилги ғалабани таъминлашда далада ишлаётган меҳнатчиларимизнинг онгу тафаккури тубдан ўзгариб, уларнинг ўз ери, ўз мулкига нисбатан эгалик ҳисси кучайиб, ўз меҳнатидан тобора кўпроқ баҳраманд бўлиб бораётгани ҳал қилувчи омил бўлди, деб айтишга тўлиқ асосимиз бор.
Албатта, белгиланган шартнома режасини адо этишда бутун қишлоқ хўжалиги соҳаси қатори ғаллачиликни зарур моддий-техник ресурслар билан таъминлаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сифатли уруғлик, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материалларини ўз вақтида етказиб бериш, имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича самарали тизим йўлга қўйилгани деҳқонларимиз учун катта куч ва мадад бағишлади.
Бу йилги мавсумда Андижон, Бухоро, Фарғона, Самарқанд, Тошкент вилоятларида ҳосилдорлик ўртача 53-64 центнерни ташкил этгани, Олтинкўл, Пахтаобод, Ромитан, Пешку, Тошлоқ, Қува, Иштихон, Пастдарғом, Оққўрғон, Денов, Сариосиё, Дўстлик, Хатирчи, Китоб, Учқўрғон, Боёвут туманларида бу кўрсаткич ўртача 60 центнердан юқори бўлгани миришкор ўзбек деҳқонининг қандай улуғвор ишларга қодир эканидан яққол далолат беради.
Сариосиё туманидаги “Ҳайитали Боймуҳаммедов” фермер хўжалиги гектаридан 88 центнер, Ғиждувон туманидаги “Маржона Файз” фермер хўжалиги 80 центнер, Балиқчи туманидаги “Обиджон ота” фермер хўжалиги 76 центнер, Зангиота туманидаги “Шуҳрат Зиё” фермер хўжалиги 76 центнер, Учкўприк туманидаги “Ҳакимбой” фермер хўжалиги 75 центнер, Хатирчи туманидаги “Баҳриддин ота” фермер хўжалиги 74 центнердан ошириб ҳосил олгани фермерлик ҳаракатининг нақадар беқиёс имкониятларга эга эканини амалда кўрсатиб турибди.
Ҳурматли дўстлар!
Қўлга киритилган бугунги улкан ғалаба ҳақида гапирганда, албатта, ўз донимиз, ўз беминнат нонимизга эга бўлиш, ғалла мустақиллигига эришиш йўлида қўйган тарихий қадамларимизни эсга олишимиз табиийдир.
Ўтган йиллар давомида ва бу йил юртимизда ғаллачилик соҳасида эришган ютуқларимизнинг нақадар катта аҳамият ва қадр-қимматга эга эканини ўзимизга тасаввур қилар эканмиз, мустақилликни қўлга киритган дастлабки йилларни беихтиёр хаёлимиздан ўтказамиз.
Агар 1991 йилда ўлкамизда жами 940 минг тонна ғалла етиштирилиб, ҳосилдорлик 17 центнерни ташкил қилган бўлса, ушбу рақамларни бу йилги хирмон билан солиштирадиган бўлсак, тайёрланган дон маҳсулотининг умумий ҳажми 7 баробардан зиёд, ҳосилдорлик эса 3 карра ошгани мисолида бизнинг бу соҳада қандай улкан, тарихий ривожланиш йўлини босиб ўтганимиз яққол намоён бўлади.
Бугун ана шундай рақамлар ҳақида сўз юритар эканмиз, яна бир ўта муҳим ва ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайдиган ҳолатни алоҳида таъкидламасдан бўлмайди.
Бундан 20 йил аввал, яъни совет тузуми даврида республикамизда тайёрланган ғалланинг барчаси давлат олдидаги мажбуриятни қоплаш учун топширилар, машаққатли меҳнати билан ҳосил етиштирган деҳқоннинг ўзи эса, донсиз, унсиз қолиб кетар эди. Унинг устига, халқимизни боқиш учун ҳар йили 3,5-4 миллион тонна ғаллани четдан олиб келишга мажбур бўлган ҳолни эсласак, бугунги кунда мамлакатимизда тайёрланаётган умумий ҳосилимизнинг фақатгина 37 фоизи давлат олдидаги шартномани бажариш учун топширилаётгани кўп нарсани англатади. Тайёрланган доннинг аксарият қисми, яъни 55 фоиздан ортиғи фермер хўжаликлари ва аҳоли ихтиёрида қолдирилаётгани деҳқонларимизнинг омборини ғаллага, рўзғорини қут-баракага тўлдиришга хизмат қилмоқда.
Мана шу биргина мисолнинг ўзиёқ Ватанимиз истиқлолининг 20 йиллик қутлуғ тўйига тайёргарлик кўрилаётган шу кунларда мустақиллик эл-юртимизга унинг манфаатини таъминлашда қандай беқиёс имкониятлар яратиб берганининг яққол, ҳеч қандай тарғибот-ташвиқот талаб қилмайдиган исботи эмасми?
Айни вақтда ғаллачиликни ривожлантириш ҳисобидан юртимизда озиқ-овқат саноати, чорвачилик ва паррандачилик каби тармоқлар жадал тараққий топиб, ички бозоримизни ун ва нон, гўшт ва сут маҳсулотлари, тухум билан таъминлаш масаласида илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган натижаларга эришаётганимизни бугун ҳар қадамда кўриш, сезиш қийин эмас.
Шу борада амалга оширган изчил саъй-ҳаракатларимиз туфайли биз эндиликда дон бўйича нафақат ўз эҳтиёжларимизни тўла қондиришга, керак бўлса, ғаллани четга экспорт қиладиган давлатлар қаторидан жой олишга муяссар бўлганимиз албатта барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Муҳтарам юртдошлар!
Бугунги қувончли айёмда сиз, миришкор ғаллакорларимиз, илғор механизатор ва комбайнчиларимизни, мутахассис ва мутасаддилар, бу улкан зафарга муносиб ҳисса қўшган барча-барча инсонларни яна бир бор қизғин табриклаб, ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман. Ўзининг олижаноб, фидокорона меҳнати билан Ўзбекистонимизни янада обод ва фаровон қилаётган юртдошларимизга бутун халқимиз номидан таъзим қиламан.
Хонадонларимиздан, эл-юртимиздан тинчлик-осойишталик, файзу барака аримасин!
Ҳамиша бахтингиз, омадингизни берсин, ҳалол меҳнатингизнинг роҳатини кўринг, азизларим!

Ислом КАРИМОВ
Ўзбекистон Республикаси Президенти




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech