Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
20 Сентябр 2011 00:00

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида Швейцариянинг республикамизда сув ресурсларини бошқариш соҳасига 2,6 млн АҚШ доллари миқдоридаги беғараз ёрдами битимини имзолашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ер шари аҳолиси сони тобора ортиб бораётган, глобал иқлим ўзгаришлари туфайли ҳарорат кўтарилиб, айрим ҳудудларда ёғингарчилик кўпайиб, баъзи жойларда эса кучли қурғоқчиликлар кузатилаётган ҳозирги шароитда қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ва сифатли ҳосил етиштириш тобора қи­йинлашиб бормоқда. Қолаверса, бугунги кунда сув билан боғлиқ муаммолар бутун инсониятни ташвишга солмоқда. Сув ресурслари етишмаслиги ва тақчиллиги эса кўплаб давлатлар иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Республикамизда сув ресурслари чекланган бўлиб, ресурслардан оқилона фойдаланиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Сувдан самарали ва тежамли фойдаланиш, унинг қатрасини асраб-авайлаш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир. Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида Швейцариянинг республикамизда сув ресурсларини бошқариш соҳасига 2,6 млн АҚШ доллари миқдоридаги беғараз ёрдами битимини имзолашга бағишланган тадбирда ана шулар ҳақида гап борди.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Швейцария ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқалар тобора ривожланиб бормоқда. Жумладан, ҳозирги кунда мамлакатларимиз ҳукуматлари ўртасида 2002 йили имзоланган икки томонлама келишув доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда сув ресурслари бошқарувини такомиллаштиришга қаратилган лойиҳа (Осиё тараққиёт банки иштирокидаги "Фарғона ва Зарафшон водийларида сув ресурсларини бошқариш" лойиҳаси) доирасидаги ишлар ана шу кенг қамровли тадбирларнинг узвий бўлагидир. Мазкур лойиҳа Швейцария Ҳамкорлик Бюросининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида амалга оширилади. Швейцария техник кўмаги Осиё тараққиёт банкининг номи юқорида қайд этилган лойиҳаси доирасида бажарилади.

Тўрт йил давомида амалга ошириладиган лойиҳа ўз ҳудудидаги еттита насос станцияси қамровидаги ер майдонларида сув ресурсларидан янада самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлайди. Хўжаликлараро ва хўжалик ички тармоқларида сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш ушбу мақсадга эришиш имконини яратади. Бу борадаги ишлар амалга оширилгач, лойиҳа дои­расидаги сув хўжалиги ташкилотларининг бошқарув салоҳиятини ошириш ҳисобига сув ресурслари ҳамда хўжаликлараро инфратузилмаларни янада самарали бошқариш, эксплуатация қилиш ва ишчи ҳолатда сақлаш имконияти кенгаяди. Сув истеъмолчилари уюшмалари (СИУ) ходимларининг малакаси оширилади. СИУларда сувдан фойдаланиш режасини тузиш ва сув тақсимоти мониторингини самарали олиб боришга қулай шароитлар яратилади. СИУларнинг молиявий барқарорлиги таъминланади.

Шунинг­дек, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида СИУларда фермерларнинг дала мактаблари ташкил этилади.Лойиҳа натижаларидан Фарғона водийси ва Зарафшон воҳаси ҳудудидаги 72 минг гектардан ортиқ майдонга хизмат кўрсатадиган 35 та СИУ ва 1100 та фермер хўжаликлари бевосита манфаатдор бўладилар. Жумладан, Фарғона водийси ва бошқа ҳудудларда сув ресурсларининг интеграллашган бошқарувини татбиқ этиш, машина каналларини автоматлаштириш, фермер хўжаликларида сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сув хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган ходимларнинг касбий кўникма ва малакасини оширишга яқиндан ёрдам бермоқда. Бундан ташқари, Фарғона ва Андижон вилоятларининг қишлоқ ҳудудлари ҳамда Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида ичимлик суви таъминотини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналарини қўллаб-қувватлаш каби лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ ишлар амалга оширилмоқда. Битимни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зафар Рўзиев ҳамда Швейцария Конфедерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулотда ва Мухтор элчиси Анн Бати хоним имзолади.





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech