Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
7 Декабр 2011 00:00

Жорий йилнинг 6-7 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги Ўзбекистон Пахтачилик илмий тадқиқот институтида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази, Фан ва технологияларни ривожлантириш қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси ҳамкорлигида "Қишлоқ хўжалигида янги агротехнологияларни жорий этиш" мавзусида Республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Конференция иштирокчилари мамлакатимизда пахтачилик соҳасини янада ривожлантириш, турли табиий иқлим шароитларида тупроқ унумдорлигини сақловчи ва оширадиган ғўза ва издош зироатлар етиштиришнинг самарали технологиялари, алмашлаб ва навбатлаб экишнинг ғўза, ғалла, беда ва бошқа экинларни етиштириш технологияларини такомиллаштириш билан боғлиқ илмий тадқиқотларни янада кенгайтириш борасида келгусида амалга ошириладиган вазифаларни белгилаб олишди.

Таъкидлаш жоизки, ўтган вақт мобайнида мутахассисларимиз томонидан селекция, уруғчилик, навларни янгилаш, пахтанинг тола сифати юқори, тезпишар янги навларини жорий этиш ва уларни мамлакатнинг турли тупроқ-иқлим шароитларида оқилона жойлаштириш борасида муайян ишлар амалга оширилган. Эндиликда асосий майдонларда ана шундай бебаҳо хусусиятларга эга ғўза навлари парваришланаяпти. Зеро, Англиянинг "Коттон Оутлук" журнали томонидан "Ўзбекистон пахта етиштириш технологиясининг икки йўналишида, яъни кўсак қуртини кенг қамровли биологик назорат қилиш ва эртапишар навлар селекцияси бўйича дунёда пешқадам" деб баҳолангани, селекционер олим А. Баталов томонидан яратилган "Бухоро–6" ғўза навининг Ливерпуль халқаро бозорида эталон сифатида қабул қилингани бежиз эмас.

Ҳозирги кунда институтда Давлат стандарти талабларига тўлиқ жавоб берадиган кўплаб янги ғўза навлари яратилиб, республикамизнинг пахта экиладиган майдонларига кенг жорий этиляпти. Жумладан, 2001 йилда жами ғўза майдонининг 32,6 фоизи, 2002 йилда 36,6 фоизи, 2003 йилда 35,2фоизи, 2004 йилда 42,0 фоизи, 2005 йилда 43,5 фоизи, 2006 йилда 43,7 фоизи, 2007 йилда 44,2 фоизи, 2008 йилда 45,6 фоизи, 2009 йилда 46,8 фоизини Ўзбекистон Пахтачилик илмий-тадқиқот институтида яратилган ғўза навлари эгаллади. Селекционер олимларимиз томонидан пахта толасининг чиқишини 26–31 % дан 34–40% гача, узунлигини 20–28 мм. дан 32–35 мм. гача, бир кўсакдаги пахта вазнини 3,5–5 г. дан 6,7–7, ҳатто 8–10 г. гача оширишга эришилган.

Айни пайтда институтда «Андижон–37», «Андижон–40», «Бухоро–9», «Бухоро–103», «Бўстон», «Оқдарё–8», «Парвоз», «Полвон», «Пахтакор–1», «Тўрақўрғон–4», «Наврўз», «ЎзПИТИ–101», «ЎзПИТИ–102», «ЎзПИТИ–201», «ЎзПИТИ–202», «ЎзПИТИ–1001», «ЎзПИТИ–2601» сингари кўплаб янги ғўза навлари бўйича бирламчи уруғчилик ишлари жадал суъратларда олиб борилаётгани келгусида самарадорлик бундан-да юқори бўлишидан далолат беради.

Ахборот хизмати





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech