Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
31 Январ 2012 00:00

Жорий йилнинг 31 январь куни  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги билан ҳамкорликда “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг сифатини ошириш ва экспорт салоҳиятини янада ривожлантиришнинг энг муҳим мезонлари” мавзуида  конференция ўтказилди.
      Конференцияда Ўзбекистон Республикаси фақат ўзи етиштираётган пахта толаси билан эмас, балки бутун дунё халқлари яхши кўриб истеъмол қиладиган мевалари, узумлари, сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан машҳур бўлиб, уларнинг кўпгина турлари ва навлари бошқа мамлакатларда учраймадиган хаммани ўзига тортадиган таъми ва хушхўрлиги билан алоҳида ажралиб туриши қайд этиб ўтилди.
      Ўзбекистонда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотлари иқлим шароитининг жуда қулайлиги туфайли мана шундай ноёб бўлганлиги учун ҳам жаҳон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозорида юқори даражада рақобатбардошдир. Масалан, Ўзбекистонда етиштириладиган узум навлари таркибидаги шакар моддаси 18–30 фоизни ташкил этади, помидор таркибидаги қуруқ моддалар миқдори эса 5,5 фоиздан ошадики, бу европалик ишлаб чиқарувчиларнинг шундай маҳсулотларидагидан анча юқори бўлиб, шуниси билан харидорни ўзига тортади. 
     Бугунги кунда Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотининг ўта қимматли навларини етиштириш ва қайта ишлаш, уларни экспорт қилиш соҳасида катта салоҳиятга эга. Аграр секторда экспортга мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва уни қайта ишлайдиган саноатни етакчи ўринга кўтариш қишлоқ хўжалигида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлайди. Ушбу вазифани ҳал қилиш, мамлакатимиз Президенти И.А.Каримов бир неча бор таъкидлаганидек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг сифатини ҳамда уни қайта ишлайдиган корхоналарнинг самарадорлигини оширишни, ички ва ташқи сотиш бозорларини янада кенгайтиришни талаб қилмоқда.
    Бу вазифалар Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган. Мамлакатимизда ана шу йўналишда сабзавот, мева, полиз маҳсулотлари, дуккакли экинлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг минтақалар тупроқ-иқлим шароитига мослаштирилган янги истиқболли навларини яратиш бўйича аниқ мақсадли ишлар олиб борилмоқда, бу эса, охир-оқибатда, ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятини оширишга ёрдам бермоқда.
    2011 йилда барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 2010 йилдагига нисбатан 6,6 фоиз миқдорида кўп етиштирилди. Ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг умумий ҳажмида экспортнинг улуши йилдан-йилга ортиб бормоқда. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг маълумотларига қараганда, 2010 йилда экспорт қилинган маҳсулотнинг ҳажми натурал кўринишда 2007 йилдагига нисбатан 95,5 фоизни, унинг қиймат жиҳатидан ўсиши эса 172,4 фоизни ташкил этган бўлса, 2011 йилда бу кўрсаткичлар тегишлича 115,1 фоизни ва 2,8 бараварни ташкил этди.
     Маҳсулот экспорт қилиш қиймати унинг ҳажмига нисбатан ўсганлиги мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган мева-сабзавот маҳсулотига талаб жаҳон бозорида ортиб бораётганлигидан дарак беради. Масалани қизғин муҳокама қилиш жараёнида конференция қатнашчилари қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг сифатини ошириш ва уни жаҳон бозорларига чиқариш масалаларидаги айрим муаммоларга эътиборни қаратдилар. Шунингдек,  экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг таркибида янги узилган сабзавотлар, мевалар, полиз маҳсулотлари ва дуккаклиларнинг катта улуши (79,8 фоиз) сақланиб қолаётганлиги кўрсатиб ўтилди.
    Бундай аҳвол қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш, консервалаш ва қадоқлаш бўйича мавжуд корхоналарнинг қувватларидан янада тўлароқ фойдаланишни талаб қилади. Жаҳон қишлоқ хўжалиги маҳсулоти бозорининг талабини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларининг янги серҳосил ва рақобатбардош, минтақаларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос навларини яратиш, замонавий агротехника усулларини жорий этиш, узум, мева-сабзавот маҳсулотлари ва бошқаларни етиштирувчиларнинг эҳтиёжлари учун мамлакатимизда ихчам тракторлар ва қишлоқ хўжалиги машиналарини яратиш ишларини такомиллаштириш зарур.
     Экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг сифатини самарали назорат қилиш масалаларида бир қатор қийинчиликлар бор, халқаро талабларга жавоб берадиган синов марказлари ва лабораториялар етишмаслиги сезилмоқда. Конференция қатнашчилари қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқариш тузилмасини диверсификация қилиш, маҳсулотни етиштириш, ташиш, унга ишлов бериш, уни қайта ишлаш, қадоқлаш, ҳам ички бозорда, ҳам ташқи бозорда истеъмолчиларга сотишнинг ресурсларни тежайдиган технологияларини жорий этиш, шу асосда озиқ-овқат маҳсулотларининг экологик хавфсизлигини таъминлаш зарурлигини кўрсатиб ўтдилар. Ҳар томонлама муҳокама якунлари бўйича конференция қатнашчилари ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг сифатини янада ошириш ҳамда уни экспорт қилиш имкониятларини ривожлантириш юзасидан тавсиялар қабул қилдилар.
     Конференция ишида сенаторлар, халқ депутатлари Тошкент ва Сирдарё вилоят Кенгашларининг депутатлари, фермер хўжаликларининг раҳбарлари, олимлар, манфаатдор вазирлик ва идораларнинг, олий ўқув юртларининг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашдилар.
     Ахборот хизмати





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech