Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
24 Май 2012 00:00
2012 йилнинг 24 май куни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 29 октябрдаги “Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-3932-сонли Фармонининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида матбуот конференцияси бўлиб ўтди.
  Матбуот конференциясига, вазирлик марказий аппарати бош бошқарма ва бошқарма бошлиқлари, вазирлик тизимидаги сув хўжалигига алоқадор компания, уюшма, бирлашма, корхона ва ташкилотлар ҳамда вазирлик тасарруфидаги олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли раҳбар ва мутахасислари, етук олимлар ҳамда республикамизнинг етакчи оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашдилар.
   Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач ўз олдига Бозор иқтисодиётига асосланган, очиқ ташқи сиёсатга эга бўлган кучли демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишдек пировард мақсадни қўйган. Ушбу мақсадга эришиш учун бутун дунё тан олган “Ўзбек модели” деб ном олган беш тамойил асосида иш олиб борилмоқда. Мамлакатимизни тубдан ислоҳ этиш ва модернизация қилишнинг жаҳонда тан олинган ушбу модел Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз ифодасини топган қоида ва меъёрлардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган.
  Ҳар томонлама пухта ўйланган ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига эга демократик жамият қуриш модели Ўзбекистонга камроқ ижтимоий-иқтисодий йўқотишлар эвазига ўтиш даври қийинчиликларини енгиш, собиқ иттифоқ ҳудудидаги давлатлар орасида биринчи бўлиб барқарорликка ва изчил иқтисодий ўсиш суръатига эришиш, инсон тараққиётининг кўплаб кўрсаткичлари бўйича нафақат аввалги даражага етиш, балки уларни жиддий яхшилаш имконини берди.
  Мустақиллик йилларида мамлакатимизда қабул қилинган Қонунлар, Фармонлар, қарорлар, фармойишлар ва барча давлат дастурлари замирида мана шу “Ўзбек модели” деб ном олган беш тамойилдан биттаси, яъни Ўзбекистон аҳолисининг демографик таркибини ҳисобга олган ҳолда ҳалқимизни кучли ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган.
  Бугунги матбуот конференцияси мавзуи бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 29 октябрдаги “Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-3932-сонли Фармонининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги масаланинг ҳам асл моҳияти ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш эвазига, тупроқнинг ҳосилдорлигини ошириш орқали қишлоқ жойларида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, яъни, уларнинг ерлардан оладиган даромадини кўпайтириш эвазига турмуш шароитини яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва дастурхонини тўкин-сочин қилишдан иборат.
   Матбуот конференциясининг мақсади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 29 октябрдаги “Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-3932-сонли Фармонининг ижроси бўйича олиб борилаётган ишларни таҳлил қилиш, унинг мазмун ва моҳиятини оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.
   Айрим далиллар ва рақамлар: Ҳаммамизга маълумки, ерларнинг унумдорлигини яхшилаш, экинларнинг ҳосилдорлиги ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ошириш - ерларнинг мелиоратив ҳолатига бевосита боғлиқдир. Республикамиздаги мавжуд 4,3 млн. гектар суғориладиган майдонларнинг 49,0 % дан ошиғи турли даражада шўрланган бўлиб, бу жараён еримизда тузларнинг табиий заҳирасининг мавжудлиги, қийин гидрогеологик шароитлар ҳамда иқлим шароитлари таъсирида коллектор-дренаж сувларини суғоришга ишлатиш натижасида ерларнинг иккиламчи шўрланиши билан боғлиқдир.
   Жумладан, 1355 минг гектари (31 фоиз) кам, 633 минг гектари (15 фоиз) ўрта ва 126 минг гектари (3 фоиз) кучли шўрланган ерлар жумласига киради. Суғориладиган майдонларнинг 219 минг гектарида (5 фоиз) ер ости сизот сувлари сатҳи қишлоқ хўжалиги экинларининг нормал ривожланиши учун йўл қўйилмайдиган чуқурликларда (1,5 метргача) жойлашган. Ер ости сизот сувларининг тузлик миқдори юқори бўлган (5-10 гр/л) майдонлар 170 минг гектарни ташкил этмоқда. Ушбу ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаб бориш ва ер ости сизот сувлари сатҳини меъёр даражасида ушлаб туриш учун 141 минг км узунликдаги коллектор-дренаж тармоқлари ҳамда 3474 дона вертикал дренаж қудуқлари ва 123 дона мелиоратив насос станциялари ҳизмат кўрсатиб келади.
  Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини янада барқарор ривожлантириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, уларнинг унумдорлигини ошириш ва шу асосда қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини кўпайтириш, шунингдек мелиорация ишларини ташкил қилиш ва молиялаштириш механизмини такомиллаштириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 29 октябрдаги “Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-3932-сонли Фармони қабул қилинди.
    Фармоннинг ижросини таъминлаш юзасидан қўйидаги ишлар амалга оширилган, жумладан:
   1. Мелиорация ишларини молиялаштиришнинг принципиал янги механизмини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 31 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси молия вазирлиги ҳузуридаги суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ги ПҚ-718-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини бошқариш департаменти ташкил этилган.
  2. Мелиоратив техниканинг кўп профилли мавжуд паркини янгилаш ва шаллантиришни рағбатлантириш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш фаолияти билан шуғулланувчи сув хўжалиги қурилиши ва эксплуатация ташкилотларига замонавий мелиорация техникаси ва асбоб-ускуналарни етказиб берилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 266-сонли қарори билан давлат унитар корхонаси шаклидаги ихтисослаштирилган “Ўзмелиомашлизинг” давлат лизинг компанияси ташкил этилган. “Ўзмелиомашлизинг” давлат лизинг компанияси томонидан олиб келинаётган мелиорация техникалари, машиналари ва бошқа механизация воситалари суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш фаолияти билан шуғулланувчи сув хўжалиги қурилиш ва эксплуатация ташкилотларига, шунингдек сув истеъмолчилари уюшмаларига ва фермер хўжаликларига 10 йил муддатга лизингга берилмоқда.
   3. Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини тубдан яхшилашга қаратилган мелиорация тизимларини реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш комплекс тадбирларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 19 мартдаги “2008-2012 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастури тўғрисида” ги ПҚ-817-сонли қарори қабул қилинган.
  4. Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағларидан самарали фойдаланиш, мелиорация ва бошқа сув хўжалиги ишларини бажаришга ихтисослаштирилган пудрат ташкилотларини ривожлантириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва рақобатбардошлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 7 майдаги “Мелиорация ва бошқа сув хўжалиги ишларини бажаришга ихтисослаштирилган давлат унитар корхоналарини ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 92-сонли қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда мелиорация ва бошқа сув хўжалиги ишларини бажаришга ихтисослаштирилган 49 та давлат унитар корхоналари ташкил этилган. Мазкур қарор бўйича Давлат унитар корхоналарига уларнинг муассислари томонидан 378 дона эксковаторлар, 69 дона бульдозерлар, 58 дона ёпиқ-ётиқ зовур-дренаж тармоқларини ювувчи агрегатлар, 57 дона трайлерлар ва бошқа машина ва механизмлар ажратиб берилган.
  5.Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш дастурларини сифатли шакллантиришни ва ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 28 ноябрдаги “Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш дастурларини шакллантириш ва амалга оширишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 261-сон қарори қабул қилинган. Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағлари доирасида тасдиқланган Давлат дастури бўйича 2012 йилгача, беш йил давомида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ишларига жами 605 млрд. сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган бўлса, 4 йилнинг ўзида 550 млрд. сўм маблағ ажратилган.
   Жами 4 йил давомида 2 минг 619 км узунликдаги коллектор-дренаж тармоқлари, 40 дона мелиоратив насос станциялари, 1600 дона вертикал дренаж ҳамда кузатув қудуқларини реконструкция қилиш ва қуриш ишлари бажарилган. Шунингдек, жами узунлиги 53,6 минг км бўлган коллектор-дренаж тармоқлари, 4592 дона вертикал дренаж қудуқлари, 183 дона мелиоратив насос станциялари таъмирланган ва тикланган.
   Ўз навбатида, Жамғарма маблағлари ҳисобига “Ўзмелиомашлизинг” компанияси томонидан хорижий ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан дастур доирасида 1258 донадан ортиқ мелиоратив техника, машина ва бошқа механизм воситалари харид қилинган. Жумладан, 528 дона эксковатор, 144 дона бульдозер ва 586 дона бошқа турдаги техника ва механизмлар ирригация-мелиорация тадбирларида иштирок этаётган сув хўжалиги ва бошқа қурилиш ташкилотларига имтиёзли лизинг асосида етказиб берилган.
  Энг асосийси маблағларни мақсадли йўналтирилиши асосида 20-30 йилдан бери фақат режалаштирилаётган, аммо амалга ошириш ёки тугаллашнинг иложи бўлмаётган бир қатор йирик мелиоратив объектлар қурилиши тугалланиб, ишга туширилган. Масалан, Тошкент вилоятидаги Уртукли коллектори, Бухоро вилоятидаги Қумсултон пастлигидан Денгизкўл ташламасигача бўлган магистрал коллектор ҳамда Каттакўл-Гўжайли магистрал коллекторларининг қурилиш ишлари амалга оширилган.
   Юқоридаги тадбирларнинг бажарилиши натижасида охирги тўрт йил давомида республика бўйича 1 млн. 164 минг гектардан ортиқ суғориладиган майдонларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тадбирларини бажарилиши натижасида лойиҳалар ҳудудида ер ости сизот сувлари сатҳи меъёр даражада ушлаб турилиб, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшиланишига ва барқарорлигини таъминланишига эришилган ҳамда ушбу ерларнинг мелиоратив ҳолатини ёмонлашувини олди олинган.
   Республика миқёсида кучли ва ўртача шўрланган майдонлар 71 минг гектарга, ер ости сизот сувлари сатҳи 2,0 метргача бўлган майдонлар 519 минг гектарга камайган. Ўтказилган таҳлиллар, мелиорация тадбирлари амалга оширилган ҳудудларда пахта ва ғалла экинларидан олинадиган ўртача ҳосилдорлик 2-3 центнергача кўпайган.
   Булардан ташқари, ушбу амалга оширилаётган мелиоратив тадбирлар натижасида аҳолининг 100,0 минг гектардан ортиқ томорқа ерларининг мелиоратив ҳолати яхшиланган. Биргина, Фарғона вилоятининг Фурқат тумани ҳудудида янгидан қурилган мелиоратив насос станциясини ишга тушириш натижасида таъсир худудидаги майдонларда пахтадан олинадиган ҳосилдорлик 30,8 ц/га дан 33,2 ц/га ёки 2,4 ц/га, ғалладан эса 53,5 ц/га дан 59,7 ц/га ёки 6,2 ц/га ошган. Хоразм вилоятининг Хива туманидаги “Пирнахос замин” фермер хўжалигида тизимли таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилиб, 117,9 гектар суғориладиган ерларда сизот сувлари сатҳи 0-1,5 метрдан 2,0 метргача туширилиши ҳисобига пахта ҳосилдорлиги 2,0 ц/га ва ғалла 2,1 ц/га ошган. Хазорасп туманидаги “Эрматов Ибодулла” фермер хўжалигида пахта 2,5 ц/га ва ғалла 7,0 ц/га, Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидаги “Олтин Бошоқ” фермер хўжалигида пахта ҳосилдорлиги 4,0 ц/га ва ғаллада 8,0 ц/га, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги “Сардор тафаккури” фермер хўжалигида пахта ҳосилдорлиги 6,4 ц/га ва ғаллада 8,5 ц/га, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги “Ғани ота Боймурод” фермер хўжалигида пахта ҳосилдорлиги 3,8 ц/га ва ғаллада 5,1 ц/га ошган. Бундай ижобий ўзгаришлар республиканинг барча ҳудудларида кузатилмоқда.
   Қўшимча маълумотлар олиш учун қуйидаги телефонга мурожаат қилиш мумкин: Ерларни мелиорациялаш бошқармаси бошлиғи Н.Аллабергенов тел.: 241 49 04, 241 42 80.
     Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech