Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Январ 2013 00:00
Мамлакатимизда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, истеъмолчилар талабини ўзимизда етиштирилаётган маҳсулотлар ҳисобига тўла қондириш, шу билан биргаликда экспорт ҳажмини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада мева-сабзавотчилик, узумчилик, полизчилик ва картошкачиликни ривожлантириш, инфратузилма объектларини ташкил қилиш ҳамда маҳсулот сотиш тизимини такомиллаштириш каби масалалар қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланмоқда. 
    Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан арзон, сифатли ва тўлиқ таъминлаб бориш мақсадида жойларда бу соҳада маҳсулотларни кўпайтириш бўйича йил бошиданоқ аниқ режалар белгилаб олинаётганлиги муҳим аҳамият касб этмоқда. Кейинги йилларда янги боғ ва токзорлар, жумладан, пакана ва ярим пакана (интенсив) мевали боғларни барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки пакана ва ярим пакана пайвандтагларга уланган мевали дарахтлар кўчатлари тез ҳосилга кириши ҳамда юқори ҳосил бериши билан ажралиб туради. 
    Бугунги кунда республикамиз бўйича барпо этилган интенсив мевали боғлар 5,3 минг гектардан зиёдни ташкил этмоқда. Интенсив мевали боғларнинг афзаллиги шундаки, бу дарахтларнинг танаси кичик бўлганлиги учун улар билан ишлаш (ишлов бериш, суғориш, кесиш, шакл бериш, дори сепиш ва мевани териш) қулай. Бундай боғларда дарахтлар танасига ёруғлик тушиши, ҳаво айланиши яхши бўлганлиги учун мева сифати юқори бўлади. Мевасини териш ҳам анча қулай, айниқса, симбағазга олинган боғларда нарвон ишлатмасдан ҳосил терилади. Бунда иш унуми юқори бўлиши билан бирга терилган маҳсулот сифати ҳам яхши бўлиб, нобудгарчиликнинг олди олинади, ҳосил салмоғи оддий боғларга нисбатан 2–3 марта юқори бўлади. 
    Мустақиллик йилларида мева-сабзавот ҳосилдорлиги барқарор равишда ортиб бормоқда. Жумладан, 2012 йилда 1991 йилга нисбатан сабзавот етиштириш 2,4, картошка 5,6, мева 4, узум 2,5 баробар кўпайган. Ҳозирги пайтда аҳоли жон бошига бу турдаги маҳсулотларни тиббий меъёрларга асосан истеъмол қилиниши белгиланган миқдорларига нисбатан 1,2–1,5 марта кўп етиштирилмоқда. Масалан, 2012 йилда 2011 йилга нисбатан сабзавот 114, полиз 108, картошка 105, мева 112, узум 110 фоиз кўп етиштирилди. Ўз навбатида мева-сабзавот, полиз ва узум маҳсулотларини экспорт ҳажми ҳам йил сайин ортиб бормоқда. 
     Кейинги беш йилда бу борадаги ўсиш 4 маротаба ошди. Бу даврда фермер хўжаликлари, агрофирмалар, қайта ишлаш корхоналари ва тадбиркорлар томонидан мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлайдиган 231 та минитехнология олиб келиниб, ўрнатилиши ҳисобига қайта ишланган маҳсулотлар ҳажми қарийб 5 маротаба ошди. Республикамиз бўйича ўтган йили 1,5 млн тоннага яқин мева-сабзавот ва узум маҳсулотлари қайта ишлаш корхоналарига етказиб берилди. Бундан ташқари 600 минг тоннадан ортиқ мева, сабзавот, полиз ва узум маҳсулотлари экспортга чиқарилди. Агрофирмалар томонидан мева-сабзавот, полиз, узум ва картошка етиштирувчи субъектлардан шартнома асосида сотиб олинган 1,2 млн тонна маҳсулот қайта ишлаш корхоналари ва тайёрловчи ташкилотларга етказиб берилган. 
   Республика бўйича 2012 йилда аҳоли томорқаларида 266,6 гектар майдонда жами 9456 та енгил конструкцияли иссиқхона қурилди, ушбу иссиқхонлар қурилиши эвазига жойларда қўшимча янги иш ўринлар яратилди. Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан йил давомида узлуксиз таъминлаб бориш мақсадида 2012 йилнинг ўзида жами 31,2 минг тонна сиғимли замонавий музлатгич омборхоналар қурилди. Бунинг ҳисобига бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархлари барқарор ушлаб туришга эришилмоқда. 
   Республикамиздаги мавжуд омборхоналар тўлиқ таъмирланиб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилотлар ва Тошкент шаҳри аҳолиси 2012–2013 йиллар қиш-баҳор мавсуми эҳтиёжлари учун захира таъминлаш мақсадида жами 546,0 минг тонна, шундан 136,6 минг тонна картошка, 109,6 минг тонна пиёз, 71,4 минг тонна сабзи, 46,5 минг тонна карам, 84,8 минг тонна мева, 46,2 минг тонна полиз, 32,8 минг тонна гуруч, 18,2 минг тонна дуккакли маҳсулотлар жамғарилди. Республикада суғориладиган майдонларнинг чекланган шароитда экологик тоза ва сифатли мева ва узум маҳсулотларини етиштириш мақсадида асосан тоғ ва тоғолди ҳудудларда боғ-токзорларни барпо этиш айни муддаодир. Ушбу ҳудудларда маҳсулотларни қайта ишлайдиган ва қадоқлайдиган кичик ҳажмдаги цехлар ташкил қилиниши, маҳсулотларни сақлайдиган омборхоналар қурилиши ҳисобига қишлоқ аҳолисини иш билан таъминлаш масаласи ҳам ижобий ҳал этилади. 
  Юқоридагиларни инобатга олиб, мева-узум маҳсулотларини кўпайтириш, сифатли маҳсулотлар етиштириш мақсадида юртимизнинг тоғ ва тоғолди ҳудудларида боғ-токзорларни ривожлантириш чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилди. Унга кўра, 2012 йил куз ва 2013 йил баҳор ойларида 5786 гектар янги боғ, 5572 гектар токзор ҳамда 3006 гектар пакана ва ярим пакана (интенсив) мева боғлар барпо этиш белгиланган. Жумладан, тоғ ва тоғ олди ҳудудлар, адирлик ва лалми жойларда, Паркент туманида 1,5 минг, Бўстонлиқ туманида 138, Ғаллаорол туманида 355, Зомин туманида 438, Янгиобод туманида 500, Китоб туманида 110, Шаҳрисабз туманида 90, Булунғур туманида 168, Ургут туманида 98, Асака туманида 133 гектар токзорлар барпо этилади. Бундан ташқари мавжуд боғ ва токзорлардан юқори ҳосил олиш учун яроқсиз боғ ва токзорларни қайта реконструкция қилиш ишларга алоҳида эътибор қаратилмода. Бу борада республикамиз бўйича жорий йилда 5852 гектар боғ ва 2650 гектар токзорларни қайта реконс¬трукция қилиш режалаштирилган. 
   Аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўла таъминлаш мақсадида 2013 йилда мева-сабзавот, полиз, узум ва картошка маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича аниқ режалар белгилаб олинди. Фермер хўжаликларида маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда аҳолининг шахсий ва дала томорқаларидан самарали фойланиши учун уларга талаб этиладиган уруғлик, кўчат ва моддий-техник ресурсларни ўз муддатида етказиб бериш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. 
   З.Артиқов, Ф.Қирғизбоев, Б.Тешабоев 




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech