Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Январ 2013 00:00
Чорвачилик – сермаҳсул соҳа. Уни ривожлантириш орқали аҳолининг сут, гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, даромадини ошириш ва янги иш ўринлари ташкил этиш мумкин. Қолаверса, инсон организми учун зарур бўлган витамин ва компонентлар сут ва гўшт маҳсулотлари таркибида юқори эканлиги тиббиётда ҳам ўз исботини топган. 
   Шунинг учун ҳам мамлакатимизда барча соҳалар қатори мазкур соҳани ривожлантиришга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллари сонини кўпайтиришни рағбатлантириш, сервис хизматлари тармоғини ташкил этишга доир чора-тадбирлар дастурининг амалга оширилиши натижасида соҳа ривожида ижобий силжишларга эришилмоқда. 
   Шуни таъкидлаш жоизки, фақатгина қорамолчилик эмас, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни ҳам бир маромда ривожлантиришга эътибор қаратилаётганлиги фаровонлик омили бўлмоқда. Маҳаллий ҳокимликлар томонидан 5 минг 96 та янги лойиҳалар ишлаб чиқилиб, 9 минг 365 нафардан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилгани фикримиз далилидир. Кам таъминланган оилаларга ҳомийлик ёрдами тариқасида қорамол бериб келинаётгани эса чорвачиликни ривожлантиришга муносиб улуш қўшмоқда. Шу мақсадда аҳолига 7 минг 572 бош қорамол берилди. 
   Инчунин, қорамол боқишда сон эмас, сифат ва маҳсулдорлик муҳим аҳамият касб этади. Бир кунда бир бош жайдари сигирдан 5–6 литр сут соғиб олиш қаерда-ю 20–25 литр сут соғиб олиш қаерда?! Гўшт етиштиришда ҳам худди шундай. Шунинг учун қорамоллар наслини яхшилашга асосий эътибор қаратилиб, Украина, Польша, Австрия давлатларидан 5 минг бошга яқин наслли қорамоллар олиб келинди ва уларнинг умумий сони 28 минг 138 бошга етказилди. Улардан жами 54,6 минг бош наслли бузоқлар олингани соҳа ривожидаги муҳим қадам бўлди. Албатта, мол бош сони ошиб боргани сари уларга зооветеринария хизматлари кўрсатиш ва наслчилик ишларини ривожлантириш зарур. 
  Шуни эътиборга олган ҳолда, 2012 йилнинг ўтган даври мобайнида ҳудудий омухта ем, шрот ва шелуха сотиш бирлашмалари томонидан янгидан 318 та зооветеринария ва сунъий уруғлантириш шохобчалари ташкил этилди. Шу ва бошқа сунъий уруғлантириш шохобчалари орқали 2012 йилда сигир ва урғочи таналарнинг 50 фоизи сунъий уруғлантирилди ва 2150,3 минг дозадан ортиқ наслли буқа уруғлари етказиб берилди. Шунингдек, 2591 та зооветеринария пунктлари орқали шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларидаги чорва молларига 8,6 миллиард сўмлик сервис хизматлари кўрсатилди. 436 та қорамолчилик-наслчилик хўжаликлари томонидан 7,5 минг бош наслли моллар аукционлар орқали сотилгани аҳолининг ҳам наслли молларга бўлган талаби ортиб бораётганидан далолатдир. 
   Чорвачиликда сифат ва маҳсулдорликка эришишда озуқа билан таъминлаш муҳим ўрин тутади. Негаки, чорва меъёрда белгиланган озуқа билан таъминланмаса, бу кутилган натижани бермайди. Шунинг учун 15 минг 501 гектар янги (баҳорги) беда, 165 минг 416 гектар силос учун маккажўхори ва 9 минг 411 гектар хашаки лавлаги экилди. Ғалладан бўшаган 103,4 минг гектарга маккажўхори дон, 157,7 минг гектарга силос учун экилди. Қоракўлчилик ширкат хўжаликлари томонидан эса 2 минг 100 гектар такрорий озуқа экинлари экилди. Қишлов мавсуми учун 19764 минг тонна дағал хашак жамғарилди. Шунингдек, 17 минг 162 гектар кузги беда ва 83 минг 831 гектар оралиқ экинлари экилди. 
   Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида ишлаб чиқарилган гўшт аҳоли жон бошига ўртача 40 кг. ни (меъёр 40 кг), сут 278 кг. ни (меъёр 140 кг) ва тухум ўртача 138 донани ташкил этмоқда. 2012 йилда паррандачиликни ривожлантириш борасидаги ишларга алоҳида тўхталиш лозим. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда паррандачилик бўйича маҳаллий ҳокимликлар томонидан 1 минг 431 та янги лойиҳалар амалга оширилиб, ушбу лойиҳаларга 61 миллиард 230 миллион сўм банк кредитлари ажратилди. Натижада қўшимча равишда 202 миллион дона тухум ва 1 минг 900 тонна товуқ гўшти ишлаб чиқарилиб, 3 минг 960 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. 
  Модернизация – тараққиёт омили. Соҳага замонавий технологияларнинг жорий этилиши маҳсулот сифатини яхшилашга, ишлаб чиқариш қувватини оширишга ҳисса қўшмоқда. Самарқанд вилоятидаги «Мароқандпарранда» МЧЖ, «Самарқанд парранда» қўшма корхонаси ва Бухоро вилоятидаги «Бухоропарранда» МЧЖ Германия, Украина давлатларининг замонавий технологик ускуналарини олиб келиб ўрнатди. Жорий йилда ҳам соҳа ривожи учун қатъий белгиланган режа асосида иш олиб борилади. 
   2013 йилда қорамоллар бош сони қарийб 8 фоизга (шундан сигирлар 3 фоиз), гўшт ишлаб чиқариш 1 млн 904 минг тоннага ва сут ишлаб чиқариш 9 млн 27 минг тоннага етказиш режалаштирилмоқда. Балиқ овлаш 2012 йилга нисбатан 207 фоизга, асал ишлаб чиқариш эса 119 фоизга ошиши кутилмоқда. Дарвоқе, бир пайтлар халқлар бир-бирини қандай яшаётганини бозорлардаги тўкин-сочинлик ва нарх-навонинг арзонлиги билан белгилашган экан. Ҳақиқатдан ҳам бугун бозорлар, савдо мажмуа ва шохобчаларида бўлган киши гўшт, сут, тухум, асал, товуқ гўшти, балиқ ва гўшт маҳсулотлари билан тўкинлигини, сифатли ва арзонлигининг шоҳиди бўлади. Бу, албатта, аҳоли фаровонлигини таъминлаш мақсадида ҳукуматимизнинг соҳа ривожи йўлида олиб бораётган оқилона чора-тадбирларининг маҳсули, десак асло муболаға бўлмайди. 
    Ё.Шукуров 




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech