Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Август 2013 00:00
Юртбошимиз бошчилигида ўзга соҳаларда бўлгани каби қишлоқ хўжалигида ҳам кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу сабабли мамлакатимиз аграр соҳасидаги ўсиш ва ривожланишда мақтовга сазовор натижаларга эришмоқдамиз. Вазирлигимиз ва тизимдаги барча корхона, ташкилот ҳамда муассасалар Истиқлол аёмини катта меҳнат ютуқлари билан қарши олмоқдалар. Масалан, жорий йилнинг дастлабки олти ойида 12 трлн 943,2 млрд сўмлик ялпи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 107,3 фоиз ўсишга эришилди. Мазкур мақоламизда мана шу 107,3 фоизлик ўсиш замиридаги айрим ишлар хусусида тўхталамиз.
   Фермерлар қишлоқ хўжалигидаги етакчи кучга айланди десак, асло муболаға бўлмайди. Бугунги кунда республика бўйича жами 71 минг 449 та фермер хўжаликлари фаолият юритиб, улар 5 млн 830 минг 512 гектар ерга эга. Эндиликда улар орасида кўп тармоқли фермерлар сони тобора ортиб бораётир.
   Бу борада Президентимизнинг 2012 йил 22 октябрдаги Фармонидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Фермерлари кенгашлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2013 йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш бўйича қабул қилинган ҳудудий Дастурларга асосан жорий йилда 18 мингдан ортиқ (27%) фермер хўжаликларини кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш белгиланган эди.
    Дастурлар ижросини амалга ошириш учун жами 709 млрд.сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилиб, шундан 416,8 млрд.сўми фермер хўжаликлари ўз маблағлари ҳисобидан, 292,7 млрд сўми тижорат банкларининг кредит маблағлари жалб этилиши ҳамда қишлоқ жойларда 90 мингта янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 14 минг 382 та (режага нисбатан 79,2%) кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этилиб, уларда қўшимча ишлаб чиқариш соҳаларини, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва хизматлар кўрсатишни ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга оширилди.
     Шунингдек, дастур доирасида 108 та гўшт, сут ва мева-сабзавотни қайта ишлаш корхоналари ишга туширилди ҳамда 3442 та фермер хўжалигида 4398 та сервис хизматлари ташкил этилган. Натижада қишлоқ жойларда 69 мингга яқин (режага нисбатан 76,1%) янги иш ўринлари яратилиб, уларга қишлоқ ёшларини жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
   Жорий йилда ғаллани парваришлаш билан боғлиқ ташкилий агротехника тадбирлари ўз муддатларида ва сифатли амалга оширилгани боис бободеҳқонларимиз ғаллачилигимиз тарихида илк бор 7 млн 610 минг тоннадан ошириб юксак ғалла хирмони бунёд этишга эришдилар. Ўртача ҳосилдорлик ҳар гектардан 55 центнерни ташкил этди.
   Айни кунларда пахтакорларимизнинг ишлари айни қизғин паллада. Улар ҳам табиат билан тиллашиб, омилкорлик билан иш тутиб, тегишли агротехника тадбирларини ўз муддатларида ўтказиб, ўзлари кўзлаган довонни албатта забт этадилар.
    Озиқ-овқат хавфсизлиги жаҳонда глобал масалага айланиб бормоқда. Бу жараённи олдиндан кўра билган Юртбошимиз бошчилигида давлат миқёсида халқимизни озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини янада тўлароқ қондириш борасида кенг қамровли чора-тадбирлар ишлаб чиқишга эришилди.
   Жорий йилда мамлакатимиз бўйича жами 15 млн 627,9 минг тонна (шунинг 49 фоизи фермер хўжаликлари ва 51 фоизи аҳоли томорқаларида) мева, узум, сабзавот ва полиз маҳсулотлари ҳамда картошка етиштирилиши режалаштирган эди. Асосий ва оралиқ экин майдонларида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш мақсадида 251,8 минг гектар ерга сабзавот, 82,4 минг гектар ерга картошка ва 59 минг гектар майдонга полиз экинлари экилди. 4,9 минг гектар майдонда янги боғлар, 3,3 минг гектар ерда интенсив боғлар ва 4,8 минг гектар ерда узумзорлар барпо этилди. 5,7 минг гектардаги боғлар ва 3,8 минг гектарлик узумзорлар реконструкция қилинди. Аҳолининг шахсий ёрдамчи хўжаликларида умумий майдони 384 гектарлик 22,7 минг иссиқхона ташкил этилди.
    2013 йил ҳосили учун бу борада деҳқонларимизга уларнинг талаб ва эҳтиёжига асосан 880 тонна сабзавот уруғи, 182 тонна полиз уруғи, 107 минг тонна уруғлик картошка етказиб берилди. Янги боғ-токзорлар ташкил этиш ҳамда яроқсиз боғ-токзорларни реконструкция қилиш учун боғбонларимизга жами 7 млн. 858 минг дона мевали кўчатлари, 10 млн. 35 минг дона ток кўчатлари ўз муддатида етказиб беришга эришилди. Бугунги кунда бозорларимиз ва дўконларимизда тўкин-сочинлик, арзончиликка эришишимизда деҳқонларимизнинг самарали меҳнати билан бирга, уларга яратиб берилган шарт-шароитлар ва имкониятлар ҳам муҳим омил бўлмоқда.
    Гап озиқ-овқат хавфсизлиги ҳақида кетар экан, чорвачилик ривожига ҳам бир назар ташлайлик. Мамлакатимизда фаолият юритаётган шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллари сонини кўпайтиришни рағбатлантириш, сервис хизматлари тармоғини ташкил этишга доир чора-тадбирлар дастурининг амалга оширилиши натижасида чорвачиликни ривожлантиришда ижобий силжишлар қайд этилмоқда.
      Бу борада барча тоифа хўжаликларда қорамоллар бош сони 2012 йилга нисбатан 5,1 фоизга, қўй ва эчкилар 6,1 фоизга, паррандалар 11,1 фоизга кўпайган. Бунда тирик вазнда гўшт ишлаб чиқариш 831,7 минг тоннани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,0%, сут ишлаб чиқариш 3 млн. 444,1 минг тонна, 7,1%, тухум 2 млрд 262,7 млн дона, 16,9%, пилла 25,4 минг тонна, 1,7 фоизга ошгани тармоқлардаги улкан натижаларни ифодалаб турибди.
  Республикамизда ҳозирги кунда фаолият юритаётган 442 та қорамолчилик-наслчилик хўжаликларида бугунги кунда 6,0 минг бош наслли моллар тайёрланиб, аукционларда сотиш ташкил этилган.
   Жорий йилнинг биринчи ярмида тижорат банкларининг кредитлари ҳисобидан чорвачиликни ривожлантириш учун 110,2 миллиард сўм, паррандачилик хўжаликларини ташкил этиш учун 45,4 миллиард сўм, балиқчилик ва асаларичилик хўжаликларини ташкил қилиш учун 15,3 миллиард сўм ажратилди.
   Республикамизда жорий йил бошидан буён 38 минг бош қорамол боқиладиган 1138 чорвачилик хўжалиги, 4,5 миллион товуқ парвариш қилинадиган 592 паррандачилик хўжалиги, 3,4 минг гектар сунъий ҳовузда 601 балиқчилик хўжалиги, 1428 асаларичилик хўжалиги ташкил қилинди.
     Шу жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баённомалари билан тасдиқланган дастурларга асосан 2013 йил 2-чорак якунига қорамолчилик бўйича янгидан 1070 та лойиҳа учун тижорат банкларидан 65 млрд. 972 млн. сўм кредит маблағлари ажратилди. Ушбу ташкил этилган янги лойиҳалар ҳисобига қўшимча 3082 янги ишчи ўринлари яратилган. Бу борада тегишли дастурлар бўйича паррандачиликда 566 та лойиҳа учун тижорат банкларидан 34 млрд. 164 млн. сўм, балиқчиликда 601 лойиҳа учун 6 млрд.176 млн. сўм, асаларичиликда 1367 лойиҳа учун 2 млрд. 857 млн. сўм кредит маблағлари берилган. Шу йўналишда 37757 аҳоли хонадонларида саноат усулида парранда боқиш ташкил этилиб, ушбу мақсадлар учун 2193 млн. сўмлик кредит маблағлари жалб этилган.
    Жорий йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида қорамоллар сони 10,3 миллион бошга етди (2012 йилнинг шу даврига нисбатан 105,1 фоиз), 831,7 минг тонна гўшт (107 фоиз), 3,4 миллион тонна сут (107,1 фоиз), 2,3 миллион дона тухум (116,9 фоиз), 2,2 миллион тонна сабзавот (114,2 фоиз), 1,1 миллион тонна картошка (111,9 фоиз), 135,7 минг тонна полиз (112,3 фоиз), 710,7 минг тонна мева (110,6 фоиз), 19,9 минг тонна узум (112,7 фоиз) тайёрланди. 192,3 минг тонна ёки 2012 йил-нинг шу давридагига нисбатан 8,3 фоиз кўп мева-сабзавот, жумладан, 114,2 минг тонна сабзавот ва 78,1 минг тонна мева қайта ишланди.
   Давлат томонидан аҳолига берилаётган имконият ва имтиёзлар самараси туфайли юртимизда қишлоқ хўжалигининг барча тармоқлари ривож топмоқда, бозорларда нарх-навонинг бир маромда бўлишига эришилмоқда. Қолаверса, кўплаб фуқаролар даромадли бўлишяпти, янги иш ўринлари яратиляпти.
   Мамлакатимизда ризқ-рўзимиз манбаи бўлган ерга нисбатан муносабат давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борадаги ишлар сўнгги йилларда янада жадал тус олмоқда. Масалан, “Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш“ Давлат дастури бўйича жорий йилда жами 227,5 млрд сўмлик бюджет маблағлари ўзлаштирилиши назарда тутилган бўлиб, ярим йилда 118,0 млрд сўм (йиллик прогнозга нисбатан 52,0%) маблағ ўзлаштирилди.
   Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағи ҳисобидан узунлиги 499,1 километрлик коллектор, 25,4 километр ёпиқ горизонтал дренаж тармоғи, 21 мелиорация қудуғи ва насос станциясини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якунланди. 7012,1 километрлик хўжаликлараро ва хўжалик ичидаги коллектор-дренаж тармоғи, 125,8 километрлик ёпиқ горизонтал дренаж тармоғи ва 2231 мелиорация қудуғида таъмирлаш-қайта тиклаш ишлари амалга оширилди.
   Натижада 264 минг гектардан зиёд суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиши кутилмоқда (2012 йилда 260,0 минг гектар). Бу шунча миқдордаги ерларда тупроқ унумдорлиги, экин ҳосилдорлиги ортади демакдир.
  Вилоятларда сув ресурсларидан фойдаланишда йўл қўйилган камчиликлар, яъни, ирригация тизимларидан сув олиш қоидаларини бузилиши, сувдан хўжасизларча фойдаланиш, сув хўжалиги объектларидан олинадиган сув миқдори ҳисобини юритиш қоидаларига амал қилмаслик каби ҳолатлар аниқланиб, уларга нисбатан қонун доирасида белгиланган чоралар кўрилган.
   Жумладан, мавсум давомида сув ва сувдан фойдаланиш борасидаги қонун-қоидаларни бузган айбдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси асосида 680 та (954) ҳолат юзасидан тузилган баённомалар асосида 54,6 млн. сўм (69,5) миқдорида жарима расмийлаштирилиб, тўлиқ ундириб олинган.
    Бугунги кунда республикамизда 1508 та (1500) Сув истеъмолчилари уюшмалари (СИУ) умумий майдони 3,9 млн. гектар бўлган сув истеъмолчиларига, жумладан фермер хўжаликларига сув хўжалиги хизматини кўрсатиб келмоқда. СИУлар томонидан 2013 йил давомида сув истеъмолчиларига жами 50,0 млрд. сўмлик хизмат кўрсатиш режалаштирилган бўлиб, жорий йилнинг 1 июлига қадар 20,0 млрд. сўмлик хизмат кўрсатилган.
  Пахта-ғалла кредити ҳисобидан ажратилаётган маблағларнинг жойлардаги тижорат банклари томонидан ўз вақтида ҳамда тўлиқ СИУ ҳисоб-рақамларига тушириб берилмаётганлиги натижасида шу кунгача бор-йўғи 12,1 млрд. сўми ёки кўрсатилган хизматнинг 60 фоизи тўлаб берилган, холос. Амалда олти ойлик режанинг 103,0 фоизи ёки 2853,0 километр узунликдаги хўжаликлараро суғориш тармоқлари тозаланган ва бунда 234 та эксковаторлар ишлатилган.
  Бу даврда 2904 дона (109.0%) гидротехник иншоот ҳамда 2888 дона (106.0%) гидропост таъмирланган. Режадаги 8052,0 километр ўрнига амалда 8408,0 километр ёки 104,0% масофадаги хўжалик ички суғориш ариқлари механизмлар ёрдамида тозаланган, шунингдек, қўл кучи билан амалда 60338,0 километр (102.0%) тозаланган. Ушбу тармоқлардаги 8337 дона (102,0%) гидротехник иншоот ҳамда 11618 дона (102,0%) гидропост таъмирланган.  Шунингдек, ўтган олти ойликда фермерларнинг 13275 дона сув олиш қулоқлари жиҳозланган.
   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 29 июлдаги “2011-2013 йилларда саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида тизим корхоналари томонидан 9 та лойиҳа бўйича 2 млрд. 855,4 млн сўмлик, (139,8 %) маҳсулот ишлаб чиқаришига эришилди.
  Ўрмончилик соҳасида ҳам мақтовга сазовор ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, 18,4 минг гектар ёки 105% (2012 йилнинг шу даврида 17,3 минг га), шундан Орол денгизининг қуриган тубида 7,7 минг гектар, 100% (7,8 минг га) янги ўрмонзорлар ҳамда 239,6 гектар ёки 102,2% (235 гектар) майдонда янги ниҳол ва кўчатхоналар барпо қилинган. Шу билан бирга доривор ўсимликларни маданий ҳолда кўпайтириш мақсадида 104,1 гектар майдонда 36 турдаги (65,5 гектарда, 25 турда) доривор ва шифобахш экинлар экилиб, парваришланмоқда.
   Тайёрланган 10 минг донадан ортиқ (13,1 минг дона) доривор гиёҳлар 50-100 граммли қутичаларга қадоқланиб, шифо масканларига етказиб берилган. Ўрмон фонди еридан қўшимча фойдаланиш тармоқларида амалдаги баҳоларда 337,6 млн сўмлик, 105,1% (320,0 млн сўм) халқ истеьмоли товарлари ишлаб чиқарилиб, аҳолига 32,1 млн сўмлик ёки 104,6% (29,5 млн сўм) хизмат кўрсатилган. Натижада тизим бўйича жами 5 млрд 846 млн сўм (5,0 млрд сўм) даромад олиш кутилмоқда. Биз юқорида аграр соҳадаги айрим ютуқлар ва факт-рақамларга тўхталдик, холос.
    Ваҳоланки, мақтовга сазовор ютуқларимиз бундан-да бисёр, олдимизда турган долзарб юмушларимиз залворли. Шундай қилиб, яқинлашиб келаётган Истиқлол айёмини барча қишлоқ хўжалиги меҳнаткашлари ўз зиммаларидаги вазифаларга масъулият билан ёндошган ҳолда ишлаб, кўтаринки руҳда қарши олмоқдалар.
     Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech