Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Август 2013 00:00
Ҳозирги кунда кузги дон ва баҳорги экинлар ҳосили йиғиштириб олинган майдонларда такрорий экинлар, хусусан сабзавот, картошка ва бошқа экинлар уруғини қадаш қишлоқ хўжалиги ходимлари олдида турган долзарб вазифалардан биридир. Маълумки, бундай экинларни экиб, парваришини оби-тобида ўтказиш эвазига мўл маҳсулот етиштиришга эришилди.
   Хўш сабзавот экинлар уруғи қаерда, қачон ва қай усулда экилади? Шолғом ва турп уруғи марказий ҳудудларда 1–15 августда, шимолий ҳудудларда 25 июль 10 августда, жанубий ҳудудларда эса 20 август – 20 сентябрда сепилади. Уруғи сочма ҳамда қатор (лента) қилиб экилади. Ҳар икки усулда ҳам эгат ораси 70 см ёки 60 см этиб олинади. Турп уруғи ҳар гектарига 4–5 кг, шолғом уруғи 2–3 кг сарфланади. Бунда туп ораси 10–12 см кенгликда қолдирилади. Турп ва шолғом даласи ўтдан тозаланиб, ягана қилингандан сўнг ҳар гектарига 400 кг аммофос ва 150 кг аммиак селитра солинади.
    Пиёз уруғи августни иккинчи ярми, сентябрни биринчи ўн кунлигида сепилади. Асосий ҳосили кейинги йил май ойида ёппасига пишади. Август муддатида экиш учун айнан эрта-кузги Сумбула, Оқдур ва Пешпазак пиёз навлари тавсия этилади. Бошқа навлар сепилса, ҳосилни пишиши бир-бир ярим ойга кечикади, ҳосили 20–25 фоизга камаяди. Уруғи 60–70 см орасида олинган эгатларга 2–3 қатор қилиб ёки сочма ҳолда сепилади. Бунда кўчат ораси 5–6 см, уруғ сарфи гектарига 14–16 кг. ни ташкил қилади.
    Сабзавотдан мўл ҳосил етиштиришда ҳал қилувчи муҳим омилларидан бири бу – ҳар бир экин тури талабига мувофиқ майдонларни 7–12 кун оралатиб 450–500 м3/га меъёрда суғориш ва ҳар 2–3 сувдан сўнг экин ораларини КРН-2,8А русумли юмшатгич билан 12–14 см чуқурликда юмшатиш тавсия этилади. Суғоришни тунда ўтказиш мақсадга мувофиқдир.
  Экинлардан юқори ҳосил олишга зараркунанда ҳашаротлар ва кассаликлар жиддий тўсиқ бўлади. Сабзавот, полиз ва картошка экинларига августда оққанот, ўргимчаккана, зангкана, ширалар, полиз қўнғизи, колорадо қўнғизи, кўсак қурти, ғовакловчи пашша (минер пашшаси) ва бошқа турдаги карам зараркунандалари катта зарар келтириб, экинлар ҳосилдорлигини 30–35 фоизга камайтириб юборади.
  Шуни эътиборга олган ҳар бир сабзавоткор – фермер ва деҳқон хўжаликлари зараркунандаларга қарши кураш тадбирларини доимий равишда олиб боришлари зарур. Жумладан, оққанот сабзавот, полиз ва картошка экинларига икки томонлама зарар келтиради. Биринчидан, оққанот личинкалари ўсимлик барглари орқа қисмига жойлашиб тайёр озиқа моддаларини сўриб зарар келтиради, иккинчидан, оққанот личинкалари ўзидан чиққан суюқ моддалар ўсимлик барг пояларига тушиб, ёпишқоқ шира бўлиб ифлослайди.
   Пировардида бу моддаларда қора замбуруғлар тез кўпайиб, ўсимликлар нафас олишини қийинлаштириб баргни тез қуриб қолишига олиб келади. Оққанот бир мавсумда 12–15 марта авлод бериб кўпаяади. Бу зараркунандаларга қарши барча экин турларида биологик кушандалардан бири – трихапорусни 1:5; 1:10 нисбатда оққанот личинкасига қарши қўллаш ёки қуйидаги пиретроидли дорилардан бирортасини (2,5% Апплауд - 0,5 кг/га ёки 20% Конфидордан 0,4 л/га ёки 50% Карбофосдан -1,2 л/га ёки 10% Талстардан 0,6 л/га ҳисобида) қўллаш тавсия этилади.
   Помидор ва картошкада ўргим-чаккана, зангкана, колорадо қўнғизи каби зараркунандаларга қарши курашни ҳам ўз вақтида олиб бориш лозим. Ўргимчаккана ва занг кана помидор ва картошкага июль-август ойларидан, колорадо қўнғизи эса то кеч кузгача зарар келтиради. Бу зараркунандалардан ўргимчак кана ва занг кана билан зарарланган ўсимликларни пастки барглари, кейинчалик тепа барглар сарғайиб қурий бошлайди.
    Баргни орқа қисмида ўргимчаккана пайдо бўлса, ипчалар ҳосил қилади, зангкана билан зарарланган баргларни орқа қисмида эса кумушсимон ранглар пайдо бўлиб, поялари қўнғир тусга киради. Буларга қарши 40% Данадим дорисидан 1,0 л/га ёки 36% Гризлидан 0,25 л/га ёки 57% Омайтдан 1,5 л/га ҳисобида пуркаш мақсадга мувофиқдир. Колорадо қўнғизи картошка, бақлажон, помидор ўсимлигига катта зарар келтириб, бир мавсумда 3–4 марта авлод бериб кўпаяди.
  Битта она қўнғиз -2000 тагача тухум қўяди. Бунга қарши - 20% Моспиландан - 0,025 кг/га ёки 2,5% Децис-0,15 л/га, 5% Каратэ-0,1 л/га ёки 20% Конфидордан - 0,05 л/га ҳисобида пуркаш яхши самара беради. Сабзавот, полиз ва картошка экинларига ҳар хил турдаги (акация, полиз, карам) ширалар ҳам зарар келтиради.
    Ширалар ўсимлик барглари орқа қисмига, ўсиш нуқталарига жойлашиб тайёр озуқа моддаларини сўриб зарарлайди. Натижада ўсимликларни ўсиши секинлашади, ҳосилдорлик 60–70 фоизга камайиб кетади. Ширалар турига қараб 14–17 мартагача авлод бериб кўпаяди. Ширага қарши фойдали ҳашаротлардан олтинкўз, хонқизи ва сирфидларни қўллаш ҳамда пиретроидли кимёвий дорилардан 57% Фуфанон - 1,2 л/га ёки БИ-58 дан - 0,8 л/га ёки 2,5% Децисдан - 0,5 л/га ҳисобида 600 литр сувга қўшиб пуркаш мумкин.
   Кейинги йилларда очиқ ва ёпиқ майдонларда помидор, бодринг каби сабзавот экинларига ғовакловчи пашша (минер пашшаси) катта зарар келтириши кузатилмоқда. Бу зараркунанда пашшаси ўз тухумини ўсимлик барглари четига қўяди, тухумдан чиққан личинкалари барг тўқималарини кемириб, чизиқлар ва юпқа парда ҳосил қилади. Натижада баргларни нафас олиши қийинлашади ва орадан кўп ўтмай қурийди. Бу зараркунандаларга қарши БИ-58 дан -1,0 л/га ёки 1,8% Вертимекдан - 0,2 л/га ёки 50% Карбофосдан - 1,0 л/га ҳисобида пуркаш тавсия этилади.
   Помидорга кўсак қурти катта зарар келтириб, ҳосилдорликни кескин камайишига олиб келади. Кўсак қурти помидор мевасини кемириб зарарлайди. Натижада зарарланган мева тез чириб истеъмолга яроқсиз бўлиб қолади. Помидор кўсак қуртига қарши 15% Аваунт препаратидан – 0,4 л/га ёки 2,5% Децис – 0,5 л/га ёки 25% Цираксдан 0,4 л/га ҳисобида қўллаб, трихограмма ва ҳабрабракон кушандаларидан ҳам фойдаланиш мумкин.
   Сўнгги йилларда полиз экинларига полиз қўнғизи ва қовун пашшаси каби зараркунандалар катта зарар келтира бошлади. Полиз қўнғизи экин барг ва мевасини кемириб зарарласа, қовун пашшаси қурти қовун, тарвуз ва бодринг ичига кириб, уруғини кемириб зарар келтиради. Полиз қўнғизи республиканинг барча вилоятларига тарқалган, қовун пашшаси эса Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида экин ҳосилдорлигини 60-70% камайишига олиб келмоқда.
   Полиз қўнғизи ва қовун пашшаси 3–4 марта авлод бериб кўпаяди. Полиз қўнғизини қўнғизи (личинкаси) ва қурти барг ва туганакларни кемириб зарар келтирса, қовун пашшасини қурти қовунни ичига кириб олиб уруғини кемириб зарар келтиради ва оқибатда истеъмолга яроқсиз ҳолатга олиб келади. Бу зараркунандаларга қарши 57% Фуфанондан – 1,0 л/га, 50% Карбофосдан – 1,5 л/га, 20% Конфидордан 0,3 л/га, 24,7% Пилигрим – 0,2 л/га ёки 20% Нестер – 0,3 кг/га ҳисобида 300-600 литр сувга қўшиб сепиш тавсия этилади.
    Юқоридаги барча турдаги пиретроидли препаратни қўллашни сабзавот, полиз ва картошка экинларини пишишидан бир ой олдин тўхтатиш ҳамда ишлатилганда эҳтиёт чораларини кўриш зарур. Эртаги сабзавот, полиз ва картошка маҳсулотларини тўғри сақлашга эътибор қаратиш лозим. Бунинг учун баҳорда экилган картошка тўлиқ пишган ва яхшилаб сараланган бўлиши керак.
   Картошка пўсти осонгина арчилиши унинг хомлик вақтида қазилганлиги ёки қазиш олдидан суғорилганлигини кўрсатади. Бундай картошка яхши сақланмайди. Картошкани яхши сақланиши кўп жиҳатдан уни қазиш ва ташиш усулига боғлиқ. Идишга солмасдан автомашинада ташилган картошка кўп шикастланади. Кесилган, эзилган картошка сақланиш даврининг бошидаёқ нафас олиш жараёни кучли даражада кечиб, тез сўлийди ва сасий бошлайди. Картошка қазиш кўпгина ҳолларда тезкорлик билан олиб борилади. Натижада туганаклар қазиш даврида шамоллатиб сараланмасдан омборга тўкма ҳолда жойлаштирилади.
  Узоқ муддатли сақлаш даврида чиқитларни камайтириш учун йиғим-терим тугаганидан 25–30 кун ўтгач картошка туганаклари сараланиб стандарт талабларига жавоб бермайдиган, сасий бошлаган ҳамда тупроқдан ҳоли қилиб, тўкма ҳолда 1,2–1,3 метр қалинликда жойлаб, кўкламда эса қалинлиги 0,5–0,6 метрга тушириб сақланади.
   Шунингдек, 35–40 кг ҳажмли яшиклар ва 450–480 кг маҳсулот сиғадиган контейнерларга жойлаб ҳам сақланади. Июнь, августда пишиб етилган пиёз¬ни ноябрь ва декабргача сақлаш мумкин. Бунда пиёз сақланадиган хона ҳарорати 18–20°С ҳавонинг нисбий намлиги 70–80% бўлиши лозим. Юқоридаги тадбирларнинг жойларда вақтида ва сифатли тарзда амалга оширилиши сабзавот, картошка каби такрорий экинлардан юқори ҳосил олишга пухта замин бўлади.
     Р. Ҳакимов, М.Холдоров, А.Расулов, Р.Низомов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech