Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Август 2013 00:00
Айни кунларда боғ ва токзорларда бўлган киши мева-узумнинг ғарқ пишганини кўриб, халқимиз ризқи улуғлигига яна бир бора амин бўлади. Ана шу тўкин ҳосилни нест-нобуд қилмай, йиғиштириб олиш боғбонлар учун ниҳоятда долзарбдир.
   Аввало, боғ-роғларнинг август ойидаги парвариши ҳақида тўхталамиз. Боғларнинг қатор оралари ишлов берилган ва тоза бўлиши шарт. Август ойи бошида берилган сув чилла суви бўлиб, анча самарали бўлади. Ой давомида ҳосилли боғларни ва айниқса, ёш боғларда тупроқнинг намлик даражасига катта аҳамият бериш зарур. Тупроқ шароити ва ўсимликни туридан келиб чиққан ҳолда камида 2 маротаба, ёш боғларда эса камида 3 маротаба суғориш зарур.
   Ҳосилга кирган боғларда бу даврда келаси йил учун мева куртаклари шакллана бошлайди ва тупроқда нам етишмаса бу ўз навбатида келаси йил ҳосилига салбий таъсир этади. Бу амалиёт данакли боғларда ва уруғли интенсив боғларда жуда яхши самара беради. Бундан ташқари, боғларда дорилаш ишларини ҳам ўз вақтида ўтказиш зарур.
   Беҳи, кечпишар олма ва нок боғларида олма қуртининг учинчи авлодига ва нок ширасига қарши июль ойининг охирги беш кунлигида пуркаш ўтказилмаган бўлса, августнинг биринчи беш кунлигида бу тадбир ўтказилса самарали бўлади.
    Бунинг учун кенг тарқалган қуйидаги препаратлардан бирини Нурел-Д, БИ-58, Зиппер, Ариво 100 л. сувга 100–120 г. ҳисобидан ёки Циперфос 100 г., Каратэ, Децис, Суми-альфа, Шерпо (100 л. сувга 40–50 г.) қўллаш мумкин. Мева каналари тарқалиши кузатилса, бу препаратларга Вертемекс, Неорон, Абаликтин, Нисорон препаратларини (100 л. сувга 50–150 г.) қўшиб омухта ишчи суюқлиги билан пуркалади. Намланувчи олтингугуртни 1%лиси ҳам самаралидир.
   Беҳизорларда монилиоз касаллигидан зарарланган новдалар олдинги ойларда кесилмаган бўлса, тезда кесиб, боғдан чиқариб ёқиб юбориш лозим. Ушбу тадбирлар ўз муддатида ўтказилса, боғлардан сифати мўл ҳосил олишга эришилади. Токзорларда қалинлашиб кетган катта шох новдаларни юқори қисми қисқартириб, кесиб ташлаш, яъни чеканка қилиш керак. Темир бетон устунларда ток ўстирилаётган бўлса, охирги симбағаздан 50 см.дан юқори қисми кесиб ташланади.
  Чеканкани айрим ҳоллардагина жуда кучли ўсувчи токзорларда сийраклаштириш билан бир вақтда августнинг биринчи ярмида ўтказиш керак. Бунда ғўра хомтокдан қолиб кетган бачки новдалар баргларнинг ток тупини жуда қалинлаштириб юборадиган ва ҳаво ҳарорати ҳамда ёруғликнинг ўтишига ҳалал берадиган қисмлари олиб ташланади.
    Чеканка натижасида новдалар ва ҳосил яхши пишади, шираси ошади ва кейинчалик ток кесиш осонлашади. Ўртапишар узум навларининг ҳосили териб олина бошланади. Кечпишар узумнинг узишга 15–20 кун қолганда суғорилади.
   Токзорларда чилла даври чиқиши билан қалинлашиб кетган тупларда узум бошларини соялаб турган барглар олиб ташланади. Кул касаллиги тарқалиши кузатилса, олтингугурт (1 гектар токзорга сарфи 30-40 кг.) билан чанглатилади.
   Август ойида мевалардан шафтоли, олхўри, ўртапишар олма, нок ва узумнинг кишмиш навлари тўлиқ пиша бошлайди. Айрим ҳудудларда узумнинг Ҳусайни нави ҳам махсус агротехник тадбирлар натижасида етарли даражада қанд моддасини йиғиб олган бўлади.
  Август миришкорлардан янада фаол бўлишни талаб этади. Чунки қилинадиган ишларнинг тури кўпаяди, қолаверса ҳарорат юқори бўлиши туфайли мева тез бузилиши мумкин. Бу вақтда баъзи олмаларни қишнинг ўрталаригача сақланадиган нав¬лари териб олиниб, совуқхоналарга жойланади (Ред Делишес, Кинг Девид, Джонатан ва бошқалар).
  Данакли мевалар истеъмол бозорига қараб, керак бўлса (четга юбориладиганлари) техник пишиш даврида терилади (йўлда улар етилиб пишади). Шафтоли ва олхўри мевасини териш учун улар қаттиқроқ, озгина пишмаган ҳолатда, лекин мазаси ушбу помологик навга хос бўлиши керак.
    Мевани узоқ жойларга юбориш, сақлаш ва сотувга олиб чиқиш учун банди билан терилиши шарт. Бу эса уларнинг сақланишига энг асосий кафолат бўлади. Олма ва нок меваси оҳиста терилиб, қоғоз ва ёғоч қиринди билан тўшалган идишга жойланади. Узум бошлари қайчи билан кесиб олинади, узумнинг доналарига қўл тегмаслиги керак. Чунки узум мевасини ғубори шикастланади, оқибатда уни узоқ муддат сақлаш қийин бўлади.
    Товар ишловда асосий операциялар – мева узумларни сифати бўйича саралаш (сортировка), катта-кичиклиги бўйича ажратиш (калибрлаш) ва меваларни стандарт яшикларга жойлашдир. Мева ёки узумларни энг яхшиси кечки салқинда ёки кечаси мева совиганда темир йўл станциясига ёки сақлаш жойига жўнатиш керак.
  Шуни айтиш керакки, Ўзбекистон шароитида август ойида пишиб етилган ўртапишар мева ва узумлар узоқ муддат сақланмайди. Улар асосан қайта ишлаш (консерва қилиш ва қуритиш учун) ёки истеъмол учун бозорларга сотувга жўнатилади. Данакли мевалар (шафтоли, олхўри), узумнинг кишмиш навлари ҳосилини узоқ сақлаб бўлмайди, улар кўпи билан (энг сифатлиси) бир ой сақланади.
   Шунинг учун у қуритилади. Данакли мевалар ва узумнинг кишмиш нави очиқ ҳавода – қуёшда қуритилганда сифатсиз маҳсулот олинади. Шунинг учун улар ола-салқинли ерларда ёки махсус палаткаларда (полиэтилен пленка билан қопланган) қуритилса, қуриган меванинг сифати анча юқори бўлади ҳамда узоқ сақланади. Ойнинг охирида пишадиган олма, нок ва узумнинг кишмиш навларини узоқ жойларга жўнатилиши, маҳаллий бозорларга сотувга олиб чиқиш ёки қайта ишлаш корхоналарига топшириш мақсадга мувофиқдир.
      Р.Абдуллаев, А. Арипов, Р.Ризаев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech