Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Сентябр 2013 00:00
Асалариларни қишловга ўз вақтида тайёрлаш – нафақат оилани асраш имконияти, балки мўл асал олиш гарови ҳамдир. Куз ойларидан бошлаб асаларизорни келгуси мавсумга ҳозирлай бошлаган асаларичигина кўп асал олади. Етарли миқдордаги сифатли озуқа жамғариш, қишловга кучли оилаларни ҳозирлаш, асалари қишлови учун яхши шароит яратиш – келгуси йилда асал мўл бўлишининг асосидир.
  Сентябрь ойига келиб камдан-кам ҳоллардагина табиатда шира мавжуд бўлади. Асаларилар шира йиға олганда ҳам, савдо аҳамиятига эга бўлмай, қўшимча озуқа вазифасини бажаради. Агар асалари оилаларида олиниши керак бўлган асал бўлса, уни олишга шошилиш зарур. Акс ҳолда асалариларнинг қишловга тайёргарлиги кечикиб кетади.
    Асосий мавсум якунланиши билан асалари оилаларида очиқ ва ёпиқ асалари насли тарбияси яна қизғин тус олади. Гулчанг ва шира оз миқдорда бўлса ҳам шира келтириб турилганда, она асаларининг тухум қўйиши мунтазам ортиб боради. Сентябрь–октябрь ойларида оилада «қишки» асаларилар гуруҳи шаклланади. Ёздан чиққан асаларилар кучдан қолиб, асалари оиласида ёшариш жараёни кечади.
  Асаларичининг куз давридаги асосий вазифаси 8–10 рамка миқдордаги ёш асаларилари бор бўлган, кучли оилаларни шакллантиришдан иборат. Шу боис кузда асосий эътиборни она асалариларнинг юқори даражада тухум қўйиши ва ёш наслларни озиқлантирилишига қаратиш керак.
   Сентябрда кузги назорат ўтказилиб, уялар кўздан кечирилади. Мақсад – она асалари мавжудлиги ва унинг сифатини, уядаги насл миқдори, озуқа миқдори, уянинг умумий аҳволи ҳамда асалари ромларини қишловга яроқлилигини аниқлаш.
   Кузда шира келиши камайиши билан она асалари тухум қўйишни камайтира бориб, умуман тухум қўймасликка ўтади. Бунга йўл қўймаслик учун қуйидагиларга амал қилиш керак.
   1. Она асаларилар ёш бўлиши.
   2. Уялар иссиқ ўралган бўлиши.
   3. Озуқа етарли бўлиши.
 4. Асал берувчи ўсимликлар бўлмаганда оилаларга рағбатлантирувчи озуқа ёки тўсқич тахта ортида оз асалли, рамкалар бўлиши лозим.
  Кузги назорат ва бундан келиб чиқадиган юмушларни амалга ошириш жараёнида ҳар бир асаларичи асалари оилалари учун кўрсатиб ўтилган шароитларни яратилиши ҳақида қайғуриши зарур.
  Баъзан кузги назорат пайтида оилаларда асалари насли йўқлиги кузатилади. Бундай шароитда оилага ёш насллари бўлган назорат рамка берилади ва 1–2 кундан кейин такроран кўздан кечирилади.
  Агар она асалариси бўлмаганда оила кичикроқ бўлса, уларни бошқа оилага қўшиб юборган маъқул. Она асалариси бор бўлган оилада турли ёшдаги асалари наслилари бўлади.
  Наслнинг миқдори ва унинг ромкаларда жойлашиш тарзи, она асалари сифатини кўрсатади. Сентябрда оилаларда насллар миқдори ҳар хил – 1 тадан 5–7 та ромкагача бўлиши мумкин.
   Агар она асалари ёш ва сифатли бўлса оилада насл миқдори кўп бўлади. Кекса она асаларили кучсиз оилаларда эса, насл миқдори жуда оз бўлади. Сифатли она асаларили оилада ромлардаги насл миқдори бир текис бўлиб, катакчалар ораламайди. Шу йил чиққан ёш она асалари кўпроқ тухум қўйиши, уларнинг оилаларида узоқроқ муддатда наслни бўлиши маълум. Бундан ёш она асаларили оилалар қишга кучли, кўп миқдорда ёш асаларилар билан киришини хулоса қилиш мумкин.
  Бир яшарли она асаларилар кузда, уч ёшлилардан кўра узоқроқ ва тахминан 2 баробар кўпроқ тухум қўяди. Шундай қилиб, асалари оилаларини кучайтириш ва қишки йўқотишларни камайтириш борасидаги зарурий тадбир, кекса она асалариларни ёшларига алмаштиришдан иборат.
  Асалариларнинг кузги парвариши нафақат уяга озуқа келиш давомийлиги ва фаоллигига, балки кўп жиҳатдан уяда мавжуд озуқа захираси ҳажмига ҳам боғлиқ.
   Озуқа кўп бўлса, она асалари фаолроқ тухум қўяди. Сентябрнинг охирида табиатда озуқа тугаши билан, асаларилар уядаги очиқ наслни озиқлантиришни тўхтатади ва бу парвариш муддатларининг қисқаришига олиб келади.
  Она асалари тухум қўйишини кучайтириш мақсадида, асалариларга оз бўлсада озуқа йиғиш шароитини яратиш талаб этилади. Бунга турли услублар билан эришиш мумкин.
  Энг қулай йўл – асалариларни кеч гулловчи ўсимликлар майдонларига кўчириш. Асалари оиласига оз бўлсада (кунига 200–300 г) шира келиб туриши, ёш она асалари оилаларида сентябрь ойида насл миқдорининг сезиларли даражада ошишига олиб келади. Агар бу вақтга келиб табиатда шира умуман тугаган бўлса, асалариларни кунига (озуқа захираси етарли бўлганда – кунора) 200–300 г. дан шакар шарбати билан озиқлантириш керак.
   Қўшимча озуқа ёки озиқлантириш оиладаги ёш насл миқдорини 30–50 фоизга оширади, бироқ табиий шароитдан йиғилган озуқа ҳамма вақт ҳам фаолроқ таъсир кўрсатади. Асалари оиласида очиқ ва ёпиқ насл миқдорини ошиши учун шира келтирилиши ёки шакар шарбатидан ташқари оилаларда оқсилли озуқа – перга ҳам бўлиши керак.
  Одатда бу пайтга келиб кечки экилган маккажўхори, кунгабоқар ва бошқа ўсимлик майдонлари етарли миқдорда гулчанг бера олади.
  Сентябрь ойида меъёридаги асалари оилаларида эркак асалари насли бўлмайди, учраса ҳам жуда кам бўлади. Ой охирига бориб, ҳаво совуши билан асаларилар уядаги барча тирқишларни прополис ёрдамида беркитишга киришади. Уяларни кўздан кечириш жараёнида фойдаланишга яроқсиз рамкалар олиб ташланади.
  Агар бундай ромларда ёпиқ асалари насли бўлса, улар ёш асаларилар чиққунга қадар, она асалари тухум қўймаслиги учун вақтинча уя четидаги тўсиқ орқасига қўйилади. Она асалари тухум қўйиши учун ромлар ўртасига 2–3 авлод асаларилар чиқарилган, оч жигарранг тусдаги, сифатли, учдан бир қисмда озуқа асали бор ромлар жойлаштирилади.
  Насл чиқарилмаган оч рангли рамкалар совуқ бўлгани боис, қишлов учун яроқсиздир. Асаларизордаги кузги ишларни бажариш асаларичидан жуда эҳтиёткорликни талаб этади. Чунки табиатда шира йўқлиги асаларилар ўртасида ўғрилик ҳолларини келтириб чиқариши мумкин.
  Ўғри асаларилардан асосан кучсиз ва она асалариси бўлмаган оилалар кўп азият чекади. Шунинг учун ой аввалида она асалариси бўлмаган оилаларни тўғрилаш ёки уларни бошқасига қўшиб юбориш талаб этилади. Ўғриликнинг олдини олиш учун асалари учадиган туйнуклар битта асалари сиғадиган қилиб торайтирилади.
 Асаларилар куннинг иккинчи ярмида, оқшомга яқин, асаларилар парвози сусайганда пайтда кўздан кечирилади. Озиқлантириш пайтида шакар шарбати томчилари ерга ёки уяга томишига йўл қўймаслик, озуқали ромларни эса очиқ қолдирмаслик лозим.
  Республикамиз шароитида асаларичиликда куз ойларида қўлланиладиган бундай тадбирлар жойларда турлича амалга оширилиши мумкин. Лекин бу ишлар негизида куз фаслидан бошлаб асалари оиласини тўлақонли қилиб, қишловга тайёрлаб ривожлантириш ва озуқа захирасини тўлдириб келгуси йилдаги қишловдан талофатсиз чиқишдан иборат бўлади.
   О.Тўраев, Б.Икромов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech