Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Сентябр 2013 00:00
Республикамиз пилла хирмонини юксалтиришда жуда катта имкониятлар мавжуд. Шулардан бири ёз ва куз мавсумларида ҳам пилла етиштиришни йўлга қўйишдир.
  Мамлакатимизнинг табиий иқлим шароити апрелдан то ноябрь ойларигача қурт боқиш имконини беради. Ёз-куз мавсумларида якка қатор тут дарахтлари ва тутзорларда баҳорги ҳажмдан ҳам кўпроқ барг массаси тўпланади. Аммо бу озуқа фойдаланилмай нобуд бўлади.
  Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда жорий йилда мамлакатимизнинг тоғли ва тоғолди туманлари шароитидаги фермер хўжаликларида синов тариқасида такрорий пиллла етиштиришга киришилди.
   Пиллакорларимизга бу борада қуйидагиларга эътибор қаратишни тавсия этамиз. Такрорий ипак қурти боқиш жараёнида турли касалликларнинг пайдо бўлиши пилланинг сифати ва ҳосилдорлигига салбий таъсир этади. Шу сабабли қурт боқиладиган хоналар ва барча асбоб-анжомларнинг турли хавфли касалликлардан ҳоли бўлиши учун дезинфекция қилинади.
   Ёзда ипак қуртини боқишдан 15 кун олдин хоналар, инкубаториялар ва улар атрофидаги ҳудуд тозаланиб, формалиннинг 4 фоизли сувдаги эритмаси билан пуркаб дезинфекция қилиниши шарт. Дезинфекция қилингандан 3–4 кун ўтгач эшик ва деразаларни очиб, формалиннинг ҳиди кетгунча, яхшилаб шамоллатилади.
   Такрорий қурт боқиш учун тут ипак қуртини жонлантиришни тўғри ва сифатли ўтказиш катта аҳамиятга эга. Тухумларни инкубацияга қўйиш қуйидагича бажарилади: тухумлар инкубациянинг биринчи кунидан бошлаб инкубаторийга олиб кирилади.
   Бунда тухумларнинг инкубация жараёни бир хил шароитда, яъни 25 оС ҳароратда ҳамда 75–80 % нисбий намликда ўтиши керак. Битта-иккита хабарчи қуртлар кўриниши билан қоғоз қутичаларнинг устига тўрқоғоз қўйиб чиқилиб назорат тортиш ўтказилади. Олинган маълумотлар қутичага ва жонланиш қайдномасига ёзиб қўйилади.
  Тухумлардан қуртлар ёппасига жонланиб чиқа бошлаши биланоқ қурт боқувчиларга тарқатилиб, уларни боқишни бошлаш керак. Такрорий боқишда қуртнинг ривожланиши, барг ейиши ва ёшдан-ёшга ўтиши асосан ҳаво ҳарорати, намлиги, қуртхона ҳавосини шамоллатиб туриш ҳамда озуқа сифатига боғлиқ.
  Ёзнинг жазирама иссиқ кунларида қуртхоналардаги микроиқлимни, яъни тут ипак қурти учун зарур бўлган мақбул гигротермик шароитни сақлаб туриш муҳим аҳамият касб этади. Ҳаво намлигини кўтариш ва ҳароратни пасайтириш мақсадида қуртларнинг ёшига қараб озуқа солинган майдоннинг 40 см баландлигида чойшаб тортилиб, пуркагич билан мунтазам намлаб туриш талаб этилади.
  Хонанинг форточкаларига ҳўлланган чойшаб осиб, эшик остоналарига эса намланган бўз мато ёйиб қўйиш ва полларга сув сепиб туриш лозим. Қуртларни тут барглари билан боқиш деярли баҳорги қурт боқиш давридек олиб борилади, лекин ёзги боқишда баргларнинг сўлиб қолмаслигини таъминлаш ва турли биологик фаол моддалар, антисептиклар билан ишлов бериб боқиш усуллари қўлланилади.
   Бунинг учун ҳар галдаги барг бериш вақтига 40–50 минут қолганда баргларни полиэтилен плёнка устига 20 см қалинликда ёйиб, пуркагич ёрдамида азотли ёки марганцовкали эритма пуркалади ва барглар тўла ҳўллангунча аралаштириб турилади, сўнгра иккинчи полиэтилен плёнкани барг устига ёпиб, 40–45 минут сақланади.
  Бу муддатда эритманинг баргларга шимилиши таъминланади, улар таркибида сув ва азотнинг кўпайиши туфайли ейилиш хусусияти яхшиланади.
 Таъкидлаш лозимки, қуртларнинг 4–5-ёшлари давомида карбамиднинг 0,6 фоизли эритмаси билан кунига 2–3, калийпермаганатнинг (марганцовка) 0,005 фоизли эритмаси билан эса 1 марта баргларини ҳўллаб бериш тут баргларининг тўйимлилигини оширади ва озуқанинг турли касаллик қўзғатувчи микроорганизмлардан ҳоли бўлишини таъминлайди.
  Кичик ёшдаги қуртларга барглар 0,5 см қалинликда угра шаклида тўғралиб, бир кеча-кундуз давомида 10 маротабагача берилади. Хонадаги ҳарорат 25–26 оС, нисбий намлик 65–75 фоизни ташкил этиши керак. Катта ёшдаги қуртлар учун барглар бутунлигича берилади. Хона ҳарорати 23–24 оС, нисбий намлиги 60–70 фоизни ташкил этиши зарур.
  Катта ёшдаги қуртларга бир кеча-кундуз мобайнида 6 маротаба барг берилади. Қурт боқиш даврида қуртларни боқиш майдони – қуртларнинг зичлиги пилла ҳосили ва сифатини белгиловчи муҳим омиллардан ҳисобланади. 1 қути қурт учун 1-ёшда 2, 2-ёшда 6, 3-ёшда 12, 4-ёшда 25, 5-ёшда 60 м2 озуқа майдони талаб этилади.
 Бу қуртларнинг соғлом ўсиб-ривожланишини таъминлайди. Такрорий ипак қурти боқиш мавсумида тутзорлардан фойдаланишнинг ўзига хос талаблари мавжуд, чунки тутлардан оқилона фойдаланилмаса кейинги йил барг ҳосилига путур етиши мумкин.
 Шуни инобатга олиб, баҳорги эксплуатациядан сўнг тутларнинг ўсган новдаларининг юқориги учдан бир қисмидаги барглар кесилмай қолдирилиб, пастки учдан икки қисмидаги барглар қайчи билан япроғига яқин қилиб кесиб (эрталаб 500 дан 600 гача ва кечки 1900 дан кейин) олинади.
   Новдадаги барг бандларининг қолган қисми безарар қолиши керак. Шундагина биз куртакларга зарар етказмасдан кейинги йил барг ҳосилини сақлаб қолган бўламиз. Тутларнинг пастки қисмидаги бачки новдалардан ҳам фойдаланиш мумкин.
  Такрорий қурт боқиш учун тут новдаларини кесиш ва новдадаги баргларни шилиб олиш қатъиян ман этилади. Пиллакорларимиз такрорий қурт боқиш мавсумида юқоридаги чора-тадбирларни тўғри ва ўз вақтида амалга оширишса мўл ва сифатли пилла ҳосили олишга эришадилар.
  Ш.Умаров, Д.Холматов, Б.Насириллаев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech