Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Сентябр 2013 00:00
Сабзавот экинларидан юқори ҳосил етиштириш учун ҳар бир экин турини ўз вақтида экиш лозим. Келгуси йили май ойида пиёздан мўл ва сифатли ҳосил олиш учун тупроқ-иқлим шароитига қараб августнинг иккинчи ярмидан сентябрнинг биринчи ўн кунлигигача уруғи сепилади. Бунда навни танлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Эрта кузги муддатда Сумбула, Оқдур, Пешпазак навлари ва Сибир, Родар F1 дурагайларини экиш тавсия қилинади. Бу муддатда бошқа навлар экилса ҳосилининг етилиши 1–1,5 ой кечикади, ҳосилдорлиги 20–25 % камаяди, сифати пасаяди.
  Пиёз экиш учун унумдор, бегона ўтлардан тоза ерларни ажратиш лозим. Алмашлаб экиш тизимида пиёзни чопиқ қилинадиган ва ерни бегона ўтлардан тозалаб кетадиган экинлар анғизига экиш тавсия этилади. Айниқса, эртаги бодрингдан сўнг экиш яхши натижа беради.
  Мабодо бошоқли дон экинидан сўнг экиладиган бўлса, далани албатта ҳайдаб, эгатлар олиб суғориш лозим. Бунда бегона ўт ва бошоқли дон экинлари уруғи тўлиқ униб чиққандан кейин ерни чизеллаб, эгат олиб экиш лозим. Акс ҳолда пиёз бегона ўт ва бошоқли дон экинлари орасида қолиб, ўсиб-ривожланиши кечикади, ҳосилдорлик кескин пасаяди.
    Пиёз уруғи 60–70 см. ли эгатларга 2–3 қатор қилиб ёки сочма ҳолда сепилади. Эгат усти қаторидаги ўсимликлар ораси 5–6, қатор ораси эса 20 см бўлиши мақсадга мувофиқ. Уруғ сарфи: гектарига 14–16 кг. Пиёз уруғини очиқ далага экиш билан бирга кўчат қилиб экиш ҳам яхши натижа беради. Бунинг учун юқоридаги экиш муддатларида ҳар бир гектар ҳисобига 0,1 га майдонга 4–5 кг уруғ сепилади.
  Пиёз кўчати 2–4 барг чиқаргандан сўнг ноябрь–февраль ойларида кўчириб ўтқазилади. Бунда уруғ 3–4 баробар кам сарфланади ҳамда ўтоқ қилиш учун меҳнат сарфи камаяди. Саримсоқ пиёз тишлари асосан сентябрда экилади. Бунда кечпишар Южний фиолетовый ва эртапишар Майский ВИР навларини экиш мумкин.
  Экиш схемаси: 2–3 қаторли лентасимон усулда 50+20 х 6–8 см ёки 40+15+15 х 6–8 см. Экилгандан сўнг чириган гўнг билан 1,5–2 см қалинликда пушта мульчаланади. Экиш чуқурлиги: 5–8 см. Уруғлик саримсоқ пиёз тишининг сарфи гектарига 1000–1200 кг ҳисобида бўлади.
  Экиш муддати кечикиб кетса, кузда илдиз отмай қишки паст ҳароратда турли касалликлар билан касалланади. Аксарият сабзавотлар сентябрда ёппасига пишиб етилади.
  Асосий вазифа етилган сабзавотларни пешма-пеш териб истеъмолчиларга етказишдир. Бунинг учун помидор, ширин қалампир, бақлажон, қовун ва тарвузни 5–7, бодринг, кабачки, патиссонни 2–3 кун оралатиб териш лозим. Агар маҳсулот ўз вақтида терилмаса, сифати пасаяди ва ўсимлик кучсизланиб, ҳосили камаяди.
   Ҳосил териб олингандан кейин экин турига қараб 400–450 м3/га ҳисобидан суғориш лозим. Айни кунларда кечки картошкани озиқлантиришга алоҳида эътибор қаратиш керак. Агар август ойида экин тўлиқ озиқлантирилмаган бўлса, қолган ўғитларни тезда эгат орасига солиб, суғориш лозим. Ҳар 8–10 кунда, кечалари гектарига 400–450 м3 сув меъёрида суғориш ўсимликнинг ривожланишини жадаллаштиради.
 Оқбош карам экилган майдонларда 2-комплекс ишлов берилади. Бунинг учун қатор оралари КРН-4,2 русумли мослама билан 15–16 см чуқурликда юмшатилиб, ўсимликлар атрофи чопиқ қилиниб, бегона ўтлардан тозаланади ва 2–3 кун ўтказиб 2- озиқлантириш, яъни азотли ўғитнинг қолган ярми (90–100 кг) солиниб, эгат олинади ва гектарига 450–550 м3 ҳисобида суғорилади. Ҳар 2–3 суғоришдан кейин қатор оралари юмшатилади.
    Сабзи майдонларида ҳам иккинчи комплекс ишлов ўтказилади, бунда иккинчи марта ўташ, яганалаш ишлари олиб борилиб, қатор оралари КОН-2,8 ёки КРН-4,2 русумли мосламалар ёрдамида 9–12 см чуқурликда юмшатилади. Маъданли ўғитлардан азотнинг қолган қисми (70–75 кг) берилади ва гектарига 450–500 м3 ҳисобида суғорилади. Суғоришни ҳар 10–12 кунда ташкил қилиб, 2–3 суғоришдан сўнг қатор оралари юмшатиб турилади.
  Вақтида ягана қилинмай, эгат оралари юмшатилмаса илдизмева майда бўлиб ҳосилдорлик кескин пасайиб кетади ёки умуман ҳосил бўлмайди. Деҳқонларимиз экинлардан кўзланган ҳосилни олишлари учун турли зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш тадбирларини ўз вақтида ўтказишлари лозим.
  Оққанот сабзавот, полиз ва картошка экинларидан ташқари 100 дан ортиқ экинларни ҳам зарарлайди. Мавсумда 12–15 марта авлод бериб кўпаяди. Оққанот личинкалари ўсимлик барги орқа қисмига ёпишиб озуқа моддаларини сўриб, экинга катта зарар келтиради.
  Ҳашаротга қарши сабзавот, полиз ва картошка экинларида биологик кушандалардан Трихопорус 1:5; 1:10 нисбатда қўлланилади ёки пиретроидли дорилардан 25 % Апплауд 0,5 л/га ёки 50 % Карбафос 1,2 л/га ёки 20 % Конфидор 0,3 л/га ёки 20 % Багира 0,3 л/га ҳисобида қўллаш тавсия этилади.
   Помидор ва картошка экинларига занг кана жиддий зарар етказади. Занг кананинг ўргимчак канадан фарқи шундаки, ўргимчак кана думалоқ-тухумсимон, 3 жуфт оёғи бўлса, занг кана чўзиқ, бир жуфт оёғи бўлади. Уни фақат микроскоп орқали кўриш мумкин.
   Ҳашарот ўсимлик баргларини кесиб пастки қисмидан бошлаб зарарлайди. Шу сабабли пастки барглари тез қурийди. Ўсимлик барглари орқа қисми кумушранг ёки қўнғир рангли бўлиб қолади.
  Зараркунандага қарши помидор ва кечки картошка майдонларида 10% Ниссоран (0,2 кг/га) ёки 20 % Митак (2,5 л/га) ёки 57 % Омайтни (1,5 л/га) пуркаш яхши натижа беради. Картошка, бақлажон, помидор каби экинларга колорадо қўнғизи катта зарар келтиради. Бир мавсумда колорадо қўнғизи 3–4 марта авлод бериб кўпаяди.
  Колорадо қўнғизининг личинкалари ўсимлик баргларини кемириб зарарлайди. Зарарланган ўсимликларда ҳосилдорлик 25–30 фоизгача камаяди. Бу зараркунандага қарши 20 % Конфидор (0,05 л/га) ёки 20 % Кораген (0,05 л/га) ёки 20 % Моспиланни (0,025 кг/га) пуркаш тавсия этилади. Карам оқкапалаги кечки карамга катта зарар келтиради. Бу зараркунанда ўсимлик баргларини кемириб зарарлайди. Натижада карам бош ўрамайди.
  Бу зараркунандаларга қарши 25 % Циперметрин (0,16 л/га) ёки 25 % Циракс (0,16 л/га) ёки 57 % Фуфанон (1,2 л/га) билан ишлов бериш мақсадга мувофиқ. Картошкани фузароиз сўлиш, фитофтороза макроспориоз, палакли экинларни ун шудринг ва сохта ун шудринг касаллиги кўпроқ зарарлайди. Бу касалликлар намликнинг ортиши, нотўғри агротехника қўллаш туфайли пайдо бўлади.
  Фузароиз касали экинларни бостириб ёки кўллатиб суғориш натижасида ҳам пайдо бўлади. Шунинг учун технологик тадбирларга катта эътибор бериш лозим. Экинзорларда фтофтороза касаллиги пайдо бўлишини кутмасдан 60,7 % Превикир (1,5 л/га) ёки Курзат (2–2,5 кг/га) ни қўллаш лозим.
  Ун шудринг, сохта ун шудринг каби касалликларга қарши 25 % Байлетон (0,12 кг/га) ёки 70 % Топсин (1,0 кг/га) ёки 10 % Топаз (0,5 л/га) препаратларини пуркаш тавсия этилади. Сабзавот экинлари парваришида ҳар бир тадбир ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши мўл ҳосилга пухта замин бўлади. Сабзавоткорларнинг омбори маҳсулотга тўлади.
   Р.Ҳакимов, Б.Азимов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech