Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Сентябр 2013 00:00
Ҳосилни ёнғин-сочинли кунларга қолдирмасдан қисқа муддатда йиғиштириб олишда пахта териш машиналарининг ўрни беқиёс.
   Шу мақсадда 2012 йилдан бошлаб Тошкент трактор заводи, «Технолог» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси жамоалари ва ЎзМЭИ олимлари ҳамкорлигида ТТЗ-811 трактори билан яримосма тарзда агрегатланиб, ғўза қатор оралари 90 см бўлган майдонлардаги пахтани теришга мўлжалланган икки қаторли вертикал-шпинделли МХ-1,8 пахта териш машиналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Мазкур машиналарнинг катта партияси жорий мавсумда иштирок этади.
  Машиналар ёрдамида ҳосилни ерга тўкмасдан, тўлиқ ва тоза териб олиш даражаси ғўзаларни машинабоп қилиб ўстириш, далаларни теримга тайёрлаш, пахта териш машинасини ғўза тупларининг ҳолати ва ҳосилдорлигига қараб тўғри ростлаш, теримни отряд усулида ташкил этиш, машина ва механизмларга ўз вақтида техник хизмат кўрсатиш, содир бўлган носозликларни даланинг ўзида бартараф этиш, техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига оғишмай амал қилишга боғлиқ эканлиги фан ва амалиётда аллақачон ўз исботини топган.
  Туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими, фермерлар ва «Агротехсервис» корхоналари мутахассислари энг аввало, машинабоп пахта майдонларини танлаб олишлари зарур.
  Майдонлар қуйидаги талабларга жавоб бериши керак: қатор оралиғи кенглигининг 90 см. дан четланиши кўпи билан + 3 см, пушталарнинг чўққиларида 5 см. дан катта йирик кесаклар бўлмаслиги лозим.
  Fўза тупларининг баландлиги 80–100 см атрофида, терим олдидан ғўза баргларининг тўкилиш даражаси энг камида 85–90, кўсакларнинг очилганлик даражаси 80–90 % бўлиши зарур.
  Даланинг боши ва охирида машинанинг қайрилиши учун кенглиги камида 10 м бўлган текис майдонча тайёрланади. Ўқариқ ва бешамаклар сифатли текисланиши шарт.
  Дала контурларининг шакли тўғри тўртбурчак (конверт) кўринишига келтирилган (машинанинг иш унуми ва кўрсаткичлари ортади), далалар бегона ўтлар, айниқса, ғўзага ўралиб ўсувчи ўсимликлардан (масалан, печакдан) тоза (шпинделлар тез кирланмайди, уларни тозалаш осонлашади) бўлиши мақсадга мувофиқ.
   Машиналар юқори унум билан ишлаши ва пахтани ерга меъёридан ортиқ тўкиб юбормаслиги учун уларнинг ҳар бири терим олдидан ва терим даврида (дала ва ғўзанинг ҳолатига қараб) ўрнатилган тартибларда ростланиши лозим.
   Ростлаш қоида ва усуллари «МХ-1,8 пахта териш машинаси. Машинанинг тузилиши ва уни ишлатишга доир қўлланма»да батафсил ёзилган. Энг муҳим ростлаш кўрсаткичлари ва уларнинг қийматлари қуйидагилардир: аппаратлар иш тирқишлари ўқлари ва машинанинг бўйлама ўқ орасидаги масофалар 450 мм, аппарат иш тирқишининг вертикал ҳолатдан четланиши, кўпи билан +15 мм, аппарат пастки рамкасининг ерга нисбатан нопараллеллиги, кўпи билан +5 мм, жуфтликда ишловчи шпинделли барабанлар орасидаги иш тирқишининг пастки ва юқориги қисмларидаги кенгликлари ўртасидаги фарқ, кўпи билан 2 мм, шпинделли барабанлар юқориги дискларнинг вертикал бўйича ўзаро силжиши, кўпи билан 7 мм, жуфтликда ишловчи шпинделли барабанлар шпинделларининг ўзаро шахмат тартибида жойлашувидан четланиши, кўпи билан +6 мм, жуфтликда ишловчи шпинделли барабанлар орасидаги иш тирқишининг қийматлари: олдинги жуфтлик учун 26–40, кейинги жуфтлик учун 22–36 мм, аппаратнинг олдинги ва кейинги жуфт барабанлари орасидаги иш тирқишлари кенгликларининг тафовути, кўпи билан 4 мм, ажраткич чўткалари қилларининг шпинделлар тишларига максимал ботиб туриши 2 мм, ажраткич чўткалари қиллари билан шпинделлар тишлари орасидаги максимал тирқиш 1,5 мм, ажраткичлар ўртасига ўрнатилган тўсиқнинг қирраси билан олдинги ажраткич чўткаларининг қиллари орасидаги тирқиш кенглиги 5–7 мм, аппарат эшикчаси билан олдинги ажраткич чўткаларининг қиллари орасидаги тирқиш кенглиги 5–7 мм, пневмосистема вентиляторлари юритмаси тасмаларининг юқориги тармоғини 3–4 килограмм куч (30–40 Н) билан босганда уларнинг эгилиши 11–23 мм.
  Пахта ҳосилини машинада териш қоидалари: пахта даласи бутун кенглиги бўйича 10 қатордан иборат алоҳида-алоҳида пайкалларга ажратилади ва улар нишон қозиқлари билан белгиланади.
 Пайкаллардаги қаторлар ёндош қатор ораларидан бошлаб саналади; қаторларга кириш олдидан аппарат иш тирқишининг кенглиги ростланади. У пахта ҳосилдорлиги ва ғўзаларнинг ривожланганлик даражасига қараб 22–40 мм атрофида ўрнатилади. Аппаратлар ёндош қаторларга кирмаслиги керак, чунки бундай қатор ораларининг кенглиги турлича бўлгани туфайли, ғўза туплари иш тирқишига эгилиб киради, пахта ерга кўп тўкилади ва аппаратлар ғўзаларни шикастлайди.
  Қаторларга кириш олдидан аппарат ва вентиляторлар ишга туширилади ва тракторнинг зарур узатмаси қўшилади. Двигател энг катта тезликда ишлашга қўйилади, аппарат иш ҳолатига туширилади.
   Қайрилиш жойларида охирги ғўза туплари бошқарилувчи ғилдираклар билан тенглашгандан кейингина машинани оҳиста ва равон қайириш керак; даланинг бошида ғўза тўплари аппарат иш тирқишига тўппа-тўғри кириши лозим.
   Пайкаллардан чиқаётганда охирги ғўза тупи иш тирқишидан ўтгандан кейингина, двигателнинг айланиш частотасини камайтириш мумкин. Терим аппаратининг баландлиги ғўза тупидаги паст¬ки кўсакларнинг пахтаси тўла териладиган, барабанларнинг пастки дисклари эса пуштага тегмайдиган қилиб ўрнатилади.
  Механик-ҳайдовчи аппарат рамкаси тупроқни cидиpмaётгaнини ва катта кесаклар иш тирқиши олдини тўсмаётганини доимо кузатиб бориши керак. Қабул камералари тиқилиб қолганда машина, аппарат ва вентиляторни дарҳол тўхтатиб, тиқилган нарсаларни олиб ташлаш, носозликларни бартараф этиш лозим.
  Қабул камераси тиқилиб қолганда ҳам иш давом эттирилса, пахта ерга кўп тўкилади, шпинделларга пахта ўралашади ва ажратгичлар синиб кетади. Шпинделлар сатҳи шира босмаган ва пахта толалари билан ўралмаган – тоза бўлиши лозим.
  Шпинделлар ифлосланганда уларни босим остидаги сув билан ювиб тозалаш шарт. Акс ҳолда, машинанинг агротехник кўрсаткичлари 3–4 фоизга пасайиб кетади. Бункер пахта билан тўлганда дарҳол бўшатиш лозим.
  Бункери кўтарилган машинани юргизиш қатъиян ман этилади. Қаторлардан чиқиш, пахтани бўшатиш, бир даладан бошқа далага ўтиш ва йўлда юрганда аппаратлар транспорт ҳолатга кўтарилади. Машинани узоқ масофага ҳайдаб боришда терим аппаратларини транспорт ҳолатга кўтариш ва уларни тирак ёрдамида қимирламайдиган қилиб қотириш керак. Шунда аппаратлар ўз-ўзидан ерга тушиб кетмайди.
  Машинада содир бўладиган нуқсонлар ва уларни бартараф этиш усуллари. Териш аппарати пахтани туплардан кам теради ва ерга кўп тўкади: иш тирқиши кенг (иш тирқиши торайтирилади), шпинделларнинг юритиш тасмалари ейилган (тасмалар янгиларига алмаштирилади), шпинделлар пастки таянчларда қадалиб айланади (қадалиб қолиш бартараф этилади), шпинделларга шира ёпишган ва пахта толалари ўралган (тола ва шира босимли сув билан ювиб тозаланади.
  Аппарат ишлаб туриши керак, тирқиш охиригача кенгайтирилади), чўткаларнинг қиллари билан шпинделлар орасида тирқиш катта (чўткалар шпинделларга яқинлаштирилади.
  Чўтканинг пастки қисми ейилган бўлса, юқорига ағдариб қўйилади, тўла ейилганда эса алмаштирилади), пневмосистемадаги ҳаво оқимининг тезлиги камайган (вентиляторнинг тасмаси тарангланади, ёнилғи бериш тортқиси двигател тўла айланишларда ишлайдиган қилиб ростланади, қабул камералар тозаланади.
  Паррак билан корпус орасидаги тирқиш 0,5–6 мм чегарада ростланади), шпинделларнинг тишлари синган (шпинделлар алмаштири-лади), олд барабаннинг биринчи ажратгичи билан камера эшиги ораcидаги тирқиш катталашган (тирқиш 5–7 мм чегарада ростланади).
   Fўза туплари шикастланади ва ерга кўрак кўп тўкилади: шпинделларнинг шахмат тартибида жойлашиши бузилган (қарама -қарши турган барабанларнинг шпинделлари ўзаро шахмат тартибида жойлаштирилади), шпинделлар шираланиб, толалар ўралиб қолган (шпинделлар сув билан ювилади, аппаратларни айлантириб, улар толадан ва ширадан тозаланади), ҳимоя тўсиқлари ва туп кўтаргичлар шикастланган (тўсиқлар ва туп кўтаргичлар ечиб олиниб, тўғриланади), иш тирқиши тор (иш тирқиши кенгайтирилади, шунда бўлиқ кўраклар сиртида шпиндел тишларининг енгил изи қолиши лозим).
  Пневмосистемада ҳаво босими камайган: вентилятор юритмаси тасмаларининг таранглиги камайган (тасмалар роликлар ёрдамида тарангланади), қабул камераси тиқилган (камера пахта ва хаслардан тозаланади), вентилятор шкиви ёки парраги бўшаб қолган (шкив ёки парракни маҳкамловчи гайкалар қотирилади).
   Бункер ва аппаратлар кўтарилмайди: трактор гидросистемасининг бакида мой йўқ (гидросистема бакининг зарур сатҳигача мой қуйилади), беркитиш қурилмаларининг ташлама гайкалари яхши тортилмаган (беркитиш қурилмаларининг гайкалари охиригача бураб маҳкамланади), тақсимла-гичнинг ўтказиш клапани кирланган (ўтказиш клапани қисмларга ажратилади ва ювилади).
  Рул чамбарагини бураш қийин: гидро-системада кўпик пайдо бўлган, бакда мой кам ёки системага ҳаво кирган (гидросистема бакига қўшимча мой қуйилади, сўриш каналининг бирикмалари маҳкамланади), насос-дозаторнинг сақлаш клапани бузилган (насос-дозатор текширилади ва сақлаш клапани ростланади).
   Машина секин ҳаракатланади: ёнилғи бериш педали охиригача босилганда двигател тўла айланишларда ишламайди (педалга уланган тортқиларнинг узунлиги ростланади).
  Узатмалар қутиси ва реверсни ишга солиш қийин: ричаглар тортқиларга нотўғри уланган (тортқилар узунлиги ростланади). Тормозлар ёмон ишлайди: тормоз системаси бузилган (тормоз системаси ростланади), тормоз суюқлиги томчилаб камайган, гидравлик юритма системасига ҳаво кирган (тормоз системасидан ҳаво чиқарилади, тормоз суюқлиги билан тўлатилади), тормозлар юритмасида зичловчи манжеталарнинг шикастланганлиги, цилиндрларнинг ички сиртлари тирналганлиги ёки деталларнинг кирланганлиги сабабли цилиндрлар ёмон ишлайди (цилиндрларнинг техник ҳолати текширилади.
   Шикастланган деталлар алмаштирилади. Соз деталлар янги тормоз суюқлиги билан ювилади ва узел йиғилади). Fилдиракларни тормоздан бўшатиш қийин: тормоз педалларининг эркин йўли йўқ (тормоз педалларининг эркин йўли ростланади), тормозлар юритмасидаги асосий ва иш цилиндрларнинг резина манжеталари системасига суюқлик кирганлиги сабабли шишган (тормоз суюқлиги тўкилади, цилиндрлар янги тормоз суюқлиги билан ювилади ва шикастланган манжеталар алмаштирилади.
  Система янги тормоз суюқлиги билан тўлдирилади). Илашиш муфтаси айлантирувчи моментни тўлиқ узатмайди ва чала ажралади: илашиш муфтаси педалининг эркин йўли кичиклашган ёки катталашган (педалнинг эркин йўли ростланади).
  Машинада содир бўладиган носозликларни даланинг ўзида бартараф этиш учун ишдан тез-тез чиқадиган қуйидаги эҳтиёт қисмларнинг захираси олдиндан яратилади: чап шпиндел; ўнг шпиндел; шпиндел пастки таянчининг втулкаси; шпинделларни тўғри ва тескари айлантирувчи понасимон тасмалар, уларнинг цилиндрик пружиналари; пахта ажраткич барабан; пахта ажраткич юқори таянчининг втулкаси; чўткали планка; пневмосистема вентиляторининг понасимон тасмаси; насос-дозатор, унинг клапани; тормоз цилиндрининг манжетаси.
  Машиналарга техник хизмат кўрсатувчи кўчма устахонада мотор мойи, тормоз суюқлиги, электр системасининг лампалари ва сақлагичлари, турли ўлчамлардаги шпонка ва шплинтлар, изолацион лента каби детал ва материаллар ҳамда тозалагич чўтка, шпинделларни тўғри айлантирувчи тасмаларни ечадиган ва ўрнатадиган илгак, шчуп, зарур гайкали ва торец калитлар, монтировка сингари асбоб-ускуналар етарли миқдорда бўлиши лозим.
  Шуни доимо эсда тутиш лозимки, пахта териш машинасини бошқарувчи шахс оддий механизатор эмас, у – механик-ҳайдовчидир. Механик-ҳайдовчи нафақат машинани бошқаради, балки унинг қисмларини ғўза ва даланинг ҳолатига қараб ростлайди, иш жараёнида содир бўладиган носозликларни бартараф этади, машинага техник хизмат кўрсатиш ишларини мустақил бажаради, энг муҳими, пахта териш машинасидек мураккаб техника воситасини самарали ишлата олади.
  Шу боис пахта териш машинасини фақат билимли, тажрибали ва ўз ишига масъулият билан ёндашадиган механик-ҳайдовчигагина ишониб топшириш мумкин.
  Хулоса қилиб айтганда, пахта ҳосилини машиналар ёрдамида териб олиш салмоғи ва сифати фермерлар, агрономлар, муҳандис-техник ходимлар, механизаторлар ва сервис ходимларининг фидокорона меҳнатига бевосита боғлиқдир.
    М.Тошболтаев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech