Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Сентябр 2013 00:00
Жорий йил бободеҳқонларимиз учун ўзига хос бўлиб, об-ҳаво ҳарорати гоҳ пасайиб, гоҳ ҳаддан ташқари иссиқ кечмоқда. Бу эса ғўза ривожланишига ўз таъсирини кўрсатди. Шунга қарамай, пахтакорларимиз мўлжалдаги ҳосилни етиштиришга эришдилар.
  Пахта ҳосилини сифатли териб олишда энг аввало далани танлаш ва тайёрлаш лозим. Экиш муддатларига қараб, ўртача 40–50% кўсаги очилган майдонлар дефолиация қилинади. Дефолиациядан 10–12 кун ўтгач дала пахта теримига тайёрланади. Бунинг учун далага техника кириш йўллари тайёрланади.
   Суғориш ариқлари кўмилиб, дала атрофи, чел ва ўқариқлар текисланади. Ҳар 30–50 гектарга битта пахтани қуритиш майдончаси тайёрланади. Дала атрофидаги айланма майдондаги ғўза олиниб, тиркамалар юриши учун қулайлик яратилади.
   Ўқариқ ва сув йўллари ёпилгач, даланинг 5 нуқтасидан конверт усулида 10 тадан ўсимлик намунаси олиниб, ушбу ўсимликлардаги кўсаклар сони ва очилгани санаб чиқилади. Кўсакларнинг 80–85% қисми очилгандан сўнг йиғим-теримга киришилади. Масалан, 10 та ўсимликдаги 150 та кўсакдан 120 таси очилганлиги аниқланса, дала теримга тайёр ҳисобланади.
  Пахта йиғим-теримини уюшқоқлик билан ўтказиш учун ҳар гектарга талаб этиладиган теримчилар сонини тўғри белгилаш лозим. Жойларда ушбу тадбирга юзаки қаралиши оқибатида катта (10–20 гектарлик) майдонларда 5–6 киши пахта теримига туширилиши ҳолатлари кузатилмоқда. Ваҳоланки, ҳар бир контурдаги ҳосил даланинг катта-кичиклигидан қатъий назар 2–3 кунда териб олиниши лозим.
  Апробацияда ҳосилдорлик 25 ц/га. ни ташкил этиб, 1-теримга 80 % кўсаклар очилганда киришиш режалаштирилса, демак 20 ц/га ёки гектаридан 2 т ҳосил 1-теримда териб олинади. Даладаги ҳосил 3 кунда йиғиб-териб олинадиган бўлса, бунда бир кунда гектаридан 650–700 кг пахта териб олиниши лозим. Ҳар бир теримчи кунига ўртача 65–70 кг пахта териш имконияти борлигини инобатга олсак, ҳар гектарга 10 нафардан кам бўлмаган теримчи жалб этилиши керак, яъни 10 гектарлик контурда 100 теримчи, 20 гектарликка эса 200 теримчи ажратилиши ва ҳоказо.
  Пахта ҳосилини сифатли териб олишда теримлар орасидаги муддат катта аҳамиятга эга. Бунда биринчи терим билан иккинчи терим ораси 10–12, иккинчи терим билан учинчи терим ораси 15–18 кунни ташкил этиши керак. Акс ҳолда пахта хомашёси етилмай териб олиниши оқибатида, салмоғи камайиб, сифати пасаяди. Пахта ҳосилини йиғиб-териб олишда теримчилар ишини назорат қилишни мувофиқлаштириш ўта муҳимдир. Бунинг учун эгат узунлиги 50–60 метрдан узун бўлган ерларда, ҳар 50–60 метрдан кейин теримчиларни қаторга қўйиш лозим. Яъни, далани бўлак-бўлак териб олиш яхши самара беради. Бунинг учун ҳар 100 метрда чел ва ўқариқ ўрни текисланиб, прицеп-тиркамалар юриш йўллари тайёрланиши зарур. Терилган пахта қуритиш майдонига олиб келиниб, камида бир кеча-кундуз қуритилгандан сўнг қабул пунктига жўнатиш керак.
  Уруғлик пахтани териш тартиби. Уруғчилик фермер хўжаликларида махсус комиссия томонидан апробация ўтказилгандан сўнг, уруғлик пахтани териб олиш тартибига қаттиқ риоя қилиш талаб этилади. Уруғлик пахта ғўза тупининг 3–7 ҳосил шохидаги биринчи кўсаклар пахтасидан териб олинади. Бунда уруғчилик хўжалигининг йўналишига қараб, уруғлик авлодлар (репродукция) бўйича алоҳида терилиши керак.
  Уруғлик пахтани териб олишда далада камида 65–70% кўсаклар очилган ва теримчилар уруғлик пахтани териб олиш тартиби билан таниш бўлиши шарт.
  Мутахассислар томонидан уруғлик учун яроқли деб топилган ғўза майдонлари бегона ўтлар ва бошқа нав аралашмаларидан тозаланган бўлиши лозим. 65–70 % кўсаклар очилганда уруғлик пахтани теришга рухсат этилади.
  Уруғчи агроном, пахта уруғчилиги бирлашмаси мутахассислари ва «Давуруғ-назоратмарказ» инспекторлари назорати остида уруғлик пахта терилиши шарт.
  Уруғлик пахтани териб олишда пастдаги, 8-ҳосил шохидан юқорида жойлашган шохлардаги ва ғўзанинг асосий тупидан узоқ жойлашган, касалланган, мажбуран очилган, зараркунанда ҳашаротлар билан зарарланган кўсаклар пахтасини териш тақиқланади.
  Уруғлик пахтани терувчи ҳар 10 теримчи устидан битта назоратчи қўйиш мақсадга мувофиқ. Ҳар бир нав муаллифи уруғчилик хўжаликларида бўлиб, терим сифатига аҳамият бериши унинг навдорлигини оширади.
  Пахта йиғим-теримини қисқа муддатда ўтказиш учун механизациялашган йиғим-терим транспорт отрядлари ташкил этилиши, бунда «дала бункер-тиркама-пахта заводи» усули қўлланилиши лозим.
  Умуман, пахта ҳосилини нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш учун ҳар бир кун ва техникадан унумли фойдаланиш керак. Шунда мўлжаланган ҳосил хирмони тикланади.
    Б.Ҳолиқов, Ф.Ҳасанова




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech