Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Сентябр 2013 00:00
Мустақилликка эришганимиздан сўнг Юртбошимиз томонидан халқимизни озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, аҳоли талабини ўзимизда етиштирилаётган экологик ва сифатли мева-сабзавот, полиз, узум ва картошка маҳсулотлар ҳисобига тўла қондириш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда.
  Қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари каби мева-сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ташкил этилди. Боғ ва токзорлар ўз эгасини топди, ерларнинг унумдорлиги, экинларнинг ҳосилдорлиги ошишига эришилди.
   Президентимизнинг 2008 йил 20 октябрдаги «Озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонларни оптималлаштириш ва уларни етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан пахта майдонлари 78,9 минг гектарга, 2012 йилда яна қўшимча қарийб 30 минг гектарга қисқартирилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш учун ажратилди.
  Кўрилган бу тадбирлар натижасида ўтган йилга келиб сабзавот, полиз ва картошка етиштириш 2005 йилга нисбатан қарийб 1,5, 1991 йилга нисбатан эса 2,5 баробарга ошди.
   Бугунги кунда 1991 йилга нисбатан сабзавот 2,3, полиз 1,5, картошка 5,9, мева 3,6, узум 2,3 баробар кўп етиштирилмоқда. Агар 1991 йилда аҳоли жон бошига йиллик ўртача сабзавот 138,6, картошка 15,1, полиз 25,8, мева 24, узум 23,3 кг. дан ишлаб чиқарилган бўлса (тиббий меъёр бўйича сабзавот 113, картошка 50,4, полиз 19,3, мева 56,4, узум 25,6 кг), 2012 йилга келиб бу кўрсаткичлар аҳоли жон бошига ўртача сабзавот 259, картошка 68,5, полиз 47,3, мева 68,5, узум 40,2 кг. ни ташкил этди.
 Келгусида аҳолининг кўпайиб боришини ҳисобга олиб ички талабни тўлиқ қондирган ҳолда экспорт ҳажмини ҳам барқарор равишда ошириб бориш бўйича тегишли тадбирлар амалга кўрилмоқда.
  Натижада четга мева-узум маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми йилдан-йилга кўпайиб, охирги 5 йилда 4 маротабага ортган.
  Юртбошимизнинг ташаббуси билан пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ»да ҳар йили «Uzbekistan Agrominitech Expo» қишлоқ хўжалиги учун мини-технологиялар ва ихчам ускуналарнинг ихтисослашган кўргазма-савдоси ташкил этилаётгани фермерларимизга катта имконият яратмоқда.
   Натижада охирги 5 йилда қайта ишланган маҳсулотлар ҳажми қарийб 5 маротаба ошишга эришилди. Мамлакатимизда 2009–2013 йилларда жами 34,5 минг гектар янги мевали боғлар, 17,2 минг гектар янги токзорлар барпо этилди, бундан ташқари яроқсиз 41,5 минг гектар мевали боғлар ва 23,8 минг гектар токзорлар реконструкция қилинди.
  Бу борада, интенсив мевали боғлар тез ҳосилга кирувчи пакана ва ярим пакана пайвандтагларга уланган мевали дарахтлар кўчатлари экилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
  Республикада суғориладиган ер майдон-ларнинг чекланганлиги ҳамда экологик тоза ва сифатли мева, узум маҳсулотларини етиштириш мақсадида асосан тоғли ва тоғолди ҳудудларда 5 минг гектардан ортиқ майдонда томчилатиб суғориш усули билан интенсив боғ-токзорлар барпо этилди.
  2011–2013 йилларда замонавий агротехно-логиялар асосида 8,5 минг гектар пакана ва ярим пакана интенсив мевали боғлар яратилди. Шуниси эътиборлики, бу боғлар барпо этилгандан сўнг иккинчи йилдан ҳосил бера бошлайди, 4–5 йилда тўлиқ ҳосилга киради ва гектаридан 50–60 тоннагача ҳосил беради.
   Фақат жорий йилда, республикамиз бўйича 4,9 минг гектар янги боғлар ва 4,8 минг гектар янги токзорлар ва 3,3 минг гектар пакана ва ярим пакана (интенсив) мевали боғлар барпо этилди.
   Селекционер олимлар томонидан ҳар хил муддатда пишадиган юқори сифатли ва серҳосил, касалликларга чидамли сабзавот экинларининг 58, полизнинг 20, картошканинг 11, мева-узумнинг 24 та янги нави яратилиб, Давлат реестрига киритилди.
   Бундан ташқари дунё андозаларига мос илғор технологияларни қўллаш бўйича республикада илк бор сабзавотнинг 6 та гетерозис дурагайлари яратилди. Бу тадбир ўз навбатида сабзавот, полиз, картошка, мева ва узум маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларининг ошиши, ички истеъмол бозорини сархил, сифатли маҳсулотлар билан янада тўлдириш имкониятларини кенгайтирди.
   Юқори сифатли навларни экиш, агротехник тадбирларни ўз муддатида сифатли ўтказиш ҳисобига мустақиллик йилларида ҳосилдорлик ўртача сабзавот экинлари – 1,5, полиз – 1,8, картошка – 2,3, мева 2,4, узум – 1,6 марта ошди.
   Республикамизнинг тоғли ва тоғолди, лалми ҳудудлари боғдорчилик ва айниқса, узумчиликни ривожлантиришда катта салоҳият мавжуд, бу борада кейинги йилларда ҳукуматимиз томонидан босқичма-босқич тадбирлар амалга оширилмоқда.
  Мамлакатимизда узумчиликни янада ривож-лантириш, токзорларни кенгайтириш ва уларни ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда жойлаштириш, узумчиликнинг илмий базасини мустаҳкамлаш, янги истиқболли ва серҳосил навларни жорий этиш, шунингдек, узумни қайта ишлаш ҳажмини кенгайтириш ва экспорт салоҳиятини кўпайтириш мақсадида Президентимизнинг 2013 йил 13 мартдаги «2013–2015 йиллар давомида узумчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
  Ушбу қарорда янги токзорлар барпо этиш учун сув таъминоти даражаси паст бўлган тоғли ва тоғолди, лалми ерларда бошоқли дон экинлари майдонини 2014 йил ҳосилидан бошлаб 11,1 минг гектарга қисқартириш белгиланган.
   Республика бўйича 2013–2015 йилларда 22,5 минг гектар янги токзорлар барпо этиш ҳамда 15,7 минг гектар яроқсиз токзорларни реконструкция қилиш режалаштирилган. Бугунги кунда, мева-узум маҳсулотларини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан тоғли ва тоғолди ҳудудларда боғ-токзорлар барпо этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, замонавий ва ресурстежамкор агротехно-логияларни жорий қилиш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
 Эндиликда халқимиз сархил мева- сабзавотларни бозор ва дўконларда топилганини эмас, танлаганини харид қилмоқда. Бу юртимизда тўкин-сочинликдан далолат, албатта.
   З.Артиқов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech